Ўзбекистон: “Памперс воқеаси” бўйича суд ва Nexia-3 ўрнига Equinox – видео, кун янгиликлари, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, facebook
Ўзбекистон: "Памперс воқеаси" бўйича суд ва Nexia-3 ўрнига Equinox - вазирликнинг қалбакилаштирилган хати, "Хоразм шакар" яна иш бошлади ва аҳолини рўйхатга олиш нега кечиктирилди? bbcuzbek.com дайжести.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
12 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида турмуш ўртоғини аёвсиз калтаклаб, унга "памперс" едирган 35 яшар Ш.К устидан очиқ суд жараёни бошланган.
Эркак турмуш ўртоғи Мустаҳкам Ваҳобовага нисбатан Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш), 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ва 110-моддасида (қийнаш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Август ойида турмуш ўртоғи томонидан аёвсиз калтакланаётгани тасвирланган видеонинг тарқаб кетиши ортидан самарқандлик 25 яшар Мустаҳкам жамоатчилик эътиборига тушган эди.
Матбуот, жумладан, Би-би-си унинг масаласига эътибор қаратган, Мустаҳкам тимсолида ўзбекистонлик аёллар дуч келаётган оиладаги зўравонлик мавзуси кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Ҳатто, Олий Мажлис Сенати Мустаҳкам билан боғлиқ вазият назорат остига олинганини маълум қилган эди.

Сурат манбаси, video
Жамоатчилик шу пайтга қадар Мустаҳкам масаласининг судда қанчалик адолатли кўриб чиқилиши, жиноятда айбланган эркакнинг ҳақ жазога тортилиши мамлакатда оиладаги зўравонликка учраган хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқи қанчалик ҳимоялангани белгиси бўлиб қолиши тўғрисида фикр билдириб келди.
Бироқ бундан бир неча кун аввал ушбу масала юзасидан суд мажлиси ёпиқ тарзда бўлиб ўтиши, судда жабрланувчининг ёлғиз ўзи ҳозир бўлиши борасидаги хабарлар фаолларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Бундай норозиликлар ортидан 12 ноябрь кунги суд жараёни очиқ тарзда ўтган, унда кўплаб ОАВ вакиллари иштирок этилгани хабар қилинган.
Мустаҳкам масаласини фаол ёритиб бораётган блогер Ақида Ханум Би-би-сига навбатдаги суд жараёни санаси ҳозирча аниқ эмаслиги, лекин келаси уч-тўрт кун ичида бўлиб ўтиши мумкинлигини маълум қилди.
Вазирликнинг қалбакилаштирилган хати

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Сурхондарё Давлат солиқ бошқармаси вазирликнинг тегишли хатини қалбакилаштириш орқали қимматбаҳо автомашина харид қилган.
Бу ҳақида Молия вазирлиги хабар бермоқда.
Вазирлик Сурхондарё вилоятида турли давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари қимматбаҳо автомашиналар харид қилгани тўғрисида тармоқда тарқалган хабарларга изоҳ берган.
Расмий хабарда маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси ўз балансидаги эски Nexia-2 русумли автомашина ўрнига янги хизмат машинаси харид қилишни сўраб Молия вазирлигига мурожаат қилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Ўз навбатида, вазирлик бошқармага белгиланган лимит доирасида Nexia-3 русумли машинасини харид қилишга эътирози йўқлигини билдирган.
Аммо бошқарма бунинг ўрнига қимматбаҳо (349 миллион сўм қийматдаги) Equinox автомобилини сотиб олган.

Сурат манбаси, official
Молия вазирлиги ўтказилган суриштирув натижасида ўз хатидаги "Nexia-3 русумли" сўзлар чиқариб ташланиб, жавоб хати қалбакилаштирилганини маълум қилган.
Вазирлик жавоб хатига ўзгартириш киритган мансабдорларга нисбатан чора кўришни сўраб, тегишли тартибда мурожаат йўллаганини қўшимча қилган.
"Хоразм шакар" яна иш бошлади
"Хоразм шакар" МЖЧ 8 ноябрдан яна тўлиқ қувватда ишлай бошлаган.
Бу ҳақида ЎзА хабар берган.
Бундан аввал мамлакатдаги икки шакар заводи - "Ангрен шакар" ва "Хоразм шакар" ишлаб чиқаришни тўхтатгани, оқибатда, икки минг нафарга яқин инсон ишсиз қолиши мумкинлиги тўғрисида хабар чиққан эди.
"Ҳукуматимиз ҳам муаммони тезкорлик билан бартараф этиш чораларини кўришни бошлади. Натижада эса "Хоразм шакар" МЧЖ 8 ноябрь куни Бразилиядан харид қилинган сифатли хом-ашёдан тайёр шакар ишлаб чиқаришни тўлиқ қувват билан бошлаб юборди", дейилади ЎзА хабарида.
Мобил телефон ва жарима

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Энди мобил телефонга тасвирга олинган йўллардаги қоидабузарлик ҳолатлари учун ҳам жарима қўлланилади.
Бу ҳақида ЎзА хабар қилган.
Хабарда 2021 йил 1 январдан видеорегистраторлар билан бирга видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобил қурилмалар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилиши ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши айтилган.
Бунга қадар фақат видеоргистраторлар орқали олиниб, юборилган тасвирларгина жарима қўллаш учун асос бўлар эди.
Аҳолини рўйхатга олиш кечиктирилди
Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш муддати 2022 йилдан 2023 йилга кўчирилди.
Бу ҳақида Давлат статистика қўмитаси маълум қилган.
Қўмитанинг изоҳига кўра, аҳолини рўйхатга олиш тадбири кенг кўламли, кўп вақт ва катта маблағ талаб этадиган тадбир бўлиб, уни ўтказиш учун 2-3 йил давомида тайёргарлик ишларини олиб бориш талаб этилади.
Президент Мирзиёевнинг 2019 йилдаги фармони билан республика мустақиллик йилларидаги аҳолини илк бор рўйхатга олиш ишлари 2022 йилга белгиланган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














