Хитой вакцинаси ҳам “иш берди”, Ўзбекистон синовга тайёрланмоқда, коронавирус, koronavirus, Covid-19, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

China's Sinovac vaccine

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитойнинг Sinovac Biotech вакцинаси учинчи босқичда Покистон, Саудия Арабистони, Россия, Бразилия, Индонезия ва Туркияда синаб кўрилмоқда

Хитой вакцинаси ҳам "иш берди", Ўзбекистон синовга тайёрланмоқда - бир кўнгиллининг ўлими ортидан, синови тўхтатилган Sinovac Biotech вакцинаси самарали бўлиб чиққан. Тезда иммунитет ҳосил қилишини кўрсатган. Ўзбекистонда эса, Хитой вакцинаси синови учун беш минг кўнгилли қандай танланиши айтилди.

Бу - Ковидга қарши таъсирчан дунёдаги тўртинчи вакцина бўлади.

Ўтган ҳафта инсониятнинг коронавирусга қарши кетма-кет учта кучли вакцина яратишга муваффақ бўлгани маълум бўлган.

Якуний дастлабки натижалар тадқиқотчиларга бу каби хулосага келишларига асос берган.

Pfizer&BioNTech 90% , Спутник V 92%, Moderna PHK эса, ҳаттоки, 95% гача эффектив бўлиб чиққан.

Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра эса, Pfizer&BioNTech вакцинаси кексаларни 94 фоизгача ҳимоя қила олиши мумкинлиги аниқланган.

Улар якуний - учинчи босқич синовларида дунёнинг турли давлатларида минглаб одамда синалган.

Vaksina

Сурат манбаси, Getty Images

Тадқиқотчиларга кўра, Sinovac Biotech вакцинасининг ҳам оралиқ босқич синовлари муваффақиятли бўлган.

Аммо вакцина етти юзга яқин кишида синаб кўрилган, шунга қарамай, тезда таъсир кўрсатган.

Хитой коронавирусга қарши бир эмас, бир нечта вакцина яратмоқда.

Улардан айримлари аллақачон расман қайддан ҳам ўтган.

Sinovac Biotech яратгани дохил тўртта вакцинаси учинчи босқич синовларига қадар етиб борган.

Аммо The Lancet тиббий журналида чоп этилган маълумотлар бу вакциналарнинг фақат биринчи ва иккинчи босқич синовлари натижаларига таянган, холос.

Бу синовлар шу йилнинг апрель ва май ойларида ўтказилган, аммо улар одамни Kовиддан қанчалик ҳимоя қила олиши ноаён қолган, очиқланмаган.

Ҳисобот муаллифларининг иддао қилишларича, натижалар вакциналарнинг "фавқулодда вазиятларда қўллаш мумкин"лигини кўрсатган.

Хитой вакциналарининг учинчи босқич синовларига оид маълумотлар ҳалича чоп қилинмаган.

Хитой ўзларида коронавирусни деярли буткул жиловлашга муваффақ бўлган.

Шу боис вакциналарининг сўнгги босқич синовларини Покистон, Саудия Арабистони, Россия, Индонезия ва Бразилияда ўтказмоқда.

Хитойлик мулозимларнинг айтишларича, вакциналари 60000 га яқин одамда шу ой бошида синалган.

Ўтган ҳафта Sinovac Biotech вакцинаси синови Бразилияда тўхтатиб қўйилган.

Аммо кўнгилли ўлимининг вакцинага алоқаси йўқлиги аниқланиши ортидан, қайта бошланганди.

Хитой аллақачон камида уч вакцинасини фавқулодда дастур доирасида истеъмолга киритган, муҳим вазифаларда ишловчи ишчилари ва ҳарбийларига таклиф қилган, эмлаган.

Худди шу хабар манзарасида Ўзбекистонда яна бир Хитой вакцинаси учинчи босқич синови учун минглаб кўнгиллининг қандай танлаб олиниши тафсилотларига расман ойдинлик киритилган.

Vaksina

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги илғор технологиялар марказининг ўринбосари Алишер Абдуллаев нима учун айнан Хитой вакцинаси танланганлиги ва синовлар қандай ўтказилиши ҳақида Maxima радиосига сўзлаб берган.

Худди шу суҳбат тафсилотларидан маълум бўлишича, нисбатан хавфсиз бўлгани учун Хитой вакцинаси танланган.

"Чунки у Хитойда ўтказилган биринчи ва иккинчи босқич синовлардан муваффақиятли ўтган."

"Ҳеч қандай жиддий ва сурункали касалликлари бўлмаган, жумладан, COVID-19 билан касалланмаган ёки уни бошидан ўтказмаган, 18 ёшдан 59 ёшгача бўлган аёл ва эркаклар" эса, кўнгилли сифатида танлаб олинишини айтган.

Ўзбекистонлик масъулга кўра, "ҳаммаси шахсий ҳохиш-истакка кўра амалга оширилади, ҳеч ким мажбурий жалб қилинмайди".

"Танлаш вақтида барча кўнгиллилар тиббий кўрикдан ўтказилади".

Маълум бўлишича, жаҳон стандарти тажрибасига кўра, барча кўнгиллиларга пул тўланади ва барча қатнашчилар синовлардан олдин турли хил зарарларга, ён таъсирларга қарши тиббий суғурта қилинади.

"Шунингдек, агар синовлар давомида кимдир вафот этса, ўлим сабаби аниқланмасиданоқ синовлар тўхтатилади. Яъни сабаб аниқлангунича кутилмайди", - деб айтган Алишер Абдуллаев.

Аммо суҳбат жараёнида қоплаб берилажак сумманинг миқдори очиқланмаган.

Хабарларга кўра, синовлар муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон вакцинани имтиёзли нархларда сотиб олиши мумкин бўлади.

Шу кунларда пойтахт Тошкентдан томонларнинг бу жараёнга дастлабки ҳозирликларни кўришаётганига оид хабарлар олинган.

Хитой вакцинаси Ўзбекистонда 5000 кўнгиллида синалиши айтилган.

Kun.uz интернет нашрининг ёзишича, бу ҳақда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири, биолог олим Иброҳим Абдураҳмонов яқинда Халқ сўзи газетасига берган интервьюсида тўхталиб ўтган.

"Шунча инсонга етадиган вакцина ҳозир Хитойдан Тошкентга олиб келинган. Вакциналар махсус шароитларда сақланяпти".

Унга кўра, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Хитойнинг яна бир - Sinopharm компаниясининг ўлдирилган, кучсизлантирилган вирусларга асосланган вакцинасини ҳам мамлакатга олиб келиш билан шуғулланмоқда.

"Бир нечта вакцина синовини параллел равишда ўтказиш - давр тақозоси", - деган Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов.

Вазирнинг айтишича, "бир нечта вакциналар синовдан ўтказилиб, улар орасидан энг самаралиси аҳолини эмлаш учун танлаб олинади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek