Тошкент: Ўзбекистон ўзбек газига янги харидор топдими? - Mirziyoyev, O'zbekiston, gaz, yangiliklar

Gaz

Сурат манбаси, PA

    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Тошкент: Ўзбекистон ўзбек газига янги харидор топдими? - Яқинда Ғарбнинг айрим нуфузли нашрлари ўзбек гази харидорсиз қолгани ҳақида ёзишганди.

Ўн йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон қўшни Тожикистон шимолидаги Суғд вилояти маркази Хўжанд шаҳрига табиий газ етказиб беришни бошлаяпти. Ўзбек табиий гази аввалига саноат корхоналарига ва аста-секин аҳолига берила бошлайди.

Суғд вилоятидаги «Сомон Суғдгаз» ёпиқ аксионерлик жамиятидан хабар қилишларича, Ўзбекистон билан табиий газни арзон нархда олишга келишилган.

Унинг 1000 куб метри $130 АҚШ долларида етказиб берилади. Ўн йил бурун бу $340-$360 долларни ташкил этарди.

Тожикистонга Ўзбекистондан табиий газ узатиш Каримов дунёдан ўтгач, унинг ўрнига Шавкат Мирзиёев президент бўлгандан сўнг, икки қўшни мамлакат орасидаги муносабатлар илиқлаша бошлангач, тикланган.

Аввалига ўзбек гази Турсунзода шаҳридаги Тожик алюминий заводига етказиб берилган. Бу воқеа бундан икки йил олдин юз берган. Ундан кейин Душанбедаги йирик иссиқлик энергия маркази ўзбек газида ишлай бошлаган.

Ўзбекистоннинг табиий газ етказиб беришни тиклаши суғдлик иқтисодчилар томонидан ҳам, аҳоли томонидан ҳам мамнунлик билан кутиб олинган.

Лекин айни бир пайтда табиий газ етказиш инфратизимининг ҳозирги ҳолати ташвиш уйғотмай қўймаган.

Чунки Тожикистоннинг ўзида табиий газ озлиги ва Ўзбекистонинг газ узатишни тўхтатиб қўйганлигидан сўнг аҳоли газ қувурларини бузиб олишга киришган.

Ўтган ўн йил давомида табиий газ узатиш инфратизими эскириб, кўп жойларда яроқсиз ҳолатга келган.

«У кунларни унутиб бўладими?»

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

«Сомон Суғдгаз» директори Абдулҳаким Сўфиевнинг айтишича, Хўжанд шаҳрида газ қувурларини ўтказиш, инфратизимни тиклаш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Яқин кунлар орасида кичик ва катта саноат корхоналарига табиий газ етказиб берила бошланади, сўнг аҳолига навбат етади, деди у.

«Мен бу хабарга аввалига ишонмадим. Чунки ўн йилдан буён уйимизда табиий газдан фойдаланмаймиз. Ўзбекистон газ бермай қўйгандан кейин овқат пиширишдан бошлаб, уйни иситишгача қийналиб қолдик», деди Хўжанд шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида яшайдиган Гулбаҳор.

У шаҳарда газ қувурларини алмаштираётган ишчиларни кўргач, бу ишга қизиққани ва сўнг табиий газ келишига ишонганини айтади.

Олдинлари табиий газ Хўжанддаги ҳатто тор кўчаларгача кириб борганди.

«Биз тўққиз қаватли уйнинг биринчи қаватида яшаймиз. Ўша қийин йилларда газ берилмай қўйилди, иситиш системаси ишламайди. Овқат қилишга ҳам, қишда уйни иситишга ҳам электрдан фойдалана бошладик. Лекин электр узатиш ҳам чекланди. Бир кеча-кундузда бор-йўғи икки соатдан электр бериларди. Айни қишнинг совуқ кучайган кунлари ўша икки соатни ҳам кўп кўришди. Тўрт хонали уйимизнинг кичик хонасига ота-бобомиздан қолган сандал ўрнатиб, учта болам билан атрофига тиқилиб олардик. Болаларимнинг отаси эса, Россияга, ишлаш учун кетгандилар», дейди Гулбаҳор.

Унинг айтишича, юқори каватлардаги қўшнилари, айниқса, қийналишган. Ҳатто тўққизинчи қаватга пастда чўғ олдирилган кўмирни олиб чиқиб, атрофида совуқдан жон сақлашган.

«Менинг қайнонам кўмир ҳидини кўтара олмаганлари учун, биз бошқача усул топдик. Электр берилган озгина муддатда сув қайнатиб олиб, баклашкаларга тўлдирардик ва икки ёнимизга териб, кўрпага бурканганча тонг оттирар эдик. У кунларни унутиб бўладими», дейди хўжандлик бошқа бир аёл.

Ва у хўрсинганича қўшиб қўяди: «Қанийди, раҳматли қайнонам бу кунларни кўрганларида эди. Мана бир неча йилдан буён чироқ умуман ўчмайди. Энди газ ҳам беришар экан».

Абдулҳаким Сўфиевга кўра, газ узатиш инфратизими тикланиши биланоқ уйларга ҳам табиий газ кириб боради.

«Ўтган йилларда қаровсиз ҳолга келиб қолган, газ қудуқлари, қувурлар ишдан чиққан. Кўп жойларда қувурлар узиб олинган. Ҳозир инфратизимни тиклаш учун 500 минг сомоний ( 50 минг АҚШ долларига тенг) маблағ ажратилди. Яна 1 ярим миллион сомоний ажратиляпти. Биз аҳоли яшайдиган уйларгача қувур тортиб борамиз. Фақат уйларга киритиб олишгина одамлар зиммасига тушади, холос», дейди Абдулҳаким Сўфиев.

Унинг айтишича, Суғд вилоятидаги газ қувурлари узунлиги 800 километрдан кўпроқ. Бунинг тенг ярми Хўжанд шаҳри ҳиссасига келади. Собиқ шўролар пайтидан қолган газ қувурларини алмаштириш ниҳоясига етмоқда.

Кесиб ташланган қувурлар

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

Хўжанд шаҳри йил охиригача табиий газ билан таъминланади. Сўнгра унга яқин Бўстон шаҳри ва Бобожон Ғафуров ноҳиясини табиий газ билан таъминлаш режалаштирилган.

«Бизнинг қишлоғимиз шундайгина Хўжанднинг биқинида жойлашган. Табиий газ келишини эшитиб, вилоят газ идорасига мурожаат қилдик. Бизга газ етказиб берадиган бўлишди. Илгари ҳам газ қувурларини ўзимиз сотиб олиб, ўзимиз ўрнатгандик. Тўғри, узоқ йиллар газ берилмай қолгач, кўпчилик қувурларни кесиб ташлади, кимдир ўз эҳтиёжи учун ишлатди. Ҳозир бизга газ беришса, бўлди. Қувурларни яна ўзимиз янгилаймиз», деди Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги қишлоқлардан бирида яшайдиган 50 ёшлардаги Илҳом.

Илҳомнинг айтишича, фақат қишлоқларда эмас, балки шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда яшовчи кўп кишилар ҳам овқат пишириш учун ташма газдан фойдаланишади. Лекин унинг нархи табиий газдан бир неча баравар қиммат ва унинг устига ишлатиш учун хавфли, дейди у.

Кичик корхоналардан бирида ҳиссадорлигини айтган Абдуқодирнинг айтишича, табиий газдан фойдаланилганда, маҳсулот таннархи арзонлашиши мумкин.

«Биз электр қуввати учун аҳолига қараганда уч баравар кўп ҳақ тўлаймиз. Агар минг куб метр газ мунтазам равишда бир юз ўттиз доллардан бериб турилса, тайёрлаётган маҳсулотларимиз нархи арзонлашади. Арзон маҳсулотнинг сотилиши ҳам тезлашади ва ҳозиргидан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқара бошлаймиз. Корхонамиз фойдаси ортгандан сўнг, ишчиларимизнинг ойлиги ҳам кўпаяди», деди Абдуқодир.

Иқтисодий қамал сиёсатининг тугаши

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

2019 йилда Ўзбекистон Тожикистонга 140 миллион куб метр табиий газ сотганди.

«Тожиктранс» очиқ аксионерлик жамияти маълумотларига кўра, Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газ етказиб бериш ҳажми йилига кўпайиб бормоқда.

Мазкур жамият бошлиғининг биринчи ўринбосари Шавкат Шоимовнинг айтишича, жорий йилниниг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистондан 17 миллион долларлик 144 миллион куб метр табиий газ сотиб олинган. Йил охиригача шартнома бўйича 200 миллион куб метр ёнилғи сотиб олинади.

Бу рақам янада ошиб бориши мумкин. Ўтган ой охирида Душанбеда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ориповни қабул қилар экан, икки мамлакат орасидаги бошқа иқтисодий масалалар каби энергияга оид ҳамкорликлар ҳам муҳокама қилинди.

«Тожикистон ҳукумати йирик Роғун ГЭСи қурилишини Ўзбекистоннинг қаршиликларига қарамай давом эттирар экан, Каримов қўшни мамлакатни иқтисодий қамал қилиш сиёсатини юргиза бошлади. Жумладан, аввалига табиий газ қимматини ҳаддан ташқари оширди ва кўп ўтмай, Тожикистонга газ узатишни бутунлай тўхтатиб қўйди. Лекин Каримовдан кейин Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг яхши қўшничилик сиёсатини тиклашлари бошқа соҳалар каби иқтисоддаги муносабатларни ҳам жиддий ўзгартирди. Ва бу икки давлат манфаатларига ҳам, икки қадимий халқ манфаатларига ҳам хизмат қилмоқда», деди маҳаллий таҳлилчи Аҳмад Бобожонов.

Ўзбекистон Тожикистонга арзон нархда табиий газ сотаётган бўлса, Тожикистондан узатила бошланган электр энергияси Ўзбекистондаги бу борадаги муаммони маълум даражада ҳал қила бошлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek