Тожикистон ва президент сайлови: Ўзбеклар кимга овоз беришди? - Mirziyoyev, O'zbekiston, Tojikiston, yangiliklar видео

Сурат манбаси, courtesy
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Тожикистон ва президент сайлови: Ўзбеклар кимга овоз беришди?
Агар, расмий маълумотларга таянилса, Тожикистондаги ўзбеклар сони бир миллиондан ошади. Нуфузи жиҳатидан иккинчи ўринда туради.
Tожикистонлик ўзбеклар Эмомали Раҳмоннинг янги президентлик даврида ўзларининг муаммоларига эътиборни кучайтиришини исташмоқда.
Тожикистон икки йилда Қозоғистонни ортда қолдирадими? Видео:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Сайлов олдидан ўзбеклар жамиятлари ҳам Эмомали Раҳмон номзoдини қўллаб-қувватлашларини билдиришганди.
Тожикистонда расмий рақамларга қараганда ўзбеклар сони 1 миллион 200 минг нафар атрофида. Лекин ўзбекларнинг ўзлари аслида бу рақам ҳакиқий ҳолни акс эттирмасликларини иддао қилишади.
Уларга кўра, Тожикистонда яшайдиган ўзбеклар расмий маълумотдагига кўра анчагина кўпроқ.
Бунда улар айрим ўзбек уруғлари ҳужжатга ўзларини қўнғирот, дўрмон, қорлиқ, лақай деб ёзишганини мисол қилиб келтиришади.
Мамлакатнинг асосан Суғд ва Бохтар вилоятларида, Ҳисор водийсида зич яшайдиган ўзбеклар сайловда фаол қатнашишди.
«Мен бугун энди айта оламан, кеча муносиб номзод деганимда - Президентимиз Эмомали Раҳмонни кўзда тутгандим. Президентимиз фуқаролар урушида хароб бўлган бизнинг водиймизга, бутун Тожикистонга тинчлик келтирди, осойишталик ўрнатди. Юртимиз тобора обод бўлмоқда. Бозорларимизда нима истасангиз, бор. Шундай экан, яна кимга овоз беришим мумкин?», деди мамлакат жанубидаги Вахш водийсида яшайдиган, лимончилик ортидан икки қаватли уй қургани, фарзандларини ўқитиб, уйли-жойли қилганини айтган Файзулла Алимардонов.
«Мен Президентимизнинг бундан ўн уч йил олдин шаҳримизда янги мактаб биноси очилишида қатнашиб, ўзбек-тожик дўстлиги ҳақида гапиргани, мактабга Алишер Навоий номини беришни таклиф этганликларини ҳеч унутмайман. Бизнинг Турсунзодадан бўлган, аслида ота-болалари Фарғонанинг Олтиариғидан кўчиб келган раҳматли Камолҳожи отани қўлтиқларидан олиб, узумзорларига катта баҳо берган Президентимиз Эмомали Раҳмонга бутун оилам билан овоз бердик. У кишининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ака-ука бўлиб кетишгани, чегараларни очиб, чинакам дўстлик муносабатлари ўрнатганидан қайси ўзбекнинг боши кўкка етмаган?», деди Турсунзода шаҳрида яшайдиган Нормат исмли киши.
Суғд вилоятининг Жаббор Расулов, Спитамен, Шаҳристон, Бохтар вилоятининг Темурмалик каби ўзбеклар зич яшайдиган туманларда ҳам сайловчилар Президент сайловида фаол қатнашишди ва ўзларининг айтишларича, Эмомали Раҳмон учун овоз беришди.
Айни бир пайтда тожикистонлик ўзбеклар Эмомали Раҳмоннинг янги Президентлик даврида ўзларининг муаммоларига эътиборни кучайтиришини исташади. Улар ўзбек мактаблари сонининг қисқариб кетиши олдини олиш, олий ўқув юртларида ўзбек гуруҳлари очиш, радио ва телевидениеда ўзбекча эшиттириш ва кўрсатувларни кўпайтириш каби муаммолар ижобий ечим топишидан умидвордирлар. Фақат ўзбеклар эмас, балки тожиклар ҳам Ўзбекистонга визасиз бориб-келиш йўлга қўйилганидан мамнунликларини билдирган ҳолда, қўшни мамлакатда махсус қайддан ўтмасдан туриб уч кун эмас, камида ўн кун яшаш масаласини ҳал этишни исташади.
«Мен Ўзбекистондаги қадимий шаҳарларни томоша қилишни истайман. Уч кун муддатга Самарқанд ё Бухорога бориб-келиш мумкин. Шунда ҳам шошиб-пишиб. Лекин Хоразмга, қадимий Хивага бемалол бориб-келиш учун бу муддат етарли эмас», дейди Деваштич туманида яшайдиган Элбек Аҳмедов.

Сурат манбаси, courtesy
Меҳнат муҳожирлари нимани афзал кўришди?
Расмийларга кўра, мамлакатдан ташқарида яшаб, ишлаётган тожикистонликлар учун ҳам сайловда қатнашиш имкониятлари яратиб берилди. Дунёдаги 29 та мамлакатда сайлов участкалари очилган. Энг кўп сайлов участкалари тожикистонлик 1 миллион нафарга яқин меҳнат муҳожири яшаётган Россия ва Қозоғистонда очилган. Россиянинг бешта йирик шаҳрида сайлов участкалари сайловчилар учун эшик очган. Санкт-Петербургдаги Миллат уйида жойлашган сайлов участкаси анча серодам бўлган. Асли тожикистонлик сайловчилар овоз бериш учун оила-оила бўлиб, ҳамкасблар йиғилиб келишган.
Лекин Россиянинг бошқа шаҳарларида бунчалик фаоллик кўзга ташланмаган. Гарчи сайлов участкаларида коронавирус юқмаслиги учун барча чоралар кўрилган бўлса-да, кўпчилик айни шу хавф туфайли овоз беришга бормаган. Масалан, Санкт-Петербургда фақат сайлов комиссиялари аъзоларига эмас, сайловга келган кишиларга ҳам тиббий ниқоб ва қўлқоплар берилган. Лекин россиялик таҳлилчиларга кўра, ҳафта давомида ишлаб толиққан тожикистонлик қурувчилар, кўча супурувчилари ҳордиқ куни ижара уйларида дам олишни маъқул кўришган. Такси ҳайдовчилари эса, кўпроқ пул ишлаб қолиш илинжида бўлишган.
Коронавирусга чалиниш камайган бўлса-да…

Сурат манбаси, courtesy
Тожикистоннинг ўзидаги сайлов участкаларида ҳам санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш чоралари кўрилган. Ҳар бир сайлов участкаси кираверишида махсус ҳимоя кийимидаги мутахассислар сайловчилар иссиғини ўлчаб, қўлларига махсус антисептик воситаларни сепаётганларини кузатиш мумкин эди. Сайлов комиссияси ходимлари эса, бу ҳимоя воситаларидан ташқари яна юзларини тўсувчи шаффоф ниқобда эдилар.
Лекин маҳаллий кузатувчиларга қараганда айрим сайлов участкаларида ижтимоий масофага риоя қилинмаган. Кузатувчилар сайловчиларнинг бир-бирига яқин турганликларини, айрим сайлов комиссияси аъзоларининг деярли ёнма-ён ўтирганликларини таъкидлашди.
Маҳаллий кузатувчиларга кўра айни бир пайтда коронавирус юқтириб олишдан хавфсираб сайловга бормаган сайловчилар оз эмас. Оила аъзоларидан ёки яқин қариндошлари, қўшниларидан бири COVID-19 туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмган ёки коронавирус азобини тортган кўплаб кишилар уйда қолишни маъқул кўришди. Таҳлилчиларга кўра, бу айниқса, мамлакатнинг йирик шаҳарлари - пойтахт Душанбе ва Хўжандда кўпроқ кузатилди.
Тожикистон Соғлиқни саклаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолларининг пасайганини таъкидлаб келмоқда. Бу вазирликнинг кечаги маълумотларига қараганда коронавирусга чалиниш бўйича бир кунда янги 42 та ҳолат аниқланган. Ҳозир деярли бир ойдан буён бу кўрсаткич расмий маълумотларда 40 нафар атрофида. Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони мамлакат бўйича 10 минг 222 кишига етган. 79 киши COVID-19 га чалиниб вафот этган. Лекин айрим кузатувчилар амалда коронавирус юқтирганлар ва унинг қурбонлари сони анчагина кўплигини иддао қилиб келишади.
Мирзиёев биринчи бўлиб табриклади

Сурат манбаси, official
МДҲ Парламентларо ассамблеяси кузатувчилари Тожикистонда Президент сайловлари жараёнида қонунбузишлар қайд этилмаганини айтишган. «Кузатувчиларимиз томонидан овоз бериш кунида сайлов участкаларида бирон-бир қонунбузиш ҳоли қайд этилмади. Бу борада бизга бирон шикоят келиб тушмади», деган мазкур ассамблея кузатувчилар гуруҳи мувофиқлаштирувчиси, россиялик сенатор Олег Мельниченко.
МДҲ ва ШҲТ кузатувчилари Тожикистондаги сайловларни эркин, шаффоф ва қонуний деб баҳолашган. Лекин ҳали-ҳозирча ЕХҲТидан ва бошқа халқаро кузатувчилар ўз сўзларини айтишганича йўқ. Айни бир пайтда айрим кузатувчилар фикрича, бир кишининг бир неча сайловчи ўрнига овоз бериш ҳолатлари учраган.
Шундай қилиб, Эмомали Раҳмон яна етти йил давомида мамлакатни бошқариш ҳуқуқига эга бўлган. Президентликка сайлангани билан уни биринчилар қаторида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев табриклаган. Қўшни мамлакатлар Президентлари телефон орқали суҳбат қуришган. Суҳбатда дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасида ҳам сўз борган. Мирзиёев даврида Тожикистон билан иқтисодий муносабатлар бир неча ўн бараварга ошган, маданий ва илмий алоқалар ривожланган. Тожикистонда ўзбек маданияти, Ўзбекистонда эса, Тожикистон маданияти кунлари ўтказилган.
Эмомали Раҳмонни Россия ва Белорусь Президентлари Владимир Путин ва Александр Лукашенко ҳам биринчилар қаторида табриклашган. Путин Тожикистон Президентига йўллаган табригида сайловда овоз беришлар Эмомали Раҳмоннинг юксак сиёсий обрўсини, Тожикистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва халқаро мавқесини мустаҳкамлаш йўлида у олиб бораётган ишларни халқи қўллаб-қувватлаётганини кўрсатганини таъкидлаган.
Россия Тожикистоннинг энг яқин стратегик шерикларидан бири саналади. Россия Тожикистонда ўз ҳарбий базасига эга.
Эмомали Раҳмон СССР парчаланишидан сўнг вужудга келган мустақил мамлакатларга энг кўп раҳбарлик қилиш борасида Белaрусь Президенти Александр Лукашенкони ҳам ортда қолдиради. У Лукашенкодан 2 йил кўпроқ - 28 йилдан буён ўз мамлакатини бошқаради. Янги фаолияти давомида эса, Қозоғистонинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоев (30 йил)ни ҳам ортда қолдириши мумкин.
Таҳлилчилар эса, унинг ишини давом эттирувчи сифатида тўнғич ўғли Рустам Эмомалини кўришади. У ҳозирда Душанбе шаҳри Раиси бўлиши билан бирга мамлакат Парламенти юқори палатасини бошқармоқда. Айнан кейинги лавозим амалдаги Президент ишдан кетгудек бўлса, унинг ўрнини эгаллаш учун қонуний имкон беради.
Тожикистон ва президент сайлови

Сурат манбаси, courtesy
11 октябрда бўлиб ўтган Тожикистон Республикаси Президентлигига сайловларда дастлабки натижаларга кўра яна Эмомали Раҳмон мамлакат Президентлигига сайланган. Унга сайловда қатнашган сайловчиларнинг 90, 92 фоизи овоз берган. Бу ҳақда Тожикистонда сайлов ва аҳоли раъйини сўраш комиссияси раиси Бахтиёр Худоёрзода матбуот йиғинида маълум қилган. Мазкур матбуот йиғинида Тожикистон Президентлигига номзод кўрсатган сиёсий партиялар вакиллари, халқаро ва ички кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган журналистлар қатнашишган.
Бахтиёр Худоёрзоданинг маълум қилишича, кечган сайловда мамлакатда сайлаш ҳуқукига эга бўлган, Тожикистоннинг ўзида ва хорижда яшаётган 4 943 289 нафар сайловчидан 85, 39 фоизи қатнашиб, овоз берган.
Сайловда қатнашган ва қатнаша олмаган номзодлар
Президентлик сайловида қатнашган қолган тўрт нафар номзод биргаликда 8 фоиздан ортиқроқ овоз тўплашган, холос. Улар орасида Тожикистон Аграр партиясидан номзод Рустам Латифзода 3 фоиздан салгина кўпроқ, Тожикистон Иқтисодий ислоҳотлар партиясидан Рустам Раҳимзода 2. 15 фоиз тўплаган. Тожикистон Сосиалистик партияси раҳбари Абдуҳалим Ғаффоровга сайловчиларнинг 1 ярим фоизга яқини овоз берган. Президентликка номзодлар орасида Коммунистик партия вакили Мирож Абдуллаев энг оз - 1.17 фоиз тўплаган.
Таҳлилчиларга қараганда, бу тўрт нафар номзоднинг сайловда ютиб чиқа олмаслиги олдиндан маълум бўлган. Чунки биринчидан амалдаги Президентнинг сайловолди дастури қолган тўрт номзоднинг дастурларидан афзал бўлган. «Иккинчидан, халқ ўзи ишонган, сиёсатда, мамлакатни бошқаришда катта тажрибага эга бўлган номзод - Эмомали Раҳмон учун овоз бериши кўриниб турганди», деди маҳаллий таҳлилчи Аҳмад Бобожонов. Бошқа бир таҳлилчига кўра, қолган номзодларнинг аксарияти гарчи ўзларини «чўнтак партия» раҳбарлари деб аташларидан норози бўлишса-да, амалда Эмомали Раҳмон тутган йўлни маъқуллаб гапиришган.
Тожикистон Демократик партияси раҳбари Саиджаъфар Усмонзода сайловда қатнаша олмаган. Гарчи у Президентликка сайловда иштирок этиш учун етарли имзо тўплаган бўлса-да, лекин имзолардаги қалбакиликлар аниқлангани айтилиб, Саиджаъфар Усмонзоданинг номзоди рўйхатга олинмаган. Айни шу номзод ўзининг коронавирусга чалиниб даволанаётганини айтар экан, мамлакатда пандемия олдини олиш ва унга қарши кураш етарлича йўлга қўйилмаётганини айтган эди. У коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш Республика Бош штаби раҳбарини ишдан четлатиш таклифи билан чиққанди.
Ўз номзодини мустақил равишда илгари сурган Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида яшайдиган Фаромуз Иргашов 80 мингтага яқин имзо тўплаган. Лекин бу имзолар сайловлар ҳақидаги қонун талаб қилган миқдор учун етарли бўлмаган.
Тожикистондаги мухолифатдаги ягона партия саналадиган - Тожикистон Сосиал-демократик партияси эса, Президент сайловларида иштирок этмаслигини эълон қилган. Олдинги йиллар кучли мухолиф саналган собиқ Тожикистон Ислом уйғониш фирқаси фаолияти эса, мамлакатда тақиқланган, бу партия террорчи деб эълон қилинган.
Миллат пешвоси

Сурат манбаси, official
Шундай қилиб, мамлакатнинг амалдаги раҳбари Эмомали Раҳмон яна Тожикистон Республикаси Президентлигига сайланган. Бу унинг қаторасига бешинчи марта Президентликка сайланишидир. Эмомали Раҳмон амалда Тожикистонни 1992-йилдан буён бошқариб келмоқда. Тожикистонда унинг номи расмий равишда тилга олинганда, «Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти, муҳтарам Эмомали Раҳмон», дейилиши шарт. Айнан бундан беш йил олдин «Миллат пешвоси» унвонини бериш Эмомали Раҳмонга ўз номзодини мамлакат Президентлигига кўрсатиши борасидаги чекловни олиб ташлаган.
Бу гал Эмомали Раҳмоннинг Президентликка номзоди аввалига Тожикистон мустақил касаба иттифоқи федерасияси томонидан кўрсатилган эди. Бунинг ортидан Тожикистон Ёшлар иттифоқи ҳам унинг номзодини илгари сурди. Ва Эмомали Раҳмон раис бўлган Тожикистон Халқ-демократик партияси ҳам ўз раҳбари номзодини яна Президентликка кўрсатди.
Маҳаллий кузатувчилар сайловдан анча олдинроқ Президентлик учун курашда бешинчи гал ҳам Эмомали Раҳмоннинг қўли баланд келишини айтишганди. Улар бу фикрларини мамлакатдаги энг йирик - 494 мингтадан ортиқ аъзога эга бўлган партиянинг, ва касаба иттифоқи федерасияси ҳамда ёшлар ташкилоти томонидан кўрсатилган номзоднинг шубҳасиз тарафдорлари кўп бўлиши билан далиллашганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














