Ўзбекистон: Ҳокимлар тез-тез алмашса аҳвол ўзгарадими? - видео, O'zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон: Ҳокимлар тез-тез алмашса аҳвол ўзгарадими? - Бир кунда мансабга тайинланган Наманган ва Фарғона вилоятлари янги раҳбарларининг ҳоким сифатида қўл урган илк ишлари кенг жамоатчилик эътиборига тушган. Бири бутун бошли сити қуриш қарорини бекор қилган. Иккинчиси эса аҳолини қийнаб келаётган тўсиқларни олдириб ташлаган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Гап Наманган вилоятининг янги ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва Фарғона вилояти раҳбари сифатида иш бошлаган Хайрулло Бозоров ҳақида кетмоқда.
Уларнинг ҳар иккиси ҳам Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг шов-шувли тарзда Бош вазир ўринбосарига айланиши ортидан ҳозирги вазифаларига тайинланган.
Ҳокимликка келиши ортидан айниқса, Шавкат Абдураззақов қизғин фаолият бошлаб юборган.
Унинг жамоатчилик эътиборига тушган илк ишларидан бири - бундан роппа-роса бир йил аввал Наманган шаҳри марказидаги 78 гектар майдонда Саудия Арабистони компанияси билан биргаликда қурилиши эълон қилинган Namangan City лойиҳасини бекор қилиш бўлган.
Хайрулло Бозоров эса Фарғона вилояти ҳокими ўлароқ ишга киришга илк онлардан узоқ ойлардан бери аҳоли эркин ҳаракатланишига мушкуллик туғдираётган Қува-Асака йўлидаги бетон тўсиқларни олдириб ташлаган.
Наманганда нима гап?

Сурат манбаси, official
2019 йил октябрь ойида чет эллик инвестор билан Namangan City лойиҳаси бўйича музокараларда Наманган шаҳар ҳокими сифатида иштирок этган Абдураззоқов фаоллар қаршисида бу лойиҳадан алами борлигини билдириб, сити лойиҳаси устига намойишкорона қизил чизиқ тортган.
«Олиб кел планни. Устига қизил тортиб қўяй. Аламим бор эди», деган у.
У Namangan City шаҳар таркибидаги бўш майдонда қурилишини эълон қилган.
Тармоқ фойдаланувчилари сити лойиҳаси бекор бўлган «Гулистон» маҳалласида зум ўтмай, ободонлаштириш ишлари бошланганини хабар қилганлар.
Ўтган кунлар давомида Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати янги ҳоким ҳудудларга тинимсиз ташрифлар уюштираётгани, йўллар, электр ва сув таъминоти каби аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этаётгани ҳақида хабарлар бир қанча хабарлар берган.
Шунингдек, Шавкат Абдураззоқов Наманганда оммавий ахборот воситалари билан тиғиз ҳамкорлик йўлга қўйилишини таъкидлаган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати 27 сентябрь куни ҳокимнинг ҳудудларга ташрифларига 20 га яқин журналист ва блогерлар ҳамроҳлик қилганини ҳақида ёзган.
Фарғонада-чи?

Сурат манбаси, official
Наманган вилояти ҳокимидан Фарғона вилояти ҳокими лавозимига ўтган Хайрулло Бозоров ҳам фаолиятини аҳолини қийнаб келган муаммоларни ҳал этишдан бошлаган.
У Фарғона вилоятининг Қува туманига Андижоннинг Асака туманидан кириш имконини берувчи йўлдаги блок постни олдириб ташлаган.
Маҳаллий нашрлар карантин баҳона узоқ ойлар давомида олиб ташланмаган бу тўсиқ водий аҳолисига қийинчилик туғдириб келаётгани борасида бир неча бор хабар берган эди.
Бундан ташқари ҳоким Бозоров вилоят фаоллари билан ўтган илк йиғилишда Фарғонада раҳбарлар, эндиликда, очиқлик асосида ишлаши, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиши, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам мурожаатларни қабул қилиши, аҳоли эса ўз муаммоларини бемалол айта олишини маълум қилган.
Шунингдек, у собиқ ҳоким Шуҳрат Ғаниев даврида муаммоларни кўтариб чиққан бир қанча блогерларга нисбатан босимлар бўлган Фарғонада, эндиликда, матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги холис, асосли танқидлар бемалол қабул қилинишини ҳам таъкидлаган.
Халқ ишончи

Сурат манбаси, official
Икки янги ҳокимнинг бундай қизғин фаолияти ижтимоий тармоқдаги муҳокамаларда ҳам ўз аксини топмай қолмаган.
Ҳар икки ҳокимнинг амалга ошираётган ишларига нисбатан, асосан, ижобий муносабат кўзга ташланган.
«Мана бу одамни ҳоким, деса бўлади. Янгисини қурмай туриб, эскисини бузиш мумкин эмас. Фаолияти бошидан фикрлаши маъноли ва мазмунли. Шундай кетса, келажаги порлоқ бўлади. Мустақил фикри бор одамга ўхшайди. Бошқа ҳокимлар ўрнак олсин, янги ҳокимдан», фикр билдирган бир Фаcэбоок фойдаланувчиси Шавкат Абдураззақов фаолияти тўғрисида.
Хайрулло Бозоров фаолиятига нисбатан ҳам кўплаб ўхшаш фикрлар илгари сурилган.
Аммо янги ҳокимларнинг ўз ҳудудидаги муаммоларни бундай фаол оча бошлагани, аввалги раҳбар умуман ишламаган экан, деган фикрларни ҳам юзага келтирган.
"Эскиси умуман ишламаган эканда", киноя қилган яна бир фойдаланувчи.
Ҳаттоки, уларнинг иш бошлаши Шавкат Мирзиёев 2016 йил сентябрь-декабрь ойларида муваққат президент ўлароқ ҳукуматни халққа яқинлаштирган, муаммоларни очиқ тилга олиб, ҳаммани лол қолдирган даврларни эслатиб юбориши борасидаги фикрлар ҳам кузатилган.
«Кеча ва бугун юз берган воқеаларни кўриб, беихтиёр, халқ томон юриш бошланган 2016 йил сентябрь-декабрь ойлари эсга тушади. Ҳокимиятлар алмашиниб турса, хатолар тан олиниши осонроқ юз беради», ёзган Телеграмдаги bakiroo канали.
Энг кўп кўзга ташланган фикрлардан бири - бу ҳудудларда бундай муаммолар йиғилиб қолмаслиги йўлида ҳокимларни тез-тез алмаштириб туриш зарурияти борасида бўлган.
«Битта кичик хулоса: демак ҳокимлар тез-тез алмашиб туриши керак экан. Чунки инсонлар ўзлари қилган хатоларни сезмайди. Агар у инсон юқори лавозимли бўлса, атрофидагилар камчилигини айтишга ботинмайди. Янги жойда янгича қараш муаммоли жойларни кўрсатиб қўяди», мулоҳазаларини ўртоқлашган Фаcэбоок фойдаланувчиси.
Аммо янги раҳбарларнинг бундай ишлари ва ваъдаларига кўп ҳам ишонмаслик, аҳоли ишончига кириб олгач, улар, кейинчалик, аввалги раҳбардек халқдан узилиб қолиши эҳтимоли юқорилигидан огоҳлантирганлар ҳам топилган.
30 сентябрь куни Gazeta.uz нашрида эълон қилинган мақолада ҳам айнан Фарғона ва Наманган ҳокимларининг аҳоли муаммоси билан фаол шуғулланаётгани маҳаллий раҳбарлар орасида янги урфми ёки раҳбарлик курсисини эндигина эгаллаган шахсларнинг ўзини кўрсатишими деган савол кўтарилган.
Мақола муаллифи Дмитрий Поваров, одатда, янги раҳбарлар йўл, коммунал хизматдаги муаммоларни бартараф этиш орқали аҳоли кўнглидан жой олишга уринишини билдириб, одамлар кўз ўнгида амалга оширилаётган ишлар шунчаки раҳбариятнинг навбатдаги ўзгаришининг одатий белгиларими ёки янги ҳокимлар бошлаган ишларига чиндан жиддий киришдими, деган саволга, ҳозирча, очиқ эканини билдирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















