Ўзбекистон: Президент ҳокимларни сайлаш зарурияти ҳақида яна гапирди - O'zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон: Президент ҳокимларни сайлаш зарурияти ҳақида яна гапирди - 24 сентябрь куни ўтган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев ҳокимлар сайлов йўли билан мансабга келиши лозимлигини яна бир бор таъкидлаган. "Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз", деган президент. bbcuzbek.com дайжести.

Фарғона, расман: Шуҳрат Ғаниев ҳокимликдан кетди, Бош вазир ўринбосари этиб тайинланди - видео

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан ўтган ушбу видеоселекторда биринчи марта туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилгани ҳамда таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати «яхши», «ўрта» ва «қониқарсиз» ҳудудларга ажратилгани тўғрисида сўз борган.

Президент матбуот хизмати хабарида 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат «яхши», 119 тасида «ўрта» ҳамда 33 тасида «қониқарсиз» деб топилгани маълум қилинган.

Шунингдек, расмий хабарда «қониқарсиз» ҳамда «ўрта» деб баҳоланган туман ва шаҳарларга раҳбарлик қилиш истагини билдирган ҳар қандай талабгор ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий кенгашларда ҳимоя қилиши мумкинлиги ва халқ вакилларини ишонтира олган салоҳиятли кишилар бутун жамоаси билан туманга раҳбар этиб тайинланиши билдирилган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Шавкат Мирзиёев президентликка сайланган илк кунлариданоқ ҳокимларни сайлов йўли билан тайинлашни таклиф қилган эди.

«Ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ ва жамият олдидаги масъулиятини кескин оширишга эришиш мумкин», — деб айтган эди Мирзиёев 2016 йил декабрида.

Бироқ шу йилнинг июнь ойида Сўх тумани аҳолиси Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев истеъфосини талаб қилиши ортидан «Озодлик» радиосига сиздирилган ҳукумат мажлисидаги нутқида президент ҳокимнинг тақдирини «бир ўзи ҳал қилиши»ни айтган эди.

Айни дамда ҳокимларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш республика президентининг ваколатига киради.

Яна бир янги ҳокимлик

Ҳукуматнинг 24 сентябрдаги қарорига мувофиқ, Навоий вилояти таркибида вилоят бўйсунувидаги Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилди.

Қарор билан Ғозғон шаҳар ҳокимлиги бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг бўлинмалари ва бошқарув ходимлари сони тасдиқланган

Мандат эълон қилинди

Давлат тест маркази олий ўқув юртларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бўйича танлов натижалари 25 сентябрь куни 15:00 да марказнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши тўғрисида хабар берган.

Хабарда ДТМ барча абитуриентларга муваффақият тилаган.

Пиёда юрганларга мукофот

O'zbekiston

Сурат манбаси, Getty Images

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган "Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарори лойиҳасида пиёда юрган ўзбекистонликларнинг ҳукумат томонидан рағбатлантирилиши борасида сўз боради.

Лойиҳага кўра, бир кунда камида ўн минг, бир ой давомида уч юз минг, бир йил давомида 3,6 миллион қадам юрган шахсга барча давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 50 фоиз имтиёз берилиши ҳамда спорт иншоотларидан фойдаланиш учун абонемент тақдим этилиши кўзланмоқда.

Ўзбекистон урани

Ўзбекистон бир йилда 3,5 минг тоннага яқин уран олади.

У ҳақида Навоий кон-металлургия комбинати бош директори ўринбосари Нурмат Жулибековнинг "Экономическое обозрение" журналида чоп этилган мақоласида маълум қилинган.

Мақолада Ўзбекистон бугунги кунда уран олиш ҳажми бўйича дунёда 5-ўринни, уран захиралари бўйича эса 10-ўринни эгаллаши айтилади.

Шунингдек, мақолада Ўзбекистон ўзи олган урандан фойдаланмаслиги ва хомашёни тўлиқ ҳажмда хорижга экспорт қилиши тўғрисида ҳам сўз боради.

Шу тариқа Ўзбекистонда олинадиган уран борасидаги расмий маълумотлар илк бор очиқланмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek