Ўзбекистонга қайси чегарадан кириш мумкин? - O'zbekiston, koronavirus, yangiliklar

Qirg'iziston

Сурат манбаси, courtesy

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Ўш

Ўзбекистонга қайси чегарадан кириш мумкин? - Ўзбекистон пандемия боис, ойларки ёпиқ қолаётган чегараларини оча бошлади. Энди ўтиб-қайтиш қандай бўлмоқда?

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси очилди

Коронавирус сабаб жорий йил бошида ёпилган ўзбек-қирғиз чегараси ярим йиллик танаффусдан сўнг қайта очилди.

Иккинчи сентябрь куни Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш бекатларидаги чекловлар бекор қилинган.

Қирғизистон давлат чегара хизматининг маълумотига кўра, бекор қилинган чекловлар транспорт воситаларига ҳам тегишли.

"Ўзбекистон 1 сентябрдан бошлаб қирғизистонликларни ўз ҳудудига киришига руxсат берди. Қўшни давлатга бормоқчи бўлган қирғиз фуқаролари сўнги 72 соат ичида коронавирусга тест топшириб, соғлом эканини тасдиқлаган қоғози бўлса, карантинга олинмайди. Ташхис қоғози йўқлар эса маълум муддатга карантинга олинади. Ўзбекистонликлар учун бундай талаб йўқ", дейилади идора баёнотида.

Qirg'iziston

Сурат манбаси, courtesy

Қирғизистон ҳам Ўзбекистонни коронавирус бўйича эпидемиологик вазият барқарор 32 давлатлар қаторига қўшиб, қўшни давлат фуқароларини ўз ҳудудига киришларига руxсат берган. Бунинг учун ҳеч қандай ташхис қоғози талаб қилинмайди, фақат чегарада инсоннинг тана ҳарорати текширилади холос.

Шунингдек, Қирғизистондан Ўзбекистонга чиққан ва Қирғизистон ҳудудидагина бўлиб келган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга қайтишда карантин назоратига олинмайди.

Пандемия сабаб икки давлат ҳудудларида регистрация ёки виза муддати тугаб, қолиб кетган қўшни мамлакат фуқаролари учун ҳам ҳеч қандай жазо чоралари қўлланилмайди.

Жорий йилнинг биринчи сентябридан бошлаб, Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан "Дўстлик", "Қадамжой", "Қизил-Қия", "Маданият" ва "Баймақ" назорат-ўтказиш пунктларидан одамлар қатнай бошлаган. Транспортлар эса "Дўстлик", "Қадамжой", ва "Қизил-Қия" бекатларидан ўтмоқда.

"Чегаралар ёпилмасин"

Қирғизистоннинг Ўш шаҳри яқинида жойлашган "Дўстлик" чегара бекатидан ўтаётган одамларга микрофон тутамиз. Улар ярим йиллик танаффусдан сўнг, чегаралар очилиб, яна икки қардош халқлар қантовига имкон туғилганидан хурсанд эканликларини айтади.

Ўшдан Андижоннинг Қўрғон-Тепа туманига келин бўлиб тушган Феруза Жумайдуллаева, ҳар икки ойда чегарадан ўтиб, паспортига "кирди-чиқди" муҳрини бостиради. Бироқ пандемия сабаб, сўнги олти ой давомида чегарадан ўтаолмай, Ўзбекистонда яшаган.

Qirg'iziston

Сурат манбаси, courtesy

"Ўшга, ота-онамнинг уйига келаяпман. Чегаралар очилиб яхши бўлди. Ҳар икки ойда "кирди-чиқди" қиламан. Олти ой карантин сабабли ўта олмадик, Чегаралар очилиб, ўтиб келаяпман. Чегарадан ўтаётганимда муаммо бўлмади, ҳаммаси яхши. Ўшга келиб, ота-онамни кўриб, 3 кун туриб, Андижонга қайтаман. Чегаралар очилганидан xурсандман. Қулайликлар яратиб берганига президентларга раҳмат", дейди суҳбатдош.

Андижонда 20 йилдан бери яшаётган Ўшлик Феруза Ўзбекистон фуқаролигини олиш нияти бўлганини, бироқ маълум сабаблар туфайли ололмагани, энди қулайликлар яратилгани сабаб, бу давлат ватандошлигини олишга ҳаракат қилмоқчи эканини қўшимча қилди.

Феруза каби Қирғизистондан Ўзбекистонга ёки қўшни давлатдан Қирғизистонга келин бўлиб келиб, яшаётган аёллар талайгина. Улар йиллар давомида доимий истиқомат қилаётган давлат фуқаролигини олишга ҳаракат қиладилар. Бироқ турфа сабаблар туфайли ватандошлик ололмайдилар.

2016 йилнинг сентябрида вафот этган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовдан кейин қудратга келган Шавкат Мирзиёв қўшни давлатлар, жумладан, Қирғизистон билан ҳам алоқаларни яхшилаши ортидан, узоқ йиллар ёпиқ турган чегаралар очилиб, иқтисодий, илмий ва маданий ҳамкорлик ривожланган.

Тўрт йил давомида Қирғизистон ҳудудида ишлаётган ўзбекистонликлар сони ортган. Улар асосан устачилик, нонвойлик, деҳқончилик ва чорвачилик соҳаларида фаолият олиб боради. Шунингдек, қўшни давлат олийгоҳларида таълим олаётган ўзбекистонликлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Март ойида бошланган пандемия сабаб, чегаралар ёпилиши ортидан минглаб ўзбекистонликлар Қирғизистон ҳудудида қолиб кетган. Уларнинг аксарияти карантин пайтида ҳам вақти-вақти билан ўз давлатига ўтказилган.

Qirg'iziston

Сурат манбаси, courtesy

Дилноза Мадмарованинг андижонлик турмуш ўртоғи ҳам Бишкекда ишлайди. Карантин бошланганда у ўз ватанига ўтиб кетган. Қирғизистон фуқароси бўлган Дилноза эса, ўғли билан чегара ортида қолган.

"Икки ойдан бери Ўзбекистонга ўтиш учун чегарага келиб, кетаяпман. Ўтолмаяпмиз. Чегара очилди дейишганди, келдик, ўтиб кетгани. Чегара очилганини эшитиб xурсанд бўлдик, Аллоҳга шукр. Оиламиз билан бирга бўлсак, хурсанд бўламиз. Оила билан бирга ўтириб чой ичишни ҳамма ҳам орзу қилади. Менинг орзуим Ўзбекистонга ўтиб, қайнота ва қайнонамнинг олдида ўтирсам.... Чегаралар очиқ бўлиб турса, ота-онамни кўргани ўтиб тураман. Чегаралар ёпилмасин, деб Аллоҳдан сўраймиз кечаю-кундуз, намозларимизда ҳам", дея ўғлини етаклаганча чегара томон йўл олади суҳбатдошим.

"Дўстлик" чегарасидан Ўзбекистон тарафга ўтган Анвар ҳам, биз билан микрофонсиз суҳбатда, чегарани кесиб ўтиш жараёнида ҳеч қандай чеклов бўлмаганини ва коронавирус бўйича ташхис қоғози талаб қилинмаганини маълум қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek