Жума намозларига рухсат берса нима бўлади? O'zbekiston, mintaqa, musulmonlar, yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Ўш
Жума намозларига рухсат берса нима бўлади? - Қирғизистон берди. Бугун бир неча ойлик танаффусдан сўнг мамлакат масжидларида илк бор жума намозлари ўқилди. Ўзбекистонда ҳозирча рухсат йўқ. Коронавирус-чи?
Ўш шаҳридаги "Сулаймон Тоғ" масжидида узоқ танаффусдан сўнг, бугун, 28 август куни илк жума намози ўқилди.
Қирғизистон Қозоғистондан кейин минтақанинг энг кўп коронавирус тарқалган иккинчи давлати бўлади.
Аксарият инсонлар масжидга юз ниқобида келган. Ниқоблари йўқларга эса, дарвоза олдида бепул тарқатилди.
Ҳар бир намозхон тана ҳарорати текширилиб, қўлларига тозалаш суюқлиги сепилгандан сўнгина масжид ичкарисига киришга рухсат берилди.
17 август куни Ўзбекистонда ҳам пандемия боис, 5 ой деганда масжидларда жамоат намозларини ўқишга расман рухсат берилган.
Аммо бу рухсат жума намозларини кўзда тутмаганди.

Сурат манбаси, courtesy
"Сулаймон Тоғ" масжиди имоми Нурланбек Мадалиев ибодат маскани ҳар куни дезинфекцияланиб, одамларга тозалик қоидаларига амал қилиш тушунтирилаётганини айтади.
"Масжидни ҳар куни тозалаяпмиз. Сабаби масжидга ҳар қандай, кўп одам келади. Бизни масжид йўлни бўйида, бу ерга фақат маҳаллий жамоат эмас, кўпинча йўлдан ўтаётган йўловчилар киришади", дейди имом.
Унинг сўзларига кўра, масжид ичкарисида ҳам вирус тарқалиши таҳдидини камайтириш чоралари кўрилган.
Ибодат пайтида намозхонлар бир ярим метр масофани сақламоқда. Улар шу тарзда жума намозини адо этдилар.
Азимжон карантин пайтида намозларини уйда ўқиганини, масжидларда яна жамоат билан жума намоз ўқиш имкони пайдо бўлганидан хурсанд эканини айтади.
"Бугун мусулмонлар учун жуда қувончли кун. Сабаби, бир неча ой жума намозини ўқий олмадик. Энг аввало Аллоҳнинг ёрдами, кейин ҳукумат ва муфтият қарорлари билан бугун илк жума намозини ўқидик. Санитар қоидаларга мувофиқ, одамлар ўз жойнамозлари билан келиб, юз ниқоби тақиб, оралиқни сақлаб намозни адо этдик. Тўлқинланиб, Аллоҳдан давлатимиз, дунёни турли офатлардан сақлашини сўраб дуолар қилдик", дейди суҳбатдошим Азимжон.

Сурат манбаси, courtesy
Сўнгги ойда Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони кескин озайган. Июль ойида кунига 1500дан ортиқ инсон бу дардга чалинаётгани аниқланган бўлса, бугунги кунда вирусни юқтириб олаётганлар сони 150 атрофида.
Бироқ ҳукумат вазият қайта мураккаблашиб, пандемия авж олиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Одамлар жамоат жойларида, бозор, кафе, ресторан, жамоат транспорти ва халққа хизмат кўрсатиш идораларида вирусдан сақланиш қоидаларига амал қилмаётгани айтилади.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирининг муовини Нурбўлўт Усунбаев 28 августдаги матбуот анжуманида коронавирус билан зотилжам касаллиги одамлар орасида тарқалиши тўхтамаганини урғулаган.
"Ҳозирча коронавирусга қарши курашишни тўхтатиб, ўзимизни бўш қўяолмаймиз, бунга ҳали эрта", деган расмий.
Расмий маълумотга кўра, бугунги кунда коронавирусга чалинганлар сони 43587тага етган. Уларнинг 37726таси соғайган. Ушбу дарддан вафот этганлар сони эса, 1058тани ташкил этади.

Сурат манбаси, courtesy
Қирғизистонда кенг тарқалаётган коронавирус хавфи сабаб, март ойи охирида карантин жорий қилиниб, барча жамоат жойлари, жумладан, масжидлар ҳам ёпилган эди.
Июнь ойида карантин талаблари юмшатилиши ортидан, уч ойга яқин ёпиқ турган ибодат масканлари мусулмонларга қайта эшигини очган.
Бироқ орадан кўп ўтмай, бир ойдан сўнг, июль ойи бошида пандемия авж олиши ортидан масжидларда жума намозлари ўқиш тақиқланган. Кундалик ўқиладиган 5 вақт намозлар эса, адо этилиб келинган.
Август ойи ўрталарида мамлакатда коронавирус xавфи озайиши ортидан, Қирғизистон Мусулмонлар идораси, коронавирусга қарши курашиш марказига мурожаат қилиб, масжидларда жума намозларини ўқишга руxсат сўраган.
"Коронавирусга қарши курашиш марказининг қарори асосида республикадаги масжидларда жума намоз ўқишга қўйилган тақиқ олиниб, санитар қоидаларга риоя қилиш шарти билан 28 августдан бошлаб ибодат адо этилади", дейилади муфтият баёнотида.
Қирғизистонда коронавирус ўчоқлари мамлакатнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ва ўзбеклар ҳам зич яшовчи жанубий минтақалари бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
















