Ўзбекистон: Ислом Каримов зиёрати, Сўх-Водил йўли очилдими ва имтиҳонга кепкада – O'zbekiston, yangiliklar

Mirziyoyev va Islom Karimov

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Мустақил Ўзбекистон биринчи президенти вафотига расман тўрт йил бўлди, Фарғонада нима гап, имтиҳонни бош кийимда топширишга рухсат ва мамлакатда жума намозлари қачондан бошлаб ўқилади - bbcuzbek.com дайжести:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бундан роппа-роса тўрт йил аввал - 2016 йил 2 сентябрь куни соат маҳаллий вақт билан 21:45 атрофида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг оламдан ўтгани расман эълон қилинган эди.

Мамлакатнинг жорий раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги қарори билан 2 сентябрь санаси Биринчи Президент Хотираси куни сифатида нишонланиши белгиланган.

Бугун - 2 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев анъанага мувофиқ пойтахтда ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирган.

Хотирлаш маросимида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик Палатаси, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, пойтахт жамоатчилиги вакиллари ҳамда марҳум президентнинг беваси Татяна Каримова иштирок этган.

Ислом Каримовнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилган.

Янада юмшатилаётган карантин

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Республика махсус комиссияси қарори билан мамлакатда ўрнатилган қатор карантин талаблари бекор қилинмоқда.

Хусусан, 5 сентябрдан бошлаб қуйидагиларга рухсат берилади:

  • умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолиятига. Бунга қадар фақат очиқ майдондаги умумий овқатланиш объектлари ишлашига рухсат берилган эди
  • томоша ва маданий-кўнгилочар объектлар (фақатгина театр ва кинотеатр) фаолиятига
  • парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар фаолиятига
  • йўналишли таксида ("Дамас" русумли енгил автомобиллари бундан мустасно) йўловчи ташиш фаолиятига

Ота-оналарнинг фикрлари ва маҳаллий депутатлар кенгашлари таклифларига мувофиқ сентябрь ойидан мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларининг анъанавий ва масофавий шаклдаги фаолиятига

Шунингдек, жума намозларини масжидларда шу ҳафтадан бошлаб ўқиш мумкин бўлиши ҳам хабар қилинган.

Махсус комиссия аъзоси, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг аниқлик киритишича, жамоавий ибодатларни 2020 йил 4 сентябрь - жума кунидан бошлаб амалга ошириш мумкин бўлади.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Сақланиб қолаётган карантин чекловлари

Ўзбекистонда карантин чекловлари сезиларли юмшатилган бўлсада, Республика махсус комиссияси қуйидаги талаблар 5 сентябрдан сўнг ҳам сақланиб қолинишини маълум қилган:

  • фуқароларнинг жамоат жойларида ижтимоий масофани (2 метр) сақлаши, тиббий ниқобда бўлиши, бунда улар томонидан санитар талаблар бузилган тақдирда қатъий чоралар (жаримага тортиш) кўриш
  • тана ҳарорати 37 градус ва ундан юқори бўлган ёхуд инфекция аломатлари мавжуд бўлган фуқароларнинг жамоат жойларига чиқмаслиги
  • супермаркет ва бошқа йирик дўконларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, дезинфекцион «тўшаклар», антисептик воситалари билан жиҳозлаш, уларга киришда ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 градус ва ундан юқори бўлган ёхуд инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда киритмаслик, ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобда бўлишини, шунингдек, ушбу объектларга киришда фуқароларни бепул тиббий қўлқоп билан таъминлаш
  • буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари ҳамда буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконларда санитар тозалаш ишларини ўтказиш учун ҳафтада бир кун санитар кунини эълон қилиш
  • давлат органлари, ташкилотлар ва корхоналарда йиғилишлар ўтказишни тақиқлаш, зарур ҳолларда йиғилишларни видеоконференсалоқа режимида ўтказиш
  • оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқлаш;
  • тўйхоналар, тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (калян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолиятини тақиқлаш
  • оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш

Сўх-Водил йўли очилди

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Сўх тумани ҳокимининг чегара масалалари бўйича маслаҳатчиси Сарвар Ҳомиджонов сўхликлар учун йиллар давомида жиддий муаммо бўлиб келган йўл масаласи ҳал бўлганини маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, 1 сентябрдан бошлаб буткул Қирғизистон ҳудудида жойлашган туманни Ўзбекистоннинг асосий ҳудуди билан боғловчи Сўх-Водил йўли очилган.

Ҳомиджонов келгуси бир-икки ой ичида Сўхни Фарғона вилояти Риштон тумани билан боғловчи йўл очилиши борасида Қирғизистон томони билан келишувга эришилганини ҳам қўшимча қилган.

Имтиҳонга кепкада

2 сентябрдан бошлаб мамлакат бўйлаб стадион ва хиёбонларда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бошланди.

Давлат тест маркази ноодатий тарзда ўтаётган тест синовлари пайтида абитуриентлар учун аввалдан тақиқланган айрим ҳолатларга истисно тариқасида рухсат берилишини маълум қилган.

«2020-2021-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари очиқ майдонларда ташкил этилаётганлиги сабабли, абитуриентлар хоҳишига кўра, тест синовларига бош кийим (кепка) билан келишлари мумкин», дейилади ДТМ хабарида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek