Сўх ҳибслари: Блогерни қамаган амалдорлар судга тортилиши керак – ҳуқуқ ҳимоячиси - Ўзбекистон, O'zbekiston

Коллаж

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашув чоғида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг истеъфосини сўраган, орадан деярли уч ой ўтиб эса, ҳибсга олинган сўхлик блогер Дадахон Хайдаров тахаллуси билан танилган Хайдаржон Бобохайдаров мавзуси бугунги кунда жамоатчилик диққат марказида қолмоқда.

Блогерга доир шу вақтга қадар мавжуд бўлган ва тарқалаётган хабарлар кўплаб жавобсиз саволларни ўртага ташламоқда.

Dengiz TV

Сурат манбаси, Dengiz TV

Ўтган ҳафта сўхлик блогернинг йўқолиб қолгани борасида хабарлар чиққан ва ҳафта давомида унинг қаерда экани номаълумлигича қолган эди.

Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг ота-онаси Шерали ва Азизахон Эралиевлар 29 август куни Gazeta.uz нашрига берган интервьюсида 22 август куни эрталаб келган ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари блогерни уйидан олиб кетгани, кейинроқ унинг ўзи оиласи билан телефон суҳбатида уни бошига қоп кийгазиб, вертолётда олиб кетишганини айтиб бергани ҳақида гапирганлар.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

"Биз нима бўлганини тушунмадик. Эрталабгача кутдик. Эрталаб Дадахоннинг ўзи телефон қилди. У Фарғонада, холасиникида эди. У уни милицияга олиб келишганини, кейин бошига халта кийгизиб, вертолётда олиб кетишганини айтди. 5−10 минутдан сўнг у кўзини очса, у Фарғонада экан. У ерда уни кечгача сўроқ қилишган ва эртага текширув учун яна 10:00 келишини айтиб, қўйиб юборишган. У у ерга эрталаб борган ва менимча, уни ҳибсга олишган. Биз уни шундан бери кўрганимиз йўқ, ҳеч қандай хабар йўқ", деган блогернинг отаси Шерали Эралиев Gazeta.uz билан суҳбатда.

Ушбу интервью ортидан, яъни 30 август куни Бош прокуратура Хайдаржон Бобохайдаров гумонланувчи сифатида қўлга олинганини ниҳоят маълум қилган, аммо баёнотда блогерга нисбатан айнан қандай айбловлар илгари сурилаётгани ҳақида сўз очилмаган.

"Фуқаро Хайдаржон Бобохайдаров (блогер) жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 226-моддаси тартибида ушланган", дейилади мазкур баёнотда.

Бош прокуратура иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мазкур ишга доир бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслигини таъкидлаш билан чекланган холос.

"Ўғлим жанжалда қатнашмаган"

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Блогер билан боғлиқ ноаниқ вазият ҳукм сураётган бир пайтда жамоатчилик унинг қўлга олинишини 1 июнь куни сўхликлар билан учрашган Бош вазир Абдулла Ариповдан туман мансабдорлари ва вилоят ҳокимини алмаштириб беришни сўрагани билан боғламоқда.

Ҳозирда Сўх воқеаси юзасидан 1 июнь куни очилган жиноят иши доирасида камида 6 нафар туман яшовчиси қўлга олингани маълум.

Би-би-си ихтиёрида мавжуд 11 августга оид жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди ажримида эса 23 яшар сўхлик йигит вазиятни юмшатиш учун ҳудудга етиб келган вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига қаршилик кўрсатиш, тош билан уларга ва машиналарига зарар етказишда айблангани ҳақида сўз боради.

Аммо 31 август куни Би-би-си билан суҳбатлашган блогер Бобохайдаровнинг онаси Азизахон Эралиева фарзандининг на Қирғизистон билан чегара ҳудудидаги тўқнашувда, на ҳоким Ғаниев билан бўлган воқеаларда иштирок этмаганини айтади.

Эралиева ўғлининг фақат Бош вазир билан учрашувда сўзга чиққани ва 2 июнь куни яна Абдулла Ариповнинг таклифи билан туманда ўтган мажлисда иштирок этиб, аҳолининг муаммолари ҳақида гапирганини қўшимча қилади.

Dengiz TV

Сурат манбаси, Dengiz TV

"Эрталаб ўғлим «Аяжон, бугун мажлис экан - Бош вазир мени таклиф қилди, мен боришим керак», деди. Мен ундан бормаслигини сўрадим. Лекин у оқ кўйлак, костюм-шимда мажлисга чиқиб кетди", эслайди Эралиева.

Азизахон Эралиева ўғли мажлисдан қайтиб келгач, у яна Бош вазир қаршисида туманда мавжуд турли муаммолар ҳақида гапиргани, расмийлар эса уни ижобий қарши олганини айтиб бергани ҳақида сўзлайди.

Эралиеванинг маълум қилишича, 22 августга қадар унинг ўғлига нисбатан маҳаллий ҳокимлик томонидан ҳеч қандай босимлар бўлмаган, оила, ҳатто, блогер ҳибсга олиниши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаган.

У турмуш ўртўғи билан тўсатдан олиб кетилган ўғлининг тақдиридан чуқур хавотирда экани, тарқалган расмий баёнотлардан ташқари фарзандининг жорий аҳволи тўғрисида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдиради.

"10 кундан бери дараги йўқ. Қаттиқ хавотирдаман. Кечаю Кундуз йиғлаяпман", дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Ўрта асрларга хос ҳолат

Айни пайтда жамоатчилик Хайдаржон Бобохайдаров дохил қўлга олинган бошқа сўхликлар айнан нимада айбланаётгани очиқ айтилиши, уларнинг иши шаффоф ва адолатли тарзда кўриб чиқилиши шартлигини таъкидламоқда.

Би-би-си таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовдан нафақат Хайдаржон Бобохайдаров, балки сўнгги пайтлар бир неча бор кузатилган блогерларнинг ҳибсга олиниши ёки йўқолиб қолиши ҳолатлари борасида фикрларини сўради.

«Бўлаётган бу воқеалар ортидан Ўзбекистон чет элликлар олдида шарманда бўляпти. Ушлаб олиб кетишнинг ўзи Конституцияга, сўз эркинлигига қарши иш», таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Сурат Икромов юз берган ҳодиса сўз эркинлиги учун жиддий таҳдид экани, бундай ҳолатлар эса Ўзбекистоннинг жаҳон олдидаги обрўсига путур етказаётганини таъкидлаб, сўз эркинлигини бўғишга уринаётган амалдорлар жабрланувчилар томонидан судга тортилиши орқали вазиятни ўнглаш мумкинлигини айтади.

«Сўз эркинлиги, матбуот эркинлигига қарши мансабидан фойдаланиб босим ўтказаётганларни - журналист бўладими, блогер бўладими - судга бериш керак. Суд орқали шундай ҳокимлар, амалдорлар жазоланмаса, бўлаётган ишлар Ўзбекистон учун жуда хунук тус оляпти», қўшимча қилади у.

Сўз эркинлиги тақдиридан хавотирда эканини билдирган мустақил журналист ва блогер Баҳодир Аҳмедов эса Бобохайдаров билан юз бераётган ҳолат ҳеч бир жамоатчилик фаолини бефарқ қолдирмаслиги зарурлигини таъкидлайди.

«Чунки эртага бундай ҳолат ҳар қандай журналист, блогернинг бошига тушиши мумкин. Бу эса жамоатчилик фаоллигини сусайтириб қўяди. Жамоатчилик фаоллигининг сусайиши эса нафақат матбуот вакиллари, балки давлатчиликнинг ўзига ҳам зарар келтиради», дейди у.

Баҳодир Аҳмедов, шунингдек, блогернинг бошига қоп кийгазиб олиб кетилиши ўрта асрларга оид ҳолат эканини айтади.

«Ҳозир бошига қоп кийдириб олиб кетилгани тан олинмаяпти, лекин шундай бўлганми-бўлмаганми - инсонга бундай муносабатда бўлиш ўрта асрларга хос ҳолатда».

"Ўнлаб инсонлар ҳибсга олинган"

Би-би-си билан микрофонсиз суҳбатлашишга рози бўлган яна бир сўхликнинг маълум қилишича, жамоатчиликнинг эътибори блогер Бобохайдаров мавзусига қаратилган бир пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳеч қандай чақирув қоғозисиз тумандан олиб кетилган ўнлаб инсонларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Унинг иддаосига кўра, 22-23 ва 24 август кунлари тумандаги турли қишлоқлардан олиб кетилган бу инсонлар айни вақтда қаерда сақланаётгани тўғрисида расмийлар маълумот бермаётир.

У қўлга олинганларнинг оилалари айни пайтда тушкун кайфият ва чуқур хавотир остида бирор янгилик кутиш билан кунларни ўтказаётганини қўшимча қилади.

Бироқ бу иддаоларни мустақил текширишнинг, ҳозирча, имкони бўлмади.

Gazeta.uz нашри эса 29 август куни ҳуқуқ-тартибот органларидаги ахборот манбасига таяниб, 80−90 одамнинг олиб кетилгани ҳақида ёзган эди.

Фаоллар сўз эркинлиги тақдиридан хавотирга тушган бир пайтда эса президент Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг 29 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда сўз ва матбуот эркинлиги аҳамияти борасида яна бир бор гапирган.

«Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топтириш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошлаган ишларимиз ортга қайтмас тус олганини бугун яна бир бор таъкидламоқчиман», деган у.

Би-би-си воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek