Расман, Фарғона: Сўхда ҳибсга олишлар бўлган - O'zbekiston, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Расман: Сўхда ҳибсга олишлар бўлган - шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилоятига қарашли Сўх туманида йирик оммавий тартибсизликлар кузатилган, бундай вазият фонида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев норози аҳоли томонидан тошбўрон қилинган эди:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Жанжал тумандаги Чашма қишлоғининг Қирғизистонинг Боткен вилояти, Қадамжой тумани Чечме қишлоғи билан чегарадош ҳудудида жойлашган «Чашма» булоғидан фойдаланишдаги келишмовчилик сабаб сўхликлар ва қирғизистонликлар ўртасида юзага келган эди.

Орадан деярли уч ой ўтиб - 25 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан 6 инсон ҳибсга олинганини маълум қилган.

"Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.

Мазкур ҳолат бўйича 01.06.2020 йилда Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда", дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Ўшанда сув туфайли Қирғизистон фуқаролари билан тўқнашган сўхликлар зум ўтмай, маҳаллий ҳокимликка нисбатан ўз норозилигини билдира бошлаган эди.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Норози аҳоли Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев дохил Сўх тумани собиқ ҳокимини тошбўрон қилган, воқеа жойига етиб келган Бош вазир Абдулла Ариповдан эса Ғаниевнинг истеъфосини талаб қилган эди.

2 июнь куни ўтган видеоселектор давомида президент Шавкат Мирзиёев ҳокимнинг истеъфосини талаб қилган сўхликларни қўллаб-қувватлаган.

У йиллар давомида ҳеч ким чегараолди ҳудудига бормагани ва муаммолар билан шуғулланмаганини танқид қилган.

"Йиллар давомида ҳеч ким бормаган. Жуда бўлмаса «у халқ ёмон, оғир халқ» деганмиз. Нимага ёмон, талаб қилиш ёмонми?! Адолатку талаб қилиш", деган эди президент.

Шунингдек, Мирзиёев раҳбарларни Фарғона вилоят ҳокимини тошбўрон қилган сўхликлар кайфиятидан сабоқ чиқаришга чақирган эди.

Чегарада тўпланган ўзбекистонликлар олиб келинмоқда

Chegara

Сурат манбаси, videograb

Аввалроқ 400 га яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари яна Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланиб қолгани, улар авиачипталар қимматлигидан ўз уйига қайта олмаётгани тўғрисида хабарлар чиққан эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Республика махсус комиссияси ўзбекистонликларни Россиянинг Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округларидан ҳамда Самара вилоятидан олиб келиш учун "Тошкент-Ростов-Дон-Тошкент" ва "Тошкент-Кинел-Тошкент" темир йўл рейсларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилган.

Вазирлик 23 август 927 нафар ватандош "Первомайская" станциясидан Ўзбекистонга жўнаганини хабар қилган.

Шунингдек, ватандошларни олиб келиш учун «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ поезди Самара вилоятининг «Кинел» станциясига 24 август куни етиб келиши режалаштирилгани ҳам қўшимча қилинган.

Коронавирусга қарши эмлаш дастури

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилганини хабар қилмоқда.

Хабарда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича «COVAX» халқаро механизмига 172 давлат қўшилгани, айни пайтда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) портфелида коронавирусга қарши 9 та вакцина мавжуд экани айтилади.

Маълум қилинишича, ушбу механизмдан кўзланган мақсад барча аъзо мамлакатларнинг лицензияланган ва тасдиқланган вакциналардан тенг фойдаланишини таъминлашдир.

Вазир ота-оналарга мурожаат қилди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошланажак 2020/2021-ўқув йилининг қандай шаклда олиб борилиши юзасидан қарор олиш борасида ота-оналарга мурожаатнома йўллади.

"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фикрича, коронавирус билан боғлиқ вазият икки йилгача давом этиш хавфи бор, шунинг учун мактаблар фаолиятини қайта тиклашга оид қарор ўқувчилар, педагоглар ва ота-оналарнинг соғлигини ўйлаган ҳолда қабул қилиниши лозим.

Ҳар бир ота-она ўзининг шароитидан келиб чиқиб, фарзандини анъанавий равишда мактабга юбориши ёки уйда қолиб онлайн шаклда ўқитиши юзасидан мустақил қарор қабул қилиши керак", дейилади мурожаатномада.

Вазир ота-оналарнинг фикрини билиш ва ундан келиб чиқиб, таълим жараёнини ташкил этиш мақсадида сўровнома ташкил этилганини билдирган ва ота-оналарни унда фаол иштирок этишга чақирган.

Ҳимоя ордерли аёллар

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBC UZBEK

25 август куни бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева ўтган 7 ой давомида мамлакат бўйича 3,592 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилганини маълум қилган.

Боймирзаева тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати, жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар, тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши, давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материалларда акс этиши ҳолатлари аёллар учун ҳимоя ордери беришга асос бўлишини эслатиб ўтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek