Ўзбекистон: Сўх муаммоларига ҳукумат алоҳида эътибор қаратадиган бўлди - O'zbekiston

Сурат манбаси, President.uz
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевни тошбўрон қилишига қарамай, ҳукумат сўхликлар талабига қулоқ тута бошлади.
Kun.uz нашрининг хабарига кўра, президент Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни сўхликларнинг ҳудуддаги оғир аҳволдан норозилик билдириши ва ҳукуматга талаблар қўйиши асосли эканини билдирган.
Шунингдек, президент йиллар давомида Сўхдаги вазиятдан ҳеч ким хабар олмагани, одамлар кайфияти, муаммоси, талабларига эътибор қаратилмаганини ҳам тилга олган.
"Йиллар давомида ҳеч ким бормаган. Жуда бўлмаса «у халқ ёмон, оғир халқ» деганмиз. Нимага ёмон, талаб қилиш ёмонми?! Адолатку талаб қилиш. Бу жараён жуда кўп сабоқ берди. Жуда катта сабоқ", дея маълум қилган давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев чегарадош ҳудудлардаги вазиятни яхшилаш масъулиятини Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовга топширган.
"Мана, Раматовга қўшимча топшириқ берилди. Ҳар ойда иккитадан чегарадош ҳудудда бир ҳафтадан яшайди. Керак бўлган одам, унинг ҳамма ваколати бор. Билардику, шу чегардош ҳудудни. Нега бориб Сўхда ётиб келмаган?!
Энди ана шундай чегарадош ҳудудларнинг алоҳида рўйхатини қиламиз, бош вазир ўринбосари бориб инфратузилма ва бошқа масалаларини ўрганади. Бизни олдинроқ огоҳ қиладиган тизим яратишимиз керак", таъкидлаган Мирзиёев.
1 триллион сўм
Сўхликлар Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувда ҳудудий раҳбарларни ўзгартириш дохил йўл муаммоси, яйловлар масаласини ҳал қилиш талабларини илгари сурган эди.
2 июнь куни президентнинг топшириғи билан Бош вазир ўринбосарлари ва қатор вазирлар муаммоларни ўрганиш учун Сўхга келган.
4 июнь куни Сўх тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ўрганишлар ортидан ҳукумат вакиллари ҳудуддаги муаммоларни тўлиқ бартараф этиш йўлида лойиҳа ишлаб чиққани, шу йилнинг ўзида Сўхда 101 миллиард сўмли инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ҳақида хабар берган.
Хабарда Сўхни ривожлантириш бўйича президент қарори лойиҳаси тайёрланаётгани ва бу лойиҳа асосида қарийб 1 триллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилганини айтилади.
Би-би-си хабарда тилга олинган рақамларга аниқлик киритиш, айнан қайси соҳаларни ривожлантириш кўзда тутилаётгани, ҳақиқатан аҳолининг талаблари инобатга олинаётгани ёки йўқлигидан бохабар бўлиш мақсадида туман ҳокимлиги матбуот котиби Анвар Жўраев билан боғланди.
Жўраев бу ҳозирча Сўхдаги учрашув чоғида ҳукумат аъзолари тилга олган рақамлар экани, аммо расмийлар муаммоларни ҳал этиш, ҳудудни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратаётганини маълум қилди.
"Сўхга вақтида қарамаганмиз"
3 июнь куни ҳукумат аъзолари билан ўтган йиғилишда Сўхдаги муаммоларни бартараф этиш вазифаси топширилган Очилбой Раматов аҳолини қийнаб келган қатор масалалар ва уларнинг ечими бўйича сўз очган.
Сўх телеканали лавҳасида Раматов Сўхнинг эътибордан четда қолгани, йўлларнинг аҳволи абгор экани, 3-4 оила бир том остида яшашга мажбур бўлаётгани, электр таъминоти яхши эмаслиги, ёшлар ишсиз экани каби муаммоларни тилга олган.
"Трансформатор, ток узатиш, паст кучланиш муаммолари бор экан. Трансформаторлар эскириб кетган… проводалар занглаб кетган. Тўғриси бу ерга ўз вақтида қаролмаганмиз, қарамаганмиз", тан олган Раматов.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Сўхдаги аҳволни ўнлаш ва ҳудудни ривожлантириш 843 миллиард сўм маблағни талаб этиши аниқлангани ва бу йилнинг ўзида 288 миллиард сўм маблағ туман учун йўналтирилишини маълум қилган.
Очилбой Раматов қисқа фурсат ичида янги йўллар ётқизилиши, аҳоли учун кўп қаватли уйлар қурилиши, Россияга кета олмай ишсиз юрган 5,5 минг ёшни иш билан таъминлаш, ҳудудда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, электр таъминотини яхшилаш йўлида янги трансформаторлар ўрнатиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни кучайтириш каби режалар амалга оширилиши билдирган.
Бундай хабарлар ортидан ижтимоий тармоқларда сўхликлар ўз муаммоси ва талабини ҳукумат олдига дадил қўя олгани борасида кўплар фикрлар кўзга ташланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












