Сўх можароси: Йўлдаги қароқчилар, бости-бости ва Европа тажрибаси - O'zbekiston Ўзбекистон

BBC
Сурат тагсўзи, Хуршид Зафари
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев чоршанба куни ўтган видеоселектор мажлисида Сўх туманидаги вазият ҳақида ҳам гапирди.

31 май куни Қирғизистон ичида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх туманида Чашма сув булоғи кимга тегишли экани борасида сўхликлар ва қўшни қирғизистонликлар билан тортишув келиб чиққанди. Тезда жанжалга айланиб кетган воқеада икки томонда бир нечта уйларга ўт қўйилган ва одамлар жароҳат олишган.

«Йиллар давомида ҳеч ким бормаган. Жуда бўлмаса «у халқ ёмон, оғир халқ» деганмиз. Нимага ёмон, талаб қилиш ёмонми?! Адолат-ку талаб қилиш. Бу жараён жуда кўп сабоқ берди. Жуда катта сабоқ», - деб айтди президент видеоселекторда Сўхликлар ҳақида гапира туриб.

Шунингдек, давлат раҳбари сўхликлар ишсизлик ва яшаш шароити оғирлигидан жабр чекиб келаётганини айтиб, бу масалаларни ўрганиш учун ҳудудга Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовни сафарбар қилишини билдирди.

BBC

«Айниқса, чегарадош ҳудудларда камбағалликни камайтириш ва шу туманлар иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли учун зарур шароитларни ташкил этиш бўйича алоҳида ёндашув бўлиши керак. Мана, Раматовга қўшимча топшириқ берилди. Ҳар ойда иккитадан чегарадош ҳудудда бир ҳафтадан яшайди. Керак бўлган одам, унинг ҳамма ваколати бор. Билардику, шу чегардош ҳудудни. Нега бориб Сўхда ётиб келмаган?!»

Сўхдаги охирги зиддият йиллар давом этиб келаётган муаммоларни яна ёритди - Ўзбекистондан ажралиб қолган Ўзбекистон фуқаролари Сўх-Риштон йўли ёпиқлиги, Қирғизистон чегарасидан ўтишдаги порахўрлик ва тазйиқлар ва чегара аниқланмагани туфайли амалга ошириладиган ҳибслардан шикоят қилиб келадилар.

Анклавлар муаммосини ўрганган Лондоннинг London School of Economics (Лондон иқтисод институти) магистранти Хуршид Зафарининг айтишича, анклавлар муаммоларини ечиш бўйича тизимли ёндашув ишлаб чиқилмаган.

Хуршид Зафари билан Ибрат Сафо суҳбатлашди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

«У ердаги муаммоларни ҳал қилиш, иқтисод тили билан айтганда, резидуал характерга эга. Бир муаммо пайдо бўлса, у ечилади, лекин институционал, структуравий ечимлар қабул қилинмаяпти аҳоли турмушини енгиллаштириш бўйича. Мана кўрган бўлсангиз, ҳоким ҳам «Қадамжойни ёпаман, Ленбургни харитадан ўчириб ташлайман» деяпти. Бу каби қўрқитиш, аҳолининг овозини ўчириш билан аҳолининг муаммоси енгиллашмайди, қайтага оғирлашади», дейди у.

Зафари ўтган йили Голландиядаги Европа хавфсизлик тадқиқотлари марказида олиб борган илмий ишида Марказий Осиёдаги ва Европадаги анклавларни ўрганган, ҳамда Сўх каби ҳудудлардаги муаммоларни ечиш учун Европа тажрибасидан қандай фойдаланиш мумкинлиги йўлларини излаган.

У ўз тадқиқоти доирасида нафақат Сўх, балки Қирғизистон ҳудудидаги Ўзбекистон ва Тожикистонга тегишли барча анклавлар, ҳамда Европанинг Белгия ва Голландия давлатларидаги анклавларга сафар қилган.

BBC
Сурат тагсўзи, Марказий Осиё анклавлари

Унинг айтишича, Сўхнинг муаммолари ҳали унга етиб бормасданоқ бошланади.

«Сўхга Водил орқали Қирғизистон ҳудуди узра 70 километрлик битта йўл очиқ. Йўлда муаммоларга дуч келади одам. Бир сўз билан айтганда, рэкет бор. «Оборотни в погонах» (погон таққан маҳлуқлар)-да улар, милицияга алоқаси йўқ, лекин бир вақтлар милицияда ишлаган. У машинада ўтиради, одамлар тушиб пул бериб кетади. Бермаса, орқасида қувлаб бориб уради, ё зўрлайди, ё машинасини синдириб ташлайди», - дейди бу қароқчиларга ўзи бир неча бор дуч келганини айтган тадқиқотчи.

Хуршид Зафарининг айтишича, муаммоларнинг ҳал қилинмаслигига биринчи сабаб уларнинг беркитилишидир.

«Масалан, мен Лондонда ўқиётган университетда қайси муаммо ўткирроқ ё жиддийроқ бўлса, шу муаммолар ўрганилади. Тадқиқотчилар шунга урғу беришади. Бизда аксинча. Қайси муаммо қийинроқ бўлса, у беркитилади ва унга иложи борича тадқиқотчилар қўйилмайди.»

Тадқиқотчи Голландия ва Белгия анклавларида сафарда бўлар экан, чегаралар нафақат шаҳар ё қишлоқлар орасида, балки уйлар, дўконлар ва ресторанлар ичидан ўтганига ҳам гувоҳ бўлган.

Унинг айтишича, Европадаги анклавлар аҳволини ўрганиш илинжида у Голландия, Белгия ва Швейцариядаги анклавлар ҳокимларига бевосита сим қоққанида, улар уни ўз ҳудудларига таклиф қилишган ва тадқиқотини олиб боришда жойларда хайрихоҳлик кўрсатишган.

«Биз Европадан биринчи ўринда оптимизмни ўргансак бўлади. Чунки Сўх муаммоси ечилмайдиган муаммо эмас. Европа Иттифоқи ўзининг бу борадаги бой тажрибаси билан Марказий Осиёдаги давлатлар музокараларида бетараф учинчи воситачи сифатида қатнашиши мумкин,» - дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek