Сўх можароси билан янги транспорт коридори ўртасида боғлиқлик борми?

Сурат манбаси, mift.uz
Янги таҳлилий мақола тўғридан-тўғри боғлиқлик бор демаса-да, Сўхдаги жанжалнинг Хитойни Ўзбекистон билан боғлайдиган янги қисқа темир йўл коридори очилишидан бир неча кун олдин рўй берганига эътибор қаратади.
6 июл куни The Jamestown Foundation жамғармаси "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўли очилиши чегарадаги зўравонликларга тўғри келди" деб сарлавҳаланган мақола эълон қилди.
"Хитой ва Ўзбекистон Хитойни Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган минтақалараро йўлни анча қисқартирадиган янги транспорт йўлагини очдилар", деб бошланади мақола.
"Тошкент янги йўлак аллақачон йўлга қўйилган Қозоғистон ва Россия орқали ўтадиган ТрансЕвроосиё транспорт йўлига рақиб эмас, аксинча уни тўлдиришига ишонади", дейилади тошкентлик мустақил таҳлилчи мақоласида.
5 июн куни Хитойнинг шимоли-ғарбий Гансу вилоятидаги Ланчжоу темир йўл терминалидан илк контейнерлар поезди Ўзбекистонга йўл олган.
- Ўзбекистон: Россия пропагандаси кучаймоқдами?
- Ўзбекистон - Қирғизистон: Сўх йўли муаммоси Россияга етакламоқда
- Сўх: Ўзбекистон Қирғизистон билан гаплашиш учун қўлида кузир қолмаганми?
- Мирзиёев Москвада: ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи, Сўх йўли нима бўлди?
- Ўзбекистон Янги Ипак Йўлида ўз ўрнини Қозоғистонга бой бердими?
Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига кўра, Хитой бандаргоҳлари ва бошқа вилоятларидан йўлга чиққан юклар темир йўл орқали Шинжон Уйғуристонининг Қашқар терминалигача олиб борилади.
"Бу ерда юк оқимлари жамланади ҳамда йўналишларида давом этиш учун темир йўл транспортидан автомобил транспортига ўтказиш ишлари амалга оширилади", дея хабар қилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги.
Сўнг каргони "Қашқар - Иркештам - Ўш - Андижон" транзит қисмида автомобиль транспортидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига етказиш кўзланган.
Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига кўра, "ушбу транспорт йўлагининг узунлиги Хоргос ва Достиқ (Қозоғистон) чегара пунктлари орқали муқобил йўналишлардан 295 км қисқароқ. Бу, ўз навбатида, юкларни етказиб бериш вақтини қисқартириш, шунингдек, янги йўналишни халқаро савдо иштирокчилари учун жозибадор ва рақобатбардош қилиш имконини беради".
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
The Jamestown Foundation жамғармаси босган мақолада "Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой" темир йўлини барпо этишга 20 йилдан ортиқ вақтдан буён бесамар ҳаракат қилиб келинаётгани айтилади.
Ўзлари учун манфаатли эканига қарамасдан, расмий Бишкек турли важлар билан ушбу ўта муҳим темир йўл қурилишини ортга суриб келади.
"Хитой билан Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудлари ўртасидаги савдо ва иқтисодий алоқалар ортиб бораётганидан фойдаланган Қирғизистон гавжум транзит хабига айланишдан катта манфаат кўриши мумкин. Шуларга қарамасдан, Бишкекдаги лидерлар Пекин ва Тошкентдаги ҳамкасбларининг турли таклифларини рад этиб келади. Аксинча, Қирғиз Республикаси расмийлари "Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой" темир йўлини ўзининг минтақавий геополитик манфаатларига таҳдид деб яширин кўз билан қараб қараб келадиган мустақил Россияни ўз ҳудудида темир йўл қуришга таклиф этдилар", деб ёзади The Jamestown Foundation.
"Жуда шубҳалиси шуки, янги транспорт йўлаги очилиши эълон этилишидан бир неча кун олдин Қирғизистон билан Тожикистон, шунингдек, Қирғизистон билан Ўзбекистон ўрталарида янги чегара можаролари рўй берди. Тўқнашувларнинг жойи Фарғона водийсида, янги транспорт коридори ўтадиган жанубий Қирғизистонда эди", дейилади таҳлилий мақолада.
"Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров чегара тўқнашувларидан хавотир изҳор этди ва ўртадаги музокарачи хизматини таклиф қилди". Тожикистон ва Қирғизистон ўртадаги келишмовчиликни ўзлари ҳал қилиб олишларини билдирганлар.
"Марказий Осиё давлатлари Москванинг воситачилик хизматига қизиқиш билдирмайдилар, балки бунинг сабаби бу каби таклифларнинг яширин таҳдиди мавжудлигидан яхши хабардор эканида бўлиши мумкин. Чиндан ҳам Россия стратеглари "тинчликпарварлар" ниқоби остида постсовет Евроосиёси ҳудудларидаги баҳслар ёки урушларни доимий конфликт зоналарига айлантириш мақсадида манипуляция қилганлар ёки янада можароларни янада чуқурлаштирганлар. Бундай зоналарга Приднестровье(Молдова), Тоғли Қорабоғ(Озарбайжон), Абхазия ва Жанубий Осетия(Грузия), энг сўнггиларидан Қрим ва Донбасс(Украина) киради".
"Раҳбариятининг дўстона баёнотларига қарамасдан, сўнгги Қирғиз-Ўзбек тўқнашуви Россиянинг икки қўшни ўртасига, муайян маънода, дарз солишга муваффақ бўлганини намойиш этади. Қирғизистон расмийлари Сўх анклавига ўтишнинг қисқа йўлини очишдан воз кечдилар, бунда ўзларининг Москва етакчилигидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик талабига таянаётганларини айтдилар. Ўзбекистон яқинда ушбу блокка кузатувчи мақомида қўшилишга ариза топширди. Бишкек расмийларининг важи ҳатто ўзларининг қўшнилари билан чегара баҳсини ҳал этишда Москванинг маъқулловига муҳтож эканликларини кўрсатади. Ва Сўх анклавини Ўзбекистон билан боғлайдиган қисқа йўлни очишни рад этиш билан боғлиқ абгорлашаётган вазият Кремлнинг Тошкентни ЕОИИга қўшилишга мажбурлаш мақсадидаги манфаатларига хизмат қилиши мумкин".
"Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги, шунингдек, Тожикистон билан янгиланган чегаралардаги тўқнашувлар ҳамма томондан денгиз йўли тўсилган минтақага фаровонлик ва тараққиёт ваъда қиладиган стратегик муҳим транспорт боғланишларининг келажагини таҳдид остига қўяди", дейилади мақолада.
"Бундан ҳам ташқари Марказий Осиё республикалари минтақа ичидаги қарамликни ёнидаги қўшниларига қарши восита сифатида қўллаш тафаккуридан воз кечмас эканлар, биргаликда фаровонликка эришишга қодир бўлмайдилар ва ўзаро бир-бирларини айблашдан бошлари чиқмай қолаверади".
"Буларнинг бари эса уларнинг собиқ мустамлакачиси Россияга Марказий Осиё давлатларидан ўзининг минтақавий геополитика сиёсатида "пиёда"лар сифатида фойдаланишига имконият яратади, маҳаллий аҳолига эса янада кўпроқ мусибатлар ва конфликтлар келтириши мумкин", дейилади The Jamestown Foundation жамғармаси веб-саҳифасида эълон қилинган мақолада.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek















