Ўзбекистон ва Мирзиёев: Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас - O'zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar (видео)

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон ва Мирзиёев: Бугунги Ўзбекистон - кечаги Ўзбекистон эмас: Президентнинг айтишича, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда. Ўқитувчилар маоши $1000 долларга етказилади. Ўзбекистоннинг бирорта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди.
Бир тантанали нутқининг ўзида сарлавҳаларга чиққан нуқталарнинг оз эмаслиги кўрилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Агар, уларга таянилса, Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишида пандемиядан тортиб, таълим, ижтимоий ҳимоя, сўз, матбуот эркинлиги ва очиқлик сиёсатигача тўхталиб ўтган.
"Бошлаган ишлари ортга қайтмас тус олган"ини алоҳида таъкидлаган.
Пандемия даврида ўзбек халқи том маънода қудратли кучга айланганини айтган.
Коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқирозга қўшимча жорий йилда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий ва техноген офатларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
Буларнинг барчаси "иродаларини жиддий синовдан ўтказгани"ни урғулаган.
Худди шу ўринда, "Тош келса кемириб, сув келса симириб тобланган халқ бу оғир кунлардан ҳам ўзининг сабр-матонати, меҳр-оқибати ва меҳнаткашлиги билан янада кучли бўлиб ўтаётгани"ни таъкидлаган.
Ўзбекистон эса, ўз мустақиллиги тарихида бу каби пандемия, табиий ва техноген офатга саҳна бўлмагани ҳам бор гап.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон президенти, ўз ўрнида, пандемия боис, четда қийналиб қолган ўзбекистонликларни ҳам ортга қайтариш, уларга лозим ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширган "катта ишлар"и давом этдирилишини ҳам айтган.
"Қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг бирорта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги"ни баён қилган.
"Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак"лигини таъкидлаган.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Глобал коронавирус пандемияси боис, ортга қайтиш илинжида аро йўлда қолган минглаб ўзбекистонликлар тақдири эса, жорий йилда халқаро миқёсда эътибор топган, хавотирларга сабаб бўлган воқеъликлардан бири бўлади.
Ўзбекистон орада ўн минглаб фуқароларини ортга қайтаришга муваффақ бўлган, аммо пандемия шароитида мавжуд муаммо ҳануз ўзининг якуний ечимини топмаётганларидан бири экани кўрилади.
Президент Мирзиёев таълим ва ёшлар масаласининг ўзлари учун қанчалик муҳим аҳамият касб этиши ҳақида сўзларкан, келажакда ўқитувчиларнинг ойлиги албатта 1000 доллар эквивалентига етказилишини айтган.
Аммо аниқ қачон экани тафсилотларига тўхталмаган.
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, Ўзбекистон ҳозирги мураккаб шароитга қарамасдан, зиммасига олган барча халқаро мажбурият ва келишувларни тўлиқ бажариб келмоқда.
Президент ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлишини таъкидлаган.
"Қандай таҳликали ва суронли даврларни бошларидан кечиришмасин, қандай ютуқ ва натижаларга эришишган бўлмасин, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи ўзларига доимо тоғдек таянч бўлаётгани"ни айтган.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон парламентининг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчи бўлиш қарори жорий йилда мамлакат тарихидаги энг кўп муҳокамага сабаб мавзулардан бири экани кўрилган.
Ўзбекистонликлар орасида бу каби иқтисодий иттифоққа аъзолик бир мамлакат сиёсий мустақиллигига таҳдид эканига оид фикрда бўлганларининг озмунча эмаслиги кўрилган.
Ўзбекистон президенти ва ҳукуматининг ишонтиришлари ҳам уларни бунинг аксига ишонтира олмагани кузатилган.
Ўзбекистон парламентининг "кузатувчилик қарори" аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчиларнинг ҳам, "айнан мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини назарда тутиб, Ўзбекистоннинг минтақадаги ўзаро геосиёсий рақобатда бўлган глобал қудратлар барчаси билан мувозанатли ташқи сиёсат олиб боришининг муҳим"лигини урғулаган баҳоларига сабаб бўлган.

Сурат манбаси, official
Президент Мирзиёевнинг, "Ўзбекистонда янги бир уйғониш - Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани" ҳақидаги гаплари бугун айтганлари орасидан энг кўп диққат-эътибор тортган, қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлганларидан бири экани кўрилган.
"Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш - Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон - кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас", деб айтган Ўзбекистон раҳбари.
Айни мазмундаги пост саноқли соатларнинг ўзида Би-би-си Ўзбек хизматининг ижтимоий тармоқлардаги акаунтларида энг кўп ўқилган, ёқтирилган ва шарҳланганларидан бирига айланган.
Аксарият коментлар мазмунидан кўпчиликда президент сўзларига анчайин ишончсиз кайфият ҳукмронлигини кўриш мумкин бўлган.
Ўзбекистонда бу йилги Мустақиллик байрами илк бор глобал миқёсдаги пандемия шароитига тўғри келган.
Бугун, 31 август куни Ўзбекистонда жами коронавирус ҳоллари расман 42 мингтага яқинлашган.
Ўзбекистон жорий пайтда минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлиб турибди.
Аммо Ўзбекистон мисолида бу расмий кўрсаткичлари ҳалича "бутун мамлакат бўйлаб кенг тарқалаётгани" айтилувчи пневмония ҳолларини ўз ичига олмайди.
Пандемия шароитида Мустақиллик байрамининг қандай нишонланиши ҳам президент Шавкат Мирзиёев шахсан эътибор қаратган масалалардан бири бўлган.
Мустақиллик байрами арафасида мамлакат аҳолисининг уч кун кетма-кет дам олиши, 29 август — шанба дам олиш куни 31 август — душанба иш кунига кўчирилиши айтилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрган.
Мажмуадаги рамзий қабр ёнида қатағон қурбонлари руҳларига бағишлаб Қуръон тиловат қилинган. Шу ерда нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбири эса, Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини худди шу ердан туриб миллий айём билан табриклаган.
Коронавирус пандемияси туфайли бу йил Мустақиллик байрами ихчам шаклда, онлайн режимда ўтказилган. Кўксаройдаги маросим телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш этилган.
Ўзбекистон президентининг мамлакат Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан куни-кеча эълон қилган афви ҳам яхшигина "шов-шув"га сабаб бўлган.
Мамлакат мустақиллиги тарихида илк бор афвга тушган маҳкумлар аксариятининг Ўзбекистонда тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари экани кўрилган.
Ўзбекистонликлар пандемия боис, аксарият минтақа давлатлари фуқаролари каби бу йилги Рамазон ва Қурбон Ҳайитларини ҳам уйда байрам қилишган.
Қирғизистон ва Тожикистоннинг ҳам ўз мустақилликлари кунини бу йил оммавий тадбирларсиз нишонлашлари маълум бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















