Беларусь икки ҳафтадирки нотинч, энди нима бўлади? - Lukashenko, Putin, Belarus, Rossiya

Сурат манбаси, EPA
- Author, Татьяна Мельничук
- Role, Би-би-си, Минск
Беларусь икки ҳафтадирки нотинч, энди нима бўлади? - мухолифатнинг намойишлари тинмаяпти, ҳукумат улар билан тил топишадими? Ҳозирча бунинг нишоналари кўринмаяпти. Буёғи-чи?
Намойишчилар Лукашенконинг сўнгги президент сайловидаги ғалабасини тан олишмаяпти.
Лукашенко 26 йилдан буён Беларусни бошқариб келади.
Ўтган якшанба куни Минскда тушгача роса ёмғир қуйди, интернет тўсиқларини айланиб ўтиб ишловчи оз сонли мустақил каналлар экранларда таваккал қилиб Беларусь пойтахти чеккасидан марказга оқиб келаётган одамларни кўрсатарди.
Ўтган ҳафта Александр Лукашенкога ишчиларнинг "Кет" деган қичқириқлар янграган трактор заводидан 50 чоғли одам - кўринишидан унчалик ҳам қатъияти сезилмайдиган, устига ҳўл бўлиб кетган байроқларни ёпган ёшлар чиқиб келди.
МАЗ ва МТЗ заводлари дарвозалари олдида уларга яна унча кўп бўлмаган одам қўшилди. Ижтимоий тармоқларда "Янги Беларусь марши" деб номланган ҳаракат тарафдорлари "дам олиш куни", "дала ҳовлилар", "одамлар чарчади" дея ўз xавотирларини изҳор қилишарди.
Уйларидан чиққан одамлар Минск марказидаги ҳукумат ёпиб қўйган метро бекати олдида саф тортган.
Митинг ўтказилиши режаланган Мустақиллик майдони ва унга ёндош икки катта кенг xиёбон одамга тўлган, оқ қизил оқ рангли байроқлар билан қопланган, ҳар ерда қўлда ёзилган плакатлар, одамларнинг ҳайқириғи...
Мустақил манбаларнинг тасдиқлашича, норозилик юришига 100 мингдан 220 минггача одам чиққан.
Беларусь Ички ишлар вазирлиги душанба тонгида маълум қилишича эса, 20 минг одам қатнашган.
Қарама-қаршиликка борган томонларни фақат арифметик жиҳатдангина солиштириб бўлмайди.
Намойишчилар нимага эришдию нимага эриша олмади?
Намойишлар оммавийлигича қолмоқда, акцияда жуда катта сонда иштирокчилар қатнашмоқда. Улар марказдан мувофиқлаштиришларсиз, ўзлари тўпланмоқда.
Беларусда расман чеклов қўйилган телеграм канал Nexta ва бошқа каналлар яқин яқингача мухолиф тузилмалар қўллаб келган мустақил сайтлар ва варақалар орқали аввалдан эълон бериш ўрнини эгаллаган.
Беларус намойишлари ҳам "горизонтал", ҳам "вертикал" жиҳатдан тарқоқлигича қолмоқда: норозилик акциялари турли шаҳар, шаҳарча ва қишлоқларда ўтмоқда, уларнинг ягона етакчиси йўқ.
Экспертларнинг таъкидлашича, бу оммавийлик ва тарқоқлик Лукашенко аҳолининг турли қатламлари дастагини йўқотганини кўрсатади. Одамлар ҳақиқатан ҳам унинг сайловдаги навбатдаги "муҳташам ғалабаси"га ишонмаяпти.
Тарқоқликни оммавий намойишларнинг янгича ва "тоза беларусча" тактикаси деб аташмоқда. Тўқнашувлар пойтахтнинг турли чеккаларида тарқоқ шаклда юз бериши ҳуқуқ тартибот органлари кучларининг бир жойда жамланишига имкон бермаяпти.

Сурат манбаси, Reuters
Намойишларда етакчи йўқ. Бу яхшими ёки ёмон - таҳлилчилар ҳамон тортишмоқда. Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби деб танилган Светлана Тихановская эса норозилик қатнашчиларининг етакчиси эмас, шунчаки рамзи ҳисобланади. Тихановскаянинг ўзи кўча акцияларига бошчилик қилмаслиги ҳақида баёнот берди.
У Литвага чиқиб кетганидан бери (сал кейин маълум бўлишича, мажбурликдан чиқиб кетган) намойишчилар унинг исмини айтиб қичқирмаяпти. Бирлашган сайлов штабининг уч вакилидан фақат биттаси - Мария Колесникова Беларусда қолган. Акция қатнашчилари уни бир овоздан хуш қаршилайди. Аммо унинг риторикаси янгиланмади: "томчи тошни тешар" тамойили асосидаги тинч намойиш.
"Вақти келади, улар [ҳукумат] халқ билан келишишга, мулоқот қилишга мажбур бўлади," дейди Колесникова Минскда душанба куни ўтган матбуот анжуманида.
Беларусь фуқаролик жамиятининг нуфузли вакили сифатида юзага келган Мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳам мақсади ҳокимиятни эгаллаш эмаслиги, янги сайловлар орқали ҳокимиятни ўзгартириш учун мулоқотни ташкил этиш эканини такрорлаб келяпти.
Анъанавий мухолифат бу жараёнлардан четда турибди: Беларусда рўйхатга олинган ва рўйхатга олинмаган, аммо мамлакатда ўн йилларча ишлаган тузилмалар етакчилари ва вакиллари бу норозилик намойишлари тепасида эмас.
Боз устига, кузатувчилар "Европача Беларусь" вакиллари бошчилигидаги намойишчиларнинг Окрестинадаги Ҳуқуқбузарларни сақлаш маркази олдида тўпланишини "провакация" деб атади. У ердан ўтган ҳафта намойишларда қўлга олинганларни қўйиб юборишни бошлашган эди.
Кўнгиллилар колонна ва унинг етакчиларини бир неча марта тўхтатишга уринишди. Қўлга олинганлар калтакланган изолятор олдидаги намойиш, ичкаридагиларга қилинган зўравонлик ва қўйиб юборилганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам бериш учун йиғилган шифокорлар, психологлар ва руҳонийлардан иборат кўнгиллиларни тарқатиб юбориш учун куч ишлатилиши тузум шавқатсизлигини кўрсатди.
Анъанавий мухолифат - гарчи унинг етакчилари 2006 йилги сайловдан сўнг ва 2010 йилда "Паразитликка қарши декрет" ҳамда Кремл таклиф қилган режа бўйича Россия билан интеграция қилишга қарши намойиш уюштирган бўлса ҳам - 1990 йиллардан буён минглаб кишилик норозилик акциясини ўтказишга муваффақ бўлмаган.
Шундай бўлса да, мухолифатнинг кўча етакчилари - Павел Северинец ва Николай Статкевич сайловдан анча аввал қамоққа олинган ва ҳамон панжара ортида қолмоқдалар.
Ҳозирги намойишчилар сайлов куни ва ундан кейинги кунларда қамоққа тиқилганларни озод қилишга муваффақ бўлдилар. Деярли барча қамалганлар - калтакланган, қийноққа солинганлар Беларусь шаҳарларидаги изоляторлардан чиқарилди. Айрим йўқолганларни ҳануз яқинлари ва "Ангел" қидирув гуруҳи изламоқда, улар ҳақида эълонлар вақти вақти билан пайдо бўлиб туради.
Ҳуқуқ фаоллари сиёсий тутқунлар деб атайдиган, устидан жиноий иш очилганларни озод қилишга муваффақ бўлинмади. Улар орасида блогер Сергей Тихановский ва унинг шериклари, президентлик ўрнига даъвогар собиқ банкир Виктор Бабарико ва унинг ўғли Эдуард, у бошқарган банкнинг ва унга алоқаси бўлган компанияларнинг менежерлари бор.
Ҳукумат нимага ва қандай эришди?
Алексанр Лукашенко якшанба тушдан кейин вертолётда учган, ўзининг айтишича, намойишчига тўла кўчаларни кўрмаган. Тиканли симлар билан ўралган, махсус техника ва намойишчиларга қарши полиция ҳамда аскарлар саф тортган Мустақиллик саройида Лукашенко қўлида қурол билан пайдо бўлган ва уларга қарата "Азаматлар! Раҳмат сизларга. Ҳаммасини жой-жойига қўямиз" деган.
"Шуни тушуниш керак, тарғиботчилар раҳнамонинг жасурлигини кўрсатишни исташган эди. Лекин ёвуз бўлиб чиқди. Минск ўша куни минглаб, аммо тамоман тинч намойишчилар билан тўла эди," дейди "Беларусь хабарлари" таҳлилчиси Александр Класковский. Унинг урғулашича, кейинги икки ҳафта давомида ҳукумат қилган ишлар туфайли президент имижидан асар ҳам қолмаган.
Ҳокимият Лукашенкони дастаклаб митинглар ташкиллаштирди. Уларнинг энг каттаси Гроднода бўлиб, айрим ҳисобларга кўра, 10 мингдан 15 минггача одам тўпланган. Улар ҳам турли шаҳарлардан келтирилган эди. Лекин эртаси куни Гродно кўчаларига 10 минглаб маҳаллий аҳоли чиқиб, ҳукумат алмашинишини талаб қилди.

Сурат манбаси, Reuters
Лукашеко "Давлатни бериб қўймаймиз" деб такрорлайди, бир қарасанг куч ишлатар тизим вакиллари билан, бир қарасанг янги ўқув йилига мактаблардаги тайёргарлик бўйича мажлис ўтказади. Уларнинг барида мамлакатни қандай қилиб ғарбча рецептлар асосида ичдан чайқатишмоқчи бўлаётганликларини тушунтиради.
Лукашенко сайловолди кампаниясида ва сайлов куни Россиядан келган қўғирчоқларнинг мамлакатдаги вазиятга таъсири ҳақида гапирган эди. Энди эса у Ғарбдан келадиган душман ҳақида гапирмоқда. Президент - унинг ҳозирги президентлик муддати ноябрь ойида ниҳоясига етиши керак - Польша ва Литва билан чегараларда мудофаани кучайтириш ҳақида кўрсатма берган.
Мудофаа вазирлиги душанбага ўтар кечаси ҳарбий вертолётлар Литвадан учирилган оқ қизил оқ рангли байроқ бўлган ҳаво шарини уриб туширганини маълум қилган. Беларус ҳукуматининг бу байроқни кўрарга кўзи йўқ. Литва Ташқи ишлар вазирлиги нота бериб, беларус ҳарбийлари шарни уриб тушириб, Литва ҳудудига даxл қилганини билдирган.
Беларусь Ички ишлар вазири давлат телеканали орқали аҳолига мурожаат қилиб, норозилик митингига чиққанлар жазоланиши билан таҳдид қилган. Мудофаа вазири Виктор Хренин эса Улуғ Ватан урушидаги ғалаба шарафига қўйилган обелиск ва ёдгорликлар олдига яқинлашган намойишчилар армияга қарши келган бўлади, деб баёнот берди.
Ватан уруши музейи ва Минскдаги Ғолиблар майдонидаги ёдгорликни аскарлар ва тиканли симлар тўсиб қўйган. Одамлар нимага бундай қилишаётганидан, юмшоқ қилиб айтганда, ҳайрон.
"Бир ҳафта аввал ўша ёдгорлик олдида митинг бўлганди, ҳеч нарсага зарар етгани йўқ шекилли, - дейди пенсионер Мария. - Мана бунақа тиканли симлар ўрнига қишлоқлардаги ўлганларга қўйилган хотира монументларини бўяшса бўларди. Бўёғи кўчиб ётибди. Биз дала ҳовлимиздаги қўшни аёллар билан баҳорда ўзимиз бўядик охири."
Душанба куни Мувофиқлаштириш кенгаши (янги мухолифат) аъзолари ва иш ташлаш қўмиталари етакчиларини ноқонуний фаолиятда айблаб, қамаш бошланди.
Иш ташлаш ғояси беларус корхоналарида етарлича қўллаб қувватланмади. Аммо иш ташлаш қўмиталари қамалган ишчилар ҳимоясига чиқмоқда ва янги иш ташлашлар бўлишини айтиб таҳдид қилмоқда.
Айрим корхоналарда норасмий тилда ёзилган "кўрсатма"лар тарқалган. Барча даражадаги "раҳбарлардан"дан аввал ёзишганларидек "ҳаммасини ўзингиз тушунасиз" талаб қилинган: меҳнат хавфсизлигига қатъий амал қилиш, меҳнат шартномаси бўйича кўрсатилган вазифалар тақсимоти йўриқномаларини тайёрлаш ва ҳк.
Кузатувчилар "италиянча иш ташлаш" ҳақида гапирмоқдалар: ҳаммаси жойида, аммо иш корхона раҳбарияти талаб қилмайдиган хизмат йўриқномалари ва меҳнат хавфсизлиги қоидалари бўйича бажарилади.
Лукашенко бир қанча дипломат, ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари, ҳукуматга ишловчи ОАВ журналистларини йўқотди. Улар сайловдан кейинги уч кунда намойишчиларнинг куч билан тарқатилиши, қўлга олинганларнинг калтакланиши ҳақидаги хабарлардан сўнг ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзганлар. Истеъфолар давом этяпти, аммо асосий ўринларни банд қилган мансабдорлар жойида ўтирибди.
Беларусь телеканалларига Россиядан мутахассислар жалб қилингани ҳақида гапирди Лукашенко. "Мен россияликлардан бизга ҳар эҳтимолга қарши 2-3 гуруҳ журналист беришларини сўрадим. Улар энг ривожланган телаканаллардан 6 ёки 9 киши. Ёшларимиз кўрсин қандай ишлашни," деган Лукашенко 21 август куни.
Беларусь телеканалларидаги кундалик янгиликлар асосан меҳмонларга бериб қўйилган. Бошловчилар аҳоли яшаш пунктлари номларини чалкаштирворяпти, титрларда эса "Белоруссия" деган ёзувлар чиқяпти.
Александр Лукашенко тартибга чақириш ва таҳдид қилишдан чарчамайди. Ишчилари иш ташлаётган корхоналарни ёпиш, давлат мафкурасини ўқитишни истамайдиган муаллимларни эса мактаблардан қувиш ҳақида буйруқ берди.
Митинг ва иш ташлаш фаоллари, Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоларини қўлга олиш бошланди.
Энди нима бўлади?
"Кет", "Қўйиб юбор" деган талабларга Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қўлга олинганларнинг қийноққа солиниши фактларини ўрганиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш талаби ҳам қўшилди. Мана шу ҳукуматга қарши янги мухолифатнинг бугунги талаби.
"Давлатни бермаймиз", "Қонунбузарлар жавобгарликка тортилади" ва "қўғирчоқлар"нинг танқид қилиниши - энди улар Ғарбнинг "қўғирчоқлари" - мана шулар Лукашенко маъмуриятининг жавоби.

Сурат манбаси, EPA
Сиёсий жанжалларга аралашмаган оддий одамларни эса икки муаммо қийнаяпти: доллар ва евронинг қимматлашиши, банкдаги депозитларнинг музлатиб қўйилишидан xавотир. Ҳа, яна расмий маълумотларга кўра, коронавирус тағин забтига оляпти, охирги суткада 177 янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Сал аввал кунлик касалланишлар 100га етмаётган эди.
Мамлакатда, шунингдек, бир неча ОАВга чеклов қўйилган. Жумладан, "Радио Свобода", "Еврорадио", "Белсат", "Солидарность" интернет-газетаси ва "Весна" ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг сайти. Намойиш кунлари мобил алоқада, ҳатто уй интернетида узилиш бўлади.
Беларусдаги воқеаларга хорижнинг муносабати ҳақида кўп нарса маълум эмас: Европа Иттифоқи Лукашенкони легитим президент сифатида тан олмайди, аммо у давлатни бошқаришда давом этса, у билан мулоқот қилишга мажбур бўлади. Россия бу воқеаларни Беларуснинг ички иши ҳисоблайди ва, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров айтганидек, Беларусдаги зиддиятнинг ҳар қандай ечимини қабул қилади.
Лукашенконинг Путин билан мунтазам қўнғироқлашиши ҳаммага маълум, лекин душанба куни "вазиятни муҳокама қилганлари"ни ҳисобга олмаса, коронавирусга қарши Россия вакцинаси ҳақида расмий каналлар лом-мим демаяпти.
"Мустақил Беларусь тарихидаги энг оғир бугунги инқирознинг осон ечими йўқ. Энг маъқули мулоқот. Барча ташқи кучлар - АҚШ Давлат департаментидан тортиб, Кремлгача - беларусларни ана шунга чақирмоқда, - деб ёзади таҳлилчи Артем Шрайбман. - Александр Лукашенконинг воқеликни тан олиши учун йўллар турлича, аммо факт фактлигича қолади: тизимни аввалги ҳолатида бошқариб бўлмай қолди. Маъмурият бу тизимда узоқ вақт қолиши учун шунчаки пул йўқ."
Шрайбман ҳукумат ва минглаб намойишчилар ўртасидаги мулоқотга воситачилик қилиш учун Беларусдаги барча нуфузли диний конфессияларнинг вакиллари чиқиши кераклигини таклиф қилмоқда. Нафақат католиклар, протестант ва проваславлар, балки мусулмон ва яҳудийларнинг ҳам. Беларусь кўпдинли мамлакат.
"Бу мулоқот нима ҳақида бўлиши мумкин? Бу ўринда мен Лукашенконинг сўзларига қўшиламан. Энг барқарор йўл - конституцияни тезда ислоҳ қилиш, сўнг янги сайловлар орқали ҳукуматни янгилаш," деб ёзади Шрайбман.
"Сиёсий марафон жуда оғир бўлади, - дейди таҳлилчи Александр Класковский. - Ҳатто норозиликларнинг ҳозирги тўлқини пасайса ҳам, қуруқ кучга таяниб қолган ҳукумат ўзига берилаётган саволларга ижобий жавоб бермас экан, катта эҳтимол билан у яна кўтарилади.
"Қўлдаги автомат ёрдами билан иқтисодий ўсишга эришиш эҳтимоли жуда оз," дейди таҳлилчи.
Кузатувчилар IT компаниялар ходимлари билан бирга Беларусдан чиқиб кетаётгани, мамлакатга инвестиция киритиш бўйича музокаралар музлаб қолгани, Халқаро Валюта фонди каби халқаро жамғармалар расмий Минск билан ҳамкорликни вақтинча тўхтатганини таъкидлашмоқда.
"Айнан ҳозирги ҳукумат мамлакатни иқтисодий инқироз томон бошлаб кетаётган экан, қўрқиш керакмас," дейди Сергей Чалий.
Беларусь: Намойишлар силсиласи

Сурат манбаси, EPA
Беларусьпрезидентлиги учун сайловлар тугаб, биринчи норозилик намойишлари бошланди:
2020 йил, 9 август
Беларусь Марказий Сайлов Комиссияси эрталабдан сайловчиларнинг 41.7 фоизи овоз берганини маълум қилди. Ҳуқуқ фаоллари ва мухолифат катта миқдордаги сайловчиларнинг жуда эрта овоз бериб бўлиши сайлов натижалари қалбакилаштирилиши мукинлигини кўрсатишини сайловдан аввал гапирган эдилар.
Беларусда интернет узилишлар билан ишлади. Кузатувчилар қоидабузарликлар ҳақида хабар берди. Уларни сайлов участкаларига қўйишмади ёки айрим ҳолларда қамаб қўйишган. Ҳатто журналистларни ҳам шундай ушлаб туришди. Минскка тартиббузарларни олиб кетиш учун махсус машиналар келтирилган.
Сайлов участкаларида навбат пайдо бўлди. Аксар сайловчилар участка ёпилгунга қадар овоз беришга улгурмади.
Рўйхатга олинмаган номзод Валерий Цепкалонинг хотини, мухолифатнинг бирлашган штаби аъзоси Вероника Цепкало мамлакатни тарк этди.
Минск ва бошқа шаҳарларнинг турли қисмларида одамлар тўплана бошлади. Полиция норозилик билдираётганларни қаттиққўллик билан тарқатишга уринди. Резина ўқлар ва кучли шовқин чиқарувчи гранаталар отилди. Қўлга олиш жараёнида норозилар калтакланди.
Минскда норозилик билдирган одам ўлди
2020 йил, 10 август
Тергов қўмитаси тартибсизликлар юзасидан иш очди. ИИВ 3 минг одам қамоққа тиқилганини маълум қилди.
МСК маълумотига кўра, Лукашенко 80 фоиздан ортиқ сайловчининг овозини олган. Тихановская ўзини ғолиб деб эълон қилди. Одамлар яна кўчаларга чиқди.
Минскда биринчи қурбон берилди. Иш ташлашлар бўлаётгани ҳақида хабарлар чиқди. Светлана Тихановская овозларни қайта санашни талаб қилиб, МСКга шахсан борди. Уни МСКда етти соат давомида ушлаб туришди.
Тихановская Литвага чиқиб кетди
2020 йил, 11 август
Светлана Тихановская Беларусни тарк этиб, Литвага кетди.
Интернетда Тихановскаянинг одамларни майдонларга чиқмасликка чақирган видеоси пайдо бўлди. Унинг тарафдорлари бу видео босим остида ёзиб олинганини гумон қилдилар.
Заводлар, корхоналарда ишчиларнинг митинглари бошланди.
ИИВ намойишлар чоғида яна 2 минг одам қамоққа тиқилганини маълум қилди. Шифокорлар намойишчилар оғир жароҳатлар олганини хабар қилди.
Калтаклашларнинг биринчи гувоҳлари
2020 йил, 12 август
Бутун Беларусь бўйлаб зўравонликка қарши аёлларнинг юриши бўлиб ўтди.
ИИВ маълумотига кўра, тағин 1 минг одам қамоққа тиқилди.
Қамоққа тиқилганларнинг биринчи гуруҳи озод қилинди. Улар изоляторларда шафқатсиз калтаклангани ҳақида гапириб бердилар.
Гомелда суддан сўнг ўзини ёмон ҳис қилган маҳбус ўлди. Унинг яқинлари айтишича, унга вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаган.
Давлат телеканалларининг бошловчилари ишдан бўшай бошлади. Махсус кучларнинг собиқ жангчилари формаларини ташлади.
Кўчалардаги тўқнашувлар тўхтади
2020 йил, 13 август
Йирик заводларнинг ишчилари иш ташлади. Норозиларни қамоққа тиқиш деярли тўхтади.
ИИВ раҳбари Караев "тасодифий одамлар" олган жароҳатлар учун узр сўради. Аммо норозилик намойиши тинч бўлмаган эди, деб баёнот берди.
Норозилик ифодаси сифатида бир неча одам милициядан ўз хоҳиши билан бўшади.
Иш ташлаш ва норозилик акцияси давом этди. Ички ишлар вазири ўринбосари қўлга олинганлар "мутлақо камситилмаган эди" деб айтди.
Минглаб ишчилар юриши
2020 йил, 14 август
Минск трактор заводининг бир неча минг ишчиси ва бошқа норозилар ҳукумат биноси томон юрдилар.
Тихановская ҳокимият алмашинуви учун Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилганини эълон қилди.
Лукашенко Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди ва унда норозилик намойишлари "хориждан, жиноий ўтмишга эга одамлар томонидан" ташкилланаётганини гапирди.
Беларусь Тергов қўмитаси Nexta телеграм канали асосчиси Степан Путилога қарши жиноий иш очди. Бу вақтда каналга 2 миллион одам обуна бўлган эди.
Беларусь Вагнер гуруҳининг 32 "аъзосини" Россияга қайтарди.
Ўлган намойишчи дафн этилди
2020 йил, 15 август
Александр Тарайковский ўлган жой олдида хотирлаш акцияси ўтказилди. Унда бир неча минг одам қатнашди.
Иш ташловчилар орасида сўров ўтказилди - аксар ишчилар Тихановскаяга овоз бергани маълум бўлди.
Беларусь давлат каналлари ходимлари Лукашенкога қарши намойишларни ёритишга рухсат беришмагани учун иш ташлади.
Лукашенко Путинга қўнғироқ қилди. Белтанинг хабар беришича, Путин Лукашенкога ёрдам беришга ваъда берган. Кейин маълум бўлишича, гап ташқи таҳдидлар ҳақида бўлган.
Лукашеко тарафдорлари митинги, мухолифатнинг рекорд даражадаги акцияси
2020 йил, 16 август
Минскда Лукашенко тарафдорлари митинг ўтказди. ОАВ хабарига кўра, давлат ишчилари мамлакатнинг турли чеккаларидан олиб келинган, рози бўлмаганларни ишдан бўшатиш билан қўрқитишган.
"Минск - қаҳрамон шаҳар" ёдгорлиги олдида мухолифат митинг ўтказди. 100 мингдан ортиқ одам тўпланди - рекорд миқдордаги одам. Намойиш бошқа шаҳарларда ҳам ўтган.
Лукашенко яна бир марта Путинга қўнғироқ қилди.
Беларусь Ташқи ишлар вазирлигидан бир неча дипломат норозилик белгиси сифатида ишдан бўшади.
Ишчилар Лукашенкога бақирди
2020 йил, 17 август
Лукашенко трактор заводига борди. Завод ишчилари унга "Кет!" деб қичқирди. Лукашенко ишчилар билан эмоционал тортишувга киришди.
"Беларуськалий"да ишлаб чиқариш тўхтади. Бошқа йирик корхоналарда ҳам ишчилар норозилик билдирдилар.
Гомелда Александр Вихор билан видолашув ўтказилди.
ИИВ раҳбари Караев намойишчилар - қизлар 60 рублдан (тахминан 24 доллар), йигитлар 30 рублдан жаримага тортилишини маълум қилди.
Баённомага имзо чекишни истамаган комиссия аъзоси ўлди
2020 йил 18 август
Канада ва Ирландия Беларусь сайловларини легитим ҳисобламаслигини билдирди. Бунгача Буюк Британия уни тан олмаслигини айтган эди.
ИИВ намойиш иштирокчиси машина тагида қолиб ҳалок бўлганини маълум қилди.
Лукашенко мухолифатнинг Мувофиқлаштирувчи кенгашини "ҳокимиятни босиб олишга уриниш", деб атади.
Сайловдан сўнг баённомага имзо чекишдан бош тортган музей директори Константин Шишмаковнинг жасади Волковискда топилгани хабар қилинди. ОАВнинг ёзишича, унинг ўлими "суицид" оқибатига ўхшайди.
Европа иттифоқи Беларусь сайловларини тан олмади
2020 йил, 19 август
Иш ташлаётган ишчилар сони камайди. Раҳбарият уларга босим ўтказди.
Брестдан 43 ёшли Геннадий Шутов госпиталда вафот этди. У Брестда ўтаётган намойишда 11 август куни ўқотар қурол билан жароҳатланган эди. Маҳаллий ОАВ ёзишича, ўқ томдан отилган.
Милициядан якка тартибда норозилик билдириб ишдан кетишлар давом этди.
Европа Иттифоқи давлат раҳбарлари Беларусь сайлови натижаларини тан олишдан бош тортди.
Лукашенко ҳукуматнинг янги таркибини тайинлади. Бош вазир ва куч ишлатар тизимлар раҳбарлари ўз ўрнида қолди.
Мухолифатнинг Мувофиқлаштирувчи кенгаши биринчи йиғилишни ўтказди, резолюция эълон қилинди. Кенгаш янги сайловлар ўтказишни, зўравонликни тўхтатиб, қамоққа тиқилганларни озод қилишни талаб қилди.
Мухолифатга қарши жиноий иш
2020 йил, 20 август
Беларусь Бош прокуратураси мухолифатнинг Мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилгани устидан жиноий иш очди. Кенгаш миллий хавфсизликка зарар берувчи чақириқлар билан чиққанликда айбланди.
Буларга параллел равишда мухолифат вакиллари Европа раҳбарлари билан кўришди. Масалан, Светлана Тихановская Литва Бош вазири билан учрашди.
Кремл хорижий давлатларни Беларусь сайловларига аралашмасликка чақирди ҳамда сайлов натижаларини тан олди.
Тихановскаянинг биринчи матбуот анжумани
2020 йил, 21 август
Вильнюсда Светлана Тихановская Беларусдан чиқиб кетгандан кейин биринчи марта матбуот анжумани ўтказди. У сайловларни қайта ўтказишга чақирди ва бу сайловларда ўзи иштирок этмаслигини билдирди. У мамлакатдан чиқиб кетган куни ва МСК биносида нималар бўлгани ҳақида гапирмади.
Вероника ва Валерий Цепкало Польшада матбуот анжумани ўтказди. Улар Лукашенко кетган тақдирда, мухолифат Россия билан "яхши муносабатни" сақлаши ва "Украина сценарийси" такрорланмаслигини ваъда қилдилар.
Беларусда намойишлар давом этди: Минскда одамлар сиёсий таъқибларга қарши 13 километрлик тирик занжир бўлиб жойлашдилар. Айни чоғда, Ғалаба майдонида Лукашенкони дастаклаб митинг ўтказилди.
Минскда "Янги Беларус марши"
2020 йил, 23 август
Минскда 150 мингдан кам бўлмаган одам "Янги Беларусь марши"га йиғилди. Пойтахтни нафақат полиция, армия ҳам қўриқлади. Шу каби норозилик намойишлари бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилган.
Александр Лукашенко Мустақиллик саройига қўлида автомат билан келди. Сўнг яна қўлида автомат тутганча, саройга киришни тўсиб турган ҳарбийларга миннатдорлик билдирди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















