Беларусь воқеалари Ўзбекистон учун нимани англатади? – Мирзиёев, Путин, Лукашенко - O'zbekiston, Belarus

Сурат манбаси, Reuters
Беларусь воқеалари бугунги Ўзбекистон учун нимани англатади? - Бугун намойишлар ичида қолган Беларусь Ўзбекистоннинг стратегик шериги бўлади.
Янги Ўзбекистон ҳамкорликнинг янги даврини бошлаган давлатлардан бири саналади.
Ўзбекистон Беларуснинг Марказий Осиёдаги муҳим иқтисодий шериги ҳисобланади.
Президентлар ўз таъбирида, "ишончли, самимий, азалий ҳамкор ва дўст давлатлар бўлишади".
Мирзиёев Лукашенкони аллақачон сайловдаги ғалабаси билан табриклаб бўлган. Аксарият минтақа давлатлари президентлари ҳам шундай қилишган.
Аммо Беларусдаги воқеаларнинг сўнгги ривожи борасида бу мамлакатлар барчаси деярли жим. Ҳозирча бирор бир расмий муносабат билан чиқишмаган.
Беларусдаги вазиятни ҳам Россия ва ҳам Ғарб яқиндан кузатмоқда. Улар жараёнга бир-бирларининг аралашувидан хавотирда.
Беларуснинг иккинчи Украинага айланишидан қўрқувлар бор.
Худди шу манзарада Беларусь воқеалари бугунги Ўзбекистон учун нимани англатади?
Беларусь воқеалари ва Ўзбекистон
Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Беларусдаги воқеа ва ҳодисаларнинг Ўзбекистонга таъсирини сиёсий, иқтисодий ва геосиёсий нуқтаи назарлардан ўлчаш мумкин:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Таҳлилчига кўра, сиёсий нуқтаи назардан, "Ўзбекистон янгиланган ҳокимият. Унинг легитимлик захираси анчагина мустаҳкам. Шу сабабдан ҳам, Ўзбекистон ҳокимияти Беларусдаги вазиятга чуқур бир хавотир билан қарамайди".
"Беларусдаги воқеалардан ниҳоятда хавотирга тушаётган давлатлар бу қаттий авторитар ва ҳокимиятда узоқ қолаётган ҳукуматлар ҳисобланади".
Камолиддин Раббимовнинг айтишича, геосиёсий нуқтаи назардан Беларусдаги воқеаларнинг Ўзбекистон геосиёсатига ижобий таъсири ҳам бўлиши мумкин.
Беларусда ҳокимият трансформацияси амалга ошадиган бўлса, бу Россия шамсияси остидаги ва Минск ҳам фаол ўрин тутувчи геосиёсий лойиҳаларнинг аҳамияти ва уларнинг Марказий Осиё давлатларига босимининг анчагина пасайишига олиб келиши мумкин.
Беларусь ва намойишлар

Беларусь 9 август кунги зиддиятли президент сайлови ортиданоқ давомий оммавий норозилик намойишлари гирдобида қолган.
Унда яна амалдаги президент Лукашенко ғолиб чиққани эълон қилинган. Мухолифат эса, бунга ишонмаяпти.
Ўтган якшанба куни Беларусь мамлакат тарихидаги энг йирик намойишларга ҳам саҳна бўлган, ўн минглаб одамлар кўчаларга чиқишган.
Аксариятнинг талаби битта - улар Лукашенко "кет" дейишмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
Бугун, 20 август куни Минксдан олинаётган хабарларга кўра, Беларусь мухолифат лидерларига қарши жиноий иш очган.
Уларни "қудратни куч билан босиб олиш"да айблаган.
Айбловда айтилишича, мухолифат томонидан Мувофиқлаштирувчи Кенгашга асос солиниши худди шу нарсани кўзда тутган.
Кеча, чоршанба куни президент Александр Лукашенко ҳуқуқ-тартибот идораларига янги буйруқ билан ҳам чиққан.
Уларга пойтахт Минскадаги ўзига қарши оммавий намойишларни бостиришни буюрган.
Лукашенконинг бу буйруғига ҳозирча мухолифат ва намойишчиларнинг муносабати маълум эмас.
Мухолифат лидери Светлана Тихановская ҳозир Литвада.
У қудрат алмашинувини таъминлаш мақсадида бу кенгашга асос солганликларини эълон қилган.
Орада хорижий давлат ҳукуматларига ҳам мурожаат қилган, улардан Беларусь раҳбарияти билан мулоқотларни уюштиришда кўмак беришларини сўраганди.

Сурат манбаси, EPA
Каримов даври Ўзбекистони эса, Украина инқирозига бефарқ бўлмаган.
Изчил равишда унинг тинч йўлда ечилишига тарафдорлик қилиб келган.
Ислом Каримов Украина инқирози "жуда ҳам жиддий англашилмовчиликлар ва жиддий муаммолар маҳсули" эканини айтган.
Зиддиятга "катта давлатларнинг аралашгани" хавотирларни янада кучайтирганини алоҳида таъкидлаган.
Ўзбекистон ўшанда минтақада Қримнинг Россияга қўшиб олинишини тан олмаган ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигига тажовузни очиқчасига қоралаган ягона давлат бўлган.
Украинанинг ҳудудий бутунлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиб, расман баёнот билан ҳам чиққан.
Россия ва Украина ўртасидаги зиддият барча собиқ Совет давлатларида хавотирларга сабаб бўлаётганини ҳам ошкора эътироф этган.
Лукашенко

Сурат манбаси, official
Глобал коронавирус пандемиясига қарамай, Беларусдаги сайлов шу йилнинг 9 август кунига режаланган.
Бу - мустақил Беларусь тарихидаги олтинчи президент сайлови бўлган.
Амалдаги президент Александр Лукашенко бу гал ҳам асосий номзодлардан бири экани кўрилган.
Беларусда президентлик мақоми жорий этилган 1994 йилдан буён уни айнан Александр Лукашенко эгаллаб келади - ўтган беш президент сайловининг барчасида ғолиб чиққан номзод бўлади.
Александр Лукашенко Ғарб нигоҳида, таъбир жоиз, "Европанинг энг сўнгги диктатори" сифатида ҳам кўрилади.
Лукашенко ва Беларусь орада айрим мухолиф сиёсатчиларнинг изсиз йўқолиб қолишлари юзасидан Ғарбнинг жазо чоралари остида қолган Европа давлати ва президенти ҳам бўлади.
Европа Иттифоқи Беларусдаги президент сайлови натижаларини тан олмаган.
"Эркин ва адолатли" бўлмаган сайлов юзасидан тез орада Беларусга янги жазо чоралари киритишларини айтган.
Беларусь дунёнинг пандемия боис, кескин чеклов чораларига қўл урмаган саноқли давлатларидан бири саналади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















