Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари Тошкентга қайтарилиши мумкинми? – O'zbekiston, минтақа ва хавфсизлик

Сурат манбаси, videograb
Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари Тошкентга қайтарилиши мумкинми? - Афғонистон Лоя Жиргасининг якшанба кунги якуний қарори худди шу саволни ҳам кун тартибига олиб чиққан. Жирга озод этишга қарор қилган 400 нафар Толибон маҳкуми орасида "Ўзбекистон фуқаролари бор"ми?
Толибон ўз вақтида Ўзбекистон Исломий гуруҳининг минтақадаги илк ва энг яқин иттифоқчиси бўлган.
Жирга уч кунлик йиғини ортидан, Афғонистон қамоқхоналарида қолаётган сўнгги 400 нафар Толибон маҳкумини ҳам озод этишга қарор қилган.
Бу маҳкумлар "ўта оғир жиноятлар содир этганлик"да айбдор, деб кўрилишган.
Худди шу боис ҳам, афғон ҳукумати уларнинг тақдирини ҳал этиш масаласини Лоя Жирга ихтиёрига ҳавола этган.
Жирганинг ижобий қарори ортидан, кеча, душанба куни Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани бу ҳақдаги фармонга ҳам расман имзо чеккан.
Худди шу янгилик манзарасида Би-би-сининг афғон ҳукуматидаги ишончли манбаси қўйиб юборилаётган сўнгги маҳкумлар орасида хорижликлари ҳам борлигини даъво қилган.
Уларнинг сонини 40 нафарга нисбат берган.
Ораларида Ўзбекистон ва Покистон фуқаролари ҳам борлигини айтган.
Аммо бу ўзбекистонликларнинг сони, шахслари ёки қай бир жангари гуруҳ аъзолари экани тафсилотларини очиқламаган.
Уларнинг қачондан буён ва айнан нима учун қамалишгани саволига ҳам ойдинлик киритмаган.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва унинг сафларидан ажралиб чиққан Исломий Жиҳод Иттифоқи эса, Афғонистон тупроғида фаолият юритиб келаётган ва асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи икки ўзбек жангари гуруҳи бўлади.
Аммо худди шу куннинг ўзида Арг - Афғонистон президент саройи Би-би-сининг бу хабарини рад этиб чиққан.
Президент матбуот воизи Сиддиқ Сиддиқий Лоя Жирга қарори билан қўйиб юборилаётган 400 нафар маҳкум орасида хорижликлари йўқлигини айтган.
Жирга ўз қарорини берган якшанба, 9 август куни эса, "ал-Арабия" каби дунёнинг айрим кўзга кўринган телевизион каналлари унинг худди шу даъволар билан боғлиқдек кўринган "банди"га алоҳида тўхталишган.
"Франс-Пресс" ахборот агентлигига таяниб берганликлари кўринган хабарда, "қарорда маҳкумлар орасида бўлган ҳар қандай хорижлигининг ўз ватанига қайтарилиши лозимлиги борасида сўз боргани" ҳақида ёзишган.
Ахборот агентлигининг худди шу куни тарқатган хабарида эса, маҳкумлар орасида "шов-шувли ҳужумлар"даги иштироклари учун АҚШ ва яна бошқа давлатларнинг хавотирларига молик 44 нафар исёнчининг борлиги ҳақида айтилган.
Аммо бу исёнчиларнинг фуқароликлари, қай бир жангари гуруҳ аъзолари экани тафсилотлари келтирилмаган.
Ўтган уч кун давомида берилган барча хабарларда уларга умумиятла Толибон маҳкумлари нисбати берилганини кўриш мумкин бўлган.
Тўрт юз нафар маҳкумнинг якуний тақдири эса, Афғонистон Толибон ҳаракати ва афғон ҳукумати ўртасидаги илк юзма-юз мулоқотлар йўлидаги асосий ғов сифатида кўрилган.
Бу мулоқотлар Афғонистонда доимий оташкесиннинг дебочаси сифатида кўрилади.
Якунида Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи кенг қамровли миллий бирдамлик ҳукуматининг қудратга келишини кўзда тутади.
Лоя Жирганинг якшанба кунги қарори ортидан, март ойидан буён кутилаётган бу мулоқотларнинг шу кунларда Қатар пойтахти Доҳада бошланиши кутилмоқда.
Жирга ёки унинг якуний қарорига ҳозирча Афғонистондаги бирор бир ўзбек жангари гуруҳининг муносабати имконли эмас.
Афғонистон Толибон ҳаракати шу йил февраль ойида ўз тарихида биринчи бор Америка Қўшма Штатлари билан тинчлик битимини имзолашга муваффақ бўлган.
Тинчлик жараёни билан боғлиқ воқеаларнинг сўнгги ривожига эса, айнан шу битим йўл очган.
Бунақаси ҳам ҳаракат ва ҳам Афғонистоннинг бу яқин тарихида кузатилмаган.
Булар барчаси алал-оқибат Афғонистонда бир неча ўн йиллик урушга чек қўйиши умид қилинади.
Афғонистон дунёнинг узоқ - бир неча ўн йиллик урушлар ичида бўлган саноқли давлатларидан биттаси бўлади.
Афғонистонда тинчлик жараёнининг якуний босқичини жонлантириш ҳаракатларига глобал коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳам тўсқинлик қила олмаган.
Расмий Тошкент нима дейди?

Сурат манбаси, courtesy
Расмий Тошкент Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожини ҳам беэътибор қолдирмаган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча, душанба куни Лоя Жирганинг қарорини расман олқишлаб чиққан, вазирлик матбуот хизмати баёнот берган.
"Музокаралар жараёни бошланишини тўлиқ қўллаб-қувватлашлари"ни билдирган.
"Афғон заминида узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка эришиш йўлида томонлар сиёсий ирода, конструктив ёндашув ва муросага тайёр эканликларини намойиш этишлари"га умид билдирган.
Баёноти якунида эса, "Ўзбекистон тинчлик жараёнини илгари суришда ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатишда давом этиши"ни таъкидлаб қолган.
Аммо бу баёнотда ҳам "400 нафар Толибон маҳкуми орасида бор"лиги даъво қилинган "Ўзбекистон фуқаролари" ҳақида бирор бир сўз дейилмаган.
Ўзбекистон ҳам Афғонистон билан боғлиқ тинчлик жараёнларига бефарқ бўлмаган минтақадаги дипломатик ва сиёсий ўйинчи давлатлардан биттаси саналади.
Афғонистон, устига устак, дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги - миллионлаб ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.
Афғонистон сиёсий ҳаётида ўзбекларнинг тутган ўрни қанчалик муҳим эканига эса, Афғонистонда Толибоннинг Исломий амирлиги қулатилиши ортидан кечган барча президент сайловларининг ўзиёқ далолат қилади.
Трамп маъмурияти ҳам орада янги Ўзбекистоннинг тинчлик жараёнидаги ролини ошкора олқишлаб келган, пандемияга қарамай, яқинда ўзининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзодни яна бир бор Тошкентга юборган.
Толибон ҳам расмий Тошкентнинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатларини беэътибор қолдирмаган, яқин-яқингача ҳам Доҳа ва ҳам Ўзбекистоннинг ўзида улар билан музокаралар олиб бориб келган.
Ҳаттоки ўтган йил сиёсий қаноти ҳайъати Ўзбекистонда экан, ана шундай тинчлик музокараларидан бирининг қадим Самарқандда ўтказилишига қарши эмаслигини ҳам баён қилганди.
Расмий Тошкент ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Сурат манбаси, videograb
Расмий Тошкент сўнгги бор "Ўзбекистон номини суиистеъмол этаётган гуруҳдан хавотир"ини бундан уч йил бурун расман изҳор этган.
Ўшанда Ўзбекистон томонининг бу каби сўзлари Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши маслаҳатчиси бошчилигидаги ҳайъатнинг Тошкентга қилган сафари чоғида янграган.
Кузатувчилар ва таҳлилчилар Ўзбекистон томони бу қабила "хавотир билдирган" гуруҳни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига йўйишган.
Ҳаракат, икки ўн йилдирки, Ўзбекистон ташқарисида - Афғонистон ва Покистонда худди шу ном остида фаолият юритиб келади.
2015 йилда эса, лидери ҳаракатнинг тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳига расман байъат келтирганини эълон қилган.
Бунинг ортидан, ҳаракат сафлари парчалангани, яна худди шу ном остида ва Толибон мойил қисми ажралиб чиққан ҳам маълум бўлганди.
Музокаралар Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош қатор шимолий вилоятларида ИШИД байроғи остида қайта фаоллашиш ҳаракатида бўлган бир манзарада кузатилган.
Худди ўша йил бошида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳамасосчиси ва биринчи лидери марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг дастлаб шимолий Сарипул вилояти, орадан қисқа вақт ўтмай, унга ва Туркманистонга бевосита қўшни Жаузжон вилоятига ўтганига оид хабарлар олинган.
Унинг маҳаллий ёшлар орасидан ўзига янги аъзолар ёллаётгани ва афғон ҳукуматига қарши жанг олиб боришга ҳозирлик кўраётганидан жиддий хавотирлар янграган.
Ҳар икки вилоят масъуллар томонидан мавжуд воқеъликка жиддий эътибор қаратишга оид даъватлар янграган.
Аммо Тоҳир Йўлдош ўғлининг кейинги тақдири ҳозирга қадар ноаён қолган.
Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россия ва Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.
Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида бошқариб келган марҳум президенти Ислом Каримов даврида расмий Тошкент ўзининг бу жанубий қўшнисига энг аввало хавфсизлик призмасидан қараб келган.
Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистонга нисбатан, йилларки, ўзгаришсиз қолаётган бу каби қатъий мавқеи ўтган йил охирида, президент Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан ўзгаришларга юз тутган.
Ҳали Ўзбекистон муваққат президенти экан, Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг октябрь ойида Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истагида эканликларини баён қилган.
Орадан бор-йўғи бир неча кун ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва унинг афғонистонлик ҳамкасби Салоҳиддин Раббоний Тошкентда икки давлат ўртасида экстрадиция тўғрисидаги илк битимни имзолашган. Аммо янги битим тафсилотлари ошкор этилмаганди.
Ўтган тўрт йил ичида айни шу битим доирасида аниқ қанча ўзбекистонликнинг Афғонистондан ортга қайтарилгани маълум эмас.
Бунинг ортидан қарийб чорак аср деганда, илк бор Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Кобулга сафар қилган, янги президенти эса, мустақил Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта Афғонистон бўйича махсус вакилини тайин этган.
Орада Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний Ўзбекистонга давлат ташрифини ҳам уюштирган, турли тадбирлар доирасида президент Шавкат Мирзиёев билан яна кўп бор учрашган.
Аммо барча бу хабарлар манзарасида ҳам Ўзбекистон Исломий ҳаракати номи бирор бир шаклда тилга олинган-олинмагани нуқтаси қоронғулигича қолганди.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Сурат манбаси, videograb
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аввалбошда Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳозирда марҳум асосчиси ва илк лидери Мулла Муҳаммад Умарга байъат келтирган.
Ҳаракат 2000-йиллар бошларида Афғонистонда фаол бўлган "ал-Қоида" тармоғининг ҳам яқин иттифоқчиси сифатида кўрилган.
АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан Афғонистондан қочиб, Покистондан паноҳ топган.
Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ва унинг халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтиришидан қисқа вақт ўтмай эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати яна тўлиғича Афғонистонга қайтганликларини расман баён қилганди.
Бунга Покистон Қуролли кучларининг Афғонистон билан бевосита чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасида 2015 йил бошлаган кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Сўнгги йилларда ҳаракат аъзолари афғон ҳукумат кучлари, хорижий иттифоқ қўшинлари ва ИШидга байъат келтириши ортидан, "ашаддий рақиби"га айланган Толибон ҳаракатининг устма-уст ҳужумлари остида ҳам қолган.
Булар барчасининг ортидан, Афғонистондаги Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларининг бугунги сонига оид аниқ маълумотлар имконли эмас.
Орада афғон ҳукумат кучларига таслим бўлганлари ва Афғонистон қамоқхоналарига ташланганларининг ҳам борликлари айтилган.
Агар, афғонистонлик етакчи экспертларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, бугун ҳаракат омо қолган аъзолари сонини фақат бир неча ўнга нисбат бериш мумкин.
Сўнгги лидери Усмон Ғозийнинг тақдири эса, йилларки, ноаёнлигича қолмоқда.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, дастлаб Ўзбекистондаги мавжуд тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифат барпо этиш нияти билан дунёга келган.
90-йиллар охирида ҳаракатга Ўзбекистонда асос солган ҳамасосчилари ва илк етакчилари - Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангонийлар эса, орада Покистон ва Афғонистонда АҚШнинг дрон ҳужумларида ўлдирилган.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати дунёдаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи саналган.
Турли манбаларда ўз вақтида сафларида минглаб жангарилари бўлгани ҳам айтилган.
Орада минтақавий таҳлилчилар орасида Афғонистонда мағлубиятга учраган ҳаракатнинг Яқин Шарқда қайта бўй кўрсатганига оид фикрда бўлганлари ҳам оз бўлмаган.
Аммо ҳозирга келиб, Ироқ, Сурия ҳукуматлари ва қатор хорожий иттифоқ қўшинлари Яқин Шарқда ИШИДнинг устидан ўз ғалабаларини эълон қилиб бўлишган.
Ўтган йигирма йилдан ортиқроқ вақт мобайнида Толибон сафларида ҳам ўзбекистонликлари илова Марказий осиёликлар жанг қилишлари ҳақида кўп бор айтилган.
Исломий Жиҳод Иттифоқи

Сурат манбаси, videograb
"Исломий Жиҳод Иттифоқи" гуруҳига 2002 йилда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларидан ажралиб чиққан жангарилар томонидан Покистонда асос солинган.
Халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг ишонишларича, гуруҳ шу пайтгача Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан мустақил фаолият олиб боришга ҳаракат қилиб келади.
Агар, гуруҳнинг 2015 йил ўрталарида эълон қилган баёнотига ишонилса, Афғонистоннинг жанубий ва шарқий минтақаларидан ташқари, Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз ва Бадахшон вилоятларида ҳам Толибон ҳаракати, "ал-Қоида" тармоғи ва Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати жангарилари билан бир сафда жанг олиб боришган.
Афғонистон шимолидаги жангарилари аллақачон Афғонистон Толибон ҳаракатининг янги лидерларига байъат ҳам келтириб бўлишган.
"Исломий Жиҳод Иттифоқи" гуруҳи аъзоларининг бугунги сонига оид аниқ рақамлар йўқ.
Аммо 2008 йилги маълумотларда уларнинг сони 200 нафар атрофида экани тахмин этилганди.
Агар, айрим хабарларга ишонилса, уларнинг орасида ўзбекистонликлардан ташқари, яна Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Покистон фуқаролари ҳам бор.
Гуруҳга Нажмиддин Жалолов номли шахснинг бошчилик қилиши ишонилади.
Бош қароргоҳи Покистоннинг Афғонистонга чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасида экани айтилади.
"Исломий Жиҳод Иттифоқи" орада Оврўпода террорчилик амалларини режалаштиришда ҳам гумон қилинган.
Гуруҳ Олмониядаги Америка муассасаларига ҳужумлар уюштиришни режалаштиргани айтилганди.
Иттифоқ 2015 йилда Афғонистоннинг "Тожикистонга чегарадош кўплаб ҳудудларини назорат қилаётганликлари"ни иддао қилган.
"Маҳаллий халқ орасида кўплаб "тарафдорлари ва мухлислари бор"лиги, "Амударё соҳилларида бемалол ҳаракат қилишаётгани"ни айтган.
Гуруҳ чегаранинг "заиф нуқталарини ўрганаётгани ва маълумот тўплаётгани"ни ҳам даъво қилган, аммо кейинги режалари ҳақида бирор бир маълумот бермаганди.
"Исломий Жиҳод Иттифоқи"нинг Афғонистон ёки Покистондаги ИШИД жангарилари билан қандай алоқада экани номаълум қолган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















