Ўзбекистон Исломий Ҳаракати дастлабки мақсадига етдими?

Сурат манбаси, videodan

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, афғон ҳукуматининг Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг илк талабига ён босиши – уларнинг Афғонистонда қайта фаоллашишгани, бугунги қудрати ва энг асосийси, мамлакатнинг жанубий минтақаларида бемалол ҳаракат қилишаётганига далолат қилади.

Уларнинг таъкидлашларича, бу – ҳаракатнинг Афғонистондаги фаолияти билан боғлиқ муҳим ва жиддий ўзгаришдир.

Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати шу ой бошида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан музокараларга борган ва 19 нафар ҳазоранинг қўйиб юборилиши эвазига жангариларнинг йигирмадан ортиқ фарзандини озод этишга мажбур бўлганди.

Бу – Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳининг янги аъзоси сифатида Марказий Осиёнинг шундоққина биқинида қўлга киритган биринчи жиддий ютуғи бўлганди.

Ҳаракат ўтган ой бошида Афғонистондаги каллакесарлигига оид илк видеолавҳасини эълон қилган ва унда афғон ҳукуматидан ўзи тутиб турган ўнлаб ҳазоранинг зиён-заҳматсиз қўйиб юборилиши эвазига яқинда мамлакатнинг шимолий Тахор ва шимолий-шарқий Бадахшон вилоятида қўлга олинган аъзоларининг қўйиб юборилишини талаб қилганди.

Бошқа томондан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бу талаби манзарасида афғонистонлик масъуллар томонидан болалар дохил айрим аёлларнинг озод этилганига оид хабар афғон ҳукумати танқидчилари ва кўпчилик сиёсий таҳлилчиларнинг ҳайронликларига ҳам сабаб бўлмай қолмаганди.

Улар уруш шароитида, айниқса, рақиб жангарилар болаларининг ҳибсга олиниши халқаро конвенцияларга зид бир амал эканини таъкидлашганди.

Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерснинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, муваффақиятли сўнгги тактикаси, бир томондан, янги афғон ҳукуматининг заифлиги ва бошқа тарафдан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг “Исломий Давлат” гуруҳига янада яқинлашаётганига далолат қилади.

“Ўзаро айирбошлов асосида ва очиқ бир шаклда олиб борилган музокаралар, сўзсиз, афғон ҳукумати билан мулоқотлар олиб борган гуруҳ мавқеининг кучайишига хизмат қилади”, - дейди у.

Афғонистон ҳукумати орада тутқундагиларни озод қилиш учун жанубий Зобул вилоятида йирик ҳарбий амалиётларга қўл урган, аммо бир неча кунлик қақшатқич жанглар ортидан ҳам, ҳеч нарсага муваффақ бўла олмаганди.

Афғонистон жанубидаги мухбиримиз Маъмун Дурронийнинг сўнгги сўзларидан англашилича эса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати орада яна қатор талабларининг афғон ҳукумати томонидан адо этилишига муваффақ бўлган.

Сурат манбаси, videodan

Ҳануз ўз ихтиёрида қолаётган ҳазора тутқунларини Афғонистоннинг Зобулга қўшни Ғазний вилоятидаги буткул толиблар назорати остидаги Нова туманига кўчирган. Афғонистон Қуролли кучларининг Зобулдаги ўзларига қарши қаратилган ҳарбий амалиётларининг тўхтатилишига ҳам эришган.

Аммо, мухбиримизга кўра, ҳаракатнинг энг сўнгги талаби, ҳалича, афғон ҳукумати томонидан бажарилмаган.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, қолган тутқунларни озод қилиши эвазига Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ораларида бир қанча юқори мартабали қўмондонлари ҳам бўлган ўндан ортиқ жангарисининг Афғонистон қамоқхоналаридан қўйиб юборилишини истайди.

Мухбиримизга кўра, бу хусусда афғон ҳукуматининг махсус ҳайъати ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати номидан музокаралар олиб бораётган қавм оқсоқоллари орасида сўзлашувлар ҳамон давом этмоқда.

Жанубий Зобул вилоятида Эрондан қайтаётган пайтларида ўттиздан ортиқ шиа ҳазорасининг олиб қочилиши билан боғлиқ ҳодиса шу йилнинг феврал ойида юз берган ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг орада эълон қилган каллакесарлигига оид видеолавҳасига қарамай, ушбу ҳодисага масъулиятни Афғонистонда фаол бўлган бирор бир қуролли гуруҳ расман ўз зиммасига олмай келаётганди.

Бу – Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг иши экани лидери Усмон Ғозийнинг апрел ойи охирларидаги баёнотидан маълум бўлган ва шундан икки ҳафта ўтиб, ўзаро келишув асосида йигирмага яқин ҳазоранинг қўйиб юборилганига оид хабар ўртага чиққанди.

Усмон Ғозий ўзининг сўнгги баёнотида жанубий Зобул вилоятидаги ҳарбий амалиётларга ҳам тўхталиб ўтган, унда “афғон ҳукумат кучлари жиддий талофат кўришгани, шаҳардаги касалхоналар уларнинг ярадорлари билан тўлиб кетгани, қолган аскарларини ҳам зўрға олиб кетишгани”ни иддао қилганди.

Ўнлаб шиа ҳазорасининг олиб қочилиши ва ойлаб тақдирларининг ноаён қолиши янги миллий бирдамлик ҳукумати бошқаруви остида Афғонистонда энг кўп акс-садо берган воқеалардан бирига айланган, ушбу масала, ҳатто, мамлакат парламентида кўтарилган, қатор норозилик намойишларига ҳам сабаб бўлганди.

Сурат манбаси, videodan

Мавжуд ҳолат эса, ўз навбатида, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фойдасига хизмат қилмай қолмаган, орадан 14 йил ўтиб, ҳаракатнинг номи Афғонистонда яна алоҳида кун тартибига чиққанди.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистонда Толибон тузумининг қулаши билан якун топган 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзининг яқин иттифоқчилари билан бирга қўшни Покистонга қочишга мажбур бўлган ва ўшандан буён асосан қувғинда фаолият юритиб келаётганди.

Ўтган йил сентябр ойида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасидан туриб, жорий пайтда дунёдаги энг қудратлиси ва жангариси саналувчи Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига расман байъат келтирган ва лидери Усмон Ғозийнинг апрел ойидаги сўнгги баёнотидан уларнинг тўлиғича Афғонистонга қайтганликлари англашилганди.

Сўнгги ойларда олинаётган хабарлардан эса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг Афғонистон шимолидан тортиб, жанубига қадар фаоллашишга муваффақ бўлишаётгани айтилади.

Афғонистонлик масъуллар биргина Зобул ва Ғазнийдаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бўлган аксарияти марказий осиёлик жангарилар оилалар сонининг ўзи олти юзлар атрофида эканини тахмин этишади.

Масъулларга кўра, бу жангариларнинг аёллари ҳам жанг олиб бориш санъатини пухта эгаллашган, бундан ташқари, улар турли портловчи моддалар ясаш, жосуслик маълумотлари йиғиш ва маҳаллий аҳолини урушга тарғиб этиш билан ҳам шуғулланишади.

Покистон Қуролли кучларининг Афғонистон билан бевосита чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасида ўтган йил ёзидан буён олиб бораётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари ортидан, ҳаракат аъзоларининг бугунги сони маълум эмас. Аммо афғонистонлик масъулларнинг сўнгги ойлардаги чиқишларидан улар жангариларининг сони юзлаб экани англашилади.

Сурат манбаси,

Яқинда аксарияти марказий осиёлик катта сондаги хорижий жангарилар Толибон сафларида Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита қўшни шимолий-шарқий Қундуз вилоятида илк бор кенг кўламли ҳужумларга қўл уришган, бундан ташқари, уларнинг толибларни янада йирик ва замонавий урушларга тайёрлашаётгани ҳам маълум бўлганди.

Афғонистонлик масъуллар эса, бу чет эллик жангариларни “Исломий Давлат” гуруҳига нисбат беришганди.

Халқаро ҳарбий таҳлилчи суҳбатдошимиз Пол Рожерснинг айтишича, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фаолияти билан боғлиқ воқеаларнинг Қундуз ва Зобулдаги сўнгги ривожи нафақат Афғонистон ҳукумати, балки-да расмий Пентагоннинг хавотирларига ҳам сабаб бўлмай қолмайди.

“Бу икки ҳолат Афғонистоннинг турли бурчакларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг ҳозирлиги ортиб, таъсири ҳам кучайиб бораётганига далолат қилади. Менимча, ҳам афғон ҳукумати ва ҳам АҚШ томони мавжуд вазиятни назардан қочирмасликлари тайин. Чунки Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистонда жанг олиб бориб келаётган бошқа исёнчи гуруҳларга қараганда, “Исломий Давлат”га энг кўп яқинлашгани бўлади”, - дейди халқаро таҳлилчи.

“Исломий Давлат” гуруҳи Яқин Шарқдаги исломий халифатини глобаллаштириб, аксарият Марказий Осиё давлатларига қўшни Эрон ва Афғонистонни ҳам ўз ичига олувчи қадим Хуросонни қайта тиклаш ниятида.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, дастлаб Ўзбекистондаги мавжуд тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифат барпо этиш нияти билан дунёга келган.

Куни-кеча Натонинг Афғонистондаги Бош қўмондони ҳам илк бор Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳининг Афғонистонда фаоллик билан ўзига янги жангарилар ёллаётганини ошкора ва расман эътироф этиб чиққанди.

Халқаро ҳарбий таҳлилчи суҳбатдошимиз Пол Рожерснинг айтишича эса, биргина Қундузнинг мисоли Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Афғонистондаги унга алоқадор гуруҳларнинг қанчалик жиддий таҳдидга айланишлари мумкинлигини амалда кўрсатиб қўйган.

Унга кўра, мавжуд ҳолат камида АҚШ томонини бу яқин йиллар ичида Афғонистонни тарк этмаслик қарорини қатъийлаштиришига олиб келади.

Ҳарбий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, ҳали ортга қайтган бир неча ойнинг ўзида амалга оширган “ишлари” биланоқ Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистондаги қолган қуролли гуруҳлардан кўра жанговарроқ эканини кўрсатиб қўйган.

2014 йилги сафарбарлик ортидан эса, катта сондаги хорижий қўшинлар Афғонистонни тарк этиб бўлишган.

Ўтган йил охирида расмий Кобул ва Вашингтон ўртасида имзоланган муҳим хавфсизлик битими доирасида аксарияти америкаликлардан иборат 10 мингдан ортиқ хориж аскари ва улар қатор ҳарбий базаларининг келаси йил якунига қадар афғон тупроғида қолишларига изн берилган.

Аммо, яқинда Туркияда бўлиб ўтган олиймақом йиғинлари чоғида Нато Бош котиби ҳам айнан “ҳалиям хавфли бир ҳудуд сифатида қолаётгани” изоҳи билан 2016 йилдан кейин Афғонистонни тарк этиш ниятлари йўқлигини расман баён қилди.

Толибон ҳаракати бу йилги баҳорги амалиётини устма-уст қонли ҳужумлар билан бошлашга муваффақ бўлган бир манзарада минтақада “Исломий Давлат”ни намоён этаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидери ўзининг сўнгги баёнотида сафдошларини партизанча урушдан очиқ жангга ўтишда кўмак беришга чақирган, Афғонистонда постлар ва минтақаларни эгаллашни бошлашларини айтганди.

Усмон Ғозий, бу билан ҳам кифояланмай, Афғонистондаги маҳаллий аҳолини “деҳқончилик ва боғдорчиликни бир четга йиғиштириб, қўлларига қурол олиш”га ҳам ундаганди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, ўтган ой шарқий Жалолобод вилоятида уюштирилган ва ўнлаб инсоннинг умрига зомин бўлган қонли худкушлик ҳужуми - “Исломий Давлат” Афғонистонда масъулиятини ўз зиммасига олиб чиққан илк ҳужум бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio