Ўзбекистон Исломий Ҳаракати: ‘Исломий шариат ўрнатадиган пайт келди’

Бу ҳақда ҳаракатнинг лидери Мужоҳид Усмон Ғозий номидан “Facebook”даги саҳифасида чоп этилган янги баёнотида баён қилинади.
Бу – Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига байъат келтириши ортидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эълон қилаётган учинчи баёнот бўлади.
Ҳаракат, "Исломий шариат ўрнатишнинг пайти келди", деркан, улар ўз садоқатини изҳор этган "Исломий Давлат" ҳозир глобал халифат қуриш ҳаракатидаги янги жангари тармоқ бўлади.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг санаси 26 апрел куни, деб кўрсатилган янги баёноти тафсилотларидан маълум бўлишича, жангарилар ўз оилалари билан бирга яна Афғонистонга қайтишган.
АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари томонидан Афғонистонда Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён уларнинг, асосан, Покистоннинг қавмлар яшовчи ярим мухтор Вазиристон минтақасидан бошпана топиб келишаётгани ишониларди.
Покистон Қуролли кучларининг Шимолий Вазиристон минтақасида ўтган йил июн ойида бошлаган кенг кўламли давомий ҳарбий амалиётлари манзарасида эса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбарияти ва аъзоларининг қаерда эканликлари номаълум қолаётганди.
Ҳаракат “Исломий Давлат” гуруҳига байъат келтирганини маълум қилган ўтган сентябр ойидаги баёнотида ўзларининг ҳануз Шимолий Вазиристонда, аммо ночор аҳволда эканликларини баён қилганди.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, сўнгги баёноти Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг бутун Афғонистон бўйлаб қайта фаоллашишга муваффақ бўлишганига оид хабарлар манзарасида кузатилмоқда.
Сўнгги ойларда Афғонистоннинг жануби ва жануби-шарқи қолиб, Марказий Осиёга бевосита қўшни шимолий ва шимоли-шарқий вилоятларига ҳам юзлаб ўзбекистонлик жангариларнинг Покистондан ўз оилалари билан бирга келиб, ўрнашишаётгани айтилади.
Янги баёнот

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидери ўзининг сўнгги баёнотида Афғонистонда ўзларига осон бўлмаётгани, оилалари ва болаларини хавфсизлик нуқталарида қўлга олишни бошлашганидан шикоят қилади.
Бу орада Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Бадахшон вилоятида амалга оширмоқчи бўлган ҳужумларидан бирида “хиёнат”га учрашгани, натижада аксарияти аёллар ва болалардан иборат 80 нафар одамлари тоғларда музлаб, ҳаётдан кўз юмишгани, қолганларининг асир олинганликларини ҳам яширмайди.
Шу йилнинг феврал ойида Бадахшон вилояти масъуллари битта тумандаги амалиётнинг ўзи сабаб, 25 жангари тоғларда совуқдан музлаб ўлганлигини айтишганди.
Улардан тўрттаси истисно қолган барчаси Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлишганини билдиришганди.
Ҳаракат лидери Мужоҳид Усмон Ғозийнинг сўзларидан аён бўлишича, бунга жавобан жанубий Зобул вилоятида “ҳукуматга керакли шиа ҳазораларини ушлаб кетишган”.
Жанубий Зобул вилоятида Эрондан қайтаётган пайтларида ўттиздан ортиқ шиа ҳазорасининг олиб қочилиши билан боғлиқ ҳодиса шу йилнинг феврал ойида юз берган ва шу кунга қадар бирор бир гуруҳ ушбу воқеага масъулиятни расман ўз зиммасига олмай келаётганди.
Тутқундагиларни озод этиш учун афғон ҳукумати йирик ҳарбий амалиётларга қўл урган ва минтақадаги мухбиримиз бу ҳужумларнинг нишонига айланган жангарилар сўнгги ойларда Покистондан Зобул вилоятига келиб жойлашган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бўлишганини айтганди.
Афғонистонлик масъуллар эса, Зобулдаги жангариларни "Исломий Давлат" гуруҳига нисбат беришганди.
Таъкидлаш жоиз, бир неча кунлик ҳарбий амалиётларга қарамай, афғонистонлик ҳарбийларнинг саъй-ҳаракатлари иш бермаган ва гаровдагиларнинг тақдири ҳам ҳануз мавҳумлигича қолмоқда.
Орада Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жанубий Зобул вилоятида тасвирга олингани айтилган ва афғон аскарларидан бирининг боши танасидан жуда қилингани акс этган каллакесарлигига оид илк видеосини эълон қилган, ҳазора тутқунлари эвазига шу йил бошида Тахор ва Бадахшонда асир олинган жангариларининг озод этилишини талаб қилганди.

Сурат манбаси, Reuters
Уларнинг талаблари афғон ҳукумати томонидан қатъиян рад этилган ва шу кунларда Зобулга қўшимча, аксарияти ўзбекистонликлардан иборат юзлаб хорижий жангарилар бошпана топгани айтилувчи шарқий Ғазний вилоятида ҳам янги ҳарбий амалиётлар уюштириш режасида эканликларини маълум қилишганди.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидери Мужоҳид Усмон Ғозийнинг сўзларидан аён бўлишича эса, Зобулдаги ҳарбий амалиётлари чоғида афғон ҳукумат кучлари жиддий талофат кўришган, “шаҳардаги касалхоналар уларнинг ярадорлари билан тўлиб кетган, қолган аскарларини ҳам зўрға олиб кетишган".
Усмон Ғозий яна нима дейди?
Мужоҳид Усмон Ғозий, ўз ўрнида, сафдошларини партизанча урушдан очиқ жангга ўтишда кўмак беришга даъват этади, “ Афғонистонда постлар ва минтақаларни эгаллашни бошлашлари”ни айтади.
Афғонистондаги маҳаллий аҳолини “деҳқончилик ва боғдорчиликни бир четга йиғиштириб, қўлларига қурол олиш”га ҳам ундайди.
Ўтган ой охирида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидери Мужоҳид Усмон Ғозий аудиобаёнот билан чиқиб, ўзларининг Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умардан узоқлашганликларини баён қилган ва Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳини олқишлаб чиққанди.
Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўтган йил якунига қадар “ал-Қоида” тармоғи, ҳам Покистон ва Афғонистон Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлиб келган.

Сурат манбаси, ap
Халқаро таҳлилчилар эса, ҳаракатнинг минтақадаги узоқ йиллик яқин иттифоқчиларидан воз кечиб, “Исломий Давлат” гуруҳига байъат келтириш қарорига баҳо бераркан, уларнинг ҳозир ҳар томонлама дунёдаги энг қудратли жангари гуруҳ саналувчи “Исломий Давлат”нинг обрўси, мавқеи, инсоний ва молиявий ресурсларидан фойдаланиш, қайта фаоллашиш истагида эканини айтишганди.
Аммо, таъкидлаш жоиз, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг ўтган 13 йиллик ҳарбий амалиётлари ва Шимолий Вазиристондаги жанглар ортидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг бугунги сонига оид аниқ ва расмий рақамлар маълум эмас.
Ҳаракат жангариларининг тахминий сони шу кунларда бир неча юздан бир неча мингтагача экани айтилади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
Skype - bbcuzbekradio












