Толибон бугун нима истайди? Нимага кўнади? Ўзбекистон нима қила олади? - Afg’oniston, O’zbekiston, Tolibon

Сурат манбаси, official
Толибон бугун нима истайди? Нимага кўнади? Ўзбекистон нима қила олади? - Глобал коронавирус пандемияси манзарасида бугун худди шу савол яна кун тартибига чиққан:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳаракат ўз вақтида дунёдаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи - Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси саналган.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва унинг сафларидан ажралиб чиққан Исломий Жиҳод Иттифоқи Афғонистонда ҳануз буткул мавҳ этилмаган.
Афғонистон ҳозир ҳам дунёнинг Сурия ва Ироқ билан бирга ўзбек жангарилари бошпана топиб келаётган учта давлатидан биттаси бўлади.
Орада Яқин Шарқдаги ИШИД жангарига гуруҳига тўлиғича байъат келтирган ва бунинг ортидан, сафлари парчалангани ҳам айтилган Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг асосий мақсади Ўзбекистондаги дунёвий тузумни ағдариш ва шаръийсини жорий этиш бўлган.
Жанубий қўшниси Афғонистондаги сўнгги тинчлик жараёнларига янги Ўзбекистон, президент Шавкат Мирзиёев ҳам бефарқ эмас.
Президент Мирзиёев Ўзбекистонда қудратга келишидан саноқли ойлар ўтиб, ўзининг Афғонистон бўйича махсус вакилини тайинлаган.
Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаганди.
Глобал коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга қарамай, АҚШ сўнгги пайтларда яна Афғонистонда доимий оташкесинни қарор топтириш ҳаракатларига зўр берган.
Афғонистон Толибон ҳаракати эса, бунинг учун қатор шартларини илгари сурган.
Улардан энг муҳимларидан бири ўзларидаги мингта афғон маҳкумини озод этиш эвазига Афғонистон ҳукумати қамоқхоналарида сақланаётган беш минг аъзосини қўйиб юборилиши бўлади.
Томонлар барча маҳкумларнинг тақдири юзасидан бир тўхтамга келишган.
Аммо "оғир жиноятлар" содир этгани айтилувчи 400 нафар Толибон маҳкумининг тақдири ҳануз ноаён қолган.
Афғон ҳукумати худди шу масалани муҳокама этиб олиш учун кеча, 7 август куни мамлакат тажрибасидаги энг йирик йиғин - Лоя Жиргани чақирган.
Анъанага мувофиқ, Жиргада Афғонистон - бутун давлат аҳамиятига молик масалаларгина кўриб чиқилади.
Унда минглаб вакиллар бутун Афғонистонн намоён этади.
Толибон эса, АҚШ билан эришган тинчлик битимида кўзда тутилганига мувофиқ, ўзи назарда тутган барча маҳкумларнинг озод этилишини истайди.
Акс ҳолда Афғонистонда зўравонликлардан тийилмаслигини айтиб келади.
Аммо бу келишувга Афғонистон ҳукуматининг аралашувисиз эришилгани ҳам бор гап.
Кўрилишича, сўз айнан "оғир жиноятлар содир этган" Толибон маҳкумлари ҳақида кетганда, Афғонистон раҳбарияти омманинг фикрини билишни истайди.

Сурат манбаси, courtesy
Тинчлик битими
Афғонистон Толибон ҳаракати шу йил февраль ойида ўз тарихида биринчи бор Америка Қўшма Штатлари билан тинчлик битимини имзолашга муваффақ бўлган.
Келишув Республикачи президент Дональд Трамп бошқаруви даврига тўғри келган.
Шу йил ноябрь ойида Америка Қўшма Штатларида навбатдаги президент сайлови режаланган.
Трамп маъмурияти сайловга қадар Афғонистон масаласини, таъбир жоиз, бир ёқли қилиб олиш, афғон тупроғидаги қўшинлари сонини кескин қисқартириш ва келаси йил ўрталарига бориб, буткул олиб чиқиб кетишни истайди.
Бу эса, қўлларидан қуролларини қўйиш учун Афғонистон Толибон ҳаракати аввалбошдан илгари суриб келаётган энг асосий талаблардан бири бўлади.
Худди шу мақсадда маъмурият сўнгги пайтларда томонларга яна ўз босимларини кучайтирган, томонларни вазиятни чигаллаштирмаслик, тезроқ бир тўхтамга келишга чақириб чиққан.
Ўзбекистон, Афғонистон ва тинчлик жараёни

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон ҳам бу жараёнларга бефарқ бўлмаган минтақадаги дипломатик ва сиёсий ўйинчи давлатлардан биттаси саналади.
Афғонистон, устига устак, дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги - миллионлаб ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.
Афғонистон сиёсий ҳаётида ўзбекларнинг тутган ўрни қанчалик муҳим эканига эса, Афғонистонда Толибоннинг Исломий амирлиги қулатилиши ортидан кечган барча президент сайловларининг ўзиёқ далолат қилади.
Трамп маъмурияти ҳам орада янги Ўзбекистоннинг тинчлик жараёнидаги ролини ошкора олқишлаб келган, пандемияга қарамай, яқинда ўзининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзодни яна бир бор Тошкентга юборган.
Толибон ҳам расмий Тошкентнинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатларини беэътибор қолдирмаган, яқин-яқингача ҳам Доҳа ва ҳам Ўзбекистоннинг ўзида улар билан музокаралар олиб бориб келган.
Ҳаттоки ўтган йил сиёсий қаноти ҳайъати Ўзбекистонда экан, ана шундай тинчлик музокараларидан бирининг қадим Самарқандда ўтказилишига қарши эмаслигини ҳам баён қилганди.
Доимий оташкесин

Сурат манбаси, AFP
Тарихий тинчлик келишуви афғон ҳукумати ва ҳаракат орасидаги илк юзма-юз мулоқотлар, бунинг ортидан, Афғонистонда доимий оташкесинга йўл очиши керак.
Ҳали март ойидаёқ бошланиши кўзда тутилган афғонлараро мулоқотлар эса, ҳанузга қадар амалга ошмай келади.
Бунга зиддиятли президент сайлови натижалари ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган.
Сайлов натижалари ортидан, мамлакат тарихида кузатилмаган воқеълик юз берган.
Афғонистонда бирваракайига қўшалоқ президент қудратга келганди.
Сайловда асосий мухолиф номзодлар бўлган амалдаги президент ва собиқ ижроий раис фақат яқинда - май ойидагина бир сиёсий келишувга келишган, қудратни бўлишишга рози бўлишган.
Ярашув ортидан, Муҳаммад Ашраф Ғани якка президент бўлиб қолган, доктор Абдулла Абдулла эса, айнан тинчлик музокараларига масъул янги кенгаш раҳбарлигини эгаллаган.
Толибон ўшанда икковлон ўртасидаги келишувга ўзининг танқидий муносабатини билдирган, бунинг "ўтмиш хатоларини такрорлашдан ўзга нарса эмас"лигини айтганди.

Сурат манбаси, official
Афғонистон дунёнинг узоқ - бир неча ўн йиллик урушлар ичида бўлган саноқли давлатларидан биттаси бўлади.
Афғонистонда тинчлик жараёнининг якуний босқичини жонлантириш ҳаракатларига глобал коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳам тўсқинлик қила олмаган.
Жорий пайтда Афғонистон минтақанинг коронавирус кенг тарқалган давлатларидан биттаси бўлади.
Ҳозирга келиб, мамлакатда жами коронавирусга чалинганлар сони расман 37 мингдан ортган.
Аммо, бошқа томондан, глобал коронавирус пандемияси ҳам Толибон ҳаракати илова Афғонистондаги қолган бирор бир жангари гуруҳни қўлларидан қуролларини қўйишга ундай олмагани ҳам бор гап.
Уларнинг барчаси орада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг бу хусусдаги такрорий даъватларини бирдек рад этиб келишган.
Аммо Афғонистон Толибон ҳаракати ўз тарихидаги илк бор айнан шу йили ҳам Рамазон ва ҳам Қурбон ҳайитида уч кунлик муваққат оташкесинга рози бўлган.
Уларнинг бу розиликларини расмий Тошкент ҳам беэътибор қолдирмаган, орада расман олқишлаб чиққанди.
Расмий Тошкент, ўзбек жангари гуруҳлари ва сулҳ

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили орада Би-би-си Ўзбек хизматига ҳам интервью берган.
Ўшанда Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши учун энг аввало яхши замина яратилиши кераклигини айтган.
"Афғон можаросини фақатгина сиёсий йўл билан ҳал қилиш мумкин эмас"лигини таъкидлаганди.
Унга кўра, "Афғон халқига яхши иқтисодий шарт-шароит яратиб бериш керак. Фарзандларига билим, илм бериш керак. Уларни ўқитиш керак".
Вакил ўшанда ўз сўзларига худди шу мақсадда президент Шавкат Мирзиёев катта инфратузилмали лойиҳаларни амалга оширишга киришганини ҳам айтиб ўтган.
Худди шу суҳбатида Афғонистондаги Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва шунга ўхшаш гуруҳларнинг тинчлик жараёнида қатнашишга ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқларини йўқлигини ҳам таъкидлаган.
Исматилла Иргашев бунинг сабабини уларнинг "террорчи ташкилотлар" сифатида тан олингани, Афғонистон фуқаролари эмасликлари билан изоҳлаган.
"Афғонистонда халқаро ҳамжамият, афғон ҳукумати ва Толибон ҳаракати билан йўлга қўймоқчи бўлаётган тинчлик ва сиёсий жараёнлар фақатгина ички сиёсий кучларни қамраб олиши керак", - деган қарашда эканликларини айтганди.
Вакилга кўра, "улар фақатгина афғон халқининг душманлари эмас, улар бутун халқаро ҳамжамиятнинг душманлари. Уларга қарши ҳамма биргаликда курашиши керак".
"Худди шу нуқтаи назардан ҳам, Афғонистондаги тинчлик уларга қарши курашни йўлга қўйиш, бу гуруҳларнинг ҳозирги кунда минтақа давлатларига солаётган таҳдидини йўқ қилишга керакли замина яратиб беради".
Орада кечган вақт мобайнида Афғонистондаги бирор бир ўзбек жангари гуруҳининг Ўзбекистон ҳам бефарқ бўлмаган сўнгги тинчлик жараёнига бирор бир ошкора муносабат билдириб чиқишгани кузатилмаган.
АҚШ билан эришган тинчлик битими асосида эса, Афғонистон Толибон ҳаракати ўз назоратлари остида бўлган ҳудудларда бирор бир хорижий жангари гуруҳнинг фаолият юритишига изн бермасликка рози бўлган.
Сўнгги халқаро тадқиқотлар толиблар Афғонистоннинг 70 фоиз ҳудудида у ёки бу даражада ҳозир эканликларига далолат қилган.
Хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан буткул сафарбарлиги Ислом Каримов ҳукуматини жиддий хавотирга солиб келган масалалардан бири бўлган.
Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти бу Афғонистонни иккинчи Ироққа айлантиши мумкинлиги борасидаги ташвиашларини расман ва ошкора баён этиб келган.

Сурат манбаси, AFP
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















