Коронавирус: Энг ёмони энди бошланиши мумкин, koronavirus

Сурат манбаси, offficial
Коронавирус: Ёмони энди бошланиши мумкин - Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти худди ана шундай огоҳлик билан чиқди. Халқаро ташкилотнинг бу огоҳлиги глобал коронавирус пандемияси бўй кўрсатганидан олти ой ўтиб янграмоқда. Ўзбекистонда ҳам коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиб бораётгани кузатилади.
Ҳозирга келиб, бутун дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони жами 10 миллион кишидан ортди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг огоҳлантиришича, агар, ҳукуматлар томонидан лозим чоралар кўрилмаса, янада кўплаб кишилар бу вирусни юқтиришлари мумкин.
Яна бир бор, "Текширинг, ортидан тушинг, яккаланг ва карантинга олинг", деркан, Тедрос Адҳаном Гебрееуснинг ўгити ўзгаришсиз қолган.
Коронавирус илк бор ўтган йилнинг 31 куни Хитойнинг Ухан шаҳрида аниқланган.
Жами коронавирус ҳолларининг тенг ярми АҚШ ва Европа ҳисобига тўғри келиб турибди.
Аммо вирус Лотин Америкасида ҳам жадаллик билан тарқалиб бормоқда.
Жанубий Осиё ва Африкада эса, келаси ой охирига бориб авж нуқтасига етиши кутилмоқда.
Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистон илова қолган Марказий Осиё давлатларида ҳам коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиб бораётгани кузатилади.
Глобал миқёсда кронавирусдан вафот этганлар сони эса, ярим миллиондан ортган.
"Биз ҳаммамиз пандемиянинг тугаши, тезроқ одатий ҳаётимизга қайтишни истаймиз. Лекин аччиқ ҳақиқат шундаки, бунга ҳатто яқин қолгани ҳам йўқ", - деб айтган Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари.

Сурат манбаси, Getty Images
Халқаро ташкилотнинг глобал коронавирус пандемиясига бағишланган навбатдаги видеоанжумани кеча, душанба куни бўлиб ўтган эди.
Тедрос Адҳаном Гебрееус, ўз ўрнида, аксарият давлатлар коронавирусга қарши курашда муайян ютуқларга эришишганини ҳам эътироф этган.
Аммо, бунга қарамай, дунё бўйлаб пандемия тезлашиб бораётганини таъкидлаган.
Унга кўра, "Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тўқнаш келиб турган муаммолар ўз ечимини топмас, давлатлар, дунё бир ёқадан бош чиқармас экан, вирус тарқалишда давом этади...энг ёмони кейин бошланади".
Тедрос Адҳаном Гебрееус ўзини маъзур тутишларини сураркан, "бу каби шароит ва муҳитда бундан бошқасини хаёл қила олмасликлари"ни айтган.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари дунёнинг қолган давлатларини Германия, Жанубий Корея ва Япониядан ўрнак олишга чақирган.
Унга кўра, бу мамлакатлар тинимсиз текширувлар воситасида пандемияни назорат остида тутиб туришга муваффақ бўлиб туришибди.
Коронавирусга қарши вакцина ҳали-ҳануз тайёр эмас, унга қарши иш бериши мумкин бўлган дори-дармон ҳам саноқли.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














