Мирзиёев нега Путин таклифини рад этмади? O’zbekiston, Россия

Сурат манбаси, kremlin.ru
Мирзиёев нега Путин таклифини рад этмади? - Ўзбекистон президенти глобал коронавирус пандемиясига қарамай, Россияга борди. Юбилей Ғалаба парадида иштирок этишга қарор қилди. Москвага ўз ҳарбийларини ҳам юборди. Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида бўлмаган:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Худди шу каби вазиятда Шавкат Мирзиёевнинг Россияга икки кунлик амалий ташрифи шахсан президент Владимир Путиннинг таклифи билан амалга ошмоқда.
Россия жорий пайтда дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган учта давлатидан биттаси бўлиб турибди.
Бугун, 24 июнь кунига келиб, Россияда жаъми коронавирусга чалинганлар сони 600 минг кишидан ортган.
Коронавирус билан боғлиқ мавжуд вазиятга қарамай, янги Ўзбекистон Москвадаги Ғалаба парадига ўз ҳарбийларини юборишга ҳам қарор қилган.
Бунақаси ҳам Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган ўтган 30 йилча вақт оралиғида кузатилмаган.
Худди ана шундай тарихий воқеъликлар фонида кечаётгани билан Ўзбекистон президентининг Россияга амалий ташрифи кўпчилик таҳлилчиларнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Юбилей Ғалаба паради

Сурат манбаси, facebook
Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Путин бу байрамга дунёнинг барча лидерлари, энг қудратли шахсларни таклиф қилиш ва уларнинг иштирокини таъминлашга ҳаракат қилиб келади.
Таҳлилчига кўра, "чунки Путин бунга Россияни дунёдаги глобал ўйинчи ва тарихий геосиёсий энг муҳим бўлган давлат сифатида намойиш қилиш, ўзининг сиёсий салоҳияти ва ҳарбий қудратини кўрсатиш учун муҳим бир сиёсий фурсат сифатида қарайди".
"Айниқса, Путин учун бу парадда постсовет давлатларининг иштироки тарихий, сиёсий ва геосиёсий ўлчамга, аҳамиятга эга", - дейди суҳбатдош.
Таҳлилчига кўра, худди шу манзарада Россия президенти учун Марказий Осиё мамлакатларининг иштироки алоҳида аҳамият касб этади.
"Чунки Путин бу парад чоғида қайси бир давлат раҳбари ва қай бир сиёсатчи ўзининг ёнида турадиган бўлса, уларни иттифоқчи, дўст ёки таъсир доирасидаги давлат ва шахслар сифатида кўради", - дейди у.
Марказий Осиё геосиёсатида эса, таҳлилчи наздида, Россия билан мулоқот қилиш геосиёсий, сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан ўта муҳим. Иккинчи томондан, Россия анчагина эҳтиёткорлик тақозо қиладиган ҳамкор ҳисобланади.
Суҳбатдошимиз, худди шу ўринда, "Гуманитар, тарихий, ахборот ва инсонлар ўртасидаги алоқалар ҳаммасини инобатга олганда, Россия Федерацияси ҳозиргача Ўзбекистоннинг мутлақ биринчи ҳамкори сифатида қолаётгани" омилига ҳам алоҳида тўхталиб ўтади.
"Демак, Марказий Осиё давлатларининг бу парадда иштирок этишларининг энг асосий геосиёсий ўлчови шундан иборатки, ҳозиргача минтақадаги биринчи геосиёсий ўйинчи, иштирокчи бу - Россия Федерацияси ҳисобланади", - дейди таҳлилчи.
Унга кўра, АҚШ бўладими ёки Хитой, қолган бирор бир глобал геосиёсий қудрат ҳозир ҳам бу борада минтақада Россия билан беллашиш даражасида эмас.
Орада Россия президенти матбуот котиби бу йилги парадда барча Марказий Осиё давлатлари президентларининг бирдек иштирок этишга рози эканликларига оид даъволар билан ҳам чиққан.
Аммо Ғалаба паради арафасида Дмитрий Песковнинг бу иддаоси тўлиғича ўзининг исботини топмаган.
Куни-кеча минтақа матбуотида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 63 — Пайғамбар ёшига тўлиши сабаб, Ғалаба парадига олмаслигини айтиб, узрхоҳлик қилганига оид хабарлар бўй кўрсатган.
Қозоғистоннинг биринчи президенти, Элбоши Нурсултон Назарбоев эса, коронавирус юқтириб олган ва у ҳам Москвага бормайди.
Расмий хабарларга кўра, ҳайъатининг икки аъзосида коронавирус аниқлангани боис, Москвада эканига қарамай, Қирғизистон президенти ҳам Ғалаба парадида иштирок этмасликка қарор қилган.
Минтақа ва Россия

Сурат манбаси, official
Мустақил Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида бошқарган биринчи президенти Ислом Каримов даврида расмий Тошкентнинг Москва билан алоқалари силлиқ бўлмаган.
Ислом Каримов дунёнинг глобал қудратларига нисбатан беқарор ташқи сиёсати билан танилган давлат раҳбарларидан бири сифатида эътироф этиб келинган.
Айрим минтақавий сиёсатчиларга кўра, айнан Ўзбекистонда қудрат алмашинуви расмий Кремлнинг минтақада ўзининг геосиёсий лойиҳаларига янада зўр беришига йўл очган.
"Москва янги Ўзбекистонни ҳам ўзининг сиёсий орбитасига тортиш илинжига тушиб қолган".
Саноқли йилларнинг ўзида янги Ўзбекистон раҳбарияти билан ҳамкорликда АЭС барпо этиш борасида бир тўхтамга келган.
Олий Мажлис Сенати Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчи бўлишини маъқуллаган.
Россиянинг бу икки йирик геоиқтисодий лойиҳаси аслида геосиёсий мақсадларни кўзда тутишига оид фикр эса, минтақавий сиёсий таҳлилчилар орасида кенг тарқалган.
Айнан янги президенти қудратга келган ўтган тўрт йилча вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Совет давридаги ўтмишига муносабатнинг ўзгараётгани нишоналари яққол кўзга ташлана бошланган.
Мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг йирик техноген ҳалокат фонида ва глобал коронавирус пандемияси манзарасида ҳам мамлакатда Ғалабанинг 75 йиллиги расман байрам қилинган.
Сардобага устма-уст ташрифлари орасида президент Шавкат Мирзиёев хосан барпо этилган Ғалаба боғини очиб беришга ҳам вақт топган.
Бу йил фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабага 75 йил тўлган.
Глобал коронавирус пандемияси боис, байрам санаси шахсан президент Владимир Путин томонидан ортга сурилган. 24 июнга қолдирилган.
Ўшанда Россия раҳбарининг бу қарори мамлакат ичкариси ва ташқарисида ҳам катта воқеълик сифатида баҳо топган.
Бунга мазкур сананинг расмий Кремль учун англатган аҳамияти сабаб бўлган.
Акс-садолар

Сурат манбаси, dunyo
Ўзбекистонлик ҳарбийларнинг параддаги илк иштироклари аллақачон қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлиб улгурган.
Бир томонга кўра, бу - янги Ўзбекистон раҳбарияти россияпарастлигининг нишонаси.
Бошқа тараф наздида эса, Россия билан ўзаро алоқаларнинг юқори даражага кўтарилиб бораётгани ифодаси.
Икки ўртада кўп қиррали ҳамкорлик ривожланиб бораётганининг далолати.
Худди шу манзарада ўзбекистонликларнинг ҳам бу ғалабага қўшган ҳиссалари назарда тутилса, ҳарбийларининг параддаги иштирокларини ғайриодатий воқеълик сифатида баҳолашнинг ўзи ноўрин иш бўлади, деган фикрлар ҳам бўй кўрсатган.
Амалий ташрифнинг илк кунида уюштирилган олий даражадаги музокараларини эса, Россия президенти Шавкат Мирзиёевга "Буюк Ғалабага бағишланган тантаналарда иштирок этиш таклифини қабул қилгани учун миннатдорлик билдиришдан" бошлаган.
Владимир Путин ўзбекистонлик ҳарбийларнинг параддаги тарихий иштирокларини ҳам назардан четда қолдирмаган.
Худди шу музокараларнинг ўзида "бу ўзига хос иттифоқчилик муносабатларининг яққол намойиши" эканини таъкидлаган.
Ўзбекистон Мудофаа вазирининг параддаги иштирокига оид расмий хабарлар ҳатто шу соатларда ҳам кўзга ташланмаган.
Коронавирус

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонлик бўлажак иштирокчиларнинг парад олдидан ўзларини яккалаш тартибига амал қилган-қилмаганликлари маълум эмас.
Аммо Москвадаги машқлар жараёнидан имконли бўлган тасвирларда юз ниқобларида кўринишган.
Россиялик ҳамкасби томонидан Ғалаба парадида иштирок этиш таклифини олган Қозоғистон Мудофаа вазирининг худди шундай йўл тутгани расман хабар берилган.
Россия Ўзбекистонда эвакуация рейсларида қайтарилганлар 14 кун карантин марказида сақланувчи давлатлар сирасига киритилган.
Худди шу воқеълик манзарасида Москвадан қайтгач, Ўзбекистон президентининг ҳам шундай қилиш-қилмаслиги шу кунларда кибер фазодагилар диққат-эътиборига тушган саволлардан бири экани кўрилади.
Москвадаги учрашув ва мулоқотлари чоғида икки давлат президентлари юз ниқобида кўрилишмаган.
Икковлоннинг ижтимоий масофа сақлашгани ҳам кўзга ташланмаган.
Россия президентининг коронавирусга мунтазам текширувдан ўтиб тургани эса, расман маълум қилинган хабар бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














