Ўзбекистон: Ўқитувчининг 6 ойи далада ўтган - вазир

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Xalqaro Press Klub

Сурат тагсўзи, Шерзод Шерматов таълим сифатининг пастлигида мажбурий меҳнатни айблаган

Халқаро пресс-клубнинг Фарғонадаги айни сессиясида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўқитувчиларнинг асосий вақти қишлоқ хўжалигидаги мажбурий меҳнатда ўтганини тилга олган.

"Охирги икки-уч йилда мактаб таълимидаги ислоҳот нимадан бошланди - ўқитувчини мактабга қайтаришдан, ўқитувчининг обрўсини қайтаришдан. Ўқитувчилар билан гаплашдим, Фарғона вилоятида, масалан, уч йил олдин ҳисоблайдиган бўлсак, бир йилда олти ой ўқитувчи далада бўлган. Пахтада бўлган, чопиқда бўлган", билдирган Шерматов.

"Олти ой далада бўлса, кўча супуриш бўлса, мана бундай ташриф бўладиган бўлса ҳам, биринчи балогардон ўқитувчи бўлган. Қанақа таълим сифати ҳақида гапириш мумкин?" қўшимча қилган вазир.

«Сквер»даги бинолар очиқ савдога қўйилади

Бундан бир неча кун аввал Тошкент шаҳри марказида жойлашган «Сквер» (Амир Темур хиёбони)даги йирик бинолар тендерсиз ноль қийматда "Форса Барса" масъулияти чекланган жамиятига бериб юборилаётгани тўғрисида хабарлар чиққан, блогерлар бу ҳолатни қаттиқ танқид остига олган эди.

Бироқ 9 июнь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги бу хабарларни рад этиб чиққан.

Агентликка кўра, Амир Темур хиёбони Бухоро ва Нуронийлар кўчалари кесишувида жойлашган Газеталар ишлаб чиқариш мажмуасининг бўш турган бинолар қисми ҳамда Бухоро кўчаси, 10-уй манзилида жойлашган собиқ Свердлов номидаги концерт зали "фойдаланилмай, эски кўринишга келиб қолган ва шаҳар кўркини бузиб турган бинолар" ҳисобланади ҳамда улар текинга берилмай, очиқ савдога қўйилади.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Social Media

"Агентликга айнан ушбу объектларга «Форса Барса» МЧЖ томонидан 5 йил муддат ичида 15 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, уларни тўлиқ реконструкция қилиш мажбуриятини олган ҳолда объектлар негизида гастроль-концерт фаолиятини ташкил этиш ва камида 150 та янги иш ўрнини яратиш шарти билан тўғридан-тўғри сотиб олиш бўйича мурожаат келиб тушган. Лекин, бу таклифлар рад этилган. Ушбу объектлар оммавий савдолар орқали сотилади. Ва энг яхши таклиф берган инвестор унга эга бўлади", дейилади агентлик матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Янги университет ташкил этилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Геология Фанлари Университети ташкил этилганини хабар қилган.

"Ҳ М Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, Минерал ресурслар институти, Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти, Нефть-газ конлари геологияси ва қидируви институти, Геология соҳаси кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Давлат геология музейи Университет таркибига киради", дейилади хабарда.

2020-2021 ўқув йили учун Университетга талабаларни қабул қилиш жараёни 1 сентябрга қадар ўтказилиши айтилмоқда.

Коронавирус: 18 - ўлим

9 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4448 (+8) нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси Тошкент шаҳрида аҳоли орасида аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда, дея хабар берган Соғлиқнни сақлаш вазирлиги.

BBC

Айни пайтда 3357 нафар бемор соғайган. 1073 бемор шифохоналарда қолмоқда.

Улардан 8 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Сешанба куни коронавирусга чалинганлар орасида 18 - ўлим ҳолати қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 76 ёшли эркак узоқ йиллар гепатит ва юрак-қон томир касалликларидан азият чекиб келган.

Марҳумнинг аёли, фарзанди ва набираларида ҳам коронавирус аниқлангани хабар қилинади.

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek