Ўзбекистон: Рус тилини билмайдиган ўзбекнинг ақли паст бўладими? O'zbekiston

Screenshot

Сурат манбаси, Screenshot

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Asiaterra.info сайтида "Ўзбекистон ҳукумати нега рус тилини сиқиб чиқаришга қарор қилди" номли мақола эълон қилинди. Бахтиёр Ирмуҳаммедов номли мақола муаллифи билдирган фикрларни эса ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегменти кескин норозилик билан кутиб олган.

Аслида, муаллиф томонидан Facebook'даги гуруҳлардан бирида ёзиб қолдирилган, кейинроқ Asiaterra.info сайти кўчириб босган ушбу мақолада рус тилининг Ўзбекистондаги жорий мавқейи, русийзабон аҳолининг ҳуқуқлари ҳамда ўзбек тили аҳамиятини оширишга ҳаракат қилаётган фаоллар тўғрисида сўз боради.

Муаллиф Адлия вазирлигининг давлат идораларида тил тўғрисидаги қонун талабларига амал қилмаган мансабдор шахсларни жаримага тортиш бўйича таклифига муносабат билдира туриб, айрим давлат ташкилотларида рус тилида фикрловчилар меҳнат қилиши ва бу таклиф қабул қилинса, уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлишини таъкидлайди.

Муаллифнинг фикрига кўра, вазирликнинг ушбу таклифи бошқа тиллар имкониятини чекламасдан, айнан, русийзабон фуқароларининг ҳуқуқларини топтайди ва "бу таклифдан мақсад аҳолининг мазкур қатламини онгли равишда Ўзбекистондан сиқиб чиқариб юборишдир".

Аммо мақоладаги ушбу сатрлар аксар ўзбекистонликларнинг ғазабини қўзитган:

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

"Айрим ташкилотларда давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига амал қилмаслик қасддан содир этилмайди, балки рус тилида фаолият юритиш қулайроқ ва тезкорроқдир. Лекин Тошкентга чекка шаҳар ва қишлоқлардан келган ва бунинг оқибатида керакли таълим ҳамда зеҳниятга эга бўлмаган миллатчилар бунда давлатчилик пойдеворига путур етишини кўрдилар. Бундан ташқари улар рус тилида эркин сўзлаша олмайдилар, шу сабабдан русийзабон ўзбеклар қаршисида ўзларини хароб ҳис қиладилар".

Муаллифнинг таъкидлашича, давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига амал қилишни таъминлашга қаратилган ушбу қонун лойиҳаси ортида, аввало, миллатчилар, сўнг "Адлия вазирлиги ва бошқа давлат бошқаруви органларига ўрнашиб олган Ғарб агентлари" ҳамда "рус тилини билмайдиган овсарлар" турибди.

"СССР ва совет таълим тизимининг қулаши ортидан пост-совет ҳудуд аҳолисининг салкам ялпи таназзули юзага келди. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолмади: айниқса, давлат бошқаруви органларида овсарлар сони осмонга сакради", дея ёзилади мақолада.

Бундан ташқари Asiaterra.info сайтидаги мақолага киритилмаган, аммо Facebook'да Ирмуҳаммедов томонидан қолдирилган бирламчи манбага назар ташланса, "агар ўртаҳол русийзабон ўзбек ва ўзбек тилида сўзлашувчи ўзбекнинг IQ даражаси ҳолис текшириб кўрилса, русийзабон ўзбек ютиб чиқиши тайин", деган жумлаларни ҳам ўқиш мумкин.

Бирламчи манбада Россия тил масаласи юзасидан Ўзбекистон ҳукуматига таъсир ўтказиши зарурлиги, йўқса, Россиянинг кўз ўнгида "иккинчи Украина" пайдо бўлиши ҳам таъкидланади.

Муаллиф ўзбек тили мавқейини оширишга чақирган блогер ва фаолларни миллатчига чиқаради ва қуйидаги сўзларни ёзади:

"Айнан руслар ва рус тили шарофати билан Ўзбекистон ўрта асрлар жаҳолатидан тараққий этган дунёга сакраб ўтди. Йўқса, биз ҳануз Афғонистон даражасида қолган бўлар эдик. Энди руслар ва рус тили юзига оёқ қўйиш - турган-битган пасткашликдир".

"Тил ақлий даражага таъсир ўтказмайди"

Бахтиёр Ирмуҳаммедовнинг 19 май куни Facebook'да қолдирган мазкур фикрлари Asiaterra.info сайтида чоп этилганидан сўнг жамоатчилик назарини торта бошлади.

Ижтимоий тармоқ ўзбек сегментидаги қатор фаоллар ва фойдаланувчилар бу мақолага нисбатан норозилик билдириб чиқдилар.

Тилшунос ва таниқли блогер Элдор Асанов ўзининг Facebook саҳифасида тараққий этган дунё тана ранги, миллат, дин ва тил инсоннинг ақлий салоҳиятига таъсир этмаслиги ҳақиқатини аллақачон тан олганини таъкидлаган.

"Бу мисол иштиёқлилик ва юқори тараққиётга даъво қилувчи русийзабон оломон замонавий трендлардан ортда қолгани ва нима учун Ғарбга интилиш ҳамда инглиз тилини ўрганиш зарурлигини кўрсатмоқда", деб ёзади Асанов.

"Афсуски, империалистлар ва ксенофоблар кун сайин баландроқ овозда қичқирмоқда, Россиядай улкан ва қудратли давлатнинг сиёсий элитаси ва катта гуруҳ зиёлилари уларни қўллаб-қувватлаши эса қўрқинчли бир иттифоқни вужудга келтирмоқда. Бу иттифоқ замонавий дунё трендларидан ортда қолиб кетгани, мустамлакачи ўтмишни тан олмаслиги, Россия империяси ва СССРнинг жиноятларини хаспўшлаши, ўзини бошқалардан ақлий устун деб ўйлаши, ирқчилик, ксенофобия ва миллатчиликни ўзига байроқ қилиб олгани эса янада қўрқинчлироқ," дея фикр билдиради Жаҳонгир Остон исмли Facebook фойдаланувчиси.

"Мана мен ўша қишлоқдан чиққан қипчоқ! Лекин мен 6 тилни биламан. Ўрис тилини билмаган, мендан 1000 баробар ақлли ўзбекларни танийман. Ўрис тилини билсам, кўпи билан 15 давлатда, инглиз тилини билганим учун камида 200 та давлатда сўзлаша оламан", деб ёзади бошқа бир Facebook фойдаланувчиси.

Айрим фойдаланувчилар сўнгги вақтларда тролл аккаунтлар томонидан тил ва миллатчилик мавзулари кўпроқ кўтарила бошлангани, улар миллатлараро низо тарқатишга уринаётганини таъкидлаган.

Би-би-си билан суҳбатлашган блогер Отабек Умарнинг фикрича, "ҳеч танимайдиган шахснинг ижтимоий тармоқда ёзганларига эътибор бериш шарт эмас", дейиш нотўғри бўлиши мумкин.

У ўзини бу фикрлар Asiaterra.info сайти томонидан кўчириб босилгани ҳайрон қолдирганини билдиради ва мақола муаллифи ҳамда сайт маъмурлари жавобгарликка тортилиши зарурлигини айтади.

"Ўзбек тилли сайтларда биз русийзабон ёки бошқа тилда сўзлашувчиларга нисбатан камситиш, ҳақорат сўзлари ишлатилганини ҳеч қачон кўрмаганмиз. Қайтанга, ҳатто, давлат тили ёқланган мақолаларда ҳам анчайин мўътадил, босиқ фикрлар ёзилади, одатда", сўзлайди Отабек Умар.

"Бундай мақолаларни тарқатиш - бу оддий провокация. Бундан ортиқ нарса эмас. Ва ўша сайтнинг эгалари ҳам буни яхшилаб тушуниб олиши керак".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek