Россия: Путин ўзбек тили масаласига аралашган Захаровани орден билан мукофотлади - O'zbekiston

Россия

Сурат манбаси, TASS

Россия Президенти Владимир Путин мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ахборот ва матбуот департаменти раҳбари Мария Захаровани "Шон-шараф" ордени билан тақдирлаган.

Бу ҳақдаги расмий хабарда айтилишича, 44 ёшли Захарова "ташқи сиёсий курсни тадбиқ этишдаги юксак хизматлари учун" мукофотланмоқда.

Охирги ҳафтада Захарова Россия ва Ўзбекистон ўртасида юз берган дипломатик можаро марказида эди.

Унинг 14 май куни Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритмаган давлат мансабдорларини жаримага тортиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси ҳақида билдирган фикри ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида қаттиқ норозиликларга сабаб бўлди.

Аввалига алоҳида депутатлар, орадан тўрт кун ўтиб эса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия вакилига давлат тили масаласи Ўзбекистоннинг ички иши эканини эслатган.

'Тарих руҳи'

Мария Захарованинг ўзбек тили ҳақидаги расмий шарҳи 14 май куни Москвада ўтган брифинг чоғида берилган саволга жавоб тариқасида янграган.

"Биз юқорида тилга олинган қонун лойиҳаси туфайли оммавий ахборот воситаларида юзага келган муҳокамага эътибор қаратдик. Шундай таассурот туғиладики, унинг тарафдорлари яққол кам. Изоҳларнинг кўпчилиги шундан далолат қиладики, расмий кундалик ҳаётда рус тилининг сақланиб қолиши тарих руҳи ва бизнинг муносабатларимизнинг ҳозирги сифатига, энг муҳими - ўқиш ва ишлаш борасида Россияни танлаётган кўп сонли Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига тўла мос келади", - деб айтган Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакиласи.

Захарованинг баёнотида назарда тутилган қонун лойиҳаси ўтган ой Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган, унда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилаш назарда тутилганди.

Адлия вазирлигининг изоҳ беришича, бу янги қонунчилик ташаббуси эмас, балки Ўзбекистонда 30 йилдан буён амалда бўлган "Давлат тили тўғрисида"ги қонун ижросини таъминлашга қаратилган ҳаракатдир.

Расмийлар ва қонунчилик палатасининг бу борада чиқиш қилган айрим депутатлари янги лойиҳа рус ёки бошқа тилларни касмитиши ё-да уларнинг кундалик ҳаётда ишлатилишини чеклашига доир айбловларни қатъиян рад этганлар.

Кечиккан жавоб

Расмий баёнотга орадан 4 кун ўтиб муносабат билдирган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "давлат тилини тартибга солувчи соҳага боғлиқ масалалар давлатнинг мутлақ ички сиёсатига дахлдор бўлиб, ҳар қандай аралашув асло мақбул эмас"лигини айтган.

Россия

Сурат манбаси, Mikhail Metzel

Сурат тагсўзи, Мирзиёев ҳокимиятга келгач Ўзбекистоннинг Россияга кўпроқ яқинлашиш жараёни бошланган

Аммо Ўзбекистон томонининг расмий баёнотида Мария Захарова ёки у расмий вакили ҳисобланган Россия Ташқи ишлар вазирлиги номлари тилга олинмайди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "хорижий давлатлар баъзи расмий шахсларининг оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда билдирган фикрлари" ҳақида гапирган.

Ўзбек томонининг баёнотидаги айни шу хусусга эътибор қаратган АҚШдаги Diplomat нашрининг ёзишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотни берган Россия Ташқи ишлар вазирлиги эмас, балки ўз фуқароларига муносабат билдиришни афзал кўрган.

Нашрнинг ёзишича, Путин ҳокимиятга келганидан буён Россия ўзининг зиддиятли мустамлакачилик ўтмишини қайта тиклашга қаратилган ташқи сиёсатни юритиб келади.

Совет ўтмиши собиқ мустамлака давлатларнинг ички ишларига аралашувда ҳамиша қулай восита бўлиб келган.

"Ва Мария Захарованинг "тарих руҳи" ҳақидаги сўзлари бу мунозарада ҳаммага жуда яхши маълум бўлган ибора", деб ёзади Diplomat нашри.

Мақола муаллифига кўра, расмий Тошкентнинг кечиккан муносабати, Ўзбекистон Россия етакчилигидаги ЕОИИга кузатувчи мақомида кираётган бир пайтда, айниқса, ёмон прецедент.

Россиянинг Болтиқбўйи, Грузия ҳамда Украина каби собиқ совет давлатларининг ички ишларига аралашиши янгилик эмас.

Аммо Мария Захарованинг баёноти мустақил Ўзбекистон тарихида унинг бу каби ички масаласига Россия вакилининг биринчи марта тўғридан-тўғри аралашуви бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek