Ўзбекистон ЕОИИга кирмагани Кремл жаҳлини чиқардими?

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакиласи Мария Захарова

Сурат манбаси, MID.RU

Кутилмаганда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг Ўзбекистондаги рус тили мақоми борасида баёнот билан чиққани ўзбекистонлик сиёсатчилар норозилигига сабаб бўлди.

14 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакиласи Мария Захарова брифинг ўтказган, у ерда Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритмаган давлат мансабдорини жаримага тортиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси ҳақидаги саволга жавоб берган.

"Биз юқорида тилга олинган қонун лойиҳаси туфайли оммавий ахборот воситаларида юзага келган муҳокамага эътибор қаратдик. Шундай таассурот туғиладики, унинг тарафдорлари яққол кам. Изоҳларнинг кўпчилиги шундан далолат қиладики, расмий кундалик ҳаётда рус тилининг сақланиб қолиши тарих руҳи ва бизнинг муносабатларимизнинг ҳозирги сифатига, энг муҳими - ўқиш ва ишлаш борасида Россияни танлаётган кўп сонли Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига тўла мос келади", дея қайди этди Мария Захарова.

Захарова хоним баёнотига муносабат билдирган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутати, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов ҳар қандай мустақил мамлакатда тил масаласи ўша мамлакатнинг ички иши эканини урғулади:

"Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили М.Захарова Ўзбекистонда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳаси бўйича муносабат билдирибди.

1. Суверен давлат ҳудудида тил масаласи тартибга солиниши унинг ички сиёсати масалаларига киради.

2. Рус тили бўйича Россия билан ҳамкорликда дастурларнинг амалга оширилиши бу юртимизда бошқа миллат вакилларига бўлган ҳурматимиз даражасини билдиради. Лекин Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили ҳисобланади ва давлат органларида иш давлат тилида юритилиши қонуннинг талабидир.

3. Захарова қайси асосга кўра қонун лойиҳасининг тарафдорлари камчиликни ташкил қилиши ва расмий иш юритувида рус тили тўлиқ сақланиб қолган, деган хулосага келди?

4. Давлат идораларида ўзбек тилида иш юритиш Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқаларимиз динамикасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги керак. Россия расмий вакили бу масаланинг Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига зид ёки зид эмаслиги бўйича фикр билдиришга ҳақлими?"

Апрел ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаган мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ва муҳокамага қўйди.

Бу янгилик Ўзбекистонда рус тили камситилаётгани ҳақидаги иғвогорона мақолаларга ҳам сабаб бўлди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг Ўзбекистондаги рус тили ҳақидаги баёноти Ўзбекистон Сенати ЕвроОсиё Иқтисодий иттифоқига кузатувчи мақомида қўшилиш ҳақида қарор қабул қилгани ортидан янгради.

Бундан уч кун олдин Ўзбекистон Олий Мажлисининг Сенати ўзининг тўртинчи ялпи мажлисини видеоконференция кўринишида ўтказди.

Ўзбекистон Сенати мажлиси

Сурат манбаси, Senat.uz

Сенаторлар Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиққанлар ва иттифоққа "кузатувчи давлат" мақомида қўшилишини ёқлаб овоз берганлар.

Овоз бериш жараёнида Ўзбекистоннинг 100 сенаторидан 91 нафари иштирок этган, шундан 71 нафари ЕОИИга кузатувчи бўлиб қўшилишни ёқлаб овоз берган.

16 сенатор Сенат қарорига қарши чиққан, тўрт сенатор эса бетараф қолган.

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси мамлакатнинг ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласини 28 апрел куни кўриб чиққан ва Қонунчилик Палатаси кузатувчи бўлиб қўшилишни маъқуллаган эди.

Ўшанда қарорни 86 депутат маъқуллаб овоз бергани, 32 нафари қарши чиққани, 14 депутат бетараф қолгани хабар қилинган.

Ўзбекистоннинг ЕврАзЭСга қўшилиши мавзуси жамиятдаги сўнгги йилларда энг қизғин муҳокама қилиб келинаётган сиёсий мавзу дейиш мумкин.

Аксар блогерлар ва фаоллар фикрича, бу Ўзбекистоннинг замонавий тарихидаги энг муҳим қарорлардан биридир.

Ҳатто, 2020 йил 28 апрели Ўзбекистон тарихида машъум кун сифатида қолади, дегувчилар ҳам топилди.

Номи қора иттифоқ

Кўплаб кузатувчилар ва таҳлилчилар ЕвроОсиё Иқтисодий иттифоқини Россия Президенти Владимир Путиннинг собиқ Совет Иттифоқини қайта тиклаш йўлидаги уринишлари инъикоси ўлароқ кўради.

Аммо иккинчи томон, хусусан, россиялик сиёсатчилар иттифоқ заминида ҳеч қандай сиёсий мақсад ётмаслиги, у пост-совет давлатларининг иқтисодий ҳамкорлигини ошириш йўлидагина ташкил этилганини таъкидлайди.

Бугунги кунда Евроосиё Иқтисодий иттифоқига собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия аъзо.

Молдова эса кузатувчи давлат мақомини олган.

Иттифоққа аъзо давлатлар ҳудудида ягона божхона назорати ўрнатилган.

Бундан ташқари, аъзо давлатларнинг фуқаролари меҳнат муҳожири сифатида ишлаётган мамлакатда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олишга мажбур эмас.

Иттифоқ дебочаси

Аслида, пост-совет ҳудудида иқтисодий иттифоқ ташкил этиш ғояси 1994 йили Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев томонидан ўртага ташланган эди.

Ўз вақтида жаноб Назарбоев пост-совет давлатларининг бештаси - Россия, Қозоғистон, Беларус, Қирғизистон ва Тожикистон иттифоқнинг доимий аъзолари, дея эътироф этиш фикрини қатъий ҳимоя қилган эди.

Шунингдек, Назарбоев, кейинчалик Украина, Озарбайжон, Арманистон ва, ҳаттоки, Грузия таркибидаги автоном республикалар - Жанубий Осетия ҳамда Абхазия Иттифоқнинг тўлақонли аъзолари бўлишлари мумкинлигини айтган.

Бироқ ўша пайтда Россиянинг Ғарб билан нисбатан илиқ муносабати, улкан иқтисодий қийинчиликлар, устига устак марҳум Борис Елциннинг МДҲ билан муносабатларга ҳафсаласизлик билан қарагани Назарбоев таклифининг воқеликка айланишига имкон бермаган ва йиллар давомида бу лойиҳа бошқа масалалар соясида қолиб кетган.

2011 йили ўша пайтларда Россия бош вазири бўлган Владимир Путин бу масалани 2012 йилда ўтиши режалаштирилган президентлик сайлови олдидан яна кун тартибига қўяди.

Ўшанда Путин 2000 йилда ташкил этилган Евроосиё Иқтисодий Жамияти ва Россия, Қозоғистон ҳамда Белорус ўртасида 2010 йилда ташкил қилинган Божхона Иттифоқи тажрибаларига таянган ҳолда бўлажак иттифоққа аъзо бўладиган давлатларда мисли кўрилмаган иқтисодий ўсиш бўлишини башорат қилади.

Бироқ ўша йиллардаёқ ғарблик сиёсатшунослар ва таҳлилчилар Путиннинг бу ташаббуси Россиянинг собиқ иттифоқ давлатлари устидан назоратни кучайтириш йўлидаги сиёсий қадами эканидан огоҳлантириб чиққанлар.

Мустақилликдан айрилиш қўрқуви

Ўзбекистонда Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш эҳтимоли юзасидан тарқалган хабарлар 2019 йилнинг кузида шов-шувга айланиб, кенг норозиликларга сабаб бўлди.

Норозилик кайфияти юқори эканига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг март ойида Евроосиё Иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомида иштирок этишни маъқуллаб, бу борадаги таклифни парламентга юборди.

Ундан аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Евроосиё блокига қўшилишнинг Ўзбекистон учун фойда ва зарарлари ўрганилаётганини айтган.

Феврал ойида Бош вазир Абдулла Арипов агар Ўзбекистон иттифоққа аъзо бўлса, Россияда меҳнат қилаётган икки миллиондан зиёд ўзбекистонликнинг патент юкидан халос бўлиши ва бу мамлакат иқтисодиёти учун фойда эканига билвосита ишора қилган ҳамда бу масалани парламент кўриб чиқиши лозимлигини билдирган.

Аммо мамлакатда депутатлар ва сенатор қарорини қўллаб-қувватлаётганлар ҳам йўқ эмас.

Уларнинг фикрича, ҳозирда Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожи Россия билан чамбарчас боғлиқ ва карантин чекловлари туфайли миллий иқтисодиёт оғир кунларни бошдан кечираётган бир пайтда "минтақадаги энг қудратли давлат билан ўчакишиб бўлмайди".

Парламентни қўллаб-қувватлаётганлар "кузатувчи давлат" мақомида бўлиш бугунги кунда Ўзбекистон учун сиёсий жиҳатдан энг хатарсиз йўл эканини айтади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek