Генерал Дўстум Афғонистон тарихидаги биринчи ўзбек маршалига айланди, қўшалоқ президент келишди – O’zbekiston, дунё ва ўзбеклар

Сурат манбаси, Getty Images
Генерал Дўстум Афғонистон тарихидаги биринчи ўзбек маршалига айланди - Афғонистонда бир вақтнинг ўзида расман қудратда бўлган иккита президент ярашди. Қудратни бўлишишга келишди.
Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг кўп сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.
Узоқ йиллик урушлар боис, Афғонистон аҳолиси бу яқин орада расман рўйхатдан ўтказилмаган эса-да, уларнинг сони турли манбаларда миллионларга нисбат берилади.
Муҳаммад Ашраф Ғани ва доктор Абдулла Абдулла ўртасидаги сиёсий келишув бугун, 17 май куни имзоланди.
Янги келишув Афғонистонда яна бир фуқаролар урушига етаклаши мумкинлиги айтилган бир неча ойлик сиёсий инқирозга якун ясаши кутилмоқда.
Битимга мувофиқ, фақат Муҳаммад Ашраф Ғанининг якка ўзи президентлик мақомини сақлаб қолди.
Доктор Абдулла Абдулла Афғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раислиги билан кифояланадиган бўлди.
Фақат сулҳ ва муроса масалаларида Афғонистонда президент Ғанидан кейин иккинчи қудратли шахсга айланди.
Икки сиёсий рақиб Вазирлар маҳкамаси таркибини танлашда ҳам тенг ҳуқуққа эга бўлишади.
Барча ҳокимларни ҳам биргаликда тайинлашади.
Аммо собиқ ижроий раис ва қўшалоқ президентдан биттаси - доктор Абдулланинг Афғонистон Олий давлат ва Миллий хавфсизлик кенгаши таркибига кириш-кирмаслиги ҳозирча очиқланмаган.
Ҳозирча имконли бўлган расмий хабарларда ноаён қолган.
Афонистон Олий миллий ярашув кенгаши шу йил март ойида тузилган.
Кенгашнинг толиблар билан афғонлараро мулоқотларга масъул бўлиши айтилган.
Айни шу мулоқотлар Афғонистонда доимий оташкесин ва кенг қамровли ҳукуматнинг шаклланишига йўл очиши умид қилинади.
Энди доктор Абдулла Абдулла раислик қилувчи бу кенгашнинг мавжудлиги ва фаолияти мамлакатда худди шу жиҳатдан муҳим, деб кўрилади.
Сайлов ва қўшалоқ президент

Сурат манбаси, official
Шу йил 9 март куни Афғонистоннинг бу яқин тарихида кузатилмаган воқеълик юз берган.
Бир вақтнинг ўзида икки мухолиф сиёсатчи президент этиб расман қасамёдга келтирилган.
Афғонистонда сўнгги президент сайлови ўтган йил сентябрь ойида бўлиб ўтган.
Сайловда бу гал ҳам амалдаги Президент Муҳаммад Ашраф Ғани ва ижроий раис доктор Абдулла Абдулла асосий рақиблар бўлишган.
Якуний натижалар беш ойлик кечикиш ортидан, шу йил февраль ойида эълон қилинган.
Унда яна амалдаги президент Муҳаммад Ашраф Ғани ғолиб чиққани айтилган.
Доктор Абдулла жамлоғи бу гал ҳам натижалар сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортган.
Параллел қасамёдга келтириш маросими маҳаллий ва халқаро воситачилар томонларни бир муросага келтириш ҳаракатида бўлган бир манзарада бўлиб ўтган.
Бу каби ғайриодатий воқеълик улар уринишларининг чиппакка чиққани далолати сифатида баҳо топган.
Собиқ ижроий раис сўнгги сайловда расман мамлакат ўзбекларини ҳам намоён этган.
Афғонистон тарихида биринчи ўзбек вице-президент бўлган генерал Дўстум девони раҳбари сайловда унинг иккита муовинидан биттаси бўлиб қатнашган.
Иноятуллоҳ Бобур Фараҳманд ўшанда доктор Абдулланинг биринчи вице-президенти ўлароқ расман қасамёд келтирган.
Хавотирлар

Сурат манбаси, official
Миллий муаммолар ҳануз анчайин ҳассос бўлган бу мамлакатда қўшалоқ президентлик нимани англатиши номаълум қолган.
Аммо мавжуд ҳолат янги сиёсий бўҳрон ва яна бир фуқаролик уруши истиқболига оид хавотирларни ўртага отмай қолмаган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи, устига устак, Толибон ҳаракати 18 йил деганда илк бор афғон ҳукумати билан афғоанлараро мулоқотга киришиши кутилаётган бир пайтга тўғри келган.
Қўшалоқ президентлик Афғонистонда доимий оташкесин истиқболини ҳам жиддий хавф остига қўйишига оид ташвишлар озмунча бўлмаганди.
Кобулдаги мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, бир томондан, АҚШ, Европа Иттифоқининг молиявий босимлари, иккинчи тарафдан глобал коронавирус пандемияси ва кучайиб бораётган зўравонликлар алал-оқибат ўз сўзини айтган.
Икки сиёсий мухолиф бир тўхтамга келиш, қудратни бўлишишга келишиб олишган.
Мухбиримизга кўра, ҳар икки томон ҳам янги битимдан мамнун қолишган.
Икки мухолиф сиёсатчи ўртасидаги келишув, бошқа томондан, барча мусулмонлар учун бирдек муқаддас Рамазон ойида имзолангани билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Сурат манбаси, Getty Images
Бугун имзоланган янги келишувга мувофиқ эса, генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистон тарихидаги учинчи маршалга айланган.
Бунга қўшимча, Афғонистон Олий давлат ва Миллий Хавфсизлик кенгашлари таркибига кириши ҳам маълум бўлган.
Маршаллик Афғонистон Қуролли кучларида энг Олий ҳарбий рутба саналади.
Расмий Тошкент ҳозирча жим

Сурат манбаси, official
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади. Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси саналади.
Минтақанинг хавфсизлик билан боғлиқ вазияти, йилларки, расмий Тошкентнинг диққат-эътиборида бўлган мамлакати бўлади.
Афғонистон янги Ўзбекистон ҳукумати минтақавий ташқи сиёсати диққат-марказида турган ва расмий Тошкент ҳар томонлама алоқаларини мустаҳкамлаш илинжида бўлган яна бир минтақа давлати экани кўрилади.
Афғонистон, бошқа томондан, Покистон билан бирга илдизлари асли Ўзбекистонга бориб тақалувчи энг йириги илова қатор ўзбек жангари гуруҳлари жанг қилган, бошпана топган ва жон сақлаб келаётган иккита минтақа мамлакатидан биттаси саналади.
Расмий Тошкент Афғонистондаги тинчлик жараёнларида муҳим дипломатик воситачилардан бири сифатида ҳам кўрилади.
Ҳозирча толиблар билан дунё миқёсида катта умид кўзлари тикилаётган афғонлараро мулоқотларнинг аниқ қачон бошланиши маълум эмас.
Воқеларнинг сўнгги ривожига Ўзбекистон томонининг расмий муносабати ҳозирча имконли эмас.
Аммо Президент Шавкат Мирзиёев қўшалоқ қасамёдга келтириш маросими ортидан Афғонистонга сим қоққан.
Муҳаммад Ашраф Ғани билан гаплашиб, уни президент сайловидаги ғалабаси билан расман қутлаганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













