Коронавирус, Ўзбекистон: Картошкага нима бўлди? - O'zbekiston

Ўзбекистон

29 март куни Ўзбекистон бозорлари ва йирик супермаркет тармоқларида харидорлар оқими кескин ошгани кузатилган.

Бундай ҳолат сезиларли тақчилликка сабаб бўлмаган бўлса-да, мамлакатнинг турли бурчакларидан бир муҳим озиқ-овқат маҳсулоти - картошканинг нархи кўтарилиб кетгани, ҳатто, унинг сотувда йўқолиб қолгани тўғрисида хабарлар кела бошлаган.

Би-би-си мухбири ушбу хабарларда қанчалик жон борлигини текшириб кўрди.

Якшанба куни харидлар билан юз берган ҳолатни айримлар 30 март тонгидан автотранспорт воситалари ҳаракатланишига чеклов қўйилиши борасидаги ҳукумат қарори билан боғлаган.

20 апрелга қадар кучда бўлувчи ушбу қарор одамларни машина борида улгуржи бозорлик қилиб олишга ундаганига ишонилади.

Бироқ картошканинг тўсатдан тақчил маҳсулотга айланиб қолгани эса кўпчиликни таажжублантирган.

Ижтимоий тармоқларда одамлар турли ҳудудлардаги вазиятни тасвирлай бошлаганлар.

«Бугун Абай кўчасидаги Корзинкада 50 киши картошкага ташланиб қолишди. Уларнинг ўрнига ўзим уялиб кетдим», деб ёзади Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Якшанба куни, ҳатто, улгуржи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиладиган Қўйлиқ деҳқон бозорида ҳам картошка «тортилиб қолгани» ҳақида хабарлар чиққан.

«Қўйлиқда уруғлик, майда картошка сотишяпти. Ейиш мумкин бўлган картошкани тополмайсиз», дея ёзади бошқа бир фойдаланувчи.

Ўзбекистон

Аксар фойдаланувчилар ваҳима харидлар туфайли шундай ҳол юзага келгани, қисқа вақт ичида тақчиллик бартараф этилишини тахмин қилганлар.

Ҳақиқатан, 30 март тонгидан бозорларга картошка «қайтгани» айтилган постлар пайдо бўлган.

"Кечаги ур-йиқитдан сўнг шаҳар дўконларида картошка бемалол сотилмоқда. Нархи кг - 6.000 сўм", хабар беради бир Facebook фойдаланувчиси.

Аммо бир кун ичида картошканинг нархи сезиларли қимматлашгани аксар фойдаланувчиларнинг назарига тушган.

Бундан ташқари фойдаланувчилар картошка тақчиллиги ҳали ҳам мавжудлигини маълум қилганлар.

Супермаркетда бори бозорда йўқ

Би-би-си мухбири пойтахтнинг Чилонзор туманида жойлашган супермаркетлардан бирида 29 март куни йўқ бўлган картошка 30 мартдан яна сабзавотлар растасига «қайтгани»га гувоҳ бўлган.

Бироқ у картошканинг нархи бироз ошганини пайқаган.

Ушбу супермаркетга яқин жойлашган Фарҳод деҳқон бозорида эса мухбир сотувчи ва харидорлар деярли йўқлигини кўрган.

Хусусий тадбиркорларга тегишли савдо расталарида эса картошка умуман кўринмас эди.

Сотувчилардан бири Би-би-сига бутун бозор бўйлаб фақат бир ярим қоп картошка қолганини маълум қилган.

Аммо қолган картошка ҳам майда, сифатсиз, устига-устак, одатдагидан қиммат (4,500 сўм) бўлганидан уни ҳеч ким олмаётган эди.

Ўзбекистон

Бозор ташқарисидаги арзонлаштирилган маҳсулотлар сотилувчи махсус майдончада эса картошка етарли миқдорда бўлиб, у 2,700 сўмдан сотилаётган эди.

Харидорларнинг эса фақат бир турда сотилаётган ушбу картошканинг «майда ва овқатга ишлатиб бўлмаслиги» борасидаги ўзаро суҳбати қулоққа чалинар эди.

Сотувчилар картошка таъминотида нега муаммо юз берганидан бехабар эканликларини маълум қилдилар.

'Хавотирга ўрин йўқ'

Картошка билан юзага келган ҳолатга, ҳозирча, расмий изоҳ берилмаган бўлса-да, Давлат солиқ қўмитаси раиси Абдулла Азизов одамларни хавотирга тушмасликка чақирган.

"Кеча шошиб хавотирга тушганлар диққатига:

- Магазинлар ишлаяпти

- Озиқ овқат етарли

- Бугун Корзинкада картошканинг нархи 3500

Ҳаммадан катта илтимос, хавотирга тушманглар. Ҳар кимни гапига ишонманглар. Соғ бўлинглар ва ўзларингни асранглар", дея 30 март куни ўзининг Facebook саҳифасида хабар қолдирган ушбу мулозим.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса 30 мартдан автомашиналар ҳаракатининг чекланиши пойтахтга озиқ-овқатнинг олиб кирилмаслигини англатмаслигини таъкидлаб, одамларни тартибни сақлашга чақирган.

«Бугун шаҳримизнинг кўплаб бозорлари ва дўконларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига навбат кузатилди. Бу эса карантин талабларига зиддир. Шу сабаб аҳолимизга мурожаат қилиб, захирада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етарли эканлигини, бозор ва дўконлар бундай маҳсулотлар билан мунтазам таъминланишини маълум қиламиз», хабар қилган ҳокимлик матбуот хизмати.

Расмийлар вазият назорат остида эканини айтаркан, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи маҳаллий тадбиркорлардан бири Би-би-сига картошка танқислигига ҳукуматнинг озиқ-овқат хавфсизлиги сиёсатидаги камчиликлар сабаб бўлганини билдирди.

"Чунки Ўзбекистон ўз деҳқонларини охирги 3 йил давомида ҳимоя қилмади. Россия, Покистон давлатларидан кириб келиши килосига 1,000 сўмдан арзонроқ бўлган истеъмол картошкаси билан бозорни тўлдириб ташлади".

"Натижада маҳаллий картошка етиштирувчилар синди, чунки Ўзбекистонда 1 кг картошка ишлаб чиқариш 1,000-1,500 сўм оралиғига тўғри келади", дейди ушбу тадбиркор.

BBC