Ўзбекистон-Россия: Мигрантларнинг жасадлари ҳақида ҳозир ким қайғурмоқда?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бу саволнинг яна кун тартибига чиқишига мамлакатларидаги иқтисодий бўҳрондан қочиб, Колумбиядан бошпана топган юз минглаб венесуэлаликларнинг аянчли тақдирлари сабаб бўлган.
Хабарларга кўра, улардан аксарияти бугун муҳожиратда вафот этган яқинларини дафн эта олмаслик даражасида ночор.
Агар, сўзларига ишонилса, бу муҳожирларни ўз консулликлари ҳам, маҳаллий масъуллар ҳам ташлаб қўйишган.
Аммо колумбиялик оддийгина бир аёл - Сониа Бермудез уларнинг жонларига кирган.
Қўлбола қабристон барпо этиб, муҳожиратда кўз юмган венесуэлаликларни текинга дафн этишни бошлаган.
Унинг айтишича, буни ўзига фарз, деб билади ва чорасиз аҳволда қолган муҳожирлардан кўмагини бундан буёғига ҳам дариғ тутмайди.
Россия ва Ўзбекистон

Сурат манбаси, GettyImages/Vyacheslav Prokofyev
Худди шунга ўхшаш муаммо четда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликлар учун ҳам яқин-яқингача энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келган.
Турли сабаблар туфайли муҳожиратда вафот этган ўзбекистонликларнинг жасадларини ортга қайтариш яқинларининг зиммасидаги иш бўлиб келган, ҳукумат бу ишга деярли эътибор қаратмаган.
Энг катта сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида банд мамлакат эса, йилларки, Россия бўлиб келган.
Агар, биргина расмий рақамларга таянилса, ҳозир ҳам Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларнинг сони бир миллиондан ортади.
Россиядан Марказий Осиёга ҳар йили 7 ярим мингдан зиёд меҳнат муҳожирининг тобути юборилса, улардан энг кўп фоизи ўзбекистонликларники экани ишонилади.
Аммо жасадларни Россия ўликхоналарида сақлаш ва самолётда Ўзбекистонга юбориш харажатлари озмунча бўлмаган.
Нақд пулга чаққанда, ҳозир ҳам бу сарф-харажатларнинг 120-150 минг рубль атрофида айланиши айтилади.
Натижада, марҳум яқинларининг қарз кўтариш, пул йиғиш ва Россиядаги қолган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ёрдам тариқасида берган хайрия пулларига орқа қилишдан бошқа чоралари бўлмаган.
Россиядаги маҳаллий фаолларга кўра, яқинларининг дараги чиқмаган пайтларда, ўзбекистонлик мигрантларнинг ўликхоналар томонидан мусулмон қабристонларига дафн этилиш ҳоллари ҳам кузатилган.
Ортга юбораётган миллиардлаб доллар пуллари мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бу каби вазиятда қолаётган бир пайтда, дейлик, тожикистонлик меҳнат муҳожирлари мисолида бу иш, йилларки, ҳукумат миқёсида ўзининг эътиборини топиб келган.
Тожикистон томонидан махсус самолёт ажратилган, тожик мигрантларининг жасадлари Россиядан ватанларига текинга етказилган. Бу эса, уларнинг бир оғирини қисман енгиллаштирган.
Янги президент ва янгича сиёсат

Сурат манбаси, GettyImages/ALEXANDER UTKIN
Аммо Ўзбекистонда янги президент қудратга келиши ортидан, расмий Тошкентнинг миграция ва мигрантлар масаласига бўлган ёндашуви ҳам ижобий томонга кескин ўзгарган.
Россияда Ўзбекистон консулликлари сонини ошириш ва миграция идоралари ваколатхоналарини очишга қарор қилинган.
Жорий йилнинг март ойида эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори бу каби вазиятларга ҳам ўзгартириш киритган.
Эндиликда фавқулодда вазиятларда жабрланган ўзбекистонликларга ҳам Ўзбекистон ҳукумати томонидан ёрдам кўрсатила бошланган.
Орадан ярим йилдан кўпроқ вақт ўтаркан, бу қарор амалда қанчалик ўзининг ижросини топмоқда?
Колумбиядаги сўнгги хабар манзарасида Би-би-си Ўзбек Хизматининг Москвадаги мухбири Соҳиба Ҳаёт билан бу саволга жавоб изладик.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












