Толибон қизларнинг мактабга қайтишига рухсат бериш режаси ҳозирча йўқлигини билдирди

Сурат манбаси, EPA
Якшанба куни Толибон вазири Афғонистонда хотин-қизлар таълимини қайта йўлга қўйишга етарли шарт-шароит ҳали яратилмагани ҳақида гапирган.
25 август куни Афғонистон олий таълим вазири вазифасини бажарувчи Нидо Муҳаммад Надим матбуот анжумани ўтказган.
Вазирликнинг бир йиллик фаолияти сарҳисоб қилинган анжуманда Надим журналистларнинг қизлар таълимига оид саволига ҳам жавоб қайтарган.
Ўз жавоби билан вазир Толибон ҳукуматининг қизларнинг мактабга қайтишига яқин орада рухсат бериш нияти йўқлигини очиқлаган.
Надимнинг сўзларига кўра, Афғонистонда хотин-қизлар учун мактаб ва университетларни қайта очиш йўлидаги "зарур шарт-шароитлар ҳали яратилмаган".
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Уламолар тадқиқот ўтказишда давом этмоқда. Агар улар тадқиқот якунида аёлларнинг шу шаклда таълим олиши жоиз, деган хулосани берса, у ҳолда, рухсат берилишига ишонч билдириш мумкин", дея Толибон вазиридан иқтибос келтирган маҳаллий ToloNews нашри.
Бироқ Надим ўзи тилга олган шарт-шароитлар нимадан иборат экани ёки айнан қандай тадқиқот ишлари ўтказилаётгани ёда тилга олинган тадқиқот ишларининг эҳтимолий якунланиш муддатини очиқламаган.

Шунингдек, олий таълим вазири в.б. "айрим шахслар қизлар таълимига оид асоссиз фикрлар тарқатаётгани"ни тилга олиб, одамлар талабини қондириш Ислом қонунларини бузиш эвазига амалга оширилиши мумкин эмаслигини таъкидлаган.
Толибон расмийсининг бу гаплари ўтган ҳафтада Афғонистонда хотин-қизлар ҳуқуқ-эркинликларини янада чекловчи ахлоқ нормалари тўғрисидаги қонун кучга кириши ортидан чиққан.
1,000 кунлик марра
Айни вақтда Афғонистон хотин-қизлар таълимини расман тақиқлаган жаҳондаги ягона давлатдир.
2021 йил августида Афғонистондаги ҳокимиятни эгаллашидан бир ой ҳам ўтмай, Толибон қизларнинг бошланғич таълимдан кейин мактабда ўқишини тақиқлаб қўйган.
2022 йил декабрида эса хотин-қизларнинг олийгоҳда ўқиши ҳам тақиқланган.
Дунё ҳамжамияти бу тақиқларни кескин қоралаб келишига қарамай, гуруҳ ўз қарорини ўзгартирмаган.
ЮНEСКО маълумотларига кўра, ҳозирда мактаб ёшидаги 2,5 миллион афғон қизларининг 80 фоизи таълим олиш ҳуқуқидан маҳрумлигича қолмоқда.
Ўтган йили ташкилот "бутун бошли авлод тақдири жиддий хатар остида қолаётгани"дан огоҳлантириб чиққан эди.
Бошқа халқаро ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари хотин-қизларнинг таълим ҳуқуқидан мосуво қилиш нафақат базавий инсон ҳақларини поймол этиш, балки бу қарор болалар меҳнати ва эрта мажбурий турмуш қуриш даражасини ҳам кескин ошириб юборишидан жар солиб келади.
Британиядаги "Миллий таълим иттифоқи" ўқитувчилар касаба уюшмаси 13 июнь куни Афғонистонда қизларнинг мактабга боришига тақиқ қўйилганига 1,000 кун тўлганини ёдга олган.
Касаба уюшмасининг таъкидлашича, мамлакатда хотин қизлар нафақат таълим ололмаяпти, балки уларнинг таълим бериши ҳам тақиқланганидан афғонистонлик минглаб аёл ўқитувчилар янада оғир иқтисодий вазиятда қолмоқда.
Соқолдан тортиб мусиқагача

Сурат манбаси, AFP
Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганининг уч йиллигини нишонлаганидан кўп ўтмай - 21 август куни асосан аёллар ҳуқуқ-эркинликларини янада чекловчи янги ахлоқ нормаларини жорий этган.
Толибон етакчиси Ҳибатуллоҳ Охундзода маъқулловидан сўнг Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги томонидан эълон қилинган нормалар жамоат транспортида юриш, мусиқа тинглаш, соқол қўйиш, тантаналарни нишонлаш каби аҳолининг кундалик хатти-ҳаракатларини тартибга солишга қаратилган.
35 моддадан иборат ҳужжатда аёлларга юзини жамоат жойида доимо ёпиб юриш буюрилади, шунингдек, ҳарир, торт ва калта кийим кийиш тақиқланади.
Бир вақтнинг ўзида янги нормалар билан аёлларнинг жамоат жойида овозини эшиттирмаслик ва қон ёки никоҳ билан боғланмаган эркакларга қарамаслик ҳам буюрилган.
Нормаларда умумлаштирувчи тартиб-қоидалар ҳам мавжуд бўлиб, улар автомашинада ёлғиз аёл йўловчиларни олиб юриш, мусиқа эшитиш, бир-бирига қариндош-яқин бўлмаган эркак-аёлларнинг уловда бўлишини тақиқлайди ҳамда ҳайдовчи ва йўловчиларга белгиланган вақтда ибодат қилишни ўтказиб юбормаслик мажбуриятини юклайди.
Ҳужжатда соқол қўйиб юриш, жонли мавжудотлар тасвирларини эълон қилишдан тийилиш талаблари ҳам илгари сурилган.
Янги нормаларга амал қилинишини таъминлаш вазифаси Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлигига юклатилган.
Вазирлик ҳуқуқбузарларга огоҳлантириш бериш ёки уч суткага қадар қамоққа ташлаш ҳуқуқига эга бўлган. Лозим топилган ҳолатларда ҳуқуқбузарнинг мулки мусодара қилиниши ҳам мумкин.
Якшанба куни БМТ Толибоннинг янги ахлоқ нормаларини танқид қилиб чиққан.
Ташкилотнинг Афғонистондаги ёрдамчи миссияси раҳбари Роза Отунбаева ўнлаб йилларга чўзилган урушдан сўнг афғон халқи бундан кўра кўпроқ нарсага ҳақли экани, дунё Афғонистонни тинчлик ва фаровонликка эришишини исташини таъкидлаган.
"Афғон халқи ҳуқуқларини янада чеклаш ва уларни доимий қўрқувда сақлаш бу мақсадга эришишни янада қийинлаштиради", деган Отунбоева.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














