Путиннинг сўнгги дўстлари: Нега Марказий Осиё давлатлари Кремль таъсиридан чиқиб кета олмаяпти? Видео

putin

Сурат манбаси, Press service of Uzbek president

Сурат тагсўзи, Беларусь ва Марказий Осиё лидерлари охирги икки йилда Путиннинг қарийб ягона меҳмонларига айланган.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Охирги икки йилда Россия президенти атрофида, асосан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қолгандек…

Куба, Лаос, Беларусь, Гвинея-Биссау ва беш Марказий Осиё давлати - бу давлатлар раҳбарлари президент Владимир Путиннинг энг севимли байрами экани айтиладиган охирги Ғалаба парадида қатнашган олий мартабали меҳмонлар бўлдилар.

Бугунги кунда Россиянинг ёнида тилга олинган шу давлатларгина қолгандек туюлади.

Айрим таҳлилчилар Марказий Осиё раҳбарлари Россия президентига маънан яқинлиги иддао қилса, бошқалар минтақа давлатлари Москва билан дўст бўлишга мажбурлигини таъкидлайди.

Би-би-си билан гаплашган сиёсий таҳлилчи Рафаэл Сатторов эса мутлақо бошқача қарашни илгари суради.

Унинг фикрича, минтақадаги режимлар Россияни ўзларининг барқарорлиги кафолатчиси ўлароқ кўради ва шу сабабдан ҳам яккаланган Путиннинг ёнида қолмоқда.

Бу борадаги махсус видеобаҳсни кўринг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Руминия ё Югославия…"

Таҳлилчилар Россиянинг Украинага босқини, аввалига, ҳаммадан ҳам кўра Марказий Осиё давлатларини чўчитиб юборганини айтади.

Уруш минтақа, хусусан, Ўзбекистондаги фаол қатламни кўпроқ ташвишга солган, Марказий Осиё давлатлари Россиянинг навбатдаги нишонига айланиши мумкин, деган қўрқувни кучайтирган.

Шундай манзарада минтақадаги режимлар ўзини Москвадан узоқроқ тута бошлагандек кўринган.

Масалан, урушнинг илк даврида Ўзбекистон Россиянинг босқин бошлашига асосий баҳоналаридан бўлган ўзини Донецк Халқ Республикаси ва Луганск Халқ Республикаси, дея атовчи бўлгинчи тузилмалар мустақиллигини тан олмаслигини таъкидлаган.

Минтақа раҳбарларининг Ғарбга, Ғарб дипломатларининг минтақага қатнови кўпайган.

putin

Сурат манбаси, Press service of Kazakh president

Сурат тагсўзи, Таҳлилчи Рафаэл Сатторов минтақа давлатларини Совуқ уруш даврида ҳам СССР, ҳам Ғарб билан алоқаларни мувозанатда ушлашга ҳаракат қилган Югославия ва Руминияга ўхшатади.

Бироқ уруш бошланганидан икки йилдан кўпроқ вақт ўтиб, манзара ўзгарди: минтақадаги беш давлат президенти кўп векторли дипломатияни сақлаб қолган ҳолда, бугун Россияга ҳам серқатнов.

Улар халқаро сиёсий майдонда қарийб яккалаб қўйилган Путиннинг расмий бўладими, норасмий бўладими — барча тадбирларидаги асосий меҳмонлар.

АҚШда яшаётган таҳлилчи Рафаэл Сатторов минтақа ва Россия ўртасида яқин муносабатлар сақланиб қолаётганининг уч асосий сабаби борлигини тилга олади.

Алоқадор мавзулар:

"Марказий Осиё давлатлари Совуқ уруш давридаги Руминия ёки Югославияни эсга солади. Бир вақтлар бу икки давлат маънан СССРга яқин бўлсада, Москвадан масофа сақлаб туриш учун Ғарбдан кредитлар олиб, ўйин қилишар эди. Ғарбдан Чаушеску Руминиясига ҳам, Югославияга ҳам катта-катта маблағ келиб, уларни кредитларга наркотикдек ўргатиб қўйганди", дея биринчи сабабни изоҳлайди таҳлилчи.

Сатторовнинг давом этишича, Марказий Осиёнинг Россиядан узоқлашишига йўл қўймайдиган иккинчи сабаб - бу иқтисодий боғлиқлик.

"Қозоғистоннинг Европага нефть экспорти учун зарур қувурлар Россиядан ўтади. Минтақанинг транспорт-логистика тизимлари ҳам Россия билан боғланган. Айтайлик, Европага юк ташиётган машиналар ҳам Россия ҳудудидан ўтишга мажбур", тушунтиради у.

Сатторов Россия нега Марказий Осиёда ҳамон кучли таъсирини сақлаб қолаётганининг учинчи сабабини шундай изоҳлайди:

"Тўғри, кўплаб экспертлар бунга шубҳа билан қарашади, лекин мен ишонаман - Россия минтақадаги режимларнинг қулаши ёки бирор сиёсий ўзгаришга (учрашига) йўл қўймайдиган давлатдир. Агар минтақанинг бирон давлатида беқарорлик юзага келса, Россия ўзининг пропаганда ресурслари, БМТдаги вето ҳуқуқи билан вазиятни изига қайтариши мумкин. Масалан, Россия Суриядаги Башар ал-Ассад режимини қулашдан асраш учун ҳеч нарсани аямади. Бу эса кўплаб авторитар давлатларга Россия ҳар қандай ёмон ҳолатда ёрдамга келади қабилида мотивация берди".

"Парадга бормаслик керак эди"

putin

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Сурат тагсўзи, Минтақа лидерлари Украинага босқин бошланганидан бери кетма-кет иккинчи йил Москвадаги Ғалаба парадида тўлиқ таркибда иштирок этган.

Президент Путин Украинага бостириб кириши туфайли халқаро майдонда яккалаб қўйилгунга қадар ҳам Россияда дўст бўлмаган давлатларнинг расмий рўйхати мавжуд эди.

Аввалига АҚШ ва Чехия рўйхатдан жой олган бўлса, урушдан сўнг Россия ҳукумати яна ўнлаб давлатларни бу қора рўйхатга киритган.

Ўз навбатида, дўст давлатларнинг ҳам ярим расмий рўйхати ва рейтинги мавжуд.

Рейтингни тузган россиялик экспертлар пост-совет ҳудудидаги халқаро тан олинмаган Жанубий Осетия ва Абхазия дохил 10 та давлат Россия билан дўстона алоқага эгалигини қайд этган, Ўзбекистон рейтингда 6-ўринни эгаллаган.

Би-би-си билан суҳбатлашган бошқа бир сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов халқаро муносабатлар учун ғалати феномен бўлмиш "дўст давлат" жуда мавҳум тушунча эканини айтади.

putin

"Россия билан яхши алоқаларни ушлаб турган, борди-келди қилиб, ҳамкорликни давом эттираётган давлатлар, десак балки холисона бўларди. Чунки қучоқлашиб кўришиб, камерага қараб, жилмайиш дўстлик бўлавермайди. Стратегик жиҳатдан бу атамага аниқлик киритиш керак бўлади", дейди таҳлилчи.

Толипов, шунингдек, Марказий Осиё лидерларининг Путин учун муҳим тадбир экани айтиладиган зиддиятли Ғалаба парадига бориши "тўғри иш бўлмаган"ини таъкидлайди.

Украинада уруш бошланганидан бери Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари кетма-кет иккинчи йил тўлиқ таркибда бу тадбир меҳмони бўлганлар.

"Авваллари Совет Иттифоқи даврида парадда намойиш этилган техникалар совет қуроли деб аталарди, Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган совет жангчилари, деган руҳда тадбир бўлиб ўтарди. Ҳозирги параддаги қурол-аслаҳа умумий эмас, у фақат Россияники. Бундан ташқари, Россия шу қуроллар билан Украинада жанг қиляпти. Ҳозир парадда қатнашиш нозик масалага айланиб қолди. Шу сабабдан биз Қизил Майдондаги тадбирда қатнашиб, бошқа давлатга қарши уришаётган мамлакатни қўллаб-қувватлагандек кўриниб қолдик", дейди таҳлилчи.

"Океанга чиқишнинг риски кўп"

Бир вақтнинг ўзида, Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистон ва Қозоғистон Россияга қарам бўлиб қолмаслик учун кўп векторли дипломатияни кенгроқ ишга солишга ҳаракат қилмоқда қабилидаги қарашлар ҳам мавжуд.

Айрим таҳлилчилар бу икки қўшни бошқа давлатлар, мисол учун, Хитой билан алоқаларни кучайтириб, мувозанат шакллантиришга уринаётганини тилга олади.

Бир вақтнинг ўзида, охирги йилларда Ўзбекистон меҳнат миграцияси, транспорт-логистика масалаларида Россияга қарамликни камайтиришга бел боғлагандек кўринмоқда.

Мамлакат ҳукумати анча йиллардан буён ишлаш учун асосий манзил сифатида Россияга боришга мажбур бўлиб келган фуқаролари учун ривожланган мамлакатлардан иш топиб бериш ҳаракатларини бошлаган.

Таҳлилчи Фарҳод Толипов айнан меҳнат мигрантлари масаласида бошқача фикрда эканини билдиради.

"Аслида Россия минтақадан бораётган ишчи кучига қарам", таъкидлайди у.

Толипов минтақа давлатлари транспорт-логистика йўлларини ҳам диверсификация қилиш устида ишлаётганини қўшимча қилади.

putin

"Транспорт йўллари масаласида бир давлатга боғлиқ бўлиб қолиш азалдан жиддий масала бўлиб келган. Ҳозирги вазиятда бу янада долзарблашган. Ҳозир минтақа давлатлари Каспий денгизи, Кавказ орти ҳудуди орқали Европага чиқиш йўлларини кўрмоқда. Буёқда яна Эрон ҳамда Афғонистон орқали янги йўллар очиш устида ишлар кетмоқда".

Чиндан ҳам, Афғонистон ва Покистон орқали Ҳинд океани портларига йўл очиш - Мирзиёев ҳукумати ўз олдига қўйган муҳим мақсадлардан бири.

Бироқ таҳлилчи Рафаэл Сатторов жаҳон бозорига чиқишдаги Россияга қарамликни камайтириш йўлида қилинаётгани айтиладиган бу ниятни амалга ошириш борасида некбин қарашда эмаслигини айтади.

"Бу икки давлатдаги вазият жуда беқарор. Хитой ҳам Покистонга жуда катта миқдорда инвестиция киритган, лекин шу пайтгача деярли ҳеч нарсага эришмаган. У ерда турли бўлгинчи, террорчи гуруҳлар бор. Масалан, Исломобод билан ҳар қандай келишувга эришиш мумкин, лекин жангари кучлар бу келишувларни йўққа чиқарадилар, юкларга ҳужумлар уюштирадилар. Афғонистонда ҳам шу аҳвол".

Сатторов табиий қийинчиликлар туфайли Каспий денгизи ва Эрон орқали ташқарига йўл очиш расмий Тошкент учун осон бўлмаслиги ҳақида гапиради.

"Каспий сувлари жуда нотинч. У ерда тез-тез тўфонлар бўлиб туради. Эрон ҳудудининг катта қисми эса тоғлардан иборат. У ердан йўл очаман деса кўплаб туннеллар қуришга тўғри келади. Бу эса жуда қимматга тушади".

Сателлит давлатлар

Ўтган йиллар ичида Россиядан минтақа давлатлари томон бевосита ва билвосита таҳдид-пўписалар бир неча бор янграган.

Кўп кузатувчилар, асосан, Россия сиёсий элитаси вакиллари, турли экспертлар тилидан янграётган бу таҳдидлар аслида Кремлнинг хоҳиш-иродаси инъикоси эканига ишонишини айтишади.

Бундай қарашни илгари сураётганлар фикрига кўра, Кремль шундай "сиздирилган норасмий" дўқ-пўписалар орқали минтақа давлатларини Россиядан узоқлашиш оқибатларидан огоҳлантириб туради.

Шу йил май ойида Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Ғарб Марказий Осиё давлатларига йирик инвестициялар таклиф этаётгани, уларни ҳамкорлик дастурларига жалб этишга уринаётгани ва хавфсизлик масалаларида жон-жаҳди билан ёрдам таклиф этаётганини таъкидлаб, шундай деган:

"Душманларимизнинг стратегик мақсади аён: Россия ва Марказий Осиё республикалари ўртасига нифоқ солиш, муносабатларга путур етказиш. Афтидан, океанорти ва Брюсселда Марказий Осиё давлатлари Ғарбнинг бундай экспансиясига қаршилик кўрсатмайди, деб соддалик билан ишонишмоқда. Биз эса Марказий Осиё давлатлари пойтахтларида(гилар) Ғарб билан ҳаддан зиёд яқинлашиш, унинг ваъдалари ортидан эргашиш, Россияга қарши чекловларга қўшилишнинг барча рисклари ва эҳтимолий зарарларидан огоҳ эканликларига аминмиз".

Таҳлилчи Толипов юқори мартабали шахслар томонидан билдирилаётган мазкур таъкидларни жиддий қабул қилмаслик кераклиги ҳақида гапиради.

"Бундай таҳдидларни объектив воқеаликдан фарқлаб олишимиз керак. Таҳдид қилиш уларнинг қонида бор, эскидан қолган неоимпериалист кайфият бартараф этилмаган. Совет даврида мудраб ётган бу кайфият ҳозир негадир қайта уйғониб кетди. Россияда неоимпериалист кайфиятни ташувчилар жуда кўп, аммо улар тарихнинг бош йўлини ўзгартира олмайди. Ўзим ёш мустақил давлатлар, дея атайдиган собиқ совет давлатлари мустақил бўлганига 30 йил бўлди. Бу вақт ичида улар халқаро алоқаларни ривожлантириб бордилар, оёққа турдилар. Энди ўтмишга қайтиш йўқ ва, ўйлашимча, буни россияликлар ҳам тушуниб турибди".

Аммо таҳлилчи Рафаэл Сатторов минтақа давлатларини ҳали тўлиқ мустақил давлатлар, дея ҳисоблай олмаслиги ҳақида гапиради.

"Илмий мақолаларимдан бирида бир назарияни илгари суряпман. У ерда собиқ Иттифоқ таркибига кирган 15 та давлат тўлиқ суверенитетни қўлга киритмаган, балки улар сателлитга айланганини айтмоқчиман. Украина ва Грузиядаги воқеаларни мисол келтирсак - бу икки давлат Москва таъсиридан чиқиб, сателлит мақомидан қутилиб, тўлиқ суверенитет ҳуқуқини қўлга киритишга ҳаракат қилдилар".

Сатторов шахсан ўзи сўнгги йилларда минтақа давлатлари Россия таъсиридан чиқиш ёки бу таъсирни юмшатишга ҳаракат қилганини кузатмаганини қўшимча қилади.

"Баъзи ҳаракатларни Москва таъсиридан чиқишга уриниш, деб бўрттириб кўрсатишди. Лекин минтақада бундай қараш ҳали шаклланмаган. Биргина Ўзбекистонни мисол келтирсак, кучишлатар тизимлар, президентга яқин экспертлар жамоасида путинпараст кайфиятга эга шахслар кўп. Кун тартибини улар белгилайди".

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002