Ўзбекистон: “Санкцияларни четлаб ўтишда ҳамкорлик, мигрантлар муҳокамаси ва Толибоннинг тан олиниши” – жамоатчилик Путиннинг ташрифи сабаблари ҳақида нима деяпти?

puitin

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Қайта сайланганидан бери бу Путиннинг учинчи хорижий сафаридир.

Президентлик муддатини янгилаб олган Путин ташриф учун учинчи давлат ўлароқ Ўзбекистонни танлаган.

Украинага босқин бошлаганидан бери хорижга камдан-кам чиқаётган Россия президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган.

Бу март ойида қайта сайланганидан бери Россия президентининг хорижга учинчи сафаридир.

7 май куни янги президентлик муддатига қасамёд келтирган Путин шу вақтга қадар Хитой ва Беларусга борган.

26 май куни Тошкентга келган Владимир Путинни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев аэропортда шахсан кутиб олган.

Шу куни Россия президенти Мирзиёев билан бирга "Янги Ўзбекистон" боғига борган, Мустақиллик монументига гулчамбар қўйган.

Юзлаб болаларни Украинадан ноқонуний депортация қилишда гумонланиб, ўтган йил март ойида Халқаро жиноят суди томонидан ҳибсга олинишига ордер берилган Путиннинг Ўзбекистонга келиши сабаблари ҳам мамлакат, ҳам Россияда ўзига хос қизиқишни юзага келтирган.

Ташрифнинг сабаблари ҳақида атрофлича расмий маълумот берилмаган бир манзарада ҳар икки мамлакатдаги фикр билдирувчилар турли фаразларни илгари сурган.

Алоқадор мавзулар:

Расмий маълумот

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати икки давлат раҳбари иштирокидаги асосий тадбирлар 27 майб душанба куни бўлиб ўтишини маълум қилган.

"Олий даражадаги музокаралар давомида раҳбарлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалаларини кўриб чиқадилар", дейилади расмий хабарда.

Шунингдек, президентлар Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам иштирок этиши хабар этилган.

Маълум қилинишича, мазкур йиғинда Россиянинг 18 та вилояти губернатори, жумладан, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров қатнашади.

Рамзан Қодиров ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифаларида эълон қилган видеода Чеченистон раҳбарини Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, президент Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров ва бош вазир Абдулла Арипов қучоқ очиб кутиб олаётгани кўринади.

"Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари кенгаши йиғилиши мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда дўстлик ривожига кучли импульс беради", ишонч билдирган Қодиров видео остига ёзган изоҳида.

Душанба куни Кўксаройда Россия президентини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтган, шундан сўнг тор доирадаги музокаралар бошлангани хабар қилинган.

putin

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Душанба куни Путин Кўксаройда тантанали кутиб олинган.

Расман маълум қилинишича, тор доирадаги учрашувда энергетика, шу жумладан, атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Аввалроқ, Кремль берган расмий хабарда давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорлик ривожланиши масалалари билан бирга "долзарб минтақавий муаммолар" юзасидан ҳам фикр алмашиши айтилганди.

Россия давлат телевидениесига интервью берар экан, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков икки томонлама учрашувларда Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш масаласи ҳам муҳокама қилинишига ишора қилган.

"Бу уч давлат - Россия, Қозоғистон ва Россия - ўртасидаги ҳамкорлик. Эҳтимоллик жуда улкан. Россия бунга очиқ. Бу икки томонлама манфаатли ҳамкорлик", деган у.

Песков, шунингдек, икки президент "жуда яхши шахсий муносабатда"лиги ва Мирзиёев Путинга нисбатан "хос илиқ муносабатга эга"лигини қўшимча қилган.

"Триколор ва қизил атиргуллар"

Халқаро сиёсий майдонда қарийб яккалаб қўйилган Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи Россия давлат телевидениеси ва матбуоти ёритаётган куннинг муҳим воқеасига айланган.

Асосий рус телеканаллари тонгги хабарларни айни ташриф тафсилотлари билан бошлаган.

Цензура авж олган бир пайтда Россия телеканаллари расмий маълумотларни беришдан четга ўтмаган.

Россия 1 телеканали Россия Ўзбекистоннинг "асосий иқтисодий ҳамкори" экани ва ҳамкорлик саноатдаги қўшма лойиҳалар ҳамда тинч мақсадлардаги ядровий лойиҳалар кўринишида давом этаётганини тилга олган.

НТВ эса Ўзбекистоннинг "руслар энг кўп яшайдиган шаҳарларидан" бўлмиш Тошкент кўчаларида Путинни хуш қарши олган кўплар баннерлар ўрнатилганига эътибор қаратган ва Россияга қарши жорий этилган санкциялар "ўзаро ҳамкорликка қарийб таъсир қилмаган"ини қайд этган.

Путин ташрифи ҳам рус матбуотининг асосий кунлик мавзуларидан бири бўлган.

putin

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Дунёда қарийб яккалаб қўйилган Путиннинг Ўзбекистонга келиши Россия матбуотининг 27 майдаги асосий мавзуларидан бирига айланган.

Путин аэропортда "триколор [Россия байроғи] ва қизил атиргуллар" билан кутиб олинганини тилга олган Комсомольская Правда президентлар Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши масаласини ҳам муҳокама қилиши кутилаётганини ёзган.

Независимая Газета ҳам ташриф давомида биргаликда АЭС лойиҳасини бошлаш борасидаги келишув имзоланиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини тилга олган.

Бундан ташқари нашр Ғарбнинг иккиламчи санкциялари ҳақида ёзган.

"Ғарбнинг босими ва иккиламчи санкциялар таҳдиди Ўзбекистоннинг молиявий соҳасида анча сезилган… Москва иттифоқчисини иккиламчи санкцияларга тушиб қолишига олиб келувчи ҳаракатларга ундаши эҳтимолдан йироқ".

Ташрифга оид дадил тахмин-фаразлар Украинада уруш бошлангани ортидан анчайин таъсирга эга бўлиб олган россиялик кремлпараст блогер ва фаоллар томонидан янграган.

Сиёсатшунос ва журналист Сергей Марков музокараларда "АҚШ ва Европа санкцияларидан четлаб ўтиш, Россияда мигрантларга нисбатан пайдо бўлган танқидий кайфият, Толибон билан ҳамкорлик, радикализмнинг тарқалишига қарши кураш" каби масалалар муҳокама қилинишини тахмин этади.

Ҳарбий журналист Игор Коротченко эса "жорий геосиёсий трансформациялар даврида" пост-совет ҳудуди давлатларида "душман кучлари таъсирининг кучайишига йўл қўймаслик" Россия учун муҳим эканини таъкидлаган.

"Путинни танқид қилиш тақиқланди"

Ўзбекистонда ҳам ташрифга оид турли муносабатлар янграган.

Аксар қисми танқидий руҳда бўлган бундай фикрларда Россия билан алоқа қилишда "эҳтиёт бўлиш"га чақирилади.

Масалан, таҳлилчи Анвар Назир Марказий Осиёга ташриф "яккаланиб қолмаганини кўрсатиш учун" Путинга зарур эканини таъкидлаган.

"Лекин бу ташрифлардан Ўзбекистон обрўсига путур етмоқда. Бу биз учун энг муҳими", ёзган таҳлилчи ўзининг Facebook саҳифасида.

putin

Бошқа фикр билдирувчилар ҳам Россия билан яқин ҳамкорликнинг эҳтимолий оқибатларидан огоҳлантирган.

"Путин Ўзбекистонга келмаса бўлар эди. Ўзбекистон бу шахс туфайли иккиламчи санкцияларга тушиб қолиши мумкин", дея ёзган Музаффар Қурбонов номли фойдаланувчи.

Шундай манзарада, Узб Гайрат исмли Facebook фойдаланувчиси "Путинни танқид қилиши ортидан ички ишларга чақиртирилган"ини даъво қилган.

"Шанба куни уйимизга 3-4 та милиция ходими келиб, соат 20:00 га Шайхонтоҳур РОВДга боришим кераклигини айтиб кетишибди. Борсам, нега Путин ҳақида ёмон комментлар ёзасан, деб Путин тўғрисида бошқа ёмон комментлар, негатив материаллар ёзмаслик ҳақида тушунтириш хати ёздириб олишди", маълум қилган фойдаланувчи.

Би-би-си билан суҳбатлашар экан фойдаланувчининг ўзи Владимир Путиннинг Ўзбекистонга келаётганига доир Facebook тармоғидаги бошқа бировнинг пости остида қолдирган изоҳи ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот органларида эътироз уйғотгани ҳақида гапирди.

Толибон масаласи

Россиялик айрим блогерлар Россия ва Ўзбекистон раҳбарлари Тошкентда Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик масаласи ҳақида ҳам гаплашишини тахмин қилган бир пайтда, Путинга Афғонистондаги ҳокимиятни қўлга олган гуруҳдан тақиқни олиш таклиф этилгани ҳақида хабар қилинган.

ТАСС хабар агентлигининг Россия президенти Афғонистон бўйича вакили Замир Кабуловнинг сўзларига таяниб ёзишича, Россия Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари Путинга Толибонни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш мумкинлигини маълум қилган.

Мамлакатда террорчи ташкилот ўлароқ тақиқланган бўлишига қарамай, Россия ҳукумати қудратга келгандан буён Толибон билан алоқа қилиб келади.

Гуруҳ вакиллари бир неча бор Россияда ўтган тадбирларда иштирок этган ҳамда Толибон Санкт-Петербургда ўтувчи Халқаро иқтисодий форумга ҳам таклиф этилгани хабар қилинган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам ҳали расман тан олмаган бўлса-да, Толибон билан яқин муносабатга эга.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002