Мирзиёев Қизил майдондаги парадда қатнашди, Россия иқтисодий иттифоқчилари секин интеграциядан норозилар

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Москвадаги тантнанали тадбирларда иштирок этди

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Москва Қизил майдонидаги 9 май байрами тадбирларида ва Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи раҳбарлари мажлисида қатнашди.

9 майни Россия немис фашистлари устидан қозонилган Ғалаба куни сифатида ҳарбий парад билан байрам қилади, бу кунни ўзининг ҳарбий қудрати намойишига айлантирган.

2022 йил 24 февралида Украинага бостириб кирганидан буён 9 май парадидаги ҳарбий техника йил сайин камайиб кетаяпти, бу йилги парад техника сони камлиги бўйича замонавий Россия тарихидаги аксилрекорд ўрнатилган кун бўлди, деб қайд этишди мухбирлар.

Ҳарбий парад чоғи қор ёғди.

Президент Мирзиёев, Россия Президенти Владимир Путин, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Гвинея-Бисау Президенти Умару Сисоку Эмбало, Лаос Президенти Тхонглун Сисулит ва Куба Президенти Мигель Диас-Канеллар билан бирга ҳарбий парадни кузатди ва параддан сўнг Александр боғидаги "Номаълум аскар" ёдгорлигига гулчамбар қўйди.

ЕОИИ секин интеграциясидан норозилик

Москвага 8 май куни борган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Евроосиё Иқтисодий иттифоқи саммитида қатнашган.

Ўзбекистон ЕОИИ аъзоси эмас, бу ташкилотга аъзо бўлиб кириш истагини билдирган.

Москвада Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг 10 йиллик юбилейи мажлиси ташкил этилган, унда кузатувчи давлатнинг раҳбари сифатида Президент Мирзиёев ҳам маъруза қилган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилишича, Президент Мирзиёев расмий Тошкентнинг ЕОИИ билан амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини урғулаган.

"У агросаноат, "яшил" технологиялар, меҳнат мигрантлари учун шароитлар яратиш ва туризм йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди", деб хабар қилади gazeta.uz

Халқаро ахборот агентликлари саммит иштирокчиси бўлган давлат раҳбарларининг ЕОИИ фаолиятидан норозиликлари изҳор этилган чиқишларидан иқтибослар тарқатдилар.

"Кун тартибидаги масалаларга қайтиб энергоресурсларни бошқаришнинг ягона тизимининг умумий бозорини шакллантириш жараёни салмоқли чўзилиб кетди. Арман томони бажарилмаган тадбирларнинг муддатларини ортга суриш эҳтимолига тушуниш билан қарайди, лекин бу жараён чексиз давом этолмайди, деб ҳисоблайди".

"ЕОИИнинг норматив базасини шакллантириш давом этаётгани тушунарли ва бу жараён ҳали ниҳоясига етишдан анча узоқда. Энг муҳими, бунинг иқтисодий мантиқ ва фақат шерик мамлакатларнинг манфаатларига ҳурмат билан муносабат ва ҳар бир аъзо давлатнинг манфаатларига тўғри келадиган конструктив ечимларни излаш асосидагина шакллантирилиши муҳимдир", деди Арманистон Бош вазири Никол Пашинян.

"Агар халқаро ҳамжамият самарали қарор қабул қилмаса, бу давр тарихга қўлдан бой берилган имкониятлар ўн йиллиги сифатида киради. Шубҳасиз, бу глобал иқтисоднинг таркибий қисми бўлган ЕОИИ учун ҳам улкан чақириқдир. Биздан иттифоқни барпо этаётган вақт қўйилган вазифаларни бажаришга барча кучларни сафарбар этиш ва масалаларни ечиш талаб этилади", деди Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

"Биз чиндан-да бирлашган ва тўсиқлардан ҳоли ички бозорни барпо этишимиз лозим. "Ҳар бир ҳолат бўйича" деб аталадиган ва ҳар қандай қўл бошқарувини бартараф этадиган ички чеклов амалиётини йўқ қилиш муҳимдир. Менинг ишончим комилки, бу нарса Евроосиё Иқтисодий комиссиясининг устувор вазифаси бўлмоғи зарур", деди Қозоғистон раҳбари.

Бугунги кунда Евразэс ташкилотига Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо ҳисобланади.

Бундан олдин ташкилот аъзолари ўртасида тенглик таъминланмаганлиги ҳақидаги эътирозлар билдирилган.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002