Мирзиёев Москвада, Тошкентда ҳарбийлар юриши ва Қирғизистонда “Ўлмас полк” машмашаси – минтақада совет мероси барқарорми?

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Президент Шавкат Мирзиёев 2 кунлик амалий ташриф билан Москвага келди. Тошкентда ҳарбийлар пиёда юриши бўлди. Россияликлар Қирғизистон ва Қозоғистонда "Ўлмас полк" ўтказилмаётганидан норози бўлишмоқда.
Тошкентда иккинчи жаҳон уруши фахрийларини зиёрат қилганидан сўнг президент Шавкат Мирзиёев 2 кунлик амалий ташриф билан Москвага учиб кетди.
"Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан мамлакатимиз етакчиси кузатувчи давлат раҳбари сифатида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳамда Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 79 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этади", дейилади расмий хабарда.
7 май куни олтинчи муддатга президент лавозимига расман киришган Путин 2 кун давомида Евроосиё иқтисодий иттифоқининг 10 йиллиги ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қўлга киритилган ғалабанинг 79 йиллигини нишонлаш учун Марказий Осиё ва бошқа давлатлардан келган давлат раҳбарларига мезбонлик қилади.
Евроосиё иқтисодий иттифоқининг бу сафарги саммитида Ўзбекистон билан бирга Куба давлати ҳам кузатувчи сифатида Олий кенгаш учрашувларида қатнашиши кўзда тутилган. Бундан ташқарида саммитда бу йил иттифоқга раислик қилган Арманистон Бош вазири, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари ҳам иштирок этади.

Сурат манбаси, President.uz
Саммит иштирокчиларининг айримлари 9 май куни ўтадиган Ғалаба парадида иштирок этиш учун Москвада қолиши кутилмоқда.
Россиянинг НТВ канали хабар беришича, Путин Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Беларус президенти Алекандр Лукашенко билан алоҳида учрашувлар ўтказиши белгиланган.
Беларус ядро қуролларини етказиш тизимини навбатдан ташқари текширишини эълон қилганидан сўнг Путин Лукашенко билан ҳарбийларни тактик ядровий қуроллар билан бир вақтда қўллаш ва биргаликда мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда. Беларуснинг навбатдан ташқари текшируви Россиянинг тактик ядровий қурол бўйича ўтказиладиган машғулотлари билан бир вақтга тўғри келяпти.
Президент матбуот хизматининг ёзишича, Шавкат Мирзиёев Москвада икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Қозоғистон ва Қирғизистонда бекор қилинган "Ўлмас полк"

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Қирғизистон бу йил расман 9 май муносабати билан ташкил қилинадиган "Ўлмас полк" тадбирини тақиқлади.
Қирғизистоннинг мустақил 24.kg нашрининг ёзишича, мамлакатдаги "Ўлмас полк" акцияси ташкилотчилари тадбирнинг тақиқлангани тўғрисида расмий қоғоз олмаганини билдирган.
Ташкилотчилар тақиқ қарорини қабул қилган Қирғизистон куч идораларидан "Ўлмас полк" билан боғлиқ вазият ҳақида тушунтириш беришни сўраган.
"Мувофиқлаштирувчилар акциянинг тақиқланганлиги ҳақида расмий қоғоз олишмади. ИИВ 1 май куни тарқатган пресс-релиздан бошқа маълумотимиз йўқ. Агар акция тақиқланган бўлса, ушбу тақиқ қайси шаҳарларга таалуқли эканлигини тушунтириб беришларини сўраймиз. Иложи бўлса тақиқнинг аниқ сабабини кўрсатинг", дейилади хабарда.
Қирғизистон ИИВ жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тадбирни бекор қилгани ҳақида айтганди.
Уруш фахрийларининг портретларини кўтариб кўчада юришга асосланган "Ўлмас полк" акцияси қўшни Қозоғистонда 5 йил бери ўтказилмаяпти.
2022 йили бошқа бир ташкилотчилар ушбу акцияни Қозоғистонда "Ботирларга таъзим" номи остида ташкил қилганди.
"Ўлмас полк"нинг марказий штаби ҳамраиси Сергей Макаров Қозоғистон АҚШ, Британия ва Ирландия билан бир қаторда ушбу юришни тақиқлаганини айтиб чиққанди.
Россиянинг айрим телеграм каналлари ушбу икки давлатда тадбирнинг ўтказилмаётганини танқид остига олишган.
Қозоғистон бу йилги тақиқларни жамоат хавфсизлиги билан боғлаган.
Ўзбекистонда "Ўлмас полк"

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Қўшни давлатлардан фарқли равишда "Ўлмас полк" ташкилотчилари сўнгги йилларда тадбирни Ўзбекистонда муаммосиз ташкил қилишмоқда.
Кузатувчилар Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳам ушбу тадбирнинг Россия Тошкентдаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил қилинишига тўсиқ бўлмаганлигини айтишади.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси берган хабарга таянилса 2023 йилги "Биродарлар қабристонида"ги юришда мингга яқин одам иштирок этган.
Тошкент кўчаларида 9 май муносабати билан ҳарбийларнинг юриши анъанага айланмоқда.
8 май куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий бўлинмаларининг Тошкент кўчалари бўйлаб тантанали юриши бўлиб ўтган.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
"Тадбирдан кўзланган мақсад Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан «Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган барча уруш ва фронт орти меҳнат фахрийларига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш", дейилади расмий хабарда.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач Ўзбекистонда асосан "Хотира ва қадрлаш" куни сифатида нишонланадиган 9 май "Хотира ва қадрлаш куни" ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалаба куни сифатида ҳам нишонлана бошлади.
"Ислом Каримов" жамғармаси 2022 йилнинг 9 май куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти "Ислом Каримов нега 9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилди", деган видео чоп қилганди.
"Биз нима учун 9 май байрамини Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилдик? Хотира деганда биз бу фоний дунёда ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг чироғини ёқиб, эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Бу халқимизга хос азалий фазилатдир", деган Ислом Каримов 1999 йил 9 май куни сўзлаган нутқида.
Ўзбекистон: Совет даври ҳайкалларидан бугун нима қолди?
Кўчирилган, бошқа жойга ўрнатилган, алмаштирилган...
Пойтахт Тошкент бўйлаб фотосаёҳат:

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
7 май. Қаттиқ назорат остидаги Россияда Путин янги муддат учун қасамёд қилди

Сурат манбаси, Sputnik/Sergei Bobylev/Kremlin via REUTERS
резидент Владимир Путин Кремлдаги маросимда яна олти йил мамлакатни бошқариш учун қасамёд қилди. АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари томонидан бойкот қилинган маросимда Путин Ғарб билан ядровий музокараларга очиқ эканлигини айтган.
1999 йилдан бери Президент ёки Бош вазир сифатида ҳокимият қолиб келаётган Путин янги мандатни Украинага 10 минглаб қўшин киритганидан икки йил ўтиб бошлайди.
Россия кучлари Украинада бир қатор омадсизликлардан сўнг ташаббусни қўлга киритган ва шарққа қараб интилишда давом этмоқда.
Президент матбуот котиби Дмитрий Песков маросимга 2600 киши, шу жумладан, мамлакатдаги дипломатик корпус вакиллари ҳам таклиф қилинганини айтган.
Кремл маросимга дўст бўлмаган давлатларнинг ҳам мамлакатдаги дипломатик вакилларини таклиф қилганини таъкидлаган.
АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Украинадаги уруш сабаб Москвадаги маросимни бойкот қилган.
Маросимда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳам қатнашмаган.
Кремга кўра, минтақа давлат раҳбарлари 9 май куни Москвада ўтадиган Ғалаба парадида қатнашади.
Kremlin.ru сайтининг ёзишича, 9 май куни Москвада ўтадиган иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 79 йиллигига бағишланган ҳарбий параднинг фахрий меҳмонларидан бири Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бўлади.

Кремль матбуот хизмати хабарига кўра парадда, шунингдек, президентлар: Александр Лукашенко (Беларус), Қасим-Жомарт Тоқаев (Қозоғистон), Садир Жапаров (Қирғизистон), Эмомали Раҳмон (Тожикистон), Сердар Бердимуҳамедов (Туркманистон), Мигель Диас-Канель Бермудес (Куба), Тонглоун Сисулит (Лаос) ва Умару Сиссоку Эмбало (Гвинея-Бисау)лар ҳам иштирок этади.
Президентлар Владимир Путин билан бирга Номаълум аскар қабрига гул қўйиш маросимида ҳам қатнашишини айтилган.
Президент матбуот хизмати Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8-9 май кунлари амалий ташриф билан Москва шаҳрида бўлишини тасдиқлади.
7 май куни Шавкат Мирзиёев Тошкентда Венгрия, Эрон, Чехия, Ўмон ва Жазоирнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилган.
Қарийб чорак асрдан бери ҳокимиятда қолаётган Путиннинг янги президентлик давридан россияликлар нима кутаяпти?
Москвадан Би-би-си муҳаррири Стив Розенберг мақоласи:
Эҳтимол у бу ердан кўзи боғлиқ ҳолатда ҳам қийналмай ўтиши мумкин.
Владимир Путин Катта Кермл саройидан Андреев тахт кошонасига бешинчи марта ўтди ва олтинчи муддатга Россия президенти бўлди.
"Биз бирлашган ва буюк халқмиз. Биргаликда барча тўсиқларни босиб ўтамиз, барча режаларимизни амалга оширамиз, биргаликда ғалаба қозонамиз", деди Путин йиғилган вазирлар ва юқори давозимли мулозимларга қараб.
Қизил гиламнинг йўли унга таниш бўлиб кетган бўлса керак. Аммо президент Путиннинг 2000 йил май ойида бўлган илк инаугурациясидан сўнг кўп нарса ўзгарди.
Ўшанда президент Путин "демократияни ривожлантириш ва сақлаш" ҳамда "Россияга қайғуриш" ҳақида гапирганди.
Орадан 24 йил ўтиб, кремл етакчиси Россия катта йўқотишларга учраб, Украинага қарши уруш олиб бормоқда. Путин ўз уйида демократияни ривожлантирмаяпти, балки танқидчиларини қамоққа тиқиб, қудратига мувозанат бўлувчи кучлар ва тўсиқларни йўқ қилиб, уни қайчилаяпти.
"Ҳозир Путин ўзини Буюк Владимир, Россия подшоҳи каби ҳис қилмоқда", дейди Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Фиона Ҳилл.
"Агар биз унинг илк икки президентлик муддатига қайтадиган бўлсак, Путинни ижобий баҳолаган бўлардик. У мамлакатни сиёсий жиҳатдан барқарорлаштирди ва уни яна тўловга қодир мамлакатга айлантир. Россия иқтисоди ва тизими тарихда мисли кўрилмаган тарзда яхши ишлади".
"10 йил олдин Қримни қўшиб олишдан бошланган Украинадаги уруш ушбу йўналишни тубдан ўзгартириб юборди. У прагматик инсондан империалистга айланди".
Эътиборли томони шуки, Владимир Путин ҳокимиятга илк келганидан бери Америкада 5 президент, Буюк Британияда 7 нафар Бош вазир алмашди.
Россияни чорак аср бошқаруви давомида Владимир Путин, шубҳасиз, ўз ўрнига эга бўлди. Ўтмишда одамлар онда-сонда "брежневизм", "горбачевизм" ёки "елцинизм" ҳақида гапирарди.

Бироқ "Путинизм" - бу мутлоқ бошқа нарса
"Тарихимизда яна бир "изм": "сталинизм" бор", дейди Россиянинг Карнеги Евразия маркази катта илмий ходими Андрей Колесников.
"Мен Путинизмни Сталинизмнинг қайта тирилиши деган бўлардим. У ўзини Сталин каби тутмоқда. Унинг ҳукумати Сталин давридаги каби шахсийлаштирилди. У кўплаб сиёсий қатағонларни қўллашни ёқтиради. Ва у Сталин каби ўлгунича ҳокимиятда қолмоқчи", дейди у.
Ядровий қуролга эга замонавий подшоҳ бошқарувида Россия буюклигини кўраётган ва уни тиклашга қарор қилган Россиянинг авторитар раҳбари билан қандай муносабатда бўлиш Ғарб олдида турган бошоғриқдир.
"Ядровий қуролга келсак, биз кўп нарса қилишимиз мумкин. Хитой, Ҳиндистон, Япония каби айрим давлатлар Путин Украинада ядровий қурол билан таҳдид қилганда жуда асабийлашди ва бунга қарши турди. Биз ядровий қурол ишлатиш ҳақидаги бу каби ёввойи ва спекулятив гапларга қарши туриш учун халқаро асос яратиш орқали Россияни тийиб туришимиз мумкин", дейди Фиона Ҳилл.
"Балки бу кўп ҳолларда ажратиб қўйилган лидерга айланган Владимир Путин билан муомала қилишнинг ўзига ҳос моделидир. Биз у қўллашни истаётган ҳаракатларга камроқ йўл берувчи, янада тийиб турувчи муҳит ҳосил қилишимиз керак".
Мартда ўтган президент сайловида Владимир Путин расман 87% дан ортиқ овоз тўплади. Бироқ кенг ёйилган фикрга кўра эркин ва ҳалол ўтмаган сайловда унинг жиддий рақиблари йўқ эди.
Иосиф Сталин давридан бери Кремлда энг кўп ўтирган раҳбарга россияликлар қандай муносабатда?

Саволга жавоб топиш учун мен Москвадан 110 чақиримлик масофада жойлашган Каширга йўл олдим. Бу ерда Путиннинг улкан портрети туширилган сурат кўп қавқатли уйнинг бир томонини тўлиқ қоплаган.
Каширда Буюк Владимир сизни кузатади.
Йўл четида гул сотаётган нафақадаги Валентина "у менга ёқади", дейди.
"Путинда яхши ғоялар бор ва одамлар учун кўп нарса қиляпти. Тўғри нафақамиз унча кўп эмас. Аммо у ҳаммасини бир деганда ўзгартиролмайди-ку".
"Унда қарийб 25 йил вақт бўлди", дейман унга.
"Аммо Путин кетадиган бўлса, ким келишини билмаймиз. Россияда ҳаммамиз бир хил фикрда бўлишимиз керак", дейди у Путин сурати олдидан ўтаркан.
"Агар Путинга қарши нимадир десам, эрим: "агар яна бир марта Путинни танқид қилсанг, ажрашаман" дейди. У Путинни деб ақлдан озган. У агар Путин бўлмаганидан ҳаёт 1990 йиллардаги каби оғир бўларди, дейди".
Яна яна бир йўловчи Александрни тўхтатиб президент ҳақида қандай фикрдалигини сўрайман.
"Ҳозир ўз фикрингни айтиш хавфли бўлиши мумкин. Изоҳ йўқ", дейди у.
Мен гаплашган кўпчилик Путин протрети олдидан унга эътибор ҳам бермасдан ўтаётганини айтишди. Улар унга ўрганиб қолишган.
Улар, шунингдек, Россияни бир одам бошқараётганига ва Кремлда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаслигига ҳам кўникишган.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














