Дунё Толибон раҳбариятини гапига кўндироладими? Tolibon Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Nava Jamshidi/BBC
- Author, Лиз Дюсет
- Role, Би-би-сининг Бош халқаро мухбири
Толибон Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганига икки йил бўлди, аммо ҳали бирорта давлат уларни расман тан олгани йўқ.
Толибон ҳукумати билан алоқа қилиш дунё раҳбарлари учун жуда баҳсли масала бўлиб қоляпти. Айримлар айтади бирор ўзгариш қилиш учун улар билан музокара қилиш керак деб, бошқалар айтади Толибон ҳеч қачон ўзгармайди, улар билан гаплашишдан маъни йўқ.
Дунё Афғонистоннинг янги эгалари билан қандай шуғулланишни билмай боши қотган вақтда аёллар ҳуқуқлари, ҳатто гўзаллик салонлари масаласи сиёсий жанжалларда олд ўринга чиқиб қолди.
Алоқадор мавзулар:
Пардалар туширилган хира ёритилган хонада, лаб қаламлари ва кўз қовоқларига суриладиган тень палитралари ёнида ўтирган косметолог Сакина нима учун ўзига ўхшаган аёллар савдолашиш воситасига айлангани ҳақида гапиради.
"Толибон аёлларга босим ўтказмоқда, чунки улар халқаро ҳамжамиятни ўз ҳукмронлигини тан олишга ундамоқчи", дейди у Кобулдаги янги махфий салонида.
Толибон ҳукумати барча гўзаллик салонларини ёпиш тўғрисида буйруқ берганидан кейин у ишини махфий давом эттиришга мажбур бўлди. Бу афғон аёллари ва қизлари ҳаёти ва эркинлигини чекловчи охири кўринмаётган қарорлардан яна биридир.
Сакина Толибонга қандай муносабат қилса иш беришини билмайди.

Сурат манбаси, .
"Агар Толибон ҳукумат сифатида тан олинса, улар биздан чекловларни олиб ташлаши ёки баттарлаштириши мумкин", дейди у бу нозик сиёсий масала билан боғлиқ хавотир билан.
Толибон аёллар ҳуқуқлари каби масалалар ташқи дунёнинг иши эмаслигини таъкидламоқда.
"Мана шу биргина масалага эътибор қаратиш шунчаки баҳона", дейди Толибон сўзловчиси Забиҳулло Мужоҳид.
Толибон олий раҳбари Ҳибатуллоҳ Охундзоданинг уйи бўлган Қандаҳор шаҳридан Би-би-си билан суҳбатда у "ҳозирги ҳукумат аллақачон тан олиниши керак эди, - деб таъкидлайди. - Айрим соҳаларда муваффақиятга эришдик ва бу масалани ҳам ҳал қиламиз".
Толибон ҳукумати билан гаплашиш ёки гаплашмаслик Афғонистон келажагидан манфаатдор бўлган кўплаб жамоаларни кескин иккига бўлиб юборган.

Булар орасида 2021 йил 15 августда Толибон иккинчи марта ҳокимиятни қўлга киритгач, ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлган, чуқур ғазабланган ва ҳали ҳам ўзига келмаган афғон диаспораси бор.
"Жим бўл дейиш осон", - деди Фотима Ғилоний. У Толибон ҳокимиятни қўлга киритгунга қадар улар билан музокара олиб боришга уринган тўрт аёлдан бири.
"Гаплашмасангиз, нима қиласиз?"
Охирги ҳукумат қулаганидан кейин у яширин каналлар орқали Толибон билан музокара ташаббусларида иштирок этди.
"Бизга бошқа уруш керак эмас", дея таъкидлайди у ҳозирги тартибни куч билан ағдариш умидида бўлган собиқ ҳарбийлар ва эски қўмондонларга қарата..

Сурат манбаси, Nava Jamshidi/BBC
Диаспорадаги бошқа одамлар кўпроқ босим ўтказишга, жумладан, кўпроқ санкциялар ва сафарларни тақиқлашга чақирмоқда.
"Гаплашишдан нима маъно? - дейди сургундаги аёллар бошчилигидаги Zan Times нашри бош муҳаррири ва асосчиси Заҳро Нодир. - Улар ким эканликларини ва қандай жамият қурмоқчи эканликларини кўрсатишди".
Мулоқотда иштирок этаётган дипломатлар мулоқот тан олиш эмаслигини таъкидлайдилар ва ҳозирча кўрсатишга арзигулик ҳеч нарсага эришилмаганини тан олишади.

Сурат манбаси, EPA
Аммо, ҳатто Толибоннинг юқори мартабали раҳбарлари орасида ҳам, қариб қолган ўта консерватив олий раҳбар чиқарган оғир фармонлардан норозилик аломатлари борлиги умидни сўндирмасликка ундамоқда.
"Агар биз мулоқотга очиқ афғонлар билан энг оқилона гаплашмасак, аҳолининг кўп қисмини қамоқда сақламоқчи бўлганларга имконият яратиб берамиз", дейди ўрта даражадаги Толибон вакиллари билан сўнгги учрашувларда қатнашган Ғарб дипломати.
Манбалар яқинда Охундзода ва Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон ал Таний ўртасида учрашув бўлиб ўтганини таъкидламоқда. Муҳокамалар ҳақида маълумот берган дипломатлар, айниқса, таълим ва аёллар ҳуқуқлари масаласида катта бўшлиқлар борлигини тан олишган, лекин аста-секин бўлса ҳам, олдинга йўл топиш имконияти борлигини айтишган.
Музокаралар оғир - умумий тил топиш қийин.
"Йиллар давомида бир-бири билан урушиб келаётган томонлар ўртасида жуда чуқур ишончсизлик ва ҳатто нафрат бор, - дейди Афғонистон таҳлилчилари тармоғидан Кейт Кларк. - Толибон ҳали ҳам Ғарб халқимизни бузмоқчи, деб ўйлайди, Ғарб эса Толибоннинг аёллар ҳуқуқлари сиёсати ва авторитар бошқарувини ёқтирмайди".
Кларк хоним фундаментал номувофиқлик борлигини таъкидлайди: "Ғарб тан олиш каби масалаларга ён бериш сифатида қараши мумкин, Толибон эса буни АҚШдек қудратли давлатни мағлуб этиб, иккинчи марта ҳокимиятга қайтганидан кейин Худо томонидан берилган ҳукмронлик ҳуқуқи деб билади. "
Ташқи кучлар танқидни ижобий ўзгаришларни мақташ билан мувозанатлаштирмоқда, масалан, коррупцияга қарши кураш ва "Исломий давлат" гуруҳининг хавфсизликка таҳдидларини бартараф этишга қаратилган баъзи саъй-ҳаракатлар. Ғарб давлатлари эса мусулмон мамлакатлар ва олимлар Толибон экстремизми билан боғлиқ умумий хавотирларни ҳал қилишда етакчилик қилишига умид қилмоқда.
Аммо тактикани қаттиқлаштириш ҳам бор.
Толибон аёлларга нисбатан зулмни кучайтириб, ҳатто уларни жамоат боғлари, спорт заллари ва гўзаллик салонларига киришни тақиқлар экан, ҳатто БМТ "гендер апартеид" ҳақида гапирмоқда. Ҳозирда "инсониятга қарши жиноят" бўйича иш очиш ҳар.акатлари ҳам кетяпти.

Сурат манбаси, Nava Jamshidi/BBC
Минтақавий ва Ғарб давлатлари ўртасидаги баъзи келишмовчиликларга қарамай, Россия ва Хитой ҳам баъзи қизил чизиқларни бузмайди, масалан, тан олиш масаласида эҳтиёткор.
Ҳозирги турғунлик оддий афғонлар учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади.
БМТнинг сўнгги ҳисоботида алоҳида таъкидланганидек, июль ойи охирига келиб, донорлар юз ўгиргани сабабли уларнинг гуманитар ёрдам учун мурожаатларининг атиги чорак қисми молиялаштирилди. Бу оч уйқуга кетадиган афғонлар сони ортади деганидир.
БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда хонадонларнинг қарийб 84 фоизи озиқ-овқат сотиб олиш учун қарз олади.
"Исломий давлат"га ўхшаш исломий гуруҳларнинг таъсири кучаяётганидан хавотирлар ҳам бор.
Толибон ҳукумати эса ҳаммаси жойидадек кўрсатишга уринмоқда. Тан олинмаган бўлса ҳам, уларнинг вакиллари кўплаб пойтахтлардаги учрашувларга қатнаб турибди.
Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий деярли ҳар куни Кобулда делегацияларни қабул қилади.
Европа Иттифоқи ва Япония элчихонасини ҳисобга олмаса, Кобулдаги Ғарб элчихоналари ёпиқлигича қолмоқда. Ҳозир Қатарда музокаралар олиб бораётган дипломатлар, агар чиндан бирор таъсир ўтказмоқчи бўлса, ҳеч бўлмаганда Кобулда бўлишлари керакмасми, деган саволлар ҳам чиқмоқда.
Дунёнинг ҳеч бир давлатида 40 йил давом этган бу урушнинг яна бир қонли саҳифаси очилишига тоқат йўқ.
Толибон етакчилари ўртасидаги келишмовчиликларга қарамай, уларнинг бирлиги ҳамма нарсадан муҳимроқ мақсад бўлиб қолмоқда.
Тез ва осон ечимлар йўқ.
"Чин юракдан айтишим мумкин бўлган ягона нарса шуки, биз ҳақиқатан ҳам қийналяпмиз", дейди косметолог Сакина.
"Балки орамизда бўлмаганлар буни тушунмас, лекин бу ҳақиқатан ҳам оғриқли".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














