Қозоғистон: Россия чиқди, Путин ютдими ёки ютқазди? Мудофаа вазири ҳам ишдан кетди Qozog‘iston Rossiya namoyishlar yangiliklar -видео

Путин и Тоқаев

Сурат манбаси, Kremlin.ru

Сурат тагсўзи, Қозоғистон президентининг баён қилишича, КХШТ контингентининг мамлакатидаги миссияси тугаган, "муваффақиятли якунланган"
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қозоғистонда бирор бир КХШТ ҳарбийси қолмади. Ҳаммаси чиқди. Путин ютдими ёки ютқазди? Тоқаев хавфсизлик тизимини силкитиш ва тозалашда давом этмоқда.

Сўров ва таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Қозоғистон тинчидими, Элбоши қаерда ва Тоқаев нега Назарбоевни танқид қилди

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Узоққа чўзилмаган миссия

Статистика

Россия шамсияси остидаги КХШТ контингенти Қозоғистондаги миссиясини тугатди.

Ҳарбийлари Тоқаев айтган муддатга ҳам қолмай Қозоғистондан чиқиб кетди.

Кеча, 19 январь куни бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расман хабар берди.

Вазирлик Россиянинг КХШТ ҳарбийлари тушган сўнгги тўрт ҳарбий-юк самолёти ҳам пойтахт Нур-Султон ва Олма-отани тарк этганини билдирди.

Интерфакснинг хабар беришича, худди шу рейсда контингентга қўмондонлик қилган Россия Ҳаво-Десант кучлари қўмондони генерал-полковник Андрей Сердюков ҳам ортга қайтган.

Тоқаев мамлакатидаги оммавий намойишлар зўравон тўқнашувларга айланиб кетган пайтда КХШТ контингентини Қозоғистонга чақирган.

КХШТ узоқ куттирмаган, бир куннинг ўзида Қозоғистон президентининг сўровига рози бўлган.

Ўшанда ташкилот икки мингдан ортиқ ҳарбийси ва икки юздан зиёд ҳарбий техникасини Қозоғистонга бор-йўғи уч куннинг ўзида ташлагани хабар берилган.

КХШТ контингенти

Солдат

Сурат манбаси, coronavirus2020.kz

Сурат тагсўзи, КХШТнинг кучлари 6 январдан бошлаб Қозоғистонга келишни бошлаган

Агар, президент Тоқаевнинг ўзи келтирган рақамларга таянилса, Россия шамсияси остидаги КХШТ Қозоғистонга 2060 та ҳарбийси ва 250 та ҳарбий техникасини юборган.

Қозоғистон Қирғизистон ва Тожикистон билан бирга Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо учта Марказий Осиё давлатидан биттаси бўлади.

Икки мингдан ошиқ КХШТ контингентининг энг катта қисмини Россия ҳарбийлари ташкил этишган.

Сафарбарлик жараёнини асосан КХШТда етакчи мавқеъда бўлган Россиянинг ҳарбий-юк самолётлари амалга оширишган.

КХШТ Бош котибининг айтишича, жами 70 дан ортиқ самолёт ишга солинган, 108 та рейс амалга оширилган.

Қозоғистон томони уларнинг КХШТ Тезкор кучлари бўлинмалари эмас, тинчликни сақлаш контингенти экани ва ҳарбий амалиётларда иштирок этмасликларини маълум қилган.

КХШТ ҳарбийларининг фақат Қозоғистондаги стратегик жиҳатдан муҳим объектларини қўриқлашлари айтилган.

"Тезкор" қарор

КХШТ кучлари

Сурат манбаси, TASS

Сурат тагсўзи, Қозоғистон ташкилот ўз контингентини киритган биринчи ва ҳозирча ягона минтақа давлати бўлади

Тоқаев улар Қозоғистонга келишганидан беш кун ўтиб, мамлакати тинчиганини эълон қилган.

КХШТ контингенти икки куннинг ичидаёқ Қозоғистондан ортга сафарбарликни бошлаши мумкинлигини билдирган.

13 январь куни эса, КХШТга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари бу хусусдаги қарорни имзолашган.

Аммо Тоқаев белгилаган муҳлат россиялик айрим экспертларнинг "бунчалик тез" экани мазмунидаги эътирозли таҳлилларига ҳам сабаб бўлган.

Улар, "шундай бўлса, Қозоғистон келажакда Россиянинг ёрдамига кўз тикиб ўтирмаса ҳам бўлади" қабилидаги хулосалар чиқаришга ҳам улгуришган.

Қозоғистоннинг КХШТга қўшин сўраб қилган мурожаати қанчалик қонуний ва керак бўлганини савол остига олиб келаётган расмий Вашингтон эса, бу гал Тоқаевнинг парламентда қилган баёнотини хуш қаршилаган.

Бу ҳақда яна биринчи бўлиб АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили гапирган.

Нед Прайс КХШТ кучларини Қозоғистонни "қозоқ ҳукумати айтган муддатда зудлик билан тарк этиш"га чақирганди.

Тоқаев, КХШТ ва Марказий Осиё

Тоқаев ва Зась

Сурат манбаси, official

Қозоғистон Россия бошчилигидаги КХШТ ҳарбийларини чақирган биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.

Тоқаевнинг бу қарори турли зиддиятларни келтириб чиқарган.

Россия ва АҚШ ўртасида янги даҳанаки жангга туртки берган.

Қозоғистоннинг суверенитети хавф остида қолиши, мамлакатда Россиянинг таъсири кучайишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилганди.

Мустақил кузатувчиларга кўра, КХШТ контингентини чақириш қарори Қозоғистон президентининг ўз хавфсизлик кучларига ишонмаслигининг далолати бўлган.

Уларнинг айтишларича, бошқа томондан, айнан шу қарори Тоқаевнинг президентликда қолишини таъминлаган.

Яна айрим экспертлар фикрича, мавжуд вазиятда "Россия ва Путин ҳам ютган".

"Расмий Москва бу билан ҳаммага КХШТ ўлик эмас, хавфсизликни таъминлашда қатъий чоралар кўришга қодир ташкилот эканини кўрсатиб қўйган".

Шавкат Мирзиёев эса, кеча, 19 январь куни Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козакни қабул қилган.

Расмий хабарда айтилишича, Мирзиёев Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва унинг салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳим эканини қайд этган.

Учрашув чоғида томонларнинг Марказий Осиёда рўй берган воқеалардан келиб чиқиб, минтақадаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашишгани айтилган.

Мудофаа вазири ҳам кетди

Олма-отадаги ҳибслар

Сурат манбаси, Valery Sharifulin/TASS

Сурат тагсўзи, Расмий хабарларга кўра, сўнгги воқеалар фонида бутун Қозоғистон бўйлаб минглаб одам ҳибсга олинган. Масъуллар уларнинг орасида чет элликлари ҳам кўп эканини айтишган. Аммо қўлга олинганларнинг айнан қай бир давлат фуқаролари эканликларини ҳалича расман очиқлашмаган

Қозоғистон президенти кеча, чоршанба куни Мудофаа вазирини ҳам ишдан олган.

Тоқаев вазирни мамлакати мустақиллиги тарихидаги энг ёмони бўлган сўнгги зўравон тўқнашувлар чоғида бўшанглик қилишда айблаган.

Худди шу воқеалар ортидан Тоқаев қудратни ўз қўлида жамлаш, хавфсизлик тизимини тозалашга тушган.

Бунгача Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси раиси ва унинг қатор муовинларини ишдан четлатган, Хавфсизлик Кенгаши раҳбарлигини ўз қўлига олган.

Қўмита раиси Карим Масимов давлатга хиёнат қилишда ҳам айбланган, ҳозир ҳибс остида.

Мустақил Қозоғистоннинг собиқ биринчи президенти Нурсултон Назарбоев умрбод ҳақли, деб билинган бу мақомнинг Тоқаевга қандай ўтгани тафсилотлари шу кунгача ноаён қолган.

Тоқаев мамлакат парламентида қилган 11 январь кунги чиқиши чоғида хавфсизлик тизимининг энди буткул ислоҳ қилинишини билдирган.

Тизимдаги Элбошига яқин одамларнинг ишдан олиниши Қозоғистондаги сўнгги ҳодисалар ортида ҳокимият учун кураш ётганига оид фаразларни ҳам пайдо қилмай қўймаганди.

Тоқаевнинг айтишича, раҳбариятининг "нима қилишини билмай қолгани туфайли", Қуролли кучлар "ўз зиммаларига юкланган вазифаларни уддалай олишмаган".

Мудофаа вазири ўзини "яхши қўмондон сифатида кўрсата олмаган".

Қозоғистондаги вазиятни тинчитиш учун эса, Тоқаев Россия бошчилигидаги КХШТ ҳарбий контингентини чақиришга мажбур бўлган.

Бу, бошқа томондан, Қозоғистоннинг миллиардлаб долларлик Ғарб сармоясининг кириб келишига йўл очган тинч ва барқарор давлат, деган имижига доғ туширган.

Тоқаев Бектанов ўрнига бунгача Қозоғистон Ички ишлар вазири ўринбосари ва Миллий гвардия раҳбари сифатида ишлаб келаётган Руслан Яхшиқуловни тайинлаган.

Қозоғистон президенти, "мамлакат раҳбари ташқи ва ички таҳдидлардан ўз вақтида ҳамда керагича бохабар этилиши учун" армия мукаммал модернизация ва яхшироқ ҳарбий разведкага муҳтож эканини айтган.

Ҳозир 81 ёшда бўлган Элбоши йигирма кунча деганда илк бор шу ҳафта сешанба куни кўриниш берган.

Нурсултон Назарбоев ўзининг аввалдан ёзиб олинган халққа мурожаатида, "бошқарувдаги элита орасида бирор бир зиддият йўқ"лиги, ҳозир ўзининг "фахрий нафақада экани" ва Қозоғистонга бош Тоқаев эканини айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek