Туркманистон Дўзах дарвозасини ёпмоқчи. Унга тушиб чиққан одам нима дейди? Video Turkmaniston dunyo yangiliklar

Дўзах дарвозаси

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Туркманистоннинг Дўзах дарвозасига тушиб чиқишга муваффақ бўлган чет эллик олимнинг айтишича, Ер юзида унинг қиёси йўқ. Дўзах дарвозасига кирар экансиз, худди ўзга олам, бошқа бир сайёрага тушиб қолгандек бўласиз, дейди у.

Дўзах дарвозасига тушиб чиққан одам нималарни кўрди?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Дўзах дарвозаси

Улкан бу ҳандақда табиий газ, ўн йилларки, ёниб ётибди.

Туркманистон президенти эса, бу Дўзах дарвозасини барибир ёптирмоқчи.

Гурбангули Бердимуҳамедов шу йўл билан ҳам туркман гази экспортини янада оширмоқчи.

Дўзах дарвозасининг атроф-муҳит ва одамлар саломатлигига таъсирини камайтирмоқчи.

Дўзах дарвозаси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўпчиликнинг ишонишича, Дўзах дарвозасининг тарихи ўтган асрнинг 70-йилларига, Советлар даврига бориб тақалади

Унинг қандай пайдо бўлгани атрофида миш-мишлар ҳануз тинмаган, ҳеч ким ҳозиргача бунинг аниқ сабабини билмайди.

Кўпчиликнинг ишонишича, Дўзах дарвозасининг тарихи ўтган асрнинг 70-йилларига, Советлар даврига бориб тақалади.

Кенг тарқалган ана шу фаразларга кўра, ўшанда бурғулаш ишларида хато кетган, натижада ер ёрилиб, улкан ўйиқ - мана шу ҳандақ пайдо бўлган.

"Дўзах"ни ўз кўзлари билан кўрган олим

Дўзах дарвозаси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Жорж Курунис Дўзах дарвозасига тушиб чиқолган биринчи одам бўлади

Канадалик олим Жорж Курунис 2013 йилда Дўзах дарвозасига тушиб, уни ўз кўзлари билан кўришга муваффақ бўлади.

"Ҳандаққа тушиш осон бўлмади. Бу ишни режалаш ва тайёргарлик кўришнинг ўзига нақ икки йил кетди. Мен ҳаво алоҳида узатилувчи иссиққа чидамли махсус кийимда эдим. Ҳандақнинг марказигача тушолдим. У ерда 20 дақиқача бўлдим. Ўзимни худди ўзга бир сайёра, бошқа бир оламга тушиб қолгандек ҳис қилдим. Биз у ерда яшовчи бир нечта микроорганизмларни аниқладик. Уларнинг ДНКси бошқа бирор бир манбада йўқ эди. Биз учун ҳалокатли бир муҳитда улар ўзларини жуда яхши ҳис қилишарди", - дейди у Би-би-си билан суҳбати чоғида.

Тадқиқотчи ҳам ўзининг ана шу илмий сафари ортидан аслида Дўзах дарвозасининг қандай юзага келгани сабабини ростдан ҳам ҳеч ким билмайди, деган тўхтамга келади.

Туркманистонлик геологларнинг ўзларига кўра, улкан ҳандақ 1960 йилда пайдо бўлган, аммо фақат 80-йилларга келибгина у ёнишни бошлаган.

Дўзах дарвозаси ҳозир Туркманистоннинг сайёҳларни ўзига энг кўп чорловчи диққатга сазавор жойларидан бири бўлади.

Бердимуҳамедов ўз қарорида қатъий

Дўзах дарвозаси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Дўзах дарвозаси ҳозир Туркманистоннинг сайёҳларни ўзига энг кўп чорловчи диққатга сазавор жойларидан бири бўлади

Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телевидение орқали айтишича, Дўзах дарвозасини ёпиб ташламай, катта даромад келтириб, одамлар ҳаётини яхшилаши мумкин бўлган қимматли табиий захираларини йўқотишмоқда.

Шундай деркан, Туркманбоши яқинда ўз мулозимларига яна бир бор уни ўчиришнинг йўлини топишни буюрган.

Маҳаллий масъуллар ўз президентларининг буйруғи билан бундан аввал ҳам, таъбир жоиз, Дўзах дарвозасини ёпишга уриниб кўришган, аммо бунга муваффақ бўлишмаган.

2018 йилда Гурбангули Бердимуҳамедовнинг шахсан ўзи Дўзах дарвозасини қайта номлаган.

Туркман раҳбари уни "Қорақумнинг порлаши", деб номлаган.

Туркманистон дунёнинг энг йирик газ захираларига эга давлатларидан бири бўлади.

Ўзи эга бўлган табиий газ захирасининг ҳажми бўйича жаҳонда юқори ўнталикка киради.

Метан гази ёниб ётган ҳандақ пойтахт Ашхободдан 260 чақирим шимолда, Дарвоза қишлоғи яқинида, Қорақум саҳросининг ўртасида жойлашган.

Қорақум саҳросида эса, улкан табиий газ захиралари яширинган.

Жорж Курунис ҳам ҳандақ ёпилиб, газ олинадиган бўлса, бунинг Туркманистон иқтисоди учун фойдаси катта бўлишини эътироф этади.

Аммо тадқиқотчи ўзининг эътиборини ҳандақнинг туристик потенциалига қаратади.

У худди шу боис ҳам, Туркманистон президентининг Дўзах дарвозасини ёпиш қарори ўзини ҳайрон қолдирганини айтади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek