Қирғизистон юзлаб афғонга виза бермоқчи, ўз фуқароларини Афғонистондан қайтармоқчи Qirg‘iziston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
Афғонистонда амалдаги ҳукумат қулаган. Қудратга ҳозирча Толибон қайтган. Ўн минглаб одам Афғонистонни тарк этиш илинжида. Худди шу манзарада Қирғизистон юзлаб афғонга виза бериш таклифи билан чиққан биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.
Қирғизистон Қозоғистон билан бирга минтақанинг Афғонистонга чегарадош бўлмаган иккита мамлакатидан биттаси.
Аммо Афғонистонда 2 мингга яқин этник қирғизлар ҳам яшашади.
Юзлаб афғонга виза берилади
Қирғизистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида 500га яқин ёшларга талаба визасини беришга тайёр.
Бу ҳақда Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев маълум қилган.
"Қирғизистонни афғон ёшлари, айниқса, аёллар тақдири ташвишга солмоқда. Улар қирғиз ёшлари каби, замонавий таълим олишга интилади, янги технологияларни ўзлаштириш ва ўз ватани манфаати йўлида ишлаш учун керакли касбга эга бўлишни исташади. Биз, мамлакатнинг иқтисодий ҳаёти фалаж бўлиб, минглаб оилалар уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган қуролли сиёсий зиддиятлар шароитида сифатли таълим олиш мумкин эмаслигини тушунамиз", дейилади Ташиев баёнотида.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонда ўқишни истаган афғонистонлик талабалар Қирғизистонга келишни, уй -жой топиш ёки университет танлашни ўзлари ҳал қилишлари керак.
Аввалроқ, парламент депутати Жанарбек Акаев Афғонистондаги Толибон ҳаракати ёпган олий ўқув юртлари талабаларига виза беришни таклиф қилган.
Қирғизистон бундай таклиф билан чиққан биринчи Марказий Осиё давлати.
Бугунги кунда Қирғизистон университетларида қанча афғон талабалари ва улар қандай йўналишларда тахсил олаётганликларига доир аниқ рақамлар мавжуд эмас.
Инсонпарварлик ёрдами

Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон, Турманистон ва Ўзбекистон Афғонистон билан бевосита чегарадош.
Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Афғонистон билан чегарасини бир томонлама ёпгани хабар қилинган.
Туркманистон эса, қочқинлар масаласида ўтган икки ой ичида ўз муносабатини билдирмаган.
Тожикистон 100 мингтагача қочқинни қабул қилиш таклифи билан чиққан ягона минтақа давлати ҳисобланади.
Афғонистон билан чегара олди ҳудудларига лагерлар қураётгани тўғрисида хабарлар олинган.
Қирғизистон Афғонистонга бевосита чегарадош эмас.
Аммо Афғонистонда 2 мингга яқин этник қирғизлар ҳам яшашади.
Улар Афғонистоннинг Вахан йўлагидаги кичик Помир ва катта Помир водийларида истиқомат қилиб келишади.
2003 йилда уларнинг сони 5 мингга яқин бўлса, ҳозир 1,5-2000 атрофида экани айтилади.
Улардан 345 нафари 16 июль куни толиблар фаоллашган пайтда чорвалари билан Тожикистонга қочиб ўтишган.
Қирғизлар Бадахшонга қочиб ўтганларида, уларни Тожикистондан Қирғизистонга беришни сўраб мурожаат қилган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам Афғонистондан қочиб ўтган қирғизларни Бишкекка бериш бўйича расмий Душанбега мурожаат қилган.
Аммо Тожикистон 17-18 июль кунлари этник қирғизларни Афғонистонга, ўз она қишлоғи Андеминга қайтарган.
Афғонистондаги қирғизлар эвакуация қилинади

Сурат манбаси, Getty Images
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ташқи ишлар вазирлигига Афғонистондаги қирғиз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни эвакуация қилишни топшириғини берган.
"Давлат раҳбари ҳар соатда Миллий хавфсизлик давлат хизмати, Хавфсизлик кенгаши котибияти ва Ташқи ишлар вазирлиги орқали маълумот олмоқда", дейилади президент сайтида.
Шунингдек, Қирғизистон Афғонистондаги вазиятни диққат билан кузатаётгани қайд этилади баёнотда.
Қирғизистоннинг Афғонистондаги элчиси Мирослав Ниёзов Би-би-сининг Қирғиз хизматига берган интервьюсида элчихонада 20 га яқин қирғиз фуқароси қолганини маълум қилган.
Уларнинг ҳаммаси 21 августга қадар Кобулни тарк этишлари айтилган.
"Биз бунгача қозоқлар билан элчихона ходимларини эвакуация қилиш масаласини муҳокама қилганмиз. Уларга чартер рейс келмоқда. Агар вазият ёмонлашса, биз дипломатларимизни қозоқлар билан бирга чиқариб юборамиз", деган Ниёзов.
Унинг сўзларига кўра, шу кунгача Афғонистондан ўнга яқин қирғизистонлик чиқариб юборилган. Элчихона мол-мулки ва буюмлари ҳам жойлаштирилмоқда.
Кетиш илинжи

Сурат манбаси, official
Йигирма йиллик урушдан сўнг яна Толибон қудратга келар экан, 10 минглаб афғонлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлмоқда.
Сўнгги сиёсий вазиятдан хавфсираган одамлар қандай бўлса ҳам Афғонистонни тарк этиш илинжида.
Айниқса, Толибон қудратга келишидан энг кўп ёшлар хавотирга тушишмоқда.
Кобул аэропортида тўпланган минглаб одамлар самолётларга чиқишга ҳаракат қилиб, учоқ парвозларига халақит қилаётгани айтилмоқда.
Толибон ўтган икки ой ичида Афғонистоннинг уч Марказий Осиё давлатига чегарадош барча ҳудудларини ҳам эгаллаб бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














