Толибон жиддий огоҳлантирди, мингдан ошиқ афғон ҳарбийси яна Тожикистонга қочиб ўтди, толиблар сафида тожик, чечен ва уйғурлар ҳам борми? O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Толиблар

Сурат манбаси, Getty Images/arxiv

Толибон Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош икки вилоятида ҳужумларини янада шиддатлаштирган. Сўнгги икки куннинг ўзида ўнта туманини босиб олган.

Худди шу манзарада ҳаракат ҳаракат хорижий иттифоқ қўшинлари 11 сентябрга қадар Афғонистонни битта қолмай тарк этиши шартлигини айтган.

Акс-ҳолда якуний муҳлатдан сўнг ҳам Афғонистонда қолганларини ишғолчи куч сифатида кўришлари билан огоҳлантирган.

Толибоннинг айни мазмундаги огоҳлиги АҚШ элчихонаси ва Кобул халқаро аэропортини қўриқлаш учун минг нафар Америка ҳарбийсининг Афғонистонда қолишига оид хабарлар манзарасида бўй кўрсатган.

Толибон сўзчиси Суҳайл Шоҳин, "Буни бежавоб қолдирмасликлари, бу хусусда якуний қарорни раҳбариятлари бериши"ни илова қилган.

У, ўз ўрнида, пойтахт Кобулни "қуролли йўл" билан босиб олиш "Толибоннинг сиёсати эмас"лигини ҳам иддао қилган.

Толибларнинг сўнгги огоҳлантириши Афғонистонда аллақачон толиблар ҳужумлари кучайиб, вазият жиддий издан чиқаётган бир пайтга тўғри келган.

Ҳаракат вакилининг Би-би-сига берган интервьюсида айтган бу сўзларига Афғонистондаги АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ кучларининг расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.

Улар Афғонистондан чиқиб кетишни шу йил май ойида бошлашган ва аллақачон аксарияти мамлакатни тарк этиб ҳам бўлган.

Толиблар эса, ана шу қисқа вақт оралиғидаёқ бутун Афғонистон бўйлаб ўнлаб туманларни босиб олган.

Уларнинг саноқли ҳафталарнинг ўзида қўлга киритишга улгурган бу ютуғи аллақачон халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлган.

Хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистондан бутунлай чиқиб кетишса, олти ойнинг ўзидаёқ афғон ҳукумати қулаши, воқеалар даҳшатли тус олиши ёки мамлакат фуқаролар урушига юз тутиши мумкинлигига оид хулоса ва башоратлар ҳам янграб бўлган.

Шимолда нималар бўлмоқда?

Бадахшондаги жанглар

Сурат манбаси, official

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, шу дам олиш кунларидаги ютуқлари ортидан, шимолий Таҳор вилоятида Толибон эгалламаган бирор бир туман қолмаган.

Таҳор Афғонистоннинг саноқли ҳафталарнинг ўзидаёқ барча туманларини толибларга бой берган Марказий Осиёга бевосита чегарадош биринчи вилояти бўлган.

Толибон вилоятнинг ҳукумат қўлида қолаётган сўнгги туманини ҳам босиб олган.

Жорий пайтда вилоят маркази Талоқан шаҳрининг ҳам толиблар қуршовида экани айтилади.

Мухбирларимизга кўра, шаҳар учун жангларда ҳатто айрим миллат вакилларининг ҳам яраланганликлари маълум бўлган.

Толибоннинг Афғонистон шимоли-шарқидаги яна бир йирик ютуғи эса, Бадахшон вилояти ҳисобига тўғри келган.

Шу шанба кунининг ўзида толиблар бу вилоятда бирваракайига тўққиз туман назоратини ўз қўлларига киритишган.

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, Толибоннинг ҳужумлари кенг қамровли экани боис, ҳукумат кучлари бу туманларнинг аксариятини жиддий қаршиликсиз ташлаб чиқишган.

Бу гал ҳам нега бундай қилишаётгани сабабини "тактик чекиниш" билан изоҳлашган.

Сўнгги икки кунлик жангларда жами 1000 дан ошиқ афғон ҳарбийсининг Бадахшонга бевосита чегарадош Тожикистонга қочиб ўтгани ҳам маълум бўлган.

3 июль куни уларнинг сони қарийб 400, 4 июлдан 5 июлга ўтар кечаси эса, 1100 тага яқинни ташкил этган.

Бу ҳақда Тожикистоннинг "Ховар" давлат ахборот агентлигининг ўзи хабар берган, агентлик ўз хабарида мамлакат масъул идораларининг расмий баёнотларига таянган.

Кўрилишича, Тожикистон бу гал ҳам "инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларидан келиб чиқиб, ортга чекинаётган афғон ҳарбийларининг ўз ҳудудларига ўтишларига рухсат берган".

Тожикистон томони "давлат чегарасидаги мураккаб вазият"ни назарда тутиб, бу каби ҳолларнинг яна давом этиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

Мулоқот

Афғонистон ва Тожикистон президентлари

Сурат манбаси, official/arxiv

Сурат тагсўзи, Хабарда айтилишича, икковлон ўзаро суҳбатлари чоғида Афғонистондаги сиёсий ва ҳарбий вазиятнинг хавотирли тус олиб бораётгани масаласини муҳокама этиб олишган

Маълум бўлишича, кеча, 4 июль куни Эмомали Раҳмон мавжуд вазиятни Афғонистон президенти билан гаплашиб олган.

Икки давлат раҳбарларининг телефон мулоқоти ҳақида Тожикистон президентининг матбуот хизмати ҳам расман хабар берган.

Хабарда айтилишича, икковлон ўзаро суҳбатлари чоғида Афғонистондаги сиёсий ва ҳарбий вазиятнинг хавотирли тус олиб бораётгани масаласини муҳокама этиб олишган.

Худди шу нуқтаи назардан, Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий минтақаларида аҳволнинг кескин ёмонлашиб бораётганига ҳам эътибор қаратишган.

Расмий хабарда айтилишича, Эмомали Раҳмон Афғонистон президентини чегарани кесиб ўтиш ҳолатлари юзасидан ташвиш билан огоҳлантирган.

Аммо, шу билан бирга, Тожикистоннинг Афғонистон муаммосига мавқеи "ўзгаришсиз" қолишини таъкидлаган.

Бундан буёғига ҳам "Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик, расмий Кобулнинг мамлакатда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни ўрнатиш ҳаракатларини ҳар томонлама дастаклаш" сиёсатида собит қолишларини айтган.

Толибон Бадахшонда қўлга киритган туманлар билан Тожикистоннинг умумий чегараси жами 910 километрни ташкил этиши айтилмоқда.

Тожикистон томонининг расман баён қилишича, "айни пайтда афғон ҳарбийлари қочиб ўтган чегара ҳудудларидаги вазият ўз чегарачилари назорати остидадир".

Расмий Душанбе орада вазият тақозо этган тақдирда, 10 мингдан ортиқ афғон қочқинини қабул қилишга тайёр эканликларини ҳам билдирган.

Тожикистон президенти ўтган ҳафта Душанбеда Россия шамсияси остида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Бош котиби билан учрашаркан, томонларнинг Афғонистон билан икки ўртадаги чегара ҳимоясини кучайтириш лозим, деган тўхтамга келишгани маълум бўлганди.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида вазият кескин издан чиқиб бораётган сўнгги ҳафталарда мамлакатга бевосита чегарадош қолган минтақа давлатлари раҳбарларининг Муҳаммад Ашраф Ғани билан мулоқотда бўлганига оид хабарлар ҳалича олинмаган.

Аммо ўтган ҳафта Афғонистон президентининг 15-16 июль кунлари пойтахт Тошкентда бўлиб ўтиши кутилаётган ва афғон можароси ҳам кун тартибида бўлиши айтилган йирик халқаро анжуманда шахсан иштирок этиш учун Ўзбекистонга келиши хабар қилинганди.

Толиблар 22 июнь куни Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасидаги асосий ўтиш нуқтасини босиб олишаркан, мамлакат масъуллари ўшанда ҳам 130 дан ортиқ афғон ҳарбийсининг ўз ҳудудларига қочиб ўтишганини расман тасдиқлашган.

Орада Толибон Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий Калдор тумани учун олиб борган жангларда ҳам яна йигирмага яқин афғоннинг Тожикистонга кесиб ўтгани айтилган.

Бу билан сўнгги икки ҳафтанинг ўзида Тожикистон ҳудудида Толибон ҳужумларидан паноҳ топиш илинжида бўлган афғон ҳарбийлари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар вакилларининг жами сони 1400 дан ошган.

Июнь ойининг сўнгги ҳафтасида толибларнинг ҳужумларидан қочиб, жами 100 нафар афғонистонликнинг Ўзбекистон чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтишга урингани ҳам маълум бўлган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг кетма-кет берган расмий баёнотларида айтилган.

Аммо вазирлик ўзининг ҳар икки баёнотида ҳам "Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилиши, давлат чегарасини бузганларга эса, энг кескин чоралар кўрилиши" билан огоҳлантирган.

Бадахшон ва хорижий жангарилар

Файзобод ҳам толиблар қуршовида қолгани, шаҳар учун жангларнинг ҳануз давом этаётгани айтиларкан, минтақадаги мухбирларимизга кўра, Бадахшонга юзлаб сондаги қўшимча мадад кучлари ташланган

Сурат манбаси, official

Бадахшон Афғонистоннинг Тожикистондан ташқари Хитойга ҳам бевосита чегарадош ягона вилояти бўлади.

Афғонистон масъуллари эса, бу туманлар учун жангларда илк бор Толибон сафида хорижий жангарилар - чеченлар, уйғурлар ва тожикистонликлар ҳам жанг қилишганини расман маълум қилишган.

Афғонистон Мудофаа вазирлигининг билдиришича, якшанба кунги ҳаво ҳужумларида Бадахшонда ўлдирилган саккиз Толибон жангарисининг уч нафари чеченистонлик бўлиб чиққан.

Аммо қолган икки давлат фуқароларига оид баёнотлари қандай маълумотларга асослангани тафсилотларини ҳалича ошкор қилишмаган.

Масъуллар ўзлари тилга олиб ўтган чет эллик жангарилар барчасини Афғонистон тупроғидан бошпана топиб келаётган бирор бир хорижий жангари гуруҳ эмас, айнан Толибоннинг ўз аъзоларига нисбат беришган.

Толибон ўз ҳужумларини кучайтирган сўнгги ҳафталарда эса, Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидан бунга ўхшаш хабар олинмаганди.

Афғонистонлик масъулларнинг бу даъволарига улар тилга олиб ўтган хорижий жангарилар фуқаролари бўлган бирор бир давлатнинг расмий муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.

Марказий осиёлик, чечен ва уйғур жангариларининг бундан аввал 2015 йилда ИШИДга тўлиғича байъат келтирганини эълон қилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларида ҳам жанг қилишгани айтилган.

ИШИДга тўлиғича байъат келтириб, орада сафлари парчаланиб кетмасидан аввал, ҳаракат Толибоннинг Афғонистондаги илк ва яқин иттифоқчиси ҳам бўлган.

Расмийлар Бадахшондаги сўнгги жангларда толибларга оғир талафот етказишганини иддао қилишган, аммо ўзлариникига оид рақамларни ҳалича расман очиқлашмаган.

Маълум бўлишича, толиблар кеча, якшанба куни Бадахшон маркази Файзобод шаҳрини ҳам олишга уриниб кўришган, аммо муваффақ бўлишмаган.

Файзобод ҳам толиблар қуршовида қолгани, шаҳар учун жангларнинг ҳануз давом этаётгани айтиларкан, минтақадаги мухбирларимизга кўра, Бадахшонга юзлаб сондаги қўшимча мадад кучлари ташланган.

Аммо вилоятдан ҳалича янги ҳарбий амалиётлар оид хабарлар олинмаган.

Шу дам олиш кунларида ижтимоий тармоқларда Файзобод аҳолисининг саросимада экани, маҳаллий масъулларнинг эса, шаҳарни тарк этиш ҳаракатида эканликларига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Аммо айни мазмундаги хабарлар ҳалича афғон расмийлари томонидан тасдиқланмаган.

Шимол ва шимол-шарқ

Шимолий Балх вилояти

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Толибон ўтган ҳафта Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида жойлашган Термез яқинидаги халқаро аҳамиятга молик Ҳайратон бандаргоҳига ҳам ҳужум қилган, аммо уни босиб олишга муваффақ бўлмаган

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, Афғонистоннинг сўнгги бир неча ҳафта ичида толиблар фаоллашган қолган шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида вазият нисбатан тинч.

Толибларнинг навбатдаги ҳужумлари ёки ҳукумат кучларининг янги ҳарбий амалиётларига оид хабарлар ҳалича кўзга ташланмайди.

Уларнинг айтишларича, бу минтақалардаги ўттиздан ортиқ туман ҳануз толиблар назорати остида қолмоқда.

Бу туманларнинг олтитаси Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти ҳисобига тўғри келади.

Толибон ўтган ҳафта Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида жойлашган Термез яқинидаги халқаро аҳамиятга молик Ҳайратон бандаргоҳига ҳам ҳужум қилган, аммо уни босиб олишга муваффақ бўлмаган.

Афғон ҳукумат кучлари толибларнинг бандаргоҳга Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош икки туманидан уюштирган қақшатқич ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлишган.

Ҳайратон бандаргоҳи ва шаҳарчасидан толиблар таҳдидини аритиш учун янги ҳарбий амалиётлар ўтказилишини ҳам айтишган.

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, ваъда қилинган амалиётлар ҳалича бошланмаган эса-да, ҳозирга келиб Ҳайратон бандаргоҳи қайта очилган.

Кемалар, машиналар ва поездлар қатнови яна жонланган.

Аммо толиблар таҳдидидан хавотирда бўлган тожирлар ҳануз оз эмас, дейишмоқда улар.

Ўзбекистон коронавирус билан боғлиқ кескинлашиб бораётган вазият изоҳи билан Афғонистон билан чегарасини 21 июнь куни вақтинчалик ёпган.

Бунинг ортидан эса, икки ўртадаги борди-келди муайян тоифа инсонлардан ташқари қолган барча учун тўхтатилиши ҳам айтилганди.

Маълум бўлишича, орада толиблар музокаралар учун Ҳайратон масъуллари ҳузурига ўз вакилларини юборишган.

Улардан бирор бир жангларсиз ўзларига таслим бўлишларини сўрашган, аммо рад жавобини олишган.

Аммо, минтақадаги мухбирларимизга кўра, ҳозирга келиб, Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти маркази Мозори Шарифдаги деярли барча чет эл консулхоналари ўз фаолиятини тўхтатган.

Уларнинг бунинг сабабини хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ва толибларнинг кучайиб бораётган таҳдиди билан изоҳлашган.

Мозори Шарифда жами саккиз чет эл консулхонаси фаолият юритиб келган бўлса, уларнинг тенг ярми Марказий Осиё давлатлариники бўлади.

Ўзбекистон Бош консулининг Би-би-си Ўзбек хизмати билан шу дам олиш кунги суҳбатидан уларнинг ҳануз иш юритиб келаётганликлари англашилган.

Ёпилгани айтилган консулхоналар дипломатик ходимларидан бир қисмининг аллақачон пойтахт Кобулда эканига оид хабарлар ҳам бор.

Улар ўз фаолиятини қачон бошлаши ҳозирча маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek