Тожикистон: Ковид яна бош кўтардими ё кеч тан олиндими? Tojikiston dunyo mintaqa yangiliklar

Тожикистондаги маҳаллий бозор

Сурат манбаси, courtesy

    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Тожикистонда коронавирусга чалинишнинг янги ҳоллари расмай равишда эълон қилингандан сўнг, уч кун орасида Ковид аниқланганлар сони 50 нафарга етган. Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги маълумотларига кўра, кейинги куни 18 нафар кишининг коронавирусга чалингани аниқланган. Вазирлик кейинги беш ойдан кўпроқ вақт давомида Тожикистонда бирон киши ҳам ковидга чалинмаганлигини такрорлаб келарди.

Айни бир пайтда қўшни Ўзбекистонда ҳам коронавирусга чалиниш ҳоллари ортиб борар экан, мамлакатда эҳтиёт чоралари кўпаймоқда. Жумладан, Ўзбекистонга чет мамлакатлардан кириб келадиган ҳар бир кишининг коронавирус бор-йўқлигини аниқлаш учун тест топшириши шарт қилиб қўйилган. Маълум муддат бу шарт бекор қилинган эди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий сафаридан сўнг икки мамлакат ўртасида тузилган янги шартномалардан, жумладан, аҳоли борди-келдиси енгиллашиши борасидаги хабарлардан руҳланган ва энди пандемия туфайли ёпилган чегара очилишига умид қилган тожикистонликлар тест шартлиги борасидаги хабарни эшитиб, яна умидсизликка тушишган.

- Тошкент орқали Москвага учмоқчи бўлиб авиачипта олиб қўйгандик. Ўзим, аёлим ва икки фарзандим билан шанба куни учишимиз керак. Ўзбекистон ўтказяпти, лекин Тожикистн томон чегараси бутунлай ёпиқ, дейишди. Фақат ковидга қарши кураш Республика штабидан рухсатнома олинса, ўтказишар экан. Бунинг учун Душанбега бориб-келиш керак. Нима қилишни билмай, бошим қотиб қолди, - деди оиласи билан Россияга ишлаш учун кетаётган хўжандлик меҳнат муҳожири Шарифжон.

- Менинг ота-онам Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида яшашади. Отамнинг тоблари қочиб қолган. Бир ярим йилдан буён кўришга боролмаяпман. Шавкат Мирзиёев келиб-кетгандан сўнг чегара ана очилади-мана очилади, деган гапларни эишитиб суюниб ўтиргандим. Энди ўзимиздан ҳам коронавирус чиққан бўлса, отамни кўриб келишга бориш учун яна қанча кутар эканмиз, - деди Деваштич туманида яшайдиган Отажон.

Иситма ошкор қилдими?

Тожикистондаги хиёбон

Сурат манбаси, courtesy

Гарчи ҳали Тожикистонда пандемия муносабати билан чекловлар эълон қилинмаган бўлса-да, расмийлар аҳолидан санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишни сўрашмоқда. Айни бир пайтда асло ваҳимага тушмаслик таъкидланмоқда.

Расмийларга кўра, Суғд вилоятидаги юқумли касалликлар беморхоналарида ҳозирда 50 нафар киши даволанмоқда. Улар асосан зотилжам билан оғригани ва ўн нафардан ортиқ инсонда ковид аниқлангани айтилди.

- Бизда ковидни даволаш учун барча имкониятлар бор. Ўтган вақт давомида шифокорларимиз тажрибаси ҳам етарлича ошди. Ёши олтмишдан ўтганлар, кўпчилик билан ишлайдиган касб эгалари биринчи навбатда ковидга қарши эмланмоқда. Касалликнинг олдини олиш фақат шифокорларгагина эмас, балки аввало ҳар бир одамга боғлиқ. Ниқоб тақиш, ижтимоий масофага, умуман барча санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, зарурат бўлмаганда уйдан ташқарига чиқмаслик, албатта ковид тарқалиши олдини олади, - деди вилоят фаоллари йиғилган мажлислардан бирида Суғд вилояти Раиси Ражаббой Аҳмадзода.

Айни бир пайтда вилоятда эмлаш жараёни борар экан, хорижий мамлакатлардан коронавирусга қарши вакциналар келиши давом этмоқда. Тўрт кун олдин Хитойдан Душанбега 300 мингта вакцина олиб келинди. Хитой бу вакциналарни Тожикистонга бепул юборганини эълон қилди.

Осиё Тараққиёт банки эса, Тожикистон Ҳукуматига COVID-19 га қарши вакцина сотиб олиш, эмлаш жараёнини муваффақиятли ўтказиш имкониятини кучайтириш учун 25 миллион АҚШ доллари ҳажмида кўмак беришга қарор қилди.

Расмий маълумотларга қараганда, Тожикистон аҳолининг коронавирусга қарши эмланиш даражасида жаҳондаги энг паст кўрсаткич қайд қилинган мамлакатлардан бири эканлигича қолмоқда.

Аҳоли орасида мамлакатда инсон ҳаёти учун ўта хавфли "дельта" - ҳиндистонча штамм тарқалгани борасидаги хабарлар хавотирлик уйғотмоқда. Бу борада ҳатто вирусолог мутахассислардан бири ҳам айтган.

Лекин Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги бу иддаони рад этиб, мамлакатда бирон киши бу штаммни юқтирмаганини билдирди.

"Коронавируснинг ҳиндча кўриниши ҳаммани ташвишлантиради. У хавфли ва тез тарқалади. Бу штаммнинг ўз белгилари бор. Лекин коронавирус туфайли беморхоналарга ётқизилган кишиларнинг кўпчилигида ҳеч қандай бир белги қайд қилинмаган. Агар бизда ҳиндистонча штамм бўлганда эди, беморхоаналар тўлиб кетарди. Чунки у ўтакетган тезликда тарқалиш хусусиятига эга", дейишди вазирликдагилар.

Лекин вазирлик мутахассисларига қараганда улар сира хотиржам қараб туришган эмас ва бу штамм бор-йўқлигини аниқлашда давом этишмоқда.

- Мен ўтган йили коронавирус туфайли икки нафар яқин кишимдан айрилдим. Ўзим узоқ вақт даволандим. Агар фақат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари келгунча бизда коронавирус йўқ, деб айтиб келишмаганда, балки биз ҳам ҳушёр бўлармидик. Мана яна касални иситмаси ошкор этяпти-ку! Ярим йилдан буён йўқ-йўқ, деб келишди. Энди кунига 15-16 тадан аниқлашмоқда. Агар ҳамма тест топширса, бу рақамлар қанчалик кўпайишини ўйлаб, даҳшатга тушаман, - деди Душанбе шаҳрида яшайдиган эллик ёшлардаги Хосият исмли аёл.

Коронавирусга чалинишнинг янги ҳоллари расман эълон қилинишидан икки ҳафта олдин ижтимоий тармоқларда Тожикистонда ковидга чалинганлар кўпайгани борасида кетма-кет хабарлар тарқала бошлаганди. "Азия-плюс" ахборот агентлиги эса, хусусий лабораториялар ҳам бу ҳолатни тасдиқлашгани ҳақида ёзганди. Жумладан, Душанбедаги "Диамед" хусусий лабораториясида бир кунда тест топширганларнинг 100 нафарида коронавирус аниқлангани ёзилганди.

Лекин ҳукуматга қарашли лабораториялар бу маълумотларни рад этишганди. "Агар, бир кунда 100 киши ковидга чалингани аниқланган бўлганда эди, барча беморхоналарда битта ҳам жой қолмаган бўларди", дейишганди санитария-эпидемиология лабораторияси мутахассислари.

"Ҳаммасига биз айбдормизми?"

Тожикистондаги емакхона

Сурат манбаси, courtesy

Кейинги уч кунда Тожикистонда коронавирусга чалинишнинг янги ҳоллари расман эълон қилингач, аҳоли орасида тарғибот-тушунтириш ишлари кучайтирила бошланди. Кўпчилик қатнашадиган йиғилишларда ниқоб тақиш шарт қилиб қўйилди. Айниқса, бу гал ковидга чалиниш болалар ва ёшлар орасида кўпаяётганлиги ҳақидаги хабарлар ота-оналарни ташвишга солиб қўйди. Бор-йўғи ўн кунча олдин нақлиёт, кўча, бозор, жамоат жойларида ниқоб таққанлар онда-сонда кўзга ташланарди. Энди уларнинг сони бирмунча кўпайиб қолди.

Бозорларда савдо қилаётган сотувчилардан албатта ниқоб тақиш талаб қилинмоқда. Айрим ошхоналарга киришда мижозларнинг иссиғи ўлчаниб, қўлларига антисептик сепилгач, ичкарига киришга рухсат берилмоқда. Лекин айни шу каби ошхоналарда ҳам, бошқа жамоат жойларида ҳам ижтимоий масофа сақланишига эътибор берилмаётир.

- Бултурги чекловлар пайтида фақат 30 кишилик тўйга ижозат берилганди. Оз киши билан тўй ўтказган кишилар ҳеч нарса йўқотишган эмас, қайтага ортиқча сарф-харажат бўлмади. Жорий йилда тўйларни юз киши билан ўтказишга рухсат берилди. Лекин амалда ундан кўп одам йиғилади. Майли, ишхоналар, бозорлар ёпилса, бюджетга таъсир қилар, Лекин тўй, бошқа маросим ва тантаналарни ўтказиш учун чекловлар киритса бўлар. Ишқилиб, коронавирус кўпайиб кетмасин. Ўшанда болалар боғчалари ва биринчи навбатда масжидлар ёпилиши мумкинлиги турган гап, - деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги эса, аҳоли иккинчи тўлқин деб атаётган коронавирусга янги чалиниш ҳолларида кўпроқ аҳолининг ўзини айбламоқда. Вазирлик мутахассисларига кўра одамлар ниқоб тақмай қўйишган, бошқа санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишни унутишган, чет мамлакатлардан қайтиб келган фуқаролар ўзларини ҳимоя қилиш учун маълум муддат бошқалардан иҳоталаниш каби саломатлик учун муҳим тавсияларга қулоқ тутишмаган.

- Балки бу гапларда унча-мунча асос ҳам бордир. Лекин ҳаммасига фақат биз айбдор бўлаверамизми?. Айтинг-чи, ўша хориждан қайтиб келган қанча одамдан тест олинган, қанчаси ўн тўрт кунлик муддатда иҳоталанган? Агар бизда коронавирусга чалиниш ҳоллари йўқ, деб яшириб келишмаганда, ҳозирги ташвишли ҳолат юз бермаган бўлармиди? - деди Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб қайтиб келган, Истиқлол шаҳрида яшайдиган Ниёз.

Ковид олдини олиш ва унга қарши кураш Республика штаби аҳоли соғлигини сақлаш мақсадида COVID-19 коронавируси тарқалмаслиги учун тегишли қарорлар қабул қилди. Жумладан, аҳолининг шахсий ва умумий гигиенага риоя қилиши, хизмат кўрсатувчи ва маданий марказлар фаолиятини назорат этиш, қатъий профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни ўтказиш, маросим ва тантаналар, жаноза, қабрга қўйиш қайтида, шунингдек, халқаро авиарейсларни қабул қилишда тегишли вазирлик ва маҳкамалар ишини мувофиқлаштиришни кучайтириш бўйича қарорлар қабул қилинди.

Расмий маълумотларга қараганда, пандемия даврида Тожикистонда 13 минг 358 киши ковид юқтирган. 90 нафар киши вафот этган. 13 минг 218 нафар киши тузалиб чиққан.

Лекин ижтимоий тармоқларда Тожикистонда COVID-19 тарқалиши борасида фикр билдирувчилар кўпинча бу рақамларни шубҳа остига олишади. Айрим интернет сайтларда эса, вафот этганлар сони аслида кўплиги иддао қилинган ҳолда, уларнинг исм-насабларидан иборат узунгина рўйхат келтирилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

.