Коронавирус, Марказий Осиё: ким кимга чегарасини очади? O'zbekiston, Koronavirus, Markaziy Osiyo

Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги "Дўстлик" чегарадан ўтиш нуқтаси

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги "Дўстлик" чегарадан ўтиш нуқтаси

Коронавирус туфайли ёпган чегараларини Марказий Осиё мамлакатлари қайта оча бошлаганига нуфузли Diplomat нашри эътибор қаратди.

Diplomatда эълон қилинган мақола Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарасидан ўтиш-қайтишга рухсат берилганига бағишланган.

Март ўртасида, Марказий Осиёнинг уч давлати Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзларида илк Covid-19 ҳолатларини тасдиқлашни бошлаган вақтда чегараларни ёпиш уларнинг илк амалларидан бўлган эди. Энди пандемия тортила бошлаганда минтақанинг айрим мамлакатлари ўзларининг чегараларининг очилиши таъмини тотиб кўрмоқчи, деб бошланади мақола.

1 сентябрдан Ўзбекистон фуқароларининг "Дўстлик" чегара пости орқали Қирғизистонга киришларига рухсат берилган. Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг Фарғона водийсидаги узун чегарасида "Дўстлик" икки мамлакатнинг биридан иккинчисига ўтишдаги энг йирик пост экани таъкидланади. Агар бу иш берса, ушбу чегара постининг очилиши бутун минтақада олқишланиши мумкин, дейилади Diplomatдаги мақолада.

"Ҳозир чегара, назарий жиҳатдан, фақат бир тарафлама очиқ. Қирғизистон Ўзбекистонни фуқароларига Қирғизистонга киришларига изн берилган мамлакатлар рўйхатига киритди, аммо Ўзбекистоннинг чегараси Қирғиз фуқаролари учун ҳамон ёпиқ".

"Қирғизистон рўйхатида Ўзбекистон дохил 32 мамлакат бор ва Бишкек бу рўйхатни ойига икки марта янгилаб туришини айтмоқда. Қолган 31 мамлакат: Арманистон, Австрия, Озарбайжон, Беларусь, Белгия, Хитой, Грузия, Германия, Буюк Британия, Исландия, Ирландия, Италия, Япония, Қозоғистон, Қувайт, Латвия, Лихтенштейн, Литва, Люксембург, Малайзия, Покистон, Португалия, Қатар, Россия, Словения, Жанубий Корея, Швеция, Туркия, Туркманистон ва Бирлашган Араб Амирликлари".

"Рўйхатдаги айрим мамлакатлар пандемияни назоратга олиш уддасидан чиққан бўлсалар, бошқалари намойишкорона йўқ. Мисол учун, Россия тасдиқланган юқиш ҳолатларининг 1 миллионига яқинлашаётган эса-да, кунлик рақамлар май ойидаги 11000 дан август ойида 5000га тушди."

Қирғизистоннинг чегарасини очиши "қолган туристик мавсумни қутқариб қолиш ҳаракати бўлиши мумкин". Аммо бу иш бермаслиги мумкин, деб ёзади Diplomat.

"Бундан олдинроқ Қирғизистон Қозоқ фуқароларининг киришларига рухсат берган, бироқ Қозоғистон расмийлари одамларни ортга қайтарган эди. Айни шу нарса Ўзбек-Қирғиз чегарасида юз бериши мумкин", дейилади мақолада. Қирғизистон Чегарани қўриқлаш хизмати Ўзбек фуқароларининг Қирғизистонга киришларига монеълик қилмаслигини билдирган, аммо Ўзбекистон расмийларининг ўз фуқароларини чиқишларига изн бериш-бермасликлари Тошкентга боғлиқ, дейилади мақолада.

Июн ойида Ўзбекистон чегаралари дипломатлар, инвесторлар, "тиббий сайёҳлар ва Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Исроил сингари мамлакатлардан йўловчилар учун қайта очилган эди. Мамлакатга киргандан кейин карантинга олиниш-олинмаслик келаётган мамлакатга пандемия вазиятига қараб қандай ранг (қизил, сариқ, яшил) берилганига боғлиқ. "Қизил" мамлакатдан келганлар инглиз ёки рус тилида йўлга чиқишидан 72 соат олдин Covid-19ни юқтирмаганини тасдиқлайдиган сертификат тақдим этишлари талаб этилади. Шу ҳафтада Ўзбекистон Беларусь билан мунтазам парвозларни қайта тиклаш ҳақидаги келишувга эришди ва Тошкент сентябрда Туркия, Қозоғистон ва БАА билан шундай келишувларга эришиши кутилмоқда. Август охирида Ўзбек расмийлари Қирғизистон билан парвозларни қайта тиклаш таклифини илгари сургани, бироқ Бишкек рад этгани хабар қилинади.

"Бир нарса аниқки, вазият ўзгарувчан. Минтақа ҳукуматлари туризмни қайта тиклашни ҳам, бошқа иқтисодий фаоллик, хусусан, мигрант ишчилар оқими қайта тикланишини ҳам хоҳлайдилар. Аммо ўз-ўзини ёпган чегараларда янги тартиблар жорий этилиши мушкуллигини тилга олмаганда ҳам минтақа бўйлаб сиёсатни назарда тутилса, сафар қилиш қийинлигича қолади. Шунинг учун саёҳатчилар парвозга чиқиш ёки чегара ўтиш нуқтасига яқинлашишдан олдин тегишли расмийлардан уч карра текшириб олишлари лозим бўлади", дейилади Diplomatдаги мақолада.

Айни пайтда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 сентябр куни ушбу хабарни тарқатди:

2020 йил 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги автойўл ўтказиш пунктларига нисбатан кириб-чиқиш бўйича чекловлар санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда бекор қилинади ва қуйидаги тартиб жорий этилмоқда:

  • охирги 14 кун Қирғизистон Республикасида бўлиб турган ёки сўнги 72 соат давомидаги коронавирус инфекциясига ПЗР тест текширувининг манфий натижалари тўғрисида маълумотномаси мавжуд бўлган шахслар Ўзбекистон Республикасига кириб келганда карантин назоратига олинмайди;
  • Қирғизистон Республикасига чиққан ҳамда фақатгина ушбу мамлакат ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари республикага қайтиб киргандан сўнг карантин назоратига олинмайди;
  • мазкур банднинг 3 ва 4 хатбошисида белгиланган ҳолатлардан ташқари барча вазиятларда Ўзбекистон Республикасига кириб келувчи шахслар ўрнатилган тартибда карантин назоратига олинади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek