Коронавирус: Қозоғистон "номаълум зотилжам" урчиганини рад этди Koronavirus

queue at Almaty pharmacy

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Олма-Ота шаҳридаги дорихона олдидаги навбат. Мамлакатда 11 июлгача коронавирусдан 264 ўлим ҳолати қайд этилгани хабар қилинди

Қозоғистон Хитой расмийларининг бу мамлакат "номаълум зотилжам" кўпайишига дуч келмоқда деган даъволарини рад этди.

9 июл куни Хитойнинг Қозоғистондаги элчилиги ўз фуқароларига огоҳлантириш эълон қилган, бу огоҳлантиришда Қозоғистондаги "пневмония Covid-19дан ҳам ҳалокатли" экани айтилган.

Эртаси куни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бунга жавобан баёнот эълон қилди, Хитой элчихонасининг гапи "ҳақиқат эмас"лигини айтди.

Қозоғистон ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалиниш ҳолатлари ортгани сабабидан яқинда яна карантин эълон қилди, бу билан Қозоғистон ўз ҳудудида карантинни иккинчи марта жорий этган жаҳондаги илк мамлакат бўлди.

Қозоғистон тиббиёт вазирлиги маълумотларига кўра, шу кунгача мамлакатда Covid-19 вирусини 56455 киши юқтирган, 264 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Мухбирларга кўра, Қозоғистондан бошқа Марказий Осиё мамлакатларини коронавирус ҳолатларини зотилжам деб таснифлаётганликда, бу билан мамлакатдаги иккинчи тўлқин миқёсини камайтириб кўрсатишга интилаётганликда айбламоқдалар.

staff member and customer at Almaty pharmacy

Сурат манбаси, Reuters

10 июл куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Қозоғистондаги вазият бўйича баёнот берди, Қозоғистондаги зотилжам ҳолатлари халқаро ташкилотнинг "радарида экани" ва улар Covid-19 бўлиши мумкинлиги айтилди.

"Мамлакатдаги Covid-19нинг ўсиб бориш траекторияси шуни англатиши мумкинки, аслида ҳолатларнинг аксарияти ташхисланмаган Covid-19 ҳолатлари бўлиши мумкин", деб айтган Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда ҳолатлар бўйича дастури раҳбари Майк Райан.

Хитой элчилиги эълон қилган баёнотда айтилишича, 2020 йилнинг биринчи ярмида 1722 инсон, "фақат июн ойининг ўзидагина 628 киши зотилжам урчишидан вафот этган.

Баёнотда Атирау, Ақтўбе ва Чимкент шаҳарларида пневмонияни юқтириш ҳолатлари кўплиги ва ўлганлар орасида Хитой фуқаролари ҳам борлиги айтилган.

Ўзининг жавобий баёнотида Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда "этиологияси номаълум зотилжам вируси" мавжудлигини тан олган, аммо Хитой элчилигининг огоҳлантириши "ҳақиқатга тўғри келмаслиги"ни айтган.

Вазирлик коронавирус симптомлари мавжуд ҳолатлар пневмония деб таснифланганини тан олган, бироқ бу беморларда ўтказилган коронавирус тестлари салбий натижа кўрсатгани учун шундай ташхис қўйилганини билдирган.

Вазирлик бу борада, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига амал қилинган ҳолда иш кўрилган, деган.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цойнинг матбуот брифингида айтишича, мамлакатда зотилжамдан ўлим ҳолатлари сони кўпайган: 2019 йили ўлимлар сони жами 1780 тани ташкил этган бўлса, 2020 йилнинг биринчи ярмида 1172 тани ташкил қилган. Зотилжамни юқтириш ҳолатлари ҳам 50 фоиз кўпайган, деб айтган тиббиёт вазири.

A health worker takes a swab from a woman at a mobile testing station in Almaty, Kazakhstan. Photo: June 2020

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Қозоғистон иккинчи марта карантин эълон қилди

Қозоғистонлик тиббиёт ходимлари ва қурбонлар қариндошларининг Би-би-си мухбири Абдужалил Абдурасуловга айтишларича, зотилжам ҳолатларининг сони кўпайгани коронавирусга боғлиқ эканига ишонадилар, аммо бу аниқ коронавирус дейилмагани сабаби тестлар сонининг камлиги ёки умуман тест қилинмаганидадир.

Отаси коронавирусникига ўхшаш аломатлар билан шифохонага ётқизилганидан уч кун ўтиб вафот этган Венера Жаналина Би-би-сига шундай деди: "Ўлим ҳақидаги гувоҳномада ўлим сабаби зотилжам деб ёзилган. Бироқ биз ҳатто коронавирусга тест қилишганми-йўқлигини ҳам билмаймиз".

38 яшар Аида Жексеннинг айтишича, июн ойининг охирида тоби қочган, текширишганида тест натижаси коронавирусга мусбат чиққан. Бироқ шифохонада даволанаётганида яна тест қилишганида натижа манфий чиққан. Шундан кейин ўзининг ташхисига зотилжам деб ёзишган.

"Мен докторлардан бунинг сабабини сўрадим. Уларнинг айтишича, бурундан суртма олишган пайти вирус бўлган. Сўнг вирус ўпкамга ўтган. Ўпкамда бор-йўқлигини аниқлаш учун сўлак тестини олишлари керак эди. Аммо сўлак тестини олишни хоҳлашмагани сабабли умуман олишмади", дейди Венера Жексен.

Ўзининг исми-шарифи сир қолишини сўраган тиббиёт ходимасининг Би-би-сига айтишича, ўзининг коронавирус тести икки марта салбий чиққан. Аммо у ўзидаги симптомларнинг бир нечаси айнан коронавирусники эканини ҳис қилган, компютер томографиясида вируснинг барча белгилари аниқ-таниқ кўриниб турган.

Тести салбий чиққани учун унга пневмония ташхисини ёзишган.

"Улар коронавирус рақамларини кам қилиб кўрсатиш учун шундай қилишади. Чунки улар касаллик тарқалаётган ҳудудлар рўйхатининг тепасида туришни хоҳламайдилар. Коронавирусга қарши курашгандан кўра статистикани ўзгартирган осонроқ-да", дейди тиббиёт ходимаси.

Аммо Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг "Франс Пресс" ахборот агентлигига билдиришича, Қозоғистоннинг касалликлар ҳолатини таснифлаши ЖССТнинг йўриқномаларига тўла мос келади.

"Зотилжам ҳолатларини номаълум хасталик деб таснифламаслик тавсия этилади. Биз вазирлик билан ҳамкорликда Covid-19нинг тасдиқланган ҳолатларини аниқлаш жараёнидамиз", дейилади ЖССТ тарқатган баёнотда.

ЖССТнинг расмий веб-сайтида шундай код тавсия қилинади: "U07.2 COVID-19, аниқланмаган вирус".

Бу кодни "Covidнинг клиникал ёки эпидемиологик ташхиси бўлган, бироқ лаборатория тасдиқлови ишончсиз, ниҳоясига етказилмаган ёки умуман имконсиз бўлган" ҳолатларга қўллаш маслаҳати берилган.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek