Ўзбекистон, коронавирус: Деярли 500 янги бемор ва маҳаллий поездлар ҳам тўхтатиладими? O'zbekiston, koronavirus

Сурат манбаси, official
9 июл куни ҳам Ўзбекистонда коронавирус бўйича антирекорд янгиланган.
Кун давомида 472 ҳолатда касаллик қайд этилган.
Шундан 275 нафар янги бемор карантин муассасаларида, 190 нафари аҳоли, 7 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.
6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.
10 июл соат 10:00 ҳолатига кўра эса, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 11723 (+159) нафарни ташкил этмоқда.
Шу вақтга қадар 7287 бемор соғайган, 4384 бемор шифохоналарда қолмоқда.
Улардан 42 нафари оғир, 10 нафари эса ўта оғир аҳволда экани айтилади.
Қайд этилган ўлим ҳолатлари 52 та.
Бир вақтнинг ўзида 10 июлдан республика миқёсида кучайтирилган карантин тартиби амал қила бошлаган.
Coca-cola хусусий инвесторга сотилади

Сурат манбаси, Ўзбекистон Молия вазирлиги
Молия вазирлигининг хабар беришича, озиқ-овқат саноатининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш каби мақсадларда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишида "Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd" устав капиталидаги давлат улушини хусусий инвесторга сотиш вазифаси белгилаб берилган.
Хабарда ушбу жараённинг самарадорлиги ва ошкоралигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши, инвесторлар билан ишлашни ташкил қилиш, шунингдек, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида дунёнинг етакчи банкларидан молиявий маслаҳатчи сифатида JP Morgan, Rothschild & Co, Credit Suisse банклари орасидан бири танланиши маълум қилинган.
Чегарада 3000 га яқин ўзбекистонлик тўпланиб қолган
1 июлдан 7 июлгача бўлган муддатда "Жибек жоли" — "Ғишт-Кўприк" назорат-ўтказиш пункти орқали 2700 нафардан ортиқ фуқаро Ўзбекистонга қайтган, аммо юзага келган техник муаммолар туфайли Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан одамларни ўтказиш чекланган миқдорда амалга оширилди, дея маълум қилмоқда Ташқи ишлар вазирлиги.
Оқибатда, бу ҳолат чегарада 3000 га яқин Ўзбекистон фуқаролари тўпланиб қолишига сабаб бўлган.
Вазирликка кўра, 8 июл куни чегарадан эркин ўтишга тўсқинлик қилувчи барча техник ва ташкилий муаммолар ҳал этилган ва, натижада, 8 июл куни кечқурун ва 9 июл куни "Жибек жоли" - «Ғишт-Кўприк» назорат-ўтказиш пунктидан 3746 нафар ўзбекистонлик ўтказилган.
Маҳаллий поезд ва авиақатновлар тўхтатилади

Сурат манбаси, uza.uz
13 июлдан маҳаллий йўналишлардаги поездлар ва авиақатновлар ҳам тўхтатилади.
Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, кучайтирилган карантин шароитида Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ хорижий давлатлардаги ўзбекистонликларни олиб келиш бўйича репатриацион рейслар амалга оширилади.
Шунингдек, карантин муддатини ўтаб бўлган фуқароларни реабилитация учун шифохоналарга ва яшаш манзилларига етказишда темирйўл ва автобуслардан фойдаланилади.
Ортиқхўжаев пойтахт аҳлига мурожаат қилди

Сурат манбаси, .
Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мавжуд эпидемиологик вазият юзасидан пойтахт аҳолисига мурожаат билан чиқди.
Ўз мурожаатида у сўнгги пайтларда вазият яхшиланганидан оилавий тадбирлар, тўй-ҳашамлар ўтказилишига рухсат берилгани, ишлаб чиқариш корхоналари, қурилиш ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолияти қайта йўлга қўйилгани, аммо санитария талабларига тўлиқ риоя этилмаганидан охирги ўн кунда шаҳарда касалликка чалиниш ҳолатлари кескин ошиб, кунлик 30-40 тадан ўртача 150-200 тагача кўпайгани, ўлим ҳолатлари ҳам ортганини таъкидлаган.
«Коронавирус менга таъсир қилмайди, мендан узоқда деган фикрда бўлсак, адашамиз. Хавф ортда қолиши учун ҳаммамиз санитария-гигиена талабларига тўлиқ амал қилишимиз, бепарволикка йўл қўймаслигимиз, зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслигимиз, жамоа бўлиб йиғилмаслигимиз, аввалдан мўлжалланган жамоавий тадбирларни ортга суришимиз лозим», дейилади ҳоким мурожаатида.

- Рекордлар куни ва вирус 15 мартдан олдин кириб келганмиди?
- Ўзбекистон: Халқ энди болта шўрва қиладими?
- Ўзбекистон: Вазир коронавирусдан вафот этган шифокор хонадонига борди
- Ўзбекистон: Янги коронавирус рекорди, $1,4 миллион пора ва ўзбек олимлари кашфиёти
- Коронавирус: Қозоғистон қаттиқ карантинга қайтмоқда, дунёда очарчилик хавфи
- Ўзбекистон: Янги коронавирус рекорди ва террорчилар ови
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















