Савол: 'Қирғиз-Қозоқ чегарасида нималар бўлмоқда?'

Расмий хабарларга кўра, Қирғизистон Бош вазири Сапар Исаков Қозоғистон билан чегарада тўпланиб қолган одамларни чодирлар, тоза ичимлик суви, иссиқ озиқ-овқат ва биоҳожатхоналар билан таъминлашга буйруқ берган.
Ўтган бир неча соат давомида сатҳдан олинаётган хабарларга кўра, ўзаро чегарада пиёдалар, юк ва бошқа транспорт воситалари йиғилиб қолган, узундан-узоқ навбатлар ҳосил бўлган.
Воқеа шоҳидларига кўра, Қирғизистондан Қозоғистонга ўтмоқчи бўлаётган одамлар соатлаб туриб қолишмоқда, юк машиналари эса, синчиклаб текширилмоқда.
Бу ҳақдаги хабарлар кеча кечқурун дастлаб турли ижтимоий мулоқот тармоқларида пайдо бўлган.
Кўплаб интернет фойдаланувчилари бу каби вазиятдан ўз тушунмовчиликларини изҳор этишган.
Нега бундай бўлаётгани сабаби билан қизиқишган.
Остона бу хусусда ҳозирча жим, Бишкек ҳам ўз муносабатини билдиришга шошилаётгани йўқ.
Қирғизистон томонига кўра, Қозоғистон 10 октябрдан бошлаб, икки ўртадаги назорат-ўтиш нуқталарида ўтиб-қайтиш тартибини кучайтирган.

Тафсилот ўрнида
Аён бўлишича, бу каби ҳолат маҳаллий вақт билан кечки соат 18:00 дан бошлаб кузатилган.
Аммо қозоғистонлик масъулларнинг нега бу ишга қўл уришгани сабаби маълум эмас.
Расмий хабарларга кўра, орадан икки соат ўтиб, Қирғизистон Давлат Чегара хизмати ҳам кучайтирилган тартибда ишлашга қарор қилган.
Лекин улар ўзларининг бу каби қарорлари сабабини 15 октябрь кунига режаланган Қирғизистон президент сайловига ҳозирлик кўриш ва ўтказиш ишлари билан изоҳлашган.
Ўзаро чегарадаги "Қордай", "Чон-ҚапҚа" "Ақ-Жол" ва "Ақ-Тилек" назорат-ўтиш нуқталарида, айниқса, бу каби аҳвол яққол кўзга ташланиши айтилмоқда.

Сурат манбаси, facebook
Қирғизистон Давлат Чегара хизмати, ўз ўрнида, ўзаро чегарадаги вақтинчалик ноқулайликларга тушуниш билан ёндашишларини ҳам сўраган.
Аммо, хабарларга кўра, барча назорат-ўтиш нуқталарида давлат чегарасини кесиб ўтиш тартиб-қоидаларига оид маълумотлар, бундан ташқари, Қирғизистон Давлат хизмати ишонч телефонларининг рақамлари битилган тахтачалар пайдо бўлган.
Ўзаро чегарадаги бу каби вазият эса, Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг қозоғистонлик ҳамкасбига қаратилган танқидларидан саноқли кунлар ўтиб кузатилмоқда.
Атамбоев 7 октябрь куни президент Нурсултон Назарбоевни Қирғизистон ички ишлари ва президент сайловига аралашишда танқид қилган.
Қозоғистон томони эса, бу каби танқидларга қарши ўз норозилигини билдиришда узоқ куттириб ўтирмаган, дарҳол қарши баёнот билан чиққан.
Аммо ўзаро давлат чегарасида соатлаб навбат кутиб туриб қолган инсонлар орасида буларнинг барчасини худди ана шу "даҳанаки жанг" билан боғлаётганлар ҳам озмунча бўлмаётир.
Би-би-си Ўзбек Хизмати Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги вазиятни ўрганишда давом этади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












