Қирғизистоннинг ёш Бош вазир ўринбосари автоҳалокатда вафот этди

Сурат манбаси, Official
Қирғизистон Бош вазирининг 38 яшар ўринбосари Темир Жумақодиров автоҳалокатда вафот этди. "Камаз" русумли юк машина билан тўқнашган автомобилда Бош вазирнинг ёрдамчиси ва ҳайдовчиси ҳам ҳалок бўлган.
Бош вазир ўринбосари Қирғизистонда бўлажак президентлик сайловларига тайёргарлик ишларини текшириш учун Талас вилоятига кетаётган бўлган.
Ҳодиса 7 октябр тонгда рўй берган. Маҳаллий нашрларнинг гувоҳлардан иқтибос келтириб ёзишича, буғдой ортиб олган "Камаз" "Тойота Лэнд Крузер" машинаси билан тўқнашган ва уни бир неча ўн метрга судраб кетган.
"Гувоҳлар бомдод намози вақти ташқарида ғилдирак ёрилганга ўхшаш қаттиқ овоз эшитишган. Ташқарига югуриб чиққан маҳал Бош вазир ўринбосари ўтирган машинани буғдой ортиб олган "Камаз" 20-30 метр судраб кетганини кўришган", деб ёзади ҳодиса жойидан turmush.kg сайти.
Ҳодиса жойидан олинган суратларда "Камаз" келган йўл бўйлаб буғдой сочилиб ётганини кўриш мумкин.
Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев Жумақодировни ёш ва мувафаққиятли раҳбарлардан бўлганини айтган.
Ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон бош вазири ўринбосари Темир Жумақодировнинг йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бевақт вафот этгани муносабати билан Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбоевга ҳамдардлик мактуби йўллади.
Мактубда "Менинг самимий таъзиямни қабул қилинг ҳамда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик сўзларимни етказиб қўйишингизни сўрайман", — дейилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.
Бош вазир ўринбосари Темир Жумақодиров сайлов ўтказиш бўйича республика штаби раҳбари ҳам бўлган. У Таласдаги сайлов участкаларининг сайловга тайёргарлигини текшириш учун кетаётган бўлгани айтилмоқда.
15 октябр куни Қирғизистонда Президент сайлови бўлиб ўтади. Унда мамлакат тарихида илк бор бир муддатга сайланган Президент номзодини қайта қўймайди. Амалдаги Президент Алмазбек Атамбаев Қирғизистонни беш йил бошқарганидан сўнг ўрнини бошқа номзодга бўшатиб беради.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












