Украина уруши: Урушни унутолмайди, гапиришга қўрқади ва ичкиликка муккасидан кетган - Россия ҳарбийларига ёрдам беролмаяптими?

Сурат манбаси, AFP
- Author, София Волянова
- Role, BBC Рус хизмати
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
"Кўпчилик аскарлар психологга боришни истамайди," дейди Россия давлат маблағлари ҳисобидан ишлаётган "Оила ўчоғи" лойиҳасида кўнгилли психолог Татьяна (исми ўзгартирилган).
Унинг айтишича, фронтдан қайтганлар шундай ўйлайди: психолог урушда қатнашмаган, демак, биз нима ҳис қилаётганимизни тушуна олмайди. Ёки бизнинг ҳикояларни эшитиш унинг ўзига оғирлик қилади – буни кўтара олмайди.
Шу боис, дейди Татьяна, кўп аскарлар профессионал ёрдам олиш ўрнига дўстлари билан ичкиликка берилади, шу билан барини унутишга ҳаракат қилади.
Ҳозирги ҳисобларга кўра, минглаб россиялик жангчилар Украина фронтидан қайтгач, оғир руҳий муаммоларга, жумладан, посттравматик стресс хасталигига дуч келмоқда.
Бироқ мутахассислар таъкидлашича, Кремль тўлиқ миқёсли урушни бошлаганидан бери ўтган 3,5 йил ичида давлат психологик ёрдам бўйича самарали тизим ярата олмади.
"Мен бу ерда яхши одамман, лекин у ерда одам ўлдирдим"
Hamkasbimda bir bemor bo‘lgan: u kafega kirib, mijozlarni kaltaklay boshlagan. Sababi – ichki ziddiyat. 'Men bu yerda yaxshi insonman. Lekin u yerda odam o‘ldirdim', deb o‘ylaydi.
Татьяна тушунтиришича, урушдан тинч ҳаётга қайтиш жараёнида баъзан аскарларда назорат қилиш қийин бўлган тажовуз юзага келади.
"Ҳамкасбимда шундай бемор бўлган: у кафега кириб, дам олаётган мижозларни калтаклай бошлаган. Сабаби – ички зиддият. 'Мен бу ерда яхши, меҳрибон инсонман. Лекин у ерда одам ўлдирдим', деб ўйлайди."
У яна бир командир ҳақида гапиради – у тартиб интизомни гўёки сақлаш мақсадида ўз қўл остидагиларни сувсиз ва овқатсиз ўрада ўтиришга мажбур қилган. Кейин уйига қайтгач, у ўзидан:
"Эй Худо, мен бу болаларга нима қилдим ўзи?" деб сўраган.
Бир йил давомида фақат саккиз нафар аскар Татьянага мурожаат қилган. Уларнинг кўпчилиги охири руҳий ёрдамдан воз кечиб, ичкиликка берилиб кетган.
"Улар хавфли одамлар. Мен эса уларни камроқ хавфли қилишим мумкин"

Сурат манбаси, AFP
Россия ҳукумати фронтда қанча аскар борлигини очиқламайди.
Аммо 2023 йил декабрида Президент Путин 2023 йилда фронтда 617 минг аскар бўлганини айтган. Кейинги йили яна 490 минг киши жангга юборилган.
Бехтерев номидаги психиатрия маркази маълумотларига кўра, урушда қатнашган ҳарбийларнинг 3–11 фоизи посттравматик стресс хасталигидан азият чекади. Агар оғир жароҳат олган бўлса, бу кўрсаткич 17 фоизгача етиши мумкин.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу муаммога жавобан мамлакат бўйлаб 2700 га яқин психологик маслаҳат маркази очган. Бундан ташқари, бошқа давлат дастурлари ва кўнгилли психологлар ҳам бор.
Бироқ бу марказларнинг кўлами кичик, ходимлари кам, дейди шундай марказлардан бирида ишлаётган психолог Яна (исми ўзгартирилган).
Яна урушга қарши. Аввалига у фронтда қатнашганлар билан ишлаш қийин бўлади, деб ўйлаган. Аммо кейин ўз ёрдами улар учун муҳим эканини тушуниб етган.
"Улар хавфли одамлар. Мен эса уларни камроқ хавфли қилишим мумкин," дейди у Би-би-си Рус хизматига.
Лекин у яна бир муаммони тилга олади: Россияда қаттиқ назорат ва цензура тобора кучайиб бормоқда, урушни очиқ танқид қилиш тақиқланган. Ҳар қандай шубҳали гап катта оқибатларга олиб келиши мумкин.
"Ҳаммамиз қўрқамиз, – дейди у. – Агар нотўғри одам билан гаплашиб қолсангиз, орқангиздан чақиши мумкин. Кейин ҳаётингиз издан чиқади."
Унинг айтишича, баъзи беморлар терапия жараёнида уруш ҳақида "тасодифий" гап айтиб, унинг реакциясини кузатишга уринган.
Унинг фуқаровий беморларининг кўпчилиги урушни қўллаб-қувватламайди. Аксарияти шунчаки бир нарсани истайди: "Уруш тугасин."
Фронтга судланганлар ҳам юборилган

Сурат манбаси, AFP
Россия 2022 йилда Украинага тўлиқ ҳужум бошлаганида, урушга фақат ҳарбийлар эмас, балки жиноий жавобгарликка тортилган маҳкумлар ҳам жалб этилган.
Кўпчилик маҳкумлар Евгений Пригожин асос солган "Вагнер" гуруҳи орқали сафарбар этилган. Уларга 6 ойлик хизматдан сўнг афв ва эркинлик ваъда қилинган.
Пригожиннинг ўзи айтишича, тахминан 50 минг нафар маҳкум бу шартга рози бўлган.
2024 йил январга келиб, "Вагнер" гуруҳининг маҳкумлар орасидан аскар жалб қилишдаги роли анча пасайди ва бу вазифани тўлиқ Россия Мудофаа вазирлиги ўз зиммасига олди. Шартлар эса кескин ўзгарди: энди урушга ихтиёрий қатнашган маҳкумлар жанговар ҳаракатлар тугагунча хизмат қилишга мажбур эди.
Аслида эса, судланган ё судланмаганидан қатъиназар, кўплаб жангчилар муддати белгиланмаган шартномалар билан армияга жалб қилинмоқда. 2022 йил сентябрида умумий сафарбарлик эълон қилинганидан буён ҳарбий хизмат амалда муддатсиз шаклга айланди. Фақат оғир тан жароҳати, қарилик ёки янги жиноят учун ҳукм чиқарилган ҳоллардагина хизматдан озод этиш мумкин.
Бундай жиноят ҳолатлари эса тобора кўпайиб бормоқда.
Мустақил "Верстка" нашри олиб борган суриштирувга кўра, 2022 йил февралдан 2024 йил августигача уруш қатнашчилари томонидан содир этилган жиноятлар натижасида камида 242 киши ҳалок бўлган ва яна 227 киши тан жароҳати олган. Бу ҳолатлар қаторига қотиллик, зўрлаш ва шафқатсиз калтаклашлар киради.
2025 йил бошида Россия ИИВ таркибидаги Урал Ҳуқуқ институти томонидан "махсус ҳарбий операциянинг Россиядаги жиноятчиликка таъсири"га бағишланган тадқиқот эълон қилинди. Унда уруш бошланганидан буён мамлакат бўйлаб оғир ва зўравон жиноятлар кескин кўпайгани таъкидланган.

Сурат манбаси, Getty Images
Матвей (исми ўзгартирилган) Россиянинг бир ҳудудида наркотик моддаларга қарамликка қарши кураш марказида ишловчи психолог. Унинг айтишича, ўзи ва ҳамкасблари учун фронтдан қайтган жангчилар орасида посттравматик стресс хасталиги оқибатида ичкиликка берилиш ҳолатлари кўпайиши аввалдан кутилган эди.
Бехтерев маркази клиник йўриқномаларига кўра, жангдаги каби оғир руҳий зарбалар инсонни алкоголь ва бошқа турдаги бангиликка мойил қилиши мумкин. 2024 йилга келиб, Россиянинг етакчи психиатрия муассасаси – Сербский марказида даволанганлар орасида ҳарбийлар 10% ни ташкил қилган.
Травма ва бангилик ўртасидаги боғлиқлик аниқ бўлса-да, самарали терапия усуллари ҳали ҳам етарли эмас.
Матвейнинг айтишича, беморлар одатда клиникада бор-йўғи икки ҳафта бўлади – бу эса аслида фақат палиатив ёрдам саналади. Камида 12 сеансни талаб қиладиган когнитив терапия сингари даво усуллари амалда мавжуд эмас.
"Кўпчилик учун терапия ё жуда оғриқли ёки тушуниш учун жуда мавҳум туюлади, – дейди у. –Улар муаммо борлигини тушунишади, лекин у шунчалик даҳшатли ва оғриқлики, у ҳақда ўйлашнинг ўзи оғир."
У қўшимча қилади:
"Менимча, посттравматик стресс хасталигига қарши даво маълум даражада мажбурий бўлиши керак."
Президент Путин 2024 йил бошларида фронтдан қайтган ҳарбийлар учун мажбурий психологик терапия жорий этиш ғоясини билдирган, аммо бу борада ҳозирча ҳеч қандай сиёсий қарор қабул қилингани йўқ.
Психологлар танқислиги яна бир тўсиқ

Сурат манбаси, AFP
Ҳатто агар сиёсий ирода бўлганда ҳам, Россия квалификацияли мутахассислар етишмаслиги муаммосига дуч келмоқда.
Мамлакатда фаолият юритаётган психологлар сонига оид маълумотлар турлича: баъзи манбалар 57 минг, бошқалар эса 100 мингдан ортиқ рақамни кўрсатади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бу ҳар 100 минг нафар аҳолига 4–5 нафар психолог тўғри келишига тенг – бу эса халқаро стандартлардан анча паст кўрсаткичдир.
"Кам, лекин самара беради"
Шунга қарамасдан, баъзи психологлар ўз ишлари натижасини кўраётганини таъкидлашади.
Яна ҳозир ҳам фуқаролар, қочқинлар ва ҳарбийлар оилалари билан ишламоқда – уларнинг кўпчилиги посттравматик стресс хасталиги ва кучли хавотирни бошдан кечирмоқда. Унинг айтишича, бор-йўғи 10–12 сеансдан сўнг кўплаб беморлар ўзини яна хавфсиз ҳис қила бошлайди.
"Бу яхши, чунки уларнинг кўпчилиги бошқа ҳолда психологик ёрдам ололмасди," дейди у.
Татьяна эса жангчиларга ёрдам етиб бориши учун тизимли чоралар кўрилиши кераклигини айтади:
"Мамлакат бўйлаб ягона марказлашган тузилма йўқ. Агар бирор киши психологга мурожаат қилмоқчи бўлса, уни ўзи излаб топиши керак, ёки муаммоси билан ёлғиз қолади."












