Путинни Ғарбдан ташқари бутун дунё яхши кўрадими?

- Author, Жулиана Граняни
- Role, Муҳаррир, BBC Глобал дезинформация бўлими
- Author, Мария Коренюк
- Role, BBC Глобал дезинформация бўлими
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Ҳавиер Галярдо ҳар тонгни ТВ орқали мумтоз мусиқа дастурини томоша қилиш билан кутиб олишни одат қилганди – бу унинг кайфиятини чоғлар, юк машинасини кун бўйи ҳайдашдек оғир ишга шайларди.
Аммо июн ойининг бир душанба тонгида телевизорни ёққанида мусиқа ўрнига уруш манзаралари пайдо бўлди. Каналда ноодатий тарзда янгиликлар берилаётган эди.
"Нима бўляпти?" деб ўйлади у. 20 дақиқа томоша қилгач, телевизорни ўчирди. "Унга улана олмадим".
Экраннинг пастки бурчагидаги яшил логотипда "RT" ҳарфлари ёзилганини кўрди. Интернетдан қидирса, бу Россия телеканали экан.
Ҳавиер Чилида яшайди. Маълумотларга кўра, мамлакатдаги хусусий Telecanal ТВ канали ўз эфирини Россия давлати қўлловидаги ахборот канал RT (Russia Today) га берибди.

Сурат манбаси, Photo by YURI KADOBNOV/AFP via Getty Images
Чили телерадио назорат органи бу ҳолатни қонунбузарлик сифатида кўриб чиқиш учун текширув бошлади ва ҳозирча Telecanal'нинг жавобини кутмоқда.
Телеканал бу ҳақда изоҳ беришдан воз кечди.
Томошабинлар эса саросимада қолди.
"Мен хафа бўлдим, – дейди Ҳавиер. – Олдиндан ҳеч қандай огоҳлантириш бўлмади, нима учун бундай бўлганини ҳам тушунмадим".
Сўнгги уч йил ичида Россия давлат қўлловидаги RT телеканали ва "Спутник" ахборот агентлиги халқаро майдонда таъсирини кенгайтирди. Улар ҳозир Африка, Болқон, Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиё ва Лотин Америкасида эфирга чиқмоқда.
Бу жараён Ғарбдаги тақиқлар фонида юз бермоқда.

Сурат манбаси, Kirill KUDRYAVTSEV / AFP
Россиянинг Украинага тўлиқ ҳужуми бошланган 2022 йил февралидан сўнг, АҚШ, Британия, Канада ва Европа Иттифоқи мамлакатларида, шунингдек, йирик технология компаниялари томонидан RT трансляциясига қатъий чеклов қўйилди. Сабаб сифатида канал уруш ҳақида дезинформация тарқатаётгани кўрсатилди.
2024 йилда эса жараён яна кучайди: АҚШ ҳокимияти RT раҳбариятини, жумладан, бош муҳаррир Маргарита Симонянни мамлакат институтларига "омма ишончини заифлаштиришга" уринишда айблаб, санкция киритди.
Шу билан бирга Кремл АҚШ президентлик сайловига аралашиш мақсадида кенг қамровли кампания олиб боргани ҳақида ҳам айбловлар илгари сурилди. RT эса буни рад этди.
Бироқ дунёнинг бошқа минтақаларида RT таъсири аксинча тобора кенгаймоқда.
2023 йилдан бери RT Жазоирда бюро очди, серб тилида телекўрсатув йўлга қўйди ва Африка, Жануби-Шарқий Осиё, Ҳиндистон ҳамда Хитойдан келган журналистлар учун бепул ўқув дастурларини амалга оширди. Шунингдек, канал Ҳиндистонда офис очишини эълон қилди. Феврал ойида Эфиопияда "Спутник"нинг янги таҳририяти фаолият бошлади.
Бу жараён айрим ҳудудларда Ғарб оммавий ахборот воситаларининг заифлашиши билан бир вақтга тўғри келмоқда. Бюджет қисқариши ва ташқи сиёсатдаги устуворликлар ўзгариши сабабли айрим Ғарб нашрлари қисқартирилди ёки бутунлай бозордан чиқиб кетди.
Икки йил олдин Би-би-си ўзининг арабча радио хизматини ёпиб, уни рақамли платформага кўчирди. У ерда аудио, видео ва матнли янгиликлар берилади. Кейинчалик Би-би-си Ғазо ва Судан учун фавқулодда радио эфирлар йўлга қўйди. Худди ўша йили Россиянинг "Спутник" агентлиги Ливанда 24 соатлик хизматини ишга тушириб, Би-би-си Араб хизмати қолдирган ҳаво тўлқинларини эгаллади.
Шу орада АҚШ ҳукуматидан молия оладиган "Америка овози" халқаро ахборот хизмати ўз ходимларининг кўп қисмини қисқартирди.
"Россия сувга ўхшайди: цементда ёриқ бўлса, у албатта шу ердан сингиб киради", дейди Стэнфорд университети сиёсатшуноси доктор Кэтрин Стоунер.
Бироқ савол очиқ қолмоқда: Россиянинг асли мақсади нимада? Айрим ҳудудларда ахборот таъсирининг шундай секин-аста кенгайиши ўзгариб бораётган жаҳон тартиботида нимани англатади?
"Ҳаммаси ҳам телба фитна назариячиси эмас"
"[Ғарбдан ташқари мамлакатлар] интеллектуал, маданий ва мафкуравий жиҳатдан ҳосилдор майдон. Чунки уларда Америкага, Ғарбга ва империализмга қарши кайфиятлар сақланиб қолган", дейди Манчестер университети русшунослик профессори Стивен Ҳатчингс.
Унинг айтишича, Россия пропагандаси ҳам ўзига хос тарзда тарқатилади: контент муайян аудиторияга мослаб тузилади, ҳатто айрим минтақаларда турли мафкуравий позициялардан фойдаланиши мумкин.

Сурат манбаси, KIRILL KUDRYAVTSEV/AFP via Getty Images
Масалан, Ғарбда RT кўпинча "Россия давлатининг дезинформация тарқатувчи органи" сифатида кўрилса, дунёнинг бошқа ҳудудларида у мустақил таҳририятга эга қонуний ОАВ сифатида қабул қилинади.
Бу эса томошабинларни ишонишга мойил қилади – "дезинформация тузоғига илинадиганларнинг ҳаммаси ҳам содда ишонувчан фитна назариячиси эмас".
Глазго университети халқаро муносабатлар бўйича ўқитувчиси доктор Рис Криллининг таъкидлашича, RTнинг глобал воқеаларни ёритиши кенг аудиторияга – "жаҳондаги адолатсизликлардан ташвишланаётган ёки Ғарбни айбдор деб ҳисоблайдиган норози одамларга" таъсир қила олади.
"Жуда эҳтиёткор манипуляция"
Ташқаридан қараганда RTнинг халқаро сайти оддий янгиликлар порталига ўхшайди ва айрим хабарларни аниқ бериб туради. Аммо бу "жуда эҳтиёткорлик билан амалга ошириладиган манипуляция", дейди Очиқ Университет (Open University) сиёсат ва халқаро тадқиқотлар бўйича катта ўқитувчиси доктор Прешес Чаттержи-Дуди. У профессор Ҳатчингс, доктор Крилли ва бошқалар билан бирга RT ҳақида китоб ҳам ёзган.
Улар 2017 йил майидан 2019 йил майигача бўлган икки йил давомида RTнинг халқаро янгиликларини таҳлил қилиб, танланган мавзулар муайян нарративга хизмат қилаётганини кўрсатдилар.
Масалан, Европада ижтимоий норозилик бўлса, RT уни кенг ёритган. Россиядаги ички воқеаларда эса кўпинча ҳарбий машқлар мавзусига устуворлик берилган.
RT ошкора ёлғон хабарлар ҳам тарқатган: 2014 йилда Қримни аннексия қилиш "тинч йўл билан қайта қўшилиш" сифатида кўрсатилган, Россия армияси иштироки эса рад этилган. Шунингдек, 2022 йилдан бери Украинадаги ҳарбий жиноятлар ҳақидаги далиллар тизимли равишда инкор қилиб келинмоқда.

Сурат манбаси, SERGEI BOBYLYOV /AFP via Getty
Канал шунингдек, 2014 йил июлида қулаган Malaysia Airlines MH17 самолётини Украина уриб туширган деган мақолаларни чоп этган. (Бироқ БМТ авиация органи Россия Федерациясини масъул деб топди, халқаро терговчилар эса Москвадан шарқий Украинага олиб кирилган ракета тизими руслар ва руспараст сепаратистлар томонидан ишлатилганини аниқлади.)
Эътиборни тортган жиҳат одамларнинг RT ҳақидаги фикрлари бўлди.
2018–2022 йилларда тадқиқотчилар Буюк Британияда каналнинг эфирга чиқиш лицензияси медиа регулятор Ofcom томонидан бекор қилинишидан олдин RTни кўрган 109 киши билан суҳбатлашганди.
Доктор Чаттержи-Дуди айтишича, кўпчилик RT'ни "бир ёқлама" деб ҳисоблаган, бироқ "қайси маълумот тўғри, қайси ёлғон" эканини ажрата олишларини айтган.
Шунга қарамай, дея огоҳлантиради у: "Томошабинлар RTнинг аниқ қай тарзда ёлғон тарқатиши ва бир ёқламалик қаердан пайдо бўлишини билишмайди".
Россиянинг Африкага эътибори нега кучайди?
Профессор Ҳатчингсга кўра, Россия давлат ОАВининг энг йирик кенгайиши ҳозир Африкада содир бўлмоқда.
Февралда Россия расмийлари Эфиопияга бориб, "Спутник" учун янги таҳририят очди. "Спутник" аллақачон Африкада инглизча ва французча хабар тарқатарди, энди унга амхарча (Эфиопиянинг расмий тилларидан бири) ҳам қўшилди.
RT ўзининг француз тилидаги телеканалини қайта йўналтириб, француззабон Африка мамлакатларини асосий аудитория қилиб олди. RT бош муҳарририга кўра, Лондон, Париж, Берлин ва АҚШдаги баъзи лойиҳалардан маблағ қисқартирилиб, Африкага йўналтирилган.
Hali juda ko‘p narsaga erishish mumkin, ko‘p narsani yo‘qotish ham mumkin… Rossiya ayrim maydonlarda ustunlikka erishdi, ammo kurash hali yakunlanmagan.
RT Африкада еттита бюроси борлигини айтади, аммо буни мустақил манбалар тасдиқлай олмаган.
Африка жамоатчилигида Россияга нисбатан яхши муносабат анча кенг тарқалган. Бу антиколониал ва антиимпериалист кайфиятлар, шунингдек, Совуқ уруш даврида Совет Иттифоқининг миллий озодлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлагани билан изоҳланади.
Доктор Крилли таъкидлашича, Москва бу орқали Ғарб таъсирини сусайтириш, сиёсий қўллов олиш ва иқтисодий алоқаларни кучайтиришни кўзламоқда.
Африкалик журналистлар учун RT курслари
RT Африкалик журналист ва блогерлар учун онлайн курс йўлга қўйганда, Би-би-сининг Дезинформацияга қарши глобал бўлими ҳам уни кузатди.
"Биз фактчекингда энг кучлиларданмиз ва ҳеч қачон ёлғон тарқатганимиз исботланмаган", деди RT бош директори Алексей Николов талабаларга.
Бир дарсда дезинформацияни фош қилиш ҳақида сўз борди. Инструктор 2018 йилда Суриянинг Дума шаҳрида Асад режими амалга оширган кимёвий ҳужумни "фейк янгиликнинг классик мисоли", деб атади. Бу эса Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотининг нақ икки йиллик текширувлари натижаларига зид эди – улар ҳужумни айнан Сурия ҳаво кучлари амалга оширганини исботлаган эди.
Шунингдек, 2022 йилда Украинадаги Буча шаҳрида рус қўшинлари томонидан тинч аҳолининг оммавий ўлдирилиши ҳам "энг машҳур фейк" сифатида тақдим қилинди. (Бу БМТ ва мустақил манбаларнинг далилларига зид эди.)
Курсдан кейин қатнашчилар билан суҳбатда кўпчилик буни муаммо деб кўрмаслигини айтди. Айримлар RT'ни CNN ёки Al Jazeera каби халқаро телеканал деб ҳисоблашларини айтди.
2024 йил декабрида Би-би-си Эфиопиялик бир журналист билан суҳбатлашганда, у Бучадаги воқеани "сценарий асосида саҳналаштирилган" деб атади. Унинг ижтимоий тармоқдаги профилида эса Путин сурати турарди.
Сьерра-Леонелик бир журналист дезинформация хавфини тан олди, аммо "ҳар бир ОАВнинг ўз услуби ва мезонлари бор", деди.
Яқин Шарқдан Лотин Америкасига
Профессор Ҳатчингснинг айтишича, Яқин Шарқда RT араб хизмати ва "Спутник" араб хизмати Исроил-Ғазо уруши ҳақидаги ёритувини Фаластинсевар аудиторияга мослаб тақдим қилмоқда.
Шу билан бирга, RT Лотин Америкасида ҳам ўз нуфузини кенгайтирмоқда. RT маълумотларига кўра, у ҳозирда минтақадаги 10 мамлакатда бепул эфирга чиқади. Улар орасида Аргентина, Мексика ва Венесуэла бор. Яна 10 давлатда эса кабел орқали кўрсатилмоқда.
Куба-Мексикалик тарихчи ва сиёсатшунос доктор Армандо Чагуаседа фикрича, RTнинг испан тилидаги бепул халқаро янгиликлари унинг "муваффақиятининг асосий сабабларидан бири".

Сурат манбаси, REUTERS/Dado Ruvic
YouTube 2022 йил мартдан RT'ни бутун дунёда тақиқлаган бўлса-да, айрим жойларда канал ҳали ҳам турли йўллар орқали платформага чиқишга муваффақ бўлмоқда.
Масалан, Аргентинада 52 ёшли дурадгор Анибал Байгоррия RT хабарларини ёзиб олиб, ўз муносабати билан бирга YouTube'га жойлайди.
"Буэнос-Айресда янгиликлар кўпроқ шаҳар ҳаётига қаратилган. RT эса бутун Лотин Америкаси ва жаҳон воқеаларига назар ташлайди", дейди у.
"Ҳар ким қайси маълумотга ишонишни ўзи ҳал қилади".
Таъсир миқёсини англаш
Россия давлати қўлловидаги ОАВнинг жаҳон миқёсидаги таъсирини аниқ баҳолаш осон эмас.
RT ўзини 100 дан ортиқ мамлакатда 900 миллион томошабин кўришини даъво қилади ҳамда 2024 йилда интернетдаги материаллари 23 миллиард марта кўрилганини айтади.
Бироқ Копенгаген университети профессори, коммуникация бўйича мутахассис доктор Расмус Клейс Нилсен бу рақамларга шубҳа билан қарайди:
"Фақат "мавжудлик" кўрсаткичи аудитория ҳажмини аниқ ифода этмайди", дейди у.
Унга кўра, 900 миллион томошабин ҳақидаги рақам "жуда шубҳали", онлайн кўришлар эса ноаниқ ва осон сохталаштирилиши мумкин.
Доктор Чаттержи-Дуди ҳам Россия ОАВининг тўғридан-тўғри таъсирини баҳолаш қийинлигини тан олади. Бироқ у Африкадаги Саҳел минтақасига ишора қилади: Сенегалдан тортиб Судангача узанган бу ҳудудда Россия сезиларли даражада ҳарбий рол ўйнаган ва қийин шароитларга қарамай "жамоатчилик қаршилиги нисбатан кам" бўлган. (Москва Мали, Буркина-Фасо ва Нигер каби мамлакатлардаги ҳарбий хунталарни қўллаб-қувватлаш орқали мавқеини мустаҳкамлаб олган.)
Россия тарқатаётган яна бир ҳикоя Украинага қилинган босқинни оқлашдир. Москва НАТОнинг шарққа кенгайиши ва Украинанинг альянс билан яқинлашувини урушнинг асосий сабаби сифатида кўрсатади. Буни "хавфсизликка таҳдид" деб баҳолаб, ўз ҳаракатларини "ўзини ҳимоя қилиш" сифатида талқин қилади. Ғарбда бу иддаолар рад этилган бўлса-да, Жанубий глобал минтақаларда ҳали ҳам тарқалмоқда.

Сурат манбаси, Misha Friedman/Getty Images
Доктор Армандо Чагуаседага кўра, айниқса Мексика ва умуман Лотин Америкасида, ҳатто академик доираларда ҳам НАТО кенгайиши ҳақидаги бу ҳикоя кенг қабул қилинган.
Айрим Глобал Жануб давлатлари Украинадаги урушни очиқ қоралашга шошилмади. Масалан, 2022 йилдаги БМТ Бош Ассамблеясидаги биринчи овоз беришда кўпчилик мамлакатлар Россияни қоралаган бўлса-да, 52 та давлат қаршилик билдирди, бетараф қолди ёки умуман овоз бермади. Улар орасида Боливия, Мали, Никарагуа, Жанубий Африка ва Уганда ҳам бор.

Сурат манбаси, RONALDO SCHEMIDT/AFP via Getty Images
Доктор Крилли Россиянинг асосий мақсадини шундай изоҳлайди:
«Кремль Россиянинг жаҳон саҳнасидаги нисбий ёлғизлигини юмшатиш учун уни "Ғарб тажовузи қурбони" ва Глобал Жанубнинг ҳимоячиси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда".
Унинг огоҳлантиришича, "хавф шундаки, RT ва бошқа дезинформация воситалари либерал демократиянинг заиф томонларидан фойдаланиб, Украинадаги тажовузни оддий ҳол сифатида кўрсатиши ва Россияни авторитар давлат эмас, балки "ижобий куч" сифатида тақдим этиши мумкин".
Мақоладаги айбловларга жавоб сифатида RT қуйидагича изоҳ берди:
"Биз ҳақиқатдан ҳам бутун дунё бўйлаб фаолиятимизни кенгайтиряпмиз".
Бироқ аниқ саволларга изоҳ беришдан бош тортди. "Спутник" эса умуман жавоб бермади.
Профессор Ҳатчингс эса Россия давлат ОАВининг фаолияти барчани хавотирга солиши кераклигини таъкидлайди – айниқса жаҳон тартиботи ва демократия келажаги нуқтаи назаридан.
Унга кўра, Ғарб ахборот соҳасига маблағни қисқартириб, ўз ОАВини қўллаб-қувватламай қўйиши "майдонни Russia Today кабиларга бўшатиб бермоқда".
"Ҳали жуда кўп нарсага эришиш мумкин, кўп нарсани йўқотиш ҳам мумкин… Россия айрим майдонларда устунликка эришди, аммо кураш ҳали якунланмаган", дейди у.
Бош сурат манбаси: MLADEN ANTONOV/AFP via Getty












