25 йилдан бери қудратда қолаётган Путин ва Россия: нималар ўзгарди?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Стив Розенберг
- Role, Би-би-си Россия муҳаррири, Москва
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
1999 йил Янги йил арафасини ҳеч унутмайман.
Мен Би-би-сининг Москва бюросида продюсер бўлиб ишлардим. Тўсатдан кутилмаган хабар тарқалди: Россия президенти Борис Елцин лавозимидан истеъфога чиққан.
Унинг истеъфога чиқиш қарори ҳаммани, жумладан, Москвадаги Британия матбуот вакиллари гуруҳини ҳам ҳайратда қолдирди. Бу хабар тарқалганда идорада мухбир йўқ эди. Шу боис, менинг биринчи Би-би-си хабаримни ёзиш ва эфирга узатишимга тўғри келди.
"Борис Елцин доимо ўз ваколат муддатини охиригача етказишини таъкидлаб келарди, – деб ёздим мен. – Бугун у русларга ўз фикридан қайтганини маълум қилди".
Бу менинг мухбирлик ишим бошланиши эди.
Владимир Путиннинг Россия раҳбари сифатидаги фаолияти бошланиши ҳам.
Елцин истеъфосидан сўнг, Россия конституциясига мувофиқ, Бош вазир Путин президент вазифасини бажарувчи бўлди. Уч ойдан кейин у сайловда ғалаба қозонди.
Кремлдан чиқиб кетаётиб, Елцин Путинга: "Россияни эҳтиёт қил!" деган сўнгги кўрсатмасини берди.

Сурат манбаси, Getty Images
Россиянинг Украинага қарши уруши уч йилга яқинлашар экан, Елциннинг бу сўзлари тобора кўпроқ ёдимга тушади.
Чунки Президент Путиннинг Украинага кенг кўламли босқини ҳалокатли оқибатларга олиб келди.
Асосан, ўз шаҳарларида катта вайронагарчилик ва қурбонлар кўрган Украина учун.
Унинг деярли 20 фоиз ҳудуди ишғол қилинди, 10 миллион фуқароси кўчишга мажбур бўлди.

Сурат манбаси, .
Аммо Россия учун ҳам:
• Владимир Путиннинг "махсус ҳарбий операция"ни бошлаш тўғрисидаги қароридан сўнг Россия жанг майдонида катта йўқотишларга учради
• Россия шаҳар ва қишлоқлари мунтазам равишда дрон ҳужумларига учрамоқда
• Украина аскарлари Россиянинг Курск вилоятининг бир қисмини эгаллаб олди
• Халқаро санкциялар Россия иқтисодиётига босим ўтказаяпти
• Бундан ташқари, мамлакатдаги демографик вазият оғир
• Ички қатағонлар кучаймоқда
Мен Путин ҳақида у чорак аср олдин ҳокимият тепасига келганидан бери хабар бериб келаман.

Сурат манбаси, Reuters
1999 йил 31 декабрда Россиянинг янги раҳбари йигирма беш йилдан кейин ҳам ҳокимиятда бўлишини ким ўйларди дейсиз? Ёки бугун Россия Украинага қарши уруш олиб бориб, Ғарб билан юзма-юз келишини?
Мен кўпинча, агар Елцин унинг ўрнига бошқа одамни танлаганида, тарих йўналиши бутунлай ўзгача бўлармиди, деб ўйлайман. Савол, албатта, академик аҳамиятга эга. Тарих "агар"лар ва "балки"ларга тўла.
Бир нарсани аниқ айта оламан: йигирма беш йил давомида турли қиёфадаги Путинларни кўрдим.
Бундай ўйлайдиган биргина мен эмас.
"Мен билан учрашган, яхши ҳамкорлик қилган, НАТО-Россия кенгашини тузган Путин ҳозирги пайтдаги деярли мегаломандан жуда, жуда фарқ қиларди," деган эди менга НАТОнинг собиқ раҳбари лорд Робертсон 2023 йилда.
"2002 йил май ойида ёнимда туриб, Украина суверен ва мустақил давлат, хавфсизлик бўйича ўз қарорларини қабул қилади, деган одам энди [Украина] давлат эмас, деяпти.
Менимча, Владимир Путин жуда таъсирчан ва ўз мамлакати учун катта амбицияга эга. Совет Иттифоқи дунёдаги иккинчи қудратли давлат сифатида тан олинган эди. Россия бу борада ҳеч қандай даъво қилолмайди. Ўйлашимча, бу унинг нафсониятига қаттиқ тегади."
Путиннинг "Россияни яна буюк қилиш" (ва кўпчилик Москванинг "Совуқ уруш"даги мағлубияти деб ҳисоблаган ҳолатни ўзгартириш) борасидаги оташин амбициялари Россияни қўшнилари ва Ғарб билан муқаррар тўқнашувга олиб келди.
Кремлнинг бунга бошқача изоҳи бор.
Путин ўз нутқлари ва изоҳларида Россиянинг йиллар давомида алдангани, ҳурмат қилинмагани ва унинг хавфсизлик масалалари Ғарб томонидан эътибордан четда қолдирилганидан ғазаблангандек кўринади.
Аммо Путиннинг ўзи Елциннинг "Россияни эҳтиёт қил!" деган илтимосини бажарганига ишонадими?
Яқинда буни билиш имкониятига эга бўлдим.
Йил якунидаги матбуот анжуманининг тўрт соатдан зиёд вақти ўтгач, Путин менга савол беришни таклиф қилди.
"Борис Елцин сизга Россияни эҳтиёт қилишни топширган эди," дея президентга эслатдим.
"Бироқ, сизнинг «махсус ҳарбий операция»нгиздаги сезиларли йўқотишлар, Курск вилоятидаги Украина аскарлари, санкциялар, юқори инфляция ҳақида нима дейсиз? Мамлакатни эҳтиёт қилдим деб ўйлайсизми?"
"Ҳа, – деб жавоб берди Путин. – Мен шунчаки ғамхўрлик қилиш билан чекланмадим. Биз жарлик ёқасидан орқага қайтдик."
У Елцин даври Россиясини ўз суверенитетини йўқотаётган мамлакат сифатида тасвирлади. У Ғарбни Елциннинг елкасига "ҳомийларча қоқиб" қўйиб, Россияни ўз мақсадлари йўлида ишлатганликда айблади. Аммо у, Путин, "Россиянинг мустақил суверен давлат бўлишини таъминлаш учун ҳамма нарсани қилаётганини" таъкидлади.
Ўзини Россия суверенитети ҳимоячиси сифатида кўрсатиш: бу Украинадаги урушни оқлаш учун у кейинчалик ўйлаб топган фикрми? Ёки Путин чиндан ҳам замонавий Россия тарихи ҳақидаги бу талқинга ишонадими?
Ҳали ҳам бунга ишонч ҳосил қилолмаяпман. Ҳозирча йўқ. Аммо бу муҳим савол эканлигини ҳис қиламан.
Бу саволга жавоб урушнинг қандай тугаши ва Россиянинг келажакдаги йўналишига таъсир қилиши мумкин.













