Россия: Ҳар нарсани чангга айлантирадиган Путин суперқуроли яна кимларда бор?

Сурат манбаси, EPA-EFE/KCNA
- Author, Фрэнк Гарднер
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Қуёшли куз куни. Пекиндаги ҳарбий парад майдонидан улкан камуфляжланган ҳарбий юк машиналари карвони секин ўтар, уларда Халқ-озодлик армиясининг ракета тизимлари намойиш қилинарди.
Ўткир игна шаклидаги, 11 метр узунлик ва 15 тонна оғирликдаги ҳар бир ракета устига катта қилиб "DF-17" деб ёзилган белгилар кўзга ташланарди.
Шу тарзда Хитой ўзининг "Dongfeng" гиперсоник – товушдан тез ракеталар арсеналини жаҳонга намойиш этди. Бу 2019 йил 1 октябрдаги Миллий байрам парадида эди. АҚШ бу қуроллар ишлаб чиқилаётганини аллақачон биларди, аммо орадан ўтган вақт ичида Хитой уларни такомиллаштиришда анча илдамлаб кетди.
Бундай ракеталарнинг улкан тезлиги ва манёвр имконияти, товушдан беш баробар тез ҳаракатланиши уларни жуда хавфли қуролга айлантиради. Бу эса уруш олиб бориш тартибини тубдан ўзгартириши мумкин. Шу боис уларни ишлаб чиқиш бўйича глобал пойга кундан-кун қизимоқда.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
"Бу ҳозир кузатаётганимиз давлатлар орасидаги янги геосиёсий курашнинг бир қисми, – дейди Geostrategy таҳлил маркази тадқиқотчиси Уильям Фрир. – Сўнгги марта бундай ҳолат совуқ уруш даврида кузатилган эди".
Россия, Хитой, АҚШ: глобал рақобат
Пекиндаги парад Хитойнинг гиперсоник технологиялардаги ютуқлари жиддий таҳдидга айланиши мумкинлигини кўрсатди. Ҳозирги кунда Хитой етакчи, унинг орқасидан Россия келмоқда.
АҚШ эса ҳали уларга етмаган, Буюк Британия эса умуман бундай қуролга эга эмас.
Фрирнинг айтишича, сабаб оддий: "Хитой ва Россия бу дастурларга анча йиллар аввал катта маблағ тиккан".
Бу вақтда Ғарб давлатлари асосий эътиборини терроризм ва чет элдаги исёнларга қарши операцияларга қаратгани учун, замонавий кучли рақибга қарши уруш эҳтимоли уларга узоқ туюларди.
"Натижада биз Хитойнинг ҳарбий қудрат сифатида шитоб ўсишини пайқамадик", деган эди Британия разведка хизмати раҳбари Сир Алекс Янгер 2020 йилда нафақага чиққанидан кейин.

Сурат манбаси, Shutterstock
Бошқа ўйинчилар
Исроил "Arrow 3" номли гиперсоник мудофа ракетасига эга. Эрон ҳам бундай қуролга эгалигини айтиб, июнда 12 кунлик Исроил билан урушда гиперсоник ракета учирганини иддао қилган. (Ракета улкан тезликда ҳаракат қилган, аммо ҳавода манёвр имконияти етарли бўлмагани учун ҳақиқий гиперсоник сифатида баҳоланмади.)
Шимолий Корея 2021 йилдан буён ўз версияларини ишлаб чиқмоқда ва шундай қуролга эгалигини айтиб келади.
АҚШ ва Буюк Британия бу технологияга фаол сармоя киритмоқда, Франция ва Япония ҳам шу йўлдан боряпти.

Сурат манбаси, Morteza Nikoubazl/NurPhoto via Getty Images
АҚШ эса "Dark Eagle" номли гиперсоник қуролини тақдим этди.
Пентагон таърифича, "Dark Eagle мамлакатимиз ва армиямизнинг куч-қудрати ҳамда гиперсоник қуроллар соҳасидаги имкониятларини намоён этади".
Бироқ ҳозирча Хитой ва Россия анча олдинда ва бу айрим мутахассисларни жиддий хавотирга солмоқда.
Гиперсоник ва гиперманёврли
Гиперсоник деганда – Мах 5 ёки ундан тез ҳаракатланадиган қурол (яъни товушдан беш баробар тез, тахминан 6 200 км/соат) тушунилади. Бу уларни оддий "суперсоник" қуроллардан (товушдан бироз тезроқ – 1 235 км/соат) тамоман фарқлайди.
Айнан шу улкан тезлик уларни ўта хавфли қуролга айлантиради.
Ҳозиргача энг тези русларнинг "Авангард"и бўлиб, у Мах 27 (тахминан 33 300 км/соат) тезликка чиқиши айтилган. Аммо кўп ҳолларда унга нисбатан Мах 12 (сониясига 3 км ёки тахминан 15 000 км/соат) кўпроқ айтилади.
Фрирнинг таъкидлашича, тўлиқ вайрон қилиш қудрати жиҳатидан гиперсоник ракеталар суперсоник ёки товушдан паст тезликдаги қанотли ракеталардан катта фарқ қилмайди.
"Уларнинг асосий фарқи – аниқлаб топиш, кузатиш ва йўқ қилишдаги мураккабликда", дейди у.

Гиперсоник ракеталар асосан икки турга бўлинади: Биринчиси, сузувчи гиперсоник ракеталар.
Булар (масалан, Хитойнинг DF-17 каби) ер атмосферасига ёки ундан юқорироққа чиқарилади, сўнг улкан тезлик билан пастга шўнғийди.
Одатий баллистик ракеталар олдиндан тахмин қилиниши мумкин бўлган пароболик траектория бўйлаб учади. Гиперсоник сузувчи эса парвоз пайтида йўналишини ўзгартириб, мақсадга ноаниқ ва манёврли тарзда яқинлашиши мумкин.
Иккинчиси гиперсоник қанотли ракеталар. Булар ер юзасига яқин парвоз қилади ва радардан қочиш учун пастдан ҳаракатланади. Аввал ракета бустер ёрдамида керакли тезликка чиқарилади, кейин Мах 5 ва ундан юқори тезликка етгач, "скрамжет" мотори ишга тушади. Бу мотор ҳавони парвоз пайтида тўғридан-тўғри ичига тортиб, ракета ҳаракати давомийлиги ва нишонга етиб боришини таъминлайди.
Бундай қуроллар "икки мақсадли" ҳисобланади: уларга ҳам ядровий, ҳам кучли портловчи оддий каллак қўйиш мумкин. Бироқ гиперсоник ракеталарнинг хавфи фақат тезликда эмас.
Ҳарбий таърифга кўра, ҳақиқий гиперсоник қурол парвоз пайтида манёвр қила олиши керак, яъни улкан тезликда ҳам йўналишини тўсатдан ва кутилмаган тарзда ўзгартира олиши шарт.
Бу эса уларни уриб туширишни жуда қийинлаштиради. Ердаги радарлар гиперсоник ракетани кўпинча фақат охирги босқичда, нишонга яқинлашгандагина аниқлай олади.
"Радар горизонтидан паст парвоз қилиш орқали улар вақтида аниқланишдан қочиши мумкин. Сенсорларда эса фақат охирги босқичда пайдо бўлади, бу эса йўқ қилиш имкониятини чеклайди", – дейди Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) қошидаги Ракета мудофааси лойиҳаси таҳлилчиси Патриция Базилчик. Унинг фикрича, бу муаммонинг ечими – Ғарбнинг космик сенсор тизимларини кучайтириш, чунки ердаги радарлар имконияти чекланган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Амалдаги уруш ҳолатида эса ҳужумга учраган давлат олдида дахшатли савол пайдо бўлади: бу ядровий зарбами ёки оддий ракета ҳужуми?
"Гиперсоник қуроллар урушнинг моҳиятини эмас, балки ҳаракат қилиш учун зарур вақтни қисқартирди", дейди Буюк Британия Қироллик ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ командири, ҳаво мудофааси бўйича мутахассис Том Шарп.
"Асосий нарса ўзгармаган: душманни кузатиш, уни нишонга олиш ва ракета йўналишини охирги босқичда ҳаракатланувчи нишонга мослаш. Бу баллистик, суперсоник ёки товушдан паст ракета бўлсин, фарқи йўқ. Мудофаачи учун ҳам ўзгармаган: кузатиш ва келаётган гиперсоник ракетани йўқ қилиш. Фақат ҳимоячида вақт камроқ қолади".
Вашингтонда бу технологиядан хавотир кучайганига далиллар бор. Жорий йил февралда АҚШ Конгресс тадқиқот хизмати чоп этган ҳисоботда шундай дейилган:
"АҚШ мудофаа расмийлари айтишича, ердаги ва ҳозирги космик сенсор тизимлари гиперсоник қуролларни аниқлаш ва кузатиш учун етарли эмас".
Шу билан бирга, баъзи экспертлар фикрича, гиперсоник қуроллар атрофидаги шов-шув ҳаддан ташқари бўртирилмоқда.
Ортиқча шов-шувми?
Қироллик Бирлашган хизматлар институти (RUSI) мудофаа таҳлил маркази эксперти доктор Сидхарт Каушал фикрича, гиперсоник қуроллар ҳар доим ҳам "ўйин қоидасини ўзгартирувчи" омил эмас.
"Уларнинг улкан тезлиги ва манёвр имконияти қимматли нишонларга қарши қўллаш учун жозибадор. Шу билан бирга, зарба пайтидаги кинетик энергияси мустаҳкам ёки ер остидаги объектларни йўқ қилишга ёрдам бериши мумкин. Илгари бундай нишонларни оддий қуроллар билан вайрон қилиш қийин эди", дейди у.
Бироқ товушдан беш баробар ёки ундан ҳам юқори тезликка эга бўлишига қарамай, гиперсоник қуролларга қарши самарали мудофаа чоралари мавжуд, деб ҳисоблайди Том Шарп. Унингча, улардан бири – нишонни аниқлаш ва кузатишни қийинлаштириш.
"Кемалар ўз жойини яшириш учун турли усуллардан фойдаланиши мумкин. Масалан, тижорат йўлдошлари орқали олинган суратлар бир неча дақиқа эски бўлса, улар нишон олиш учун амалий қийматини йўқотади. Йўлдошдан аниқ ва доимий янгиланиб турадиган маълумот олиш эса жуда қиммат ва мураккаб жараён", дея таъкидлайди у.
Бироқ Шарпнинг фикрича, сунъий интеллект ва янги технологиялар келгусида бу соҳани сезиларли даражада ўзгартириши мумкин.
Россия таҳдиди борасида эҳтиёткорлик
Россия ва Хитой бу турдаги қуролларни ишлаб чиқишда Ғарбдан олдинга чиққанини кўрсатиб турибди. "Хитойнинг гиперсоник дастурлари жуда таъсирли ва ташвишли, – дейди Фрир. – Аммо Россиянинг даъволарига нисбатан эҳтиёткор бўлишимиз керак", деб қўшади у.
2024 йил ноябрида Россия Днепр шаҳридаги саноат ҳудудига тажриба сифатида ўрта масофали баллистик ракетани учирди. Украина маълумотларига кўра, "Орешник" деб аталган бу ракета гиперсоник тезликка – Мах 11 (13 500/соат) га етган. Путин эса унинг Мах 10 тезликда ҳаракат қилганини билдирди.

Хабарларга кўра, ракета ерга яқинлашганда бир неча кичик, мустақил бўлакларга бўлинган. Бу усул совуқ уруш давридан маълум эди. Гувоҳлар айтишича, портлаш катта шовқин билан эмас, балки бир нечта зарбалар орқали содир бўлган. Олти бўлак турли жойларга тушган, аммо улар "инерт" бўлгани учун катта зарар етмаган – Россиянинг одатий тунги бомбалашларидан фарқ қилмаган.
Европа учун эса асосий таҳдид – Россиянинг НАТО ҳудудига яқин жойлаштирилган ракеталари. Масалан, Калининграддаги арсенал.
Агар Путин бир куни Киевга "Орешник"ни ҳақиқий кучли портловчи каллак билан йўналтирса, оқибати қандай бўлиши мумкин?

Путин бу қурол оммавий ишлаб чиқаришга киритилишини ва у нишонларни "чангга айлантириш" қудратига эга эканини таъкидлаган.
Россия бошқа гиперсоник қуролларга ҳам эга. Масалан, "Кинжал" ракетаси. Путин уни "улкан тезлиги сабабли уриб тушириб бўлмайдиган қурол" деб кўп марта таърифлаган. Аммо Украинада қўллангандан сўнг кўп "Кинжал" ракеталари уриб туширилгани маълум бўлди ва улар ҳақиқий гиперсоник эмаслиги айтилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Ғарб учун энг ташвишли қурол – Россиянинг жуда тезкор ва манёврчан "Авангард"и. 2018 йилда бошқа бешта "суперқурол" билан бирга тақдим этилганда, Путин уни "тўхтатиб бўлмайдиган қурол" деб атаган. Доктор Каушал эса "Авангард"нинг асосий вазифаси эҳтимол АҚШнинг ракеталарга қарши мудофаасини енгишдир", дейди. Бироқ у Россиянинг ишлаб чиқариш қуввати чекланганини ҳам қайд этади.
Шу билан бирга, Тинч океаннинг ғарбий қисмида АҚШ ва Хитой ўртасида стратегик устунлик учун кураш тобора кучаймоқда. Хитойнинг баллистик ракеталар арсенали ортиб бориши АҚШнинг Жанубий Хитой денгизи ва ундан ташқаридаги ҳарбий қуввати учун жиддий таҳдид солиши мумкин.
Хитой дунёдаги энг кучли гиперсоник қуроллар арсеналига эга. 2024 йил охирида у ўзининг энг янги қуролини – GDF-600 гиперсоник сузувчи қурилмасини намойиш этди. 1 200 кг юк кўтариш қобилиятига эга бу қурилма кичик миначаларни ташиши ва Мах 7 (8600 км/соат) тезликка етиши мумкин.
Буюк Британиянинг илдамлаш ҳаракатидаги "муҳим бурилиш"
Буюк Британия бу пойгада ортда қолган, айниқса, у БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ядровий қуролга эга бешта доимий аъзосидан бири эканини ҳисобга олганда. Бироқ кеч бўлса-да, мамлакат камчиликни қоплашга ва камида пойгага қўшилишга ҳаракат қилмоқда.
Апрель ойида Мудофаа вазирлиги ва Мудофаа фан ва технология лабораторияси Буюк Британия олимлари "муҳим маррага" етиб борганини эълон қилди – йирик синов дастури муваффақиятли якунланди.
Бу синов ҳукумат, саноат ва АҚШ ҳукуматининг уч томонлама ҳамкорлиги натижаси бўлиб, олти ҳафта давомида Виржиния штатидаги NASA Langley тадқиқот марказида жами 233 та синов амалга оширилди.
Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили буни "муҳим бурилиш нуқтаси" деб атади. Бироқ, бу қурол амалда қўллашга тайёр бўлиши учун яна йиллар керак бўлади.

Сурат манбаси, REUTERS/Valentyn Ogirenko
Жаноб Фрирнинг таъкидлашича, Ғарб нафақат гиперсоник ракеталар яратиш, балки уларга қарши кучли мудофаа тизимини барпо этишга ҳам жиддий эътибор қаратмоғи зарур.
"Ракета урушлари икки томонлама жараён, – дейди у. – Бир вақтда ҳам йўқотишларни чеклай олишингиз, ҳам душманнинг ракета отувчи майдонларига зарба бериш имкониятингиз бўлиши керак. Агар ҳар икки жабҳада имконият бўлса – ўзингизни ҳимоя қилиб, шу билан бирга қарши ҳужум қила олсангиз, рақиб уруш бошлашга иккиланиб қолади."
Бироқ Том Шарп ҳозирги вазиятдан қанчалик хавотирланиш кераклиги масаласида эҳтиёткорликка чорлайди.
"Гиперсоник қуроллар билан боғлиқ асосий жиҳат шуки, – дейди у, – бу тенгламани ташкил этувчи ҳар икки томон ҳам бир хил даражада мураккаб ва ҳали ҳеч бири мукаммал эмас."













